www.muslimuz

www.muslimuz

Қорақалпоғистон сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Нукус шаҳридаги “Аллоҳберди азиз” жоме масжидида жамоат билан пешин намозини адо этгандан сўнг йиғилганларга маърифий маъруза қилиб берди. Унда, жумладан, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, тинчлик-хотиржамлик неъматининг қадри ҳақида сермазмун мавъиза қилдилар.

Дарҳақиқат, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Тинчлик амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин!

Маърифий суҳбат давомида жамоат вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, якунда эса хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Вівторок, 14 сентябрь 2021 00:00

ШУКРОНАЛИК – БУЮК ФАЗИЛАТ

Уламоларимизнинг республикамиз бўйлаб ташрифлари давом этмоқда. Айни пайтда аҳли илмларимиз Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида бўлиб туришибди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Тахиатош туманидаги “Сариқ эшон” жоме масжидига бориб, пешин намозидан сўнг “Шукроналик – буюк фазилат” мавзусида маъруза қилиб берди.

Дарвоқе, бандаларини ҳамиша ва ҳар қачон шукр қилишга буюрган Аллоҳ таоло, биринчи навбатда, Ўзини шукрни қабул қилувчи деб атади: «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи Зотдир» (Нисо сураси, 147-оят).

Аслида, биз қанча шукр қилсак ҳам кам. Чунки Раббимиз берган неъматларнинг шукрини тўлиқ адо эта олмаймиз.

Бишр Хофий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, кўзни юмишдир. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёд олиш, ёмонликни эса унутишдир. Қўлларнинг шукри ношойитса нарсаларни ушламасликдир. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш, ақл ва қалбнинг шукри эса илм ва ҳилм билан зийнатланишдир. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмасликдир. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади».

Дилдан суҳбат ва гўзал мавъиза савол-жавобларга уланиб кетди.

Ташрифлар давом этяпти.

Бугун, 14 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланади.

Сафар давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Шунингдек, ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу сафарга Тошкент шаҳридан қуйидаги уламолар бориши кўзда тутилган:

 Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари;

 Иброҳим домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари;

 Салоҳиддин домла Шарипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, “Ҳазрати Али” масжиди имом-хатиби;

 Яҳё домла Абдураҳмонов, “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди раҳбари;

 Алижон қори Ҳайдаров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири;

 Аброр домла Мухтор Алий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими;

 Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Катта Қозиробод” масжиди имом-хатиби;

 Абдуҳаким қори Матқулов, Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби;

 Акбарали домла Маматов, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бош имом-хатиби, “Тепа” масжиди имом-хатиби;

 Шавкат домла Ҳамдамов, Тошкент шаҳар “Тўра бува” масжиди имом-хатиби;

 Раббимқул домла Муҳаммадиев, Тошкент шаҳар “Ракат” масжиди имом-хатиби;

 Салоҳиддин домла Тошонов, Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби;

 Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров, Тошкент шаҳар “Доруссалом” масжиди имом-хатиби;

 Абдуллоҳ домла Юлдашев, Тошкент шаҳар Олмазор тумани бош имом-хатиби, “Исломобод” масжиди имом-хатиби;

 Собиржон домла Рустамов, Тошкент шаҳар “Оқилон” масжиди имом хатиби

 Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар “Собитхон хожи” масжиди имом-хатиби.

 Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этиши режа қилинган.

 Аллоҳ таоло уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!

paziylet.uz | @paziyletuz
#ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНга_уламолар_ташрифи
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
@muslimuzportal | @vaqfuz | @diniysavollar

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top