muslim.uz

muslim.uz

2017 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобининг тўлдирилган қайта нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими Илҳом Маърупов ҳамда университет профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Мазкур тақдимотни ўтказишда ёшларни маънавий таҳдидлардан огоҳлик руҳида тарбиялаш ва уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш борасида профессор-ўқитувчиларга услубий ёрдам бериш асосий мақсад қилиб белгиланган. Бинобарин, бугунги глобаллашув жараёнида ахборот хуружлари ҳар жиҳатдан инсон онги ва қалбини эгаллашга қаратилганлиги билан характерлидир. Айниқса, глобал тармоқ ҳисобланган интернет орқали бўлаётган таҳдидларнинг хавфи ва таҳдиди ортиб бормоқда. Бу таҳдидлардан ёшларни ҳимоялашда миллий мафкурани сингдириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш лозимлигини тақозо этади. Ўтказилган тақдимот тадбири ҳам шу жиҳатга қаратилганлиги билан муҳим ва долзарбдир.  

Тақдимот тадбирида сўз олганлар “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тўлдирилган қайта нашри юзасидан фикр-мулоҳаза билдирар экан, асарнинг мазмун-моҳияти, унинг бугунги глобаллашув жараёнларида турли информацион таҳдидлардан ҳимояланишдаги ўрни ва аҳамияти ҳамда ёш авлод онгу шуурини ёт ғоя ва қарашлардан асраш, ҳимоялашда муҳим қўлланма эканилигини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир сўнгида мазкур китобдан тадбир иштирокчиларига ҳамда университет Ахборот-ресурс марказига тақдим этилди. Ўтказилган тақдимот тадбири диний-маърифий, шу билан бирга илмий қиймати юқори эканлиги билан аҳамиятлидир.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан  иккинчи  юртга  инсонпарварлик  ёрдамини уюштирган шахсдирлар.

Ибн Абдул-Ҳакам ал-Лайс ибн Саъддан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада одамларга қаттиқ очлик етди. Бас, у киши Мисрдаги Амр ибн Оссга мактуб ёзди:

«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умардан Осий ибн Осийга. Салом! Аммо баъд: Умрим ила қасамки, эй Амр! Сен ўзинг ва сен билан бўлганлар тўқ бўлса, мен ва мен билан бўлганлар ҳалок бўлса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!»

Амр ибн Осс унга мактуб ёзди:

«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умарга Амр ибн Оссдан. Аммо баъд: Лаббайка! Яна лаббайка! Батаҳқиқ, сизга бир карвон юбордим. Унинг авали сизнинг  ҳузурингизда,  охири  менинг  ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу».

Амр катта карвон юборди. Унинг аввали Мадинага етиб келганида, охири Мисрда эди. Ниҳоятда узун карвон эди. У Умарга етиб келганида одамларга кенглик яратди. У Мадинадаги ҳар бир уй аҳлига бир туяни устидаги таоми билан берди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумни одамларга уларни тақсимлаб бериш  учун юборди. Улар ҳар бир хонадон аҳлига бир туяни устидаги таоми билан бердилар. Таомни ейдилар, туяни сўйдилар, гўштини ейдилар, ёғини эритиб олдилар, терисини оёқ кийими қилдилар ва таом солинган матони чойшаб ёки бошқа нарса қилдилар. Шу билан Аллоҳ одамларга кенглик яратди».

Ибн Абу Шайба, ал-Баззор ва Байҳақийлар Ғафранинг озод қилган қули Умардан, жумладан ривоят қиладилар:

Умар: «Бу мол бўйича Абу Бакрнинг ўз фикри бор эди.

Менинг бошқача фикрим бор. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилганларни у зот билан бирга уруш қилганларга ўхшатмайман», деди. Бас, у муҳожир ва ансорларни афзал қилди. Улардан Бадрда иштирок этганларига беш минг-беш мингдан тайин қилди. Исломга Бадр аҳлидан аввал кирганларга тўрт минг-тўрт мингдан тайин қилди.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг завжаларидан ҳар бир аёлга ўн икки мингдан тайин қилди. Фақат София ва Жувайрия розияллоҳу анҳумонинг ҳар бирларига олти мингдан тайин қилди. Улар уни олишдан бош тортдилар.

Шунда у: «Мен уларга ҳижратга қараб тайин қилдим», деди. «Сен  уларга  ҳижратга  қараб  эмас,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабаларига қараб тайин қилдинг. Биз ҳам уларнинг мартабасидамиз», дедилар.

Буни қайта кўриб чиқиб, уларнинг ҳаммаларини тенг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробатини ҳисобга олиб, Аббос ибн Абдулмуттолибга ўн икки минг тайин қилди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга тўрт минг тайин қилди.

Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга беш мингдан  тайин  қилди.  Уларнинг  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробатлари туфайли оталарига қўшди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога уч минг тайин қилди. Шунда у:

«Эй отажон! Усома ибн Зайдга тўрт минг тайин қилдингиз. Менга уч минг тайин қилдингиз. Унинг отасининг сенда йўқ фазли бўлган эмас. Унинг ўзининг менда йўқ фазли бўлган эмас», деди. Умар: «Унинг  отаси  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васалламга сенинг отангдан маҳбуброқ бўлган! Унинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сендан кўра маҳбуброқ бўлган!» деди.

Бадрда иштирок этган муҳожирларнинг болаларига икки мингдан тайин қилди. Унинг олдидан Умар ибн Абу Салама ўтаётганида:

«Бунга минг зиёда қилинглар! (Ёки) «Эй ғулом, бунга минг зиёда қил!» деди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ:

«Бунга нима учун зиёда қиласан? Унинг отасининг бизнинг оталаримизда бўлмаган фазли йўқ эди!» деди.

«Унга Абу Салама розияллоҳу анҳо учун икки минг тайин қилдим. Умму Салама учун минг зиёда қилдим. Агар сенинг Умму Саламадек онанг бўлганида, сенга ҳам минг зиёда қилар эдим», деди.

У Толҳа ибн Убайдуллоҳнинг акасининг ўғли Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Усмонга саккиз юз тайин қилди. Назр ибн Анасга икки минг тайин қилди. Шунда Толҳа унга: «Сенга Усмоннинг ўғли келганда саккиз юз тайин қилдинг. Ансорлардан бир ғулом келган эди, икки минг тайин қилдинг?!» деди. У: «Мен бунинг отасига Уҳуд куни дуч келдим. У мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. Мен, у зот қатл бўлган бўлсалар керак, дедим. У қиличини яланғочлаб, ўқларини тўғрилади-да: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинган бўлсалар, Аллоҳ тирик, ўлмайди!» деб, қатл бўлгунича жанг қилди.

Анави  бўлса  қўй  боқади.  Икковларини  баробар қилишимни хоҳлайсизларми?!» деди. Умар умри давомида шунга амал қилди».

Бундан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фуқароларга жамият нафақасини аввалги қилган хизматларига қараб тайин қилишни биринчи бўлиб тартибга солганларини кўрмоқдамиз.

Ҳатто ота ва онанинг хизматлари туфайли уларнинг болаларига ҳам жамият нафақаси тайин қилинган экан.

        Наргиза ОДИЛОВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

 

Аллоҳ таоло инсон зотини дини, миллати, ирқидан қатъий назар мукаррам эканлигини таъкидлаб: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик.”   , деб оламдаги одам болаларини у ким бўлишидан қатъи назар азиз ва мукаррам қилганини хабарини берган.

Истиқлолга эришгач, биринчи Юртбошимиз, марҳум Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан эришилган асрларга давр татигулик ютуқларимиз замирида аввало инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари туради. Ватанимиздаги барча фуқаролар, қайси соха, қайси миллат вакили бўлишлигидан қатъий назар тенг ҳуқуқли ва инсон учун бор бўлган ҳамма манфаатлардан тўлиқ фойдаланишга ҳақли эканлилиги бугун айни ҳақиқатдир.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани кўп миллатли халқ ҳисобланади. Унда иноқликда яшаётган ёшу қарининг кўнглини олиш, уларга эътибор кўрсатиб, яхшиликка чақиришда имом-хатибларнинг ҳам масъулияти бор.

Шу йилнинг 4 апрель куни Чилонзор тумани бош имоми, “Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов масжид жамоаси билан тумандаги турли миллатга мансуб боқувчисини йўқотган кексалар ҳолидан хабар олиб, улар билан мулоқотда бўлди. Кўрсатилаган бу самимий ғамхўрликдан кўзларига севинч ёшини олган отахону-онахонларимиз, аввало кўнгиллари шод бўлгани ва шунинг ўзи ҳар нарсадан устун бўлишини айтиб, жаннатмакон юртимиз, бағрикенг халқимиз ҳаққига дуолар қилдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги

 

Top