muslim.uz
Ички ва ташқи туризмга тўсиқ бўлувчи постлар олиб ташланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постлари тугатилиши зарурлиги ҳақида айтиб ўтди.
Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев мурожаатномада.
Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патруль постларини тугатиш, патруль хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозимлиги таъкидланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Ўткинчи нафс қурбонлари: Айб йигитлардами ёки жувонларда?” мақоласини ўқиб
Дарҳақиқат, азал-азалдан ўзбек аёлларининг юзини кўриш, уларнинг гап-сўзларини эшитиш Европа тугул ўзимизнинг бегона эркаклар учун ҳам орзу бўлган. Чунки бизнинг аждодларимиз муқаддас Ислом динининг таълимотларига оғишмай амал қилган. Момоларимизнинг борига шукр, озига қаноати қилиш фазилатлари боболаримизнинг ҳалол пул топишига сабабчи бўлган. Аёл-қизларнинг орзу-ҳавасларининг ўлчовли бўлиши, эркакларнинг битта кетмон сабабли фарзандларини уйлаб, жойлашларига кифоя қилган. Ўғил уйламоқчи бўлган ота-она шаҳар кезиб ҳашаматли, баланд уйларга қараб шу уйнинг қизи бормикан деган хаёлда юрмаган. Қизига совчи келганда эса куёв боланинг машинаси, мансабини эмас, балки ақлу ҳушини, илмини суриштирган. Хуллас, биз соддачилик деб атайдиган бу урф-одатларнинг барчаси жамият учун катта фойда келтирган. Тўй қилиш осонлиги сабаб йигитлар ва қизлар ўттиз ёшга чиқиб кетмаган. Ўз вақтида никоҳланган ёшларда ҳаромга ҳожат ҳамда ортиқча бўш вақт қолмаган. Узоқ давом этган бундай соддачилик сабабли йигитлар ор-номусли, ғурурли, қизлар эса иболи, ҳаёли бўлиб тарбия топган.
Бугун эса ана шу соддаликнинг йўқолиб бораётгани барчамиз учун оғир кечмоқда. Инсониятга берилган имкониятлар, шарт-шароитлар қанча яхшилангани сайин муаммолар камайиш ўрнига янгилари чиқиб келмоқда. Бугун қанчадан қанча одамлар мазкур муаммоларга қарши курашга бел боғлаган. Ҳар ким ўз савияси, тажрибаси ва билими, соҳасидан келиб чиқиб турли хил фикрлар билдирмоқда. Айниқса, бу иш ОАВнинг энг катта вазифаларидан бирига айланиб қолди. Бугун қайси теле ёки радиоканални ёқсанг бир дорзарб мавзудаги муаммони муҳокама қилаётган “ток-шоу”нинг гувоҳи бўласиз. Муаммони муҳокама қилаётганлар ичида турли соҳа вакиллари бор. Масжид имомидан тортиб то артист ё актрисагача шу ерда. Бир тарафдан бу жудаям яхши ишга ўхшаб кўринади. Чунки Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 3-оят) деган. Шунга кўра инсонларни дин ва миллат ривожи йўлида бирлашишлари қувонарли ҳол.
Бироқ бизга муаммони муҳокама қилиш эмас, балки унинг ечими керак. Кўрсатувга шунча одамни чақириб, уларни вақтини олиб, маблағ сарфлаб бундай “ток-шоу” ташкил қилишдан мақсад ҳам аслида муаммоларга ечим топиш. Саволлар кўп, фикрлар бисёр. Кимдир фарзандига тўғри тарбия бермаган ота-онани айбдор қилса, бошқаси мактаб ва коллеж ўқитувчисини, яна кимдир эса телефон ва интернетни айблайди. Хўш, аслида-чи? Биз ҳозир оғиз кўпиртириб ёмонлаётган оммавий маданият, фаҳш ва бузуқлик, жиноятчилик каби иллатларнинг кўпайишига ким айбдор? Жавоб шуки: бунга барчамиз айбдормиз. Қизини бозорга олиб бориб севимли сериалининг бош қаҳрамони каби кийинтириб қайтаётган оналар, ўғли йиртиқ шим кийиб, бўйнига кресс белгисини таққанча кепкасини қийшайтириб уйдан чиқаётганда бепарволарча кузатиб қолаётган оталар, жондан азиз фарзандини никоҳ тўйи учун миллион-миллион пулларни сарфлаб, куёвлик ва келинлик сепига бир дона китоб “тополмай” қимматбаҳо телевизор ва телефонларни солаётган қудалар, меҳмонларни хурсанд қилиш учун дастурхонга турли-туман спиртли ичимликларни қўйиб, уларни “бўктириб”, кайфи ошганча даврада европа маданиятига тақлид қилиб валс тушаётган келин-куёвларни томоша қилганча қийқираётган тўй эгалари, дабдабали тўйдан катта қарз билан чиққач, “нажот” истаб, ёш келинчакни ёлғиз қолдирганча Россияга кетаётган куёвлар, ўзларининг бемаъни урф-одатлари ва латта-путталари сабаб никоҳ тўйини қийинлаштираётган аёллар, хуллас, барча-барчамиз айбдормиз,
Тан оламизми, йўқми ўзлигимизга путур етказиб бўлдик. Бу иш ниҳоятда аста-секинлик ва пухталик билан кириб келдики, бу ишларга кўзимиз ўрганди, қалбимиз бу гуноҳга рози бўлди. Бу шунчаки, замон талаби дея эътироф этила бошланди. Бошимиз деворга тегиб, панд еб, кўзимиз очилганда эса айбни атрофдан қидира бошладик, муаммолар ечимини излаб қолдик.
Жавоблар кўп, фикрлар сероб. Энг тўғри ечим – Аллоҳнинг сўзи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига қайтишдир.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақириш учун Аллоҳ таоло тарафидан Пайғамбар қилиб юборилган вақтларида Каъбатуллоҳнинг ичида уч юзу олтмишта бут-санамлар бор эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлабки ишни бутларни йўқотишдан бошламадилар. Балки инсонларга Аллоҳ таолони танитиб, Ислом динининг соф таълимотлари ҳақида тушунча бериб, уларнинг қалбларини даволашни, тарбиялашни бошладилар. Оқибатда эса кишилар ўзларининг қилаётган амалларини нотўғри эканини англагач, ўзлари ясаган бутларини ўз қўллари билан парчалаб ташладилар.
Демак, ҳар бир шахс ўзининг қўл остидаги кишиларнинг қалбларини илм ва ҳикмат билан тарбиялаб, уларга руҳий тарбия бериб қўйса, қалблари ва фикрларида гуноҳ ва маъсиятларга қарши “иммунитет” пайдо қилиб қўйса юқоридаги каби гуноҳлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, миллий қадриятларимизга зид бўлган салбий ҳолатлар учрамайди.
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Учкўприк тумани “Шоҳ муқаддам” жоме масжиди имом ноиби
Ўзбекистон учта давлатга визасиз режим жорий этади
Ўзбекистонда чет эллик сайёҳлар учун виза режимини либераллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Польша ва Туркия фуқаролари учун виза олиш тартиби соддалаштирилди.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фозилов Ғайрат Сенатнинг XIII ялпи мажлисида қилган нутқида гапириб ўтган.
Бундай имтиёзларни яна бошқа 25 мамлакат фуқароларига тақдим қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Япония, Корея Республикаси ва Сингапур фуқаролари учун визасиз режим жорий этиш ва электрон визалар тизимини йўлга қўйиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
Якка ва гуруҳ бўлиб келувчи сайёҳлар учун виза олиш талаблари осонлаштирилди.
Ўзбекистонга зиёрат туризми дастурини амалга ошириш бўйича ишлар бошланди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 110 минг нафар чет эл фуқаросига сайёҳлик визалари берилди, бу кўрсаткич 2016 йилги натижадан 34 фоиз, ёки 81 мингдан зиёд кишига кўп.
ЎМИ Матбуот хизмати
Порахўрлик – зарарли иллат
Давраларда: «Порахўрлик қилган киши динимизда лаънатланган», десангиз, айнан шу ишни қилиб юрган одамлар ҳам бепарво эшитади. Чунки улар ўзларига мослаб чиқариб олган фатволарига кўра, ўзларини савоб иш қилаётган савобталаб кишилар деб ҳисоблайди.
Ана ўша одамлар хаёлларини жойига қўйиб бир ўйлаб кўрсинлар. Илло, “лаънат” дегани жуда оғир сўз – дуойи баддир. “Лаънат” дегани, «Аллоҳнинг раҳматидан қувилган» маънони англатади. Биз биламиз, Аллоҳнинг раҳматидан қувилган ва рожим бўлган махлуқ бу – Шайтони лаъиндир!
Бир куни бир саҳобийнинг туяси қайсарлик қилиб қолди. Шунда ҳалиги саҳобий туясига: «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Энди туянгдан фойдаланма. Уни қўйиб юбор», дедилар. Туяни қўйиб юборди. Туя чўлларда дайдиб юрган. Қутуриб одамларга ташланадиган бўлган ва бир неча одамни босиб ўлдирган ҳам.
Нимага? Чунки эгаси унга «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деганда дуойи бади ижобат бўлиб, ўша заҳоти туяга Аллоҳнинг лаънати тушган. Аллоҳнинг лаънати тушган нарсада барака ҳам, яхшилик ҳам бўлмайди. Ота-онасига оқ бўлган одам ҳам шундай бўлади. У қайси ишга қўл урмасин, иши юришмайди. Тижоратга қўл урса, банкрот бўлади. Иш бошласа, қарзга ботиб кетади, пул топса дард орттиради ва ҳоказо.
Демак, “лаънат” дегани ёмон нарса эканини билиб олдик. Энди қуйидаги ҳадисга эътибор беринг:
عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: "لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا" رواه أحمد.
Савбон розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воститачини лаънатладилар».
Мана азизлар, пора борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч тоифани лаънатладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг лаънати бўлсин!», дейишлари нимани англатади? Бу ўша лаънатланган инсоннинг охирати куйди, дегани. Қиёмат кунида ҳам, бу дунёда ҳам уни бу мушкул аҳволдан қутқарувчиси йўқ дегани.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
52] أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ وَمَنْ يَلْعَنِ اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ نَصِيرًا [النساء :
«Ана ўшалар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимни Аллоҳ лаънатлаган бўлса, унга (ҳеч қандай) ёрдамчи топа олмайсиз».
Аллоҳ барчамизни бундай ҳаром йўл билан кун кечиришдан ўзи асрасин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида умматларининг аксари етмиш ёш атрофида бўлишини таъкидлаб ўтганлар. Камдан кам инсон етмишдан ошади.
Келинг, етмишдан ошиб саксон, юзга кирди ҳам дейлик. Мана шу 70-80 йиллик умрни ҳаром йўллар билан топилган ризқ эвазига яшаб ўтмайлик. Биз бу дунёга бунинг учун келмаганмиз. Шу 70 йиллик умрни деб абадий роҳатдан бебаҳра қолиб кетмайлик!
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
Қизларга айтарларим
Қиз боланинг кийими ўзига ярашиб турсин. Нари борса, бармоғида битта нозик бандли узук ва қулоғида кичик сирға бўлса, етарли. Узук, билагузук, бўйинга тақадиган турли мунчоқлар келинчаклар зийнати. Уларни уйда, қариндош-уруғлар тўйида тақиб олса ярашади. Аммо жамоат жойига, ўқув юртларига ўта узун осилмачоқ сирғалар тақиб келиш, ўта ялтир-юлтир буюмларни соч ва кўйлакка қадаб юриш одобдан эмас.
* * *
Фаросатли қизлар кир ювса ёки бирор оғирроқ ишга уннаса, ишини тугатиб, тезда ювинади ва кийимларини алмаштириб, ўзига қараб олади. Овқат пиширганида, албатта, бошига рўмол ўрайди. Соч тўкилишидан ёки ёғ иси сочга ўрнашиб қолишидан ўзини сақлайди. Қизларнинг уй кийимлари осон ювиладиган, ғижим бўлмайдиган, энг асосийси, қимматбаҳо бўлмаса ҳам, чиройини очиб, иш қилишига ҳалақит бермайдиган бўлиши керак.
* * *
Онамларимиз тут пишиб болга тўлганида тўйиб-тўйиб еб олишарди-да, қолганини эзиб, юзларига суришарди. Вақти-вақти билан бодринг, помидор, олмани ҳам эзғилаб, юзга суришарди. Юзга қатиқ ёки сузма суриш ҳам момолардан қолган яхши одат. Шундай қилинса, рангга ранг, танага тетиклик киради. Онам қиз ва келинларга ўсма, хина қўйиб, ороланишни тез-тез уқтирардилар. Ўсма таркибидаги танин моддаси қош ва киприкларга қувват бўлади. Сочи қазғоқли қизлар вақти-вақти билан ўсмани эзиб, соч илдизларига суртиб турса, сочи бақувват тортиб, қазғоқдан асар ҳам қолмайди.
* * *
Айрим аёллар ёш кўринамиз деб сочларини кесади, рангларга бўяйди, киприклар улаб, қошларига мўйчинак теккизади, лекин барибир йиллар асоратини беркитолмайди. Айримлар эса, Яратганнинг берганига шукр қилади, қош-кўз борасида “яратувчанлик” қилмайди. Кийинишда, безанишда оддийликни танлайди. Ўсма, хина билан ороланади. Балки шунинг учун ёш ва тетик кўринар...
Умида АБДУАЗИМОВА
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.