ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФAТ

Уларни яхши кўриш иймон белгиси

Ким ансорларнинг даражасини, уларнинг исломни қўллаб-қувватлаш, уни ёйиш ва мусулмонларга паноҳ беришда кўрсатган ёрдамини, дин учун кўрсатган фидокорликларини билиб, сўнг уларни яхши кўрса, бу унинг иймонли эканига далилдир. 

Ансор – “ёрдам берувчи” дегани бўлиб, Маккадан кўчиб келган Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот бошчилигидаги муҳожирларга уйи, мол-мулки ва жонлари билан ёрдам берган кишилардир.

 .«عَنْ أَنَسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «آيَةُ الإيمَانِ حُبُّ الأنْصَارِ، وآيَةُ النِّفَاقِ بُغْضُ الأنْصَارِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ансорларни яхши кўриш иймоннинг белгиси, ансорларни ёмон кўриш эса мунофиқликнинг белгисидир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳаммад алайҳиссалом уларни Аллоҳ таолонинг: “... ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар” (Анфол сураси, 72 оят), деган сўзидан олиб, уларни “ансорлар” деб атади.

Ансорлар буюк фазилат ва улуғ шарафга эга бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта ҳадиси шарифларида ансорларнинг фазилати ҳақида тўхталиб ўтганлар. Ушбу ҳадисда Аллоҳга берган ваъдаларига вафо қилгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга паноҳ бергани, яхши қўшничилик қилгани, мустаҳкам дўстлик ва меҳр-муҳаббатининг самимийлигидан уларни яхши кўриш иймон баркамоллиги, уларни ёмон кўриш мунофиқлик белгиси экани таъкидланмоқда. Демак, уларни яхши кўриш Аллоҳ ва Расулига бўлган комил муҳаббатдандир.

Аллоҳ таоло ансорларни таърифлаб: “У (муҳожир)лардан аввал бу жой (Мадийна)да яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар” (Ҳашр сураси, 9 оят), деб марҳамат қилган.

Улар биродарлик, ўзаро ёрдамнинг такрорланмас намунасини кўрсатди. Шунинг учун ҳам уларни севишга чорлов ва ёмон кўришдан огоҳлантириш келди, бу иймон ва мунофиқлик белгисига айланди.

Муҳожирлар Мадинага келганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам улар ва ансорлар ўртасини биродар қилиб қўйганларида, ансорлар биродарликнинг энг ажойиб намуналарини кўрсатиб, уларга энг яхши шаклда яхшилик қилди. Ансорийлар ўз уйларини улар билан бўлишар, пулини баҳам кўрар эди.

Бошқа ҳадисда: “Уларни фақат мўминларгина яхши кўради, мунофиқлар ёмон кўради”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

  Баҳодир МИРЗАЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Read 742 times
Top