muslimuz

muslimuz

П'ятниця, 24 май 2024 00:00

Жума куни байрамми?

Ториқ ибн Шиҳоб айтади:

“Бир яҳудий Умар розияллоҳу анҳуга:

- Сизлар бир оятни ўқийсизлар. Ўша оят бизларга нозил бўлганда эди, биз уни байрам қилардик, деди.

Умар розияллоҳу анҳу айтдилар:

- Мен яхши биламан, ўша оят қачон нозил бўлган, қаерда нозил бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда қаерда эдилар. Арафа куни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда турган пайтларида нозил бўлган”.

Қубайсадан Харашанинг ўғли Абу Жаъфар Исҳақ ривоят қилади:

“Каъб:

- Агар бу умматдан бошқасига мана бу оят нозил бўлса эди, бу нозил бўлган кунга назар қилур ва у кунни ўзлари жам бўлишадиган хайит куни қилиб олишур эдилар, - деди. Умар розияллоҳу анҳу сўрадилар:

- Қайси оят, эй Каъб?

У айтди:

“Бу кунда сизларнинг динингизни мукаммал қилдим” (Моида, 3).

- Мен билганман, нозил бўлган кунни ва нозил бўлган маконни, - деди Умар розияллоҳу анҳу. Жума куни, арафа куни нозил бўлган. Иккала кун ҳам, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизлар учун байрамдир!”.

Бани Ҳошимнинг мавлоси Аммор айтади:

“Ибн Аббос ушбу оятни ўқиди:

“Бу кунда сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим, сизларга неъматимни тўлиқ қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида, 3).

Шунда бир яҳудий айтиб қолди:

- Агар шу оят бизларга нозил бўлганда эди, ўша кунни бизлар байрам қилиб олардик.

- Шундоқ ҳам бу оят икки байрам кунида нозил бўлган – хайит ва жума куни, жавоб берди ибн Аббос розияллоҳу анҳумо.

Бу мавзудаги ривоятлар жуда ҳам кўп.

Жумладан Исо ибн Ҳориса ансорий айтади:

“Девонда ўтирган эдик. Бизга бир насроний айтиб қолди:

- Ҳой мусулмонлар! Сизларга бир оят нозил бўлган. Агар ўша оят бизларга нозил бўлганда эди, бизлардан икки нафаримиз қолса ҳам ўш кун ва ўша соатни байрам қилиб олур эдик: “Бу кунда сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим”.

Бирортамиз ҳам жавоб бера олмадик. Кейин Муҳаммад Қуразийга йўлиқиб қолдим. Ундан шу ҳақда сўрадим. У айтди:

- Унинг сўзларини рад қила олмадингларми? Умар ибн Хаттоб айтган: “Бу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга арафа куни тоғ устида турганларида нозил бўлган. Токи мусулмонлардан лоақал биргина киши қолар экан, бу кун байрам қилинишидан тўхтамагай”.

(Барчасини Ибн Жарир ўзининг “Табарий” тафсирида ривоят қилган. Айримлари ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръонил ъазийм”, Найсобурийнинг “Ғароибул Қуръон”, Қуртубийнинг “Жомеъул аҳком” тафсирларида ҳам келган).

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Язид ибн Абу Марям розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абоя ибн Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу орқамдан келиб, менга етишиб олдилар. Мен жума намозига кетаётган эдим. «Менга хушхабар беринг, сизнинг бу босаётган қадамларингиз “фи сабилиллаҳ» («Аллоҳнинг йўлида») босилаётган қадамлардир. Мен Абу Абс розияллоҳу анҳудан эшитдим. У киши эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ йўлида (фи сабилиллаҳ) чанг босган қадамларга дўзах ўти ҳаромдир”, – деганларини эшитган эканлар», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

 «Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан

Шу йил 25-27 май кунлари Ингушетия (Россия) Ташқи ишлар, миллий сиёсат ва матбуот вазирлиги ҳомийлигида "Ихва" хайрия жамияти томонидан Қуръони каримни тажвидли ўқиш буйича II-халкаро мусобақаси ўтказилади.

Мазкур халқаро мусобақада Ўзбекистондан номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Аббосхон қори Обидов Саидмурод ўғли иштирок этади.

Куни кеча Аббосхон қори мазкур мамлакатга жўнаб кетди.

Халқаро мусобақада қатнашадиган талабамизга муваффақият тилаймиз! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Cавол: Ҳозирги кунда Ҳарам ҳудудида иссиқ 50 даражагача етмоқда. Бошга иссиқ ўтмаслиги учун эҳромдаги киши бошга ўрнатиб олинадиган соябонлардан фойдаланиши жоизми?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аввало шуни таъкидлаш лозимки, ҳаж ўзига хос умр сафаридир. У буюк ишларни қасд қилишдир ва унга бериладиган мукофот ҳам жуда каттадир. Шунга муносиб тарзда уни адо қилиш ўзига яраша машаққат касб этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У нафақанг ёки машаққатинг миқдорига қарабдир яъни қилган умранг ажри унда чеккан машаққатингга қараб зиёда бўлади”, деганлар. Лекин динимиз асосларидан бири енгиллик бўлгани учун сояланиш борасида ҳам баъзи енгилликлар бор. Масалан, эҳромдаги шахс бино, дарахт ёки оддий қўлда тутиладиган соябон (зонтик) остида сояланиши мумкин.

Бироқ юқорида айтилган сифатдаги бош кийимни кийиш жоиз эмас. Чунки бу каби бошга ўрнатиб олинадиган соябонлар баъзи халқлар томонидан бош кийим сифатида кийилади.

“Агар эҳромдаги шахс бошига одамлар киядиган нарсани қўйиб олса уни кийган ҳисобланади. Агар одамлар киймайдиган, масалан тоғорани қўйиб олса кийган ҳисобланмайди” (“Раддул Муҳтор” китоби).

Бошқа кўплаб китобларимизда ҳам ушбу маънони ифода қилувчи иборалар келади. Бинобарин бошига ўрнатиб олинадиган соябонни кийиш жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Толҳа ибн Абдуроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.

Бир куни унга хотини:

- “Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” - деди.

У:

- Нима учун бундай деяпсан?” – деб сўради.

Хотини:

- Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” - деди.

Толҳа хотинига қараб:

- Аллоҳга қасамки, бу уларнинг гўзал хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” - деб жавоб берди.

Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб бундай дейди:

- Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!

 

Салаф солиҳлардан бири:

“Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни ароқ) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, “Мен сизларнинг олий Роббингизман”), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан” - деган экан.

 

Уламолар айтадилар: “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: “Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.

 

Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар: “Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” - дегин”.

 

Сторінка 38 з 265
Top