muslimuz

muslimuz

Середа, 12 июль 2023 00:00

Дуода фотиҳага қўл очиш

"Дуо" арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида "чақириш", "сўраш" маъноларини англатади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
"Сиздан (эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар"(Бақара, 186).
Яна:
"Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай"(Аъроф, 55).
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Яъни, дуода Ўзига сидқидилдан илтижо қилмоқ кераклиги уқтирилаётир.
Худди шу маъно Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.
Бир ҳадисда, Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам); "Дуо - бу, айни ибодат", деб,"Парвардигорингиз: Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!", деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар"(Ғофир, 60) оятини қироат қилганлари ривоят этилган.
Ушбу ҳадисда келтирилган ояти каримада "дуо" сўзи "ибодат" маъносида ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларига билдирмоқда.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
"Ким етти нарса билан ризқланса, еттита нарсадан маҳрум бўлмайди:
Ким шукр билан ризқланса, мулки зиёдаликдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, сизларга зиёда қиламан"(Иброҳим, 7).
Ким сабр билан ризқланса, савобдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур" (Зумар, 10).
Ким тавба билан ризқланса, тавбаси қабул бўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "У бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир" (Шуаро, 25).
Ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли Зотдир" (Нуҳ, 10).
Ким дуо билан ризқланса, ижобатдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳтаолоайтади: "Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) мустажобқилай!" (Ғофир, 60) .
Кимга ижтиҳод қилиш берилган бўлса, тавфиқдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз" (Анкабут, 69).
Дуога очилган қўл - бандаликнинг бир кўриниши бўлса, иккинчи жиҳатдан, Ўзининг улуғ ва буюклигига қалбан иқрор бўлишнинг тасдиғи ҳамдир. Парвардигор эса, Ўзи ваъда қилганидек, дуоларни мустажоб этувчи меҳрибон Зотдир. Бунинг учун Яратган қайтарган нарсалардан тийилиб, У буюрган амалларни холис ва сидқидилдан бажармоқ керак, холос. Қодири Мутлақ бандаларини тоқатидан ортиқ нарсага буюрмайди. 

Чортоқ туман Ҳазрати ибни Аббос масжид имом ноиби Исроилжон Иброгимов

Середа, 12 июль 2023 00:00

Мазҳаблар бирдамлик рамзи

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди. Саҳобалар эса Расулуллоҳга ёки бир-бирларига эргашганлар”. 

“Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” китобидан

Mamlakatimizning Koreya Respublikasidagi elchixonasi tashabbusi bilan 1-8 iyul kunlari O‘zbekiston musulmonlari idorasi vakillaridan iborat delegatsiyaning ushbu mamlakatga tashrifi tashkil qilindi, deb xabar  bermoqda “Dunyo” AA muxbiri.

 Ushbu tashrifni  tashkil etishdan  maqsad  Janubiy Koreyada  bo‘lib turgan fuqarolarimizga Islom dinining asl mohiyati to‘g‘risida maʼlumot berish va yurtimizda diniy sohada amalga oshirilayotgan islohotlar samarasi bilan tanishtirishdan  iborat. 

Safar  davomida O‘zbekiston diniy ulamolari ishtirokida vatandoshlarimiz zich yashaydigan shaharlarda bir qator maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlar uyushtirildi.

Imom-xatiblarimiz yurtdoshlarimiz bilan kechgan suhbatlar  chog‘ida O‘zbekistonda diniy-maʼrifiy jabhada amalga oshirilayotgan islohotlar, fuqarolarimizning diniy erkinlarini taʼminlash yo‘lidagi saʼy-harakatlar to‘g‘risida maʼlumot berdilar. Yurtdoshlarimizning, xususan, yoshlarimizning yot g‘oyalar va turli diniy ekstremistik tashkilotlar domiga tushib qolmasliklari bo‘yicha tushuntirishlar berildi. Islomning mazmun-mohiyati alohida urg‘ulandi.

Bundan tashqari, bo‘lib o‘tgan tadbirlarda Koreya Respublikasida vaqtincha mehnat faoliyatini amalga oshirib kelayotgan muhojirlar va talabalar ushbu davlatda masʼuliyat bilan faoliyat yuritishlari, mehnat orqali topilayotgan mablag‘larini to‘g‘ri yo‘lda sarflashlari, oila aʼzolari bilan muntazam bog‘lanib turishlari va vatanga yangi ilm, hunar, sarmoya va g‘oyalar bilan qaytishlari maqsadga muvofiq ekanligi taʼkidlandi.

O‘zbekiston diniy ulamolarining Koreya Respublikasiga tashrifi ushbu davlatda istiqomat qilayotgan vatandoshlarimiz tomonidan iliq qabul qilindi. Kelajakda bunday tadbirlarni doimiy ravishda tashkil etish bo‘yicha kelishib olindi.

O'zbekiston musulmonlari idorasi
Matbuot xizmati

#Қабул_2023

▪️2023-2024 ўқув йили учун Ҳадис илми мактабига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 10 июль куни соат 18:00 да тўхтатилди.

? Қабул қилинган аризалар сони жами 123 та.

? Қабул имтиҳонлари ўтказиш санада тўғрисида маълумот muhaddisuz (https://t.me/muhaddisuz) телеграм манзили орқали берилади. 

muhaddis.uz

“Жидда – Наманган” йўналиши бўйича парвоз қилган “Uzbekistan airways” авиакомпаниясининг “Boeing-767” русумли ҳаво лайнери 247 нафар зиёратчи билан Наманган халқаро аэропортига келиб қўнди.

Қувонарлиси, “Ҳаж-2023” дастури доирасида квоталар сони оширилиб, вилоятдан 1 минг 648 киши Ислом оламидаги бешинчи муқаддас арконни бажариш бахтига муяссар бўлди. Ҳожиларимиз юқори шоду хуррамлик билан кутиб олинди.  

– Муборак Ҳаж зиёрати ҳар бир мусулмон учун катта орзу. Улуғ сафар давомида ватандошларимиз Саудия Арабистонининг Мадина ва Макка шаҳарларида бўлиб, Ҳаж амалларини мукаммал адо этишди. Арафот тоғи, Мино ва Муздалифа водийларида ибодатлар чоғида бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Аллоҳдан юртимизга файзи барака, халқимизга фаровонлик, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимиз бахти, камолини сўраб, дуолар қилишди, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Наманган шаҳридаги вакили Мусохон қори Аббосиддинов. – Шуни алоҳида эътироф этиш керак, Ҳаж зиёратини кўтаринки руҳда ўтказиш учун барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилди. Ватандошларимиз икки муаззам шаҳарлардаги кўркам меҳмонхоналардан жой олишди.  

– Ўттиз йилдан зиёд Наманган тумани Ровустон қишлоғидаги 34-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бердим. Бир ўғил ва уч қизни тарбияладим. Муаллималик қилаётган икки дилбандим касбимни давом эттирмоқда, – дейди 72 ёшли кекса педагог Турсунхон ая Собирова. – 2007 йилдан бери Ҳаж зиёратига боришни орзу қилардим. Бу бахт бугун насиб қилди. Араб заминида ибодатлар пайтида асло қийинчилик кўрмадик. Президентимизнинг Саудия Арабистони подшоҳлиги билан келишувлари натижасида ўзбекистонлик ҳожиларга юксак савияда муносабатда бўлишди, барча имкониятлар ҳозирланди. Ҳаждан қайтган инсон зиммасида ижобий томонга ўзгаришдек катта масъулият юкланади. Барча яқинларим ва маҳалладошларга панд насиҳатларимиз, эзгу фазилатларимиз билан ибрат намунасини кўрсатишни ўз олдимга мақсад қилдим.  
Яхши кайфиятда юртимизга қайтган ҳожиларимиз автобусларга чиқиб, белгиланган манзилларга келиб, оила-аъзолари ва яқинлари билан дийдорлашди. Эслатиб ўтамиз, “Ҳаж-2023” дастури доирасида жорий йилнинг 14 июлига қадар ҳожиларимизни кутиб олиш мақсадида “Жидда – Наманган” йўналишида 14 та авиақатнов амалга оширилиши режалаштирилган.  

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

Top