Мақолалар

Буюк Британия Ислом маркази

Бирмингем Ислом ва Ўрта Шарқ тадқиқотлари маркази Ислом дини асосларини ўрганишга ихтисослашган марказлардан бири ҳисобланади. Марказ Буюк Британиядаги Бирмингем университетининг “Фалсафа, диншунослик ва дин бўлими”да жойлашган. Бирмингем пойтахт Лондон каби машҳур ҳамда Оксфорд ва Кэмбриж шаҳарлари каби қадимий, тарихий шаҳардир. Ҳар йили марказга кўплаб тадқиқотчи олимлар малака ошириш ва илмий тадқиқотлар юзасидан ташриф буюрадилар. Марказда бир қатор таълим курслари ҳам йўлга қўйилган.

Ислом динига оид тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш ушбу марказнинг асосий мақсадини ташкил этади. Марказ фаолияти кенг тармоқли бўлиб, у ўз ичига бир қатор фан соҳаларини қамраб олган. Жумладан:

  • Ислом динига оид манбалар;
  • Ҳозирги дунёда Ислом дини;
  • Маънавий Ислом;
  • Ислом динида аёлга муносабат;
  • Ўрта Шарқ тарихи ва маданияти.

Марказ қошида Шарқ қўлёзмалари бўлими ҳам фаолият юритади. Бу ерда Қуръони каримнинг энг қадимги қўлёзмаси сақланади. Ушбу қўлёзманинг ёшини билиш учун Оксфорд лабораториясида радиоуглерод усули ёрдамида тадқиқ қилинди. Олимлар 95 фоиз эҳтимоллик билан қўлёзма 568-645 йиллар орасида ёзилганини аниқлашган. Бу эса ушбу қўлёзма Қуръоннинг сақланиб қолган энг қадимий нусхаларидан бири эканини англатади. Бирмингем профессори Дэвид Томас: “Ушбу Қуръоннинг хаттоти Муҳаммад алайҳисаломнинг саҳобаларидан бири бўлиши мумкин”, дейди. Қўлёзма икки саҳифадан иборат бўлиб, ҳижозий усулда битилган.

Марказ қошида илмий тадқиқотлар олиб боришга асосланган магистратура йўналиши ҳам мавжуд. Бу йўналиш илмий тадқиқот олиб боришни хоҳловчилар учун мўлжалланган. Ушбу ўқув дастурида Ислом билимларини пухта ўрганиш ва тадқиқ этиш талаб этилади. Хусусан, Ислом тарихи ва фалсафаси ҳамда бугунги диний ва сиёсий ғоялар чуқур ўрганилади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади

Read 5266 times

Мақолалар

Top