Ўзбекистон янгиликлари

Иброҳимжон домла Иномов: Тинчлик – амалий шукрни талаб қиладиган неъмат

Қорақалпоғистон сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Нукус шаҳридаги “Аллоҳберди азиз” жоме масжидида жамоат билан пешин намозини адо этгандан сўнг йиғилганларга маърифий маъруза қилиб берди. Унда, жумладан, юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, тинчлик-хотиржамлик неъматининг қадри ҳақида сермазмун мавъиза қилдилар.

Дарҳақиқат, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Тинчлик амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин!

Маърифий суҳбат давомида жамоат вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, якунда эса хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1075 times

Янгиликлар

Top