muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 22 декабрь 2017 00:00

Муфтий ҳазрат AzTVда чиқиш қилди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бир неча уламолардан иборат делегация “2017 йил – Ислом ҳамжиҳатлиги йили: динлараро ва маданиятлараро мулоқот” номли халқаро анжуманда иштирок этиш учун Боку шаҳрида бўлиб туришибди.

 

Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Озарбайжон телевидениясида Туркия дин ишлари бошқармаси бошлиғи Доктор Али Эрбаш ҳамда Кавказ мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳожи Фуад Нуруллоҳ иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этдилар.

 

Сўнгра, делегацияси аъзолари Боку шаҳрининг марказий масжиди “Ҳайдар” жомеида жума намозини адо этишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

П'ятниця, 22 декабрь 2017 00:00

Фиқҳ мусобақаси

Нукусдаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида фиқҳ мусобақаси ташкил қилинди.

Унда мадрасанинг 3 “А”, 3 “Б”, 4 “А” ва 4 “Б” гуруҳи талабалари иштирок этди. Билим юрти устоз ва мураббийлари ҳамда Тошкент ислом институтининг амалиётчи талабалари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа юқори савияда ўтди.

Беллашув тўртта шарт асосида ўтказилди.

Биринчи шарт: тўрт мазҳаббошининг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида; иккинчи шарт: фиқҳга оид саволлар бўлди, учинчи шартда эса фиқҳга доир кроссвордлар тайёрланиб, иштирокчиларга уларни ечиш топширилди. Энг охирги шарт, талабалар учун энг қизиқарли шартга айланди. Чунки бу шартда мураккаб бўлган, фиқҳ фанига доир мантиқий саволлар оғзаки ҳолатда жамоаларга ўқиб эшиттирилди. Қизиқарлилиги шундаки, тезкорлик билан ўйлаб жавоб берган жамоага биринчи ўринга чиқиб олиш имкониятини берадиган балл бериладиган бўлди. Аввалги учта шартда биринчи ўринда келган 3 “Б” курс талабалари бунда ҳам биринчиликни қўлга киритди. 3 “А” курс талабалари иккинчи ва 4 “А” курс талабалари учинчи ўринни қўлга киритди.

Мусобақа сўнгида ғолибларга мадраса раҳбарияти тайёрлаган совғалар топширилди.

Жумабек ИСКАНДАРОВ,

билим юрти ўқитувчиси

 

Абу Саид Худрий(розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимларини кийганда “Бисмиллоҳни” айтиб,

“Аллоҳумма инний асалука мин хойриҳи хойри ва ҳува лаҳу ва аъзу бика мин шарриҳи ва шарри ма ҳува лаҳу”,

(Аллоҳим,Сендан унинг яхшисини ва унга бериладиган нарсанинг яхшисини сўрайман ва унинг ёмонидан ҳамда унга бериладиган нарсанинг ёмонидан паноҳ тилайман),

 деб айтардилар.

П'ятниця, 22 декабрь 2017 00:00

Буюк Британия Ислом маркази

Бирмингем Ислом ва Ўрта Шарқ тадқиқотлари маркази Ислом дини асосларини ўрганишга ихтисослашган марказлардан бири ҳисобланади. Марказ Буюк Британиядаги Бирмингем университетининг “Фалсафа, диншунослик ва дин бўлими”да жойлашган. Бирмингем пойтахт Лондон каби машҳур ҳамда Оксфорд ва Кэмбриж шаҳарлари каби қадимий, тарихий шаҳардир. Ҳар йили марказга кўплаб тадқиқотчи олимлар малака ошириш ва илмий тадқиқотлар юзасидан ташриф буюрадилар. Марказда бир қатор таълим курслари ҳам йўлга қўйилган.

Ислом динига оид тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш ушбу марказнинг асосий мақсадини ташкил этади. Марказ фаолияти кенг тармоқли бўлиб, у ўз ичига бир қатор фан соҳаларини қамраб олган. Жумладан:

  • Ислом динига оид манбалар;
  • Ҳозирги дунёда Ислом дини;
  • Маънавий Ислом;
  • Ислом динида аёлга муносабат;
  • Ўрта Шарқ тарихи ва маданияти.

Марказ қошида Шарқ қўлёзмалари бўлими ҳам фаолият юритади. Бу ерда Қуръони каримнинг энг қадимги қўлёзмаси сақланади. Ушбу қўлёзманинг ёшини билиш учун Оксфорд лабораториясида радиоуглерод усули ёрдамида тадқиқ қилинди. Олимлар 95 фоиз эҳтимоллик билан қўлёзма 568-645 йиллар орасида ёзилганини аниқлашган. Бу эса ушбу қўлёзма Қуръоннинг сақланиб қолган энг қадимий нусхаларидан бири эканини англатади. Бирмингем профессори Дэвид Томас: “Ушбу Қуръоннинг хаттоти Муҳаммад алайҳисаломнинг саҳобаларидан бири бўлиши мумкин”, дейди. Қўлёзма икки саҳифадан иборат бўлиб, ҳижозий усулда битилган.

Марказ қошида илмий тадқиқотлар олиб боришга асосланган магистратура йўналиши ҳам мавжуд. Бу йўналиш илмий тадқиқот олиб боришни хоҳловчилар учун мўлжалланган. Ушбу ўқув дастурида Ислом билимларини пухта ўрганиш ва тадқиқ этиш талаб этилади. Хусусан, Ислом тарихи ва фалсафаси ҳамда бугунги диний ва сиёсий ғоялар чуқур ўрганилади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади

П'ятниця, 22 декабрь 2017 00:00

Аллоҳ таолонинг улуғ инъоми

Фарзанд буюк неъмат. Фарзанд туфайли оилалар мустаҳкамланади ва у билан бахт тўла-тўкис бўлади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло бандаларини имтиҳон қилишида фарзанд муҳим ўринга эга. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро, 49).

Мазкур оятдан Аллоҳ таоло бандаларига фарзандни ҳадя қилиши ҳам бермаслиги ҳам синов экани маълум бўлади. Фарзандли бўлганлар Аллоҳ таолонинг улуғ инъомига шукр қилиб, тоат-ибодатда бардавом бўлишлари лозим.

Фарзандни Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраш пайғамбарлар суннати. Аллоҳ таолони қўйиб, бошқалардан фарзанд талаб қилиш муқаддас динимизда қайтарилган иш ҳисобланади. Баъзилар фарзансизлик Аллоҳ таолонинг имтиҳони эканини унутиб, турли йўллар билан фарзанд талаб қилишга ўтадилар. Кимнингдир гапига ишониб, қайси бир дарахтга ип боғлайдилар ёки фалон шаҳардаги қабрни атрофини айланиб, улардан фарзанд сўрайдилар. Бошқалар эса фолбинга чопади. Мазкур ишларнинг барчаси Ислом дини аҳкомларига зид. Шунинг учун фарзандни Аллоҳ таолонинг буйруғига ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига мувофиқ талаб қилиш лозим. Фарзандли бўлмаганлар, бу Аллоҳ таолонинг синови эканини ҳис этиб, сабр қилишлари, ибодатларни мукаммал қилиб ноумид бўлмасликлари керак. Шу билан бирга ихлос-муҳаббат билан Яратганга илтижо қилиб дуо қилишлари динимиз кўрсатмасидир.  Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан»” (Оли Имрон, 38).

Ислом динида фарзандни тарбия қилиш ота-онанинг масъулиятли бурчидир. Ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукри, айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Ота-она болаларига намуна бўлиш билан бирга уларга қунт билан одоб ўргатишлари зурур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг бебаҳоси одобдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ ҳадя беролмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Фарзандни тарбия қилишда, аввало, унга одоб берилади. Сўнгра болага таълим берилади яъни, илм ўргатилади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар” (Имом Аҳмад ривояти).

Инсон ҳаёти давомида кўп яхшиликларга илм олиш орқали эришади. Дунёдаги барча ёмонликларга эса илмсизлик сабаб бўлади. Таълим билан тарбия бир-бири билан чамбарчаст боғлиқ. Таълимсиз тарбияни ёки аксинча тарбиясиз таълимни тасаввур қилиб бўлмайди. Боболаримиз таълим олсанг, уни тарбия билан безагин, бундай бўлмаса умринг бекор ўтган бўлади, деган гаплари бежиз айтилмаган.

Ота-онанинг вазифаларидан бири болаларини жисмонан бақувват ва соғлом қилиб тарбиялашдир. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун нафақат мусулмонлар балки ер юзидаги барча халқлар ва бутун инсоният кураш олиб бормоқда. Бунинг учун кўплаб мамлакатлар асосий эътиборларини спортга қаратишаётгани яққол мисол. Спорт инсонни етукликка ва буюкликка ундайди.

Аҳмадали ХУДАЙБЕРДИЕВ

Олтинкўл туманидаги

“Кўтармачек”  жоме масжиди

имом-хатиби

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top