www.muslimuz

www.muslimuz

Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида жойлашган, халқимиз маънавий меросини узвий боғлиқ бўлган меъморий мажмуаси юртимиз ва мусулмон оламида катта обрў–эътибор қозонган табаррук маскан “Ҳазрати Имом” мажмуасига 2019 йил 17 сентябрь куни З.Суярова ва АРМ ходимаси И.Акмалова бошчилигида ТИИнинг 1 ва 3-курс талаба қизлари билан экскурсия ташкил қилинди. Бу ҳақда islaminstitut.uz хабар берди.

Талаба қизлар мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва «Тилла Шайх» ҳамда Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар билан танишдилар. Талаба қизлар ушбу қутлуғ даргоҳга тегишли қизиқарли саволлар беришди. Ташриф ниҳоясида талабалар қизлар мазкур экскурсия учун миннатдорчилик билдиришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 16 сентябр куни Навоий шаҳридаги 2 сонли академик лицейида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан Навоий вилоятида фаолият юритаётган расмий ва норасмий отинойилар малакасини ошириш ўқув семинари бошланди.

Ушбу семинар орқали отинойилар шариат илмлари, замонавий фатволар, шунингдек юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги ислоҳотлар мазмун - моҳияти ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўлишади. Халқаро Ислом академияси профессор ўқитувчилари, Дин ишлари бўйича қўмита ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари, вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ушбу ўқув-семинар орқали отинойилар кўплаб билим ва кўникмаларга эга бўлишмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин Саудия Арабистонига нефть объектларини қўриқлаши учун Россияда ишлаб чиқарилган C-400 ёки С-300 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилди. «РИА Новости» хабарига (https://azon.uz/content/views/putin-qurondan-oyat-keltirgan-holda-saud) кўра, ушбу таклиф Россия, Туркия ва Эрон президентларининг Анқарадаги саммити чоғида билдирилган.

Путиннинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони раҳбарияти Эрон сингари С-300 ёки Туркия сингари С-400 сотиб олиш ҳақида оқилона қарор қабул қилса кифоя. “Булар Саудия Арабистонидаги ҳар қандай инфратузилма объектларини ишончли ҳимоя қилади”, – деди Россия раҳбари.

Яқинда Саудия Арабистони нефть объектларига бўлган ҳужумларни изоҳлар экан, Путин Қуръони Каримнинг Оли Имроон сураси 103-оятини эслаб ўтди: “Муқаддас Қуръондаги қуйидаги оятни эсламай бўлмайди: “...Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз...” Менимча, ана шу оятдан келиб чиқиш керак”.

Эслатиб ўтамиз, шанбага ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Saudi Aramco давлат компаниясига қарашли иккита объектга дронлар ёрдамида амалга оширилган ҳужум оқибатида ёнғин келиб чиқди. Ҳужум учун масъулиятни Ямандаги исёнчи ҳусийлар ўз бўйнига олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ёсин ибн Юсуф Марокаший раҳимаҳуллоҳ айтишларича, у киши Шом қишлоқларидан бирида тахминан ўн ёшлардаги болани кўриб қолибдилар. Болалар уни ўзлари билан бирга ўйнашга мажбур қилишар, ҳоли-жонига қўйишмас экан. У бўлса болалардан қочиб, йиғлаган ҳолда Қуръонни тиловат қилар экан.

Ёсин Марокаший айтадилар: «Ўша болага нисбатан қалбимда муҳаббат пайдо бўлди».

Кейин олим унинг ортидан борибдилар. Қарасалар, отаси уни дўконга қўйиб қўйган экан. Болакай эса савдо-сотиқ билан иши бўлмай, тинмай Қуръон ўқир экан.

Кейин Марокаший ҳазратлари масжидга, ўша боланинг устози ёнига бориб: «Шояд бу бола келажакда зоҳид ва обидлардан бўлса» дебдилар.

Дарҳақиқат, орадан йиллар ўтиб, у бола Шайхул Ислом, фуқаҳо ва муҳаддисларнинг улуғларидан бири бўлиб етишди. Унинг исми Имом Нававий эди.

«Ҳилятул авлиё» китобидан

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Середа, 18 сентябрь 2019 00:00

ИНСОННИНГ ШАЪНИ ҚОНИ КАБИ ҲАРОМДИР

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Инсоният тарихидаги энг буюк ва энг афзал ҳаж деб эътироф этилган Видолашув ҳажида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга омматан сўнгги бор бир қанча долзарб ва муҳим масалаларни ва қонун-қоидаларни баён қилганлар. Айнан мана шу ҳаж мавсумида Арафот тоғида “Бугун Мен сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим, неъматимни тўкис қилдим ва сизларга Исломни дин бўлиб қолишига рози бўлдим” ояти ҳам нозил бўлган эди. Бу мақолада бировнинг обрўсини тўкиш, шаънини ерга уришнинг ёмон иллат эканлиги масаласига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Ушбу маънони ифодалаб келган ҳадислар бир қанча саҳоба разияллоҳу анҳумлар томонидан ривоят қилинган бўлиб мутавотирлик даражасига етган. Қуйида келадиган ҳадиси шариф ўша Видолашув ҳажида айтиб ўтилган:

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ خَطَبَ النَّاسَ يَوْمَ النَّحْرِ فَقَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَيُّ يَوْمٍ هَذَا؟ قَالُوا: يَوْمٌ حَرَامٌ قَالَ: فَأَيُّ بَلَدٍ هَذَا؟ قَالُوا: بَلَدٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَأَيُّ شَهْرٍ هَذَا؟ قَالُوا: شَهْرٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا فِي بَلَدِكُمْ هَذَا فِي شَهْرِكُمْ هَذَا فَأَعَادَهَا مِرَارًا ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ: اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ. قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّهَا لَوَصِيَّتُهُ إِلَى أُمَّتِهِ فَلْيُبْلِغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ لاَ تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّارًا يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни одамларга мурожаат қилиб “Эй одамлар, бугун қандай кун” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган кун дейишди. “Унда, бу қандай юрт” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган юрт дейишди. “Ундай бўлса, бу ой қанақа ой” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган ой дедилар. Шунда у зот “Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз мана шу юртда, мана шу ойда мана шу кун (уруш ва ножўя ишларни қилиш) қандай ҳаром бўлса худди шундай ҳаромдир” деб уни бир неча маротаба такрорладилар, сўнг бошларини кўтариб “Эй Аллоҳ, етказа олдимми, эй Аллоҳ, етказа олдимми?! Унда ҳозир бўлганлар йўқларга етказсин, мендан кейин бир-бирларингизни бўйнига қилич солиб кофирликка қайтиб кетманглар” дедилар. Шунда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “Жоним қўлида бўлган зот ҳаққи бу у зотнинг умматларига васиятлари бўлди-ёв”, деди.

Ҳадиси шарифдан энг долзарб саналган қуйидаги учта ибрат олинади:

Бировнинг қонини тўкишни ҳаромлиги;

Бировнинг молига тажовуз қилишни ҳаромлиги;

Бировнинг обрўсини тўкиб, оёқ-ости қилишни ҳаромлиги.

Ушбу сўзларни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар гавжум бўлган бир қанча ўринларда – Арафот, Мино ва ташриқ кунлари яна Минода туриб такрор-такрор айтганлар. Уламолар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларни такрор-такрор айтганларини ўзи ҳам мазкур ишларнинг ҳаромлигини кўрсатиб турибди деганлар.

Ҳақиқатан, кишини обрўсини тўкиш ёки тўкишга бўлган уриниш Ислом динида қаттиқ қораланган бўлиб, унинг оқибати одамлар ўртасида келишмовчилик, парокандалик ва фитна-фасод ишларнинг содир бўлишига олиб келади. Бу нарса эса Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ҳам қораланган.

Жумладан, Ҳумаза сурасининг 1-оятида “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин” дейилган. Демак, ояти каримадан ҳам кўриниб турибдики кишининг обрўсини тўкишга бўлган уриниш қаттиқ қораланади ва унинг охиратдаги иқоби ҳам шунга яраша бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Жаброил мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтди, уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб у билан юзлари ва кўксларини тимдалар эди, дедилар. Шунда у зот “Эй Жаброил, булар кимлар?” деб сўраганларида, улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалар” деб жавоб берди.

Ушбу ҳадис ҳамда юқоридаги оят ва ҳадислардан Динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни тўкишнинг оқибати ёмон бўлиши кўриниб турибди.

Афсуски, кейинги пайтларда турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кишиларнинг, хусусан, уламоларнинг обрўсини тушириб, шу орқали обрў орттиришга уриниш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бу ҳолат айни биз юқорида келтирган оят ва ҳадисларда қораланган бўлиб, ҳаром, жирканч ишлардир. Бировнинг обрўсини тўкувчиларнинг ҳолига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам вой бўлади.

Бундай оқибати хунук ишларни амалга ошираётганлар Аллоҳ таоло мукаррам қилиб яратган инсонни устидан кулиб, унинг обрўсини тўкишдек оғир гуноҳни содир этаётганларини, бунинг учун охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришларини ўйласинлар.

Аллоҳ таоло барчамизни бировларнинг обрўсига тил теккизишдан тийилувчи, камтар, мусулмонларни яхши кўрувчилардан қилсин!

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top