www.muslimuz
ТЎҒРИ ИШНИНГ ҒАРАЗЛИ ТАЛҚИНИ ёхуд ёлғон хабарчилар ҳақида
Икки-уч кундан бери Интернетдаги ижтимоий тармоқларда шу йил 17 сентябрь куни Тошкент шаҳар имом-хатиблари йиғилишида муҳокама қилинган масалалар тўғрисидаги уйдирма хабарлар тарқатилаётгани кузатилди.
Асоссиз хабарда гўёки йиғилишда айрим имом-хатиблар сўроққа тутилгани, тирикчилиги рўкач қилингани ва аксарияти норози кайфиятда бўлгани ёзилган... Бундан ташқари ушбу хабарда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаровни турли сўзлар билан ҳақоратланган.
Қатъий маълум қиламизки, бундай масалалар Тошкент шаҳар имом-хатиблари йиғилишида муҳокама қилинмаган. Ушбу ёлғон хабарни ким ва қандай мақсадларда тарқатгани аниқ, яъни диний-маърифий ислоҳотларга соя солиш ва имом-домлалар билан раҳбарият орасини бузишдан бошқа нарса эмас.
Юртимизда олиб борилаётган халқ дардини ўйлаб иш тутиш ва фаолиятга танқидий баҳо бериш каби ишларга мос равишда йиғилишда имом-домлаларнинг меҳнат фаолиятлари таҳлил қилинди ва камчиликлар борасида оғзаки танбеҳ берилди.
Мазкур сохта хабар эгаси Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, ҳақорат қилган. Ваҳоланки, Нуриддин домла Холиқназаров эътиборли уламолардан. У кишининг “Тасаддуқ, ё Расулаллоҳ” номли 57 қисмдан иборат мавъизаларини 1.000.000 нафардан зиёд киши тинглаб, имон нури ила зийнатланди ва ҳидоят йўлини топди. Энди шундай уламони ҳақоратлаган ўша ижтимоий тармоқ юритувчиси қуйидаги ваъидлардан ўзининг аҳволини бир тасаввур қилиб кўрсин!
Уламоларни ҳурмат қилиш имоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, У зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатларидан ҳисобланади.
Машҳур саҳоба Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмасдир”, дедилар” (Имом Мунзирий, “Тарғиб”).
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам оғир гап айтяптилар. “Умматимдан эмасдир” дегани менинг йўлимда эмас дегани. Инсон учун бундан ҳам оғир мусибат борми?!
Ёлғон хабар тарқатилган ижтимоий тармоқ юритувчиси илм-аҳлларининг қадр қимматини камситадиган, ерга урадиган сўзлари билан минглаб диний соҳа ходимларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар ва имом-домлаларга билдирилган бўҳтон фикрларга нисбатан доимо муросасиз кураш олиб боради. Диний идора ҳар доим, ҳар қандай вазиятда диний соҳа ходимларини ҳимоя қилади.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда виждонли, холис иш юритадиган ва воқеликни ҳаққоний ёритадиган юзлаб блогер ва журналистлар бор. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз, ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз.
Ўз навбатида Ислом дини ва уламолар шаънига айтилаётган бўҳтонларга нисбатан ўзининг муносабатини билдирган блогерлар, журналистлар ва бунга бефарқ бўлмаган мўмин-мусулмонларга ўз миннатдорлигимизни изҳор қиламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тожикистоннинг илк исломий банки ўз фаолиятини бошлайди
Тожикистон миллий банки мамлакатнинг илк исломий банки – “Тавҳидбанк”ка миллий ва хорижий валютада исломий банкинг хизматларини кўрсатиши учун лицензиция (https://azon.uz/content/views/tojikistonning-ilk-islomiy-bankiga-licen) берди.
Жорий йилнинг 1 июлида “Соҳибкорбанк”нинг номи “Тавҳидбанк” деб ўзгартирилган эди. “Соҳибкорбанк”нинг ўзгариш жараёнини ўтган йилнинг баҳорида бошлаган. Бу борада Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (Ислом тараққиёт банки таркибига киради) мутахассислари ёрдам берди. “Соҳибкорбанк” вакиллари исломий банкинг орқали аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини қайтаришга умид қилмоқда.
Тожикистонда исломий банкингни жорий этиш ҳақида 2010 йилда айтилган эди. 2014 йилнинг ёзида “Исломий банк фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шундан сўнг Қатар Тожикистондаги илк исломий банкингни очишда қатнашиш истагини билдирди. Бироқ 2015 йилда республикада бошланган молиявий инқироз туфайли лойиҳалар тўхтаб қолганди.
Марказий Осиёда исломий банклар Қозоғистонда ва Қирғизистонда ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Дубай амири Ал-Мактумнинг шеърлари ўзбек тилида чоп этилди
Дубай амири Муҳаммад бин Рошид Ал-Мактумнинг шеърлари ўзбек тилига таржима қилиниб чоп этилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда хабар берилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси буюртмасига асосан тайёрланган ушбу китобда бугунги кунда араб адабиётининг ўзига хос овози билан араб шеърияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган муаллифнинг она-ватанга муҳаббат туйғуси, илоҳий ишқ муждалари, соф инсоний фикрлари ўрин олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Навоийда ёшлар тарбиясига бағишланган анжуман ўтказилди
Бугунги кунда ёш авлод тарбияси жамият истиқоли учун энг муҳим масаладир. Ёшларни тўғри йўлга чорлашда ота оналарнинг ўрни беқиёс. Ота-оналарда исломий билимларга эгалик қилишида имомларнинг иштирокини ошириш мақсадида жойларда турли учрашув ва анжуманлар ўтказиб келинмоқда.
Шундай учрашувлардан бири Навоий вилояти Хатирчи туманида жойлашган 17-умутаълим мактабида ўтказилди. Анжуманда туманда фаолият юритувчи Абу Ҳанифа жоме масжиди имом-хатиби Қ.Саъдинов иштирок этиб, ота-оналар йиғилишида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Имом-хатиб ҳозирги кунда долзарб масалалардан бўлган "Ёшлар тарбияси масаласи ва ўз жонига қасд қилишнинг салбий оқибатлари" маъруза қилди. Фарзанд тарбиясида бефарқ бўлмаслик, болаларни муқаддас динимиз буюрганидек алфозда тарбиялаш зарурлигини қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида илк бор сиёсий маслаҳатлашув ўтказилди
Кеча, 17 сентябрь куни Аммон шаҳрида Ўзбекистон ва Иордания ташқи сиёсат идоралари ўртасида илк маротаба сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазирлик бош котиби Сажа ал-Мажалий бошчилик қилди.
Сиёсий маслаҳатлашувларда Иордания томонидан режалаштириш ва халқаро тараққиёт, саноат ва савдо, рақамли иқтисодиёт ва стартаплар вазирликлари, парламент, шунингдек, Иордания ва Аммон шаҳри савдо-саноат палаталарининг масъул вакиллари иштирок этди.
Делегациялар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга урғу бериб, ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини батафсил кўриб чиқди, минтақавий ва халқаро муаммолар, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги алоқаларнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашди.
Томонлар икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш ва Ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича таклифларни кўриб чиқди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.