muslimuz

muslimuz

 Мусулмон олами балки бутун дунё Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан фақиҳ алломаларимизни катта ҳурмат-эътибор билан тилга олишлари ҳаммага маълум. Аммо ўлкага энг биринчи фиқҳ илмини олиб келиб, уни кенг ёйган ва бу жойда бутун оламга машҳур Мовароуннаҳр фиқҳ мактабига асос солган фақиҳ бобокалонимизнинг ҳаѐтлари кўпчилигимизга ҳали номаълум ва қизиқарли эканига шубҳа йўқ.

 Ислом ҳуқуқи – фиқҳ шаклланганидан сўнг бу ўлкада Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг машҳур шогирди Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий орқали илк бор, том маънода кенг тарқала бошлаган. Имом Шофиъий Абу Ҳанифа ҳақларида «Одамлар фиқҳда у зотнинг боқимандаларидир (шогирдларидир)» деган бўлсалар, Мовороуннаҳр фақиҳлари ҳам Абу Ҳафс Кабирнинг боқимандалари, шогирдлари ҳисобланади.Чунки, Мовороуннаҳрга фиқҳ илмини олиб келган ва Бухорода илк мадрасани қурдирган ҳам Абу Ҳафс Кабир ҳисобланадилар.

Бутун ислом оламига Абу Ҳафс Кабир номи билан танилган буюк фақиҳ, муҳаддис, Имом Бухорийнинг замондоши ва устози бўлган юртдошимизнинг тўлиқ исмлари Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибриқон ибн Абдуллоҳ Ижлий Бухорий бўлиб, 150/768 йили Кўҳна Бухоронинг “Фахсодара” маҳалласида туғилган. Алломага Кабир (Катта) номи берилиши ҳақида Абдулҳай Лакнавий: «Абу Ҳафс Бухорийни Кабир деб аташлари ўғиллари Абу Ҳафс Сағир (Кичик Абу Ҳафс) билан фарқлаш учун бўлган», дейдилар [2, 120- б] Чунки Фарзандлари Абу Ҳафс Сағир ҳам отасидек ислом оламида машҳур фақиҳ бўлган. Бу ҳақда Имом Заҳабий «Сияру аъламин нубала»асарида: «Аҳмад ибн Ҳафс (яъни Абу Ҳафс Кабир) буюк фақиҳ, Мовороуннаҳр ва бутун машриқ устози ҳамда Бухоронинг шайхул-исломи бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс (яъни Абу Ҳафс Сағир)нинг отасидир», дейдилар.

Абу Ҳафс Кабир бошланғич таълимни Бухорода олгандан сўнг, Бағдодга бориб, Имом Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шогирди Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ)дан таълим олдилар. Бу ҳақда Имом Заҳабий: «Абу Ҳафс Кабир Имом Муҳаммаддан фиқҳни ўрганди ҳамда Вакиъ ибн Жарроҳ, Абу Усома, Ҳушайм ибн Башир, Жарир ибн Абдулҳамид каби муҳаддислардан ҳадис эшитди. Билингларки, Абу Ҳафсдан келган ривоятлар ишончли ҳисобланади», дейдилар. [5, 159-б] Муҳаммад ЗоҳидКавсарий ҳам:«Абу Ҳафс Кабир ва Абу Сулаймон Жузжоний Имом Муҳаммад китобларининг ривоятида асос ҳисобланадилар», дейдилар [13, 72-б] Бундан кўринадики, Имом Муҳаммаднинг асарларикейинги авлодга асосан ушбу икки шогирд орқали етган ва улар Имом Муҳаммаднинг энг яқин шогирдларидир.

Шунингдек, Абу Ҳафс Кабир Имом Муҳаммаднинг асосий илмий мероси ва ҳанафий мазҳабининг асоси ҳисобланган «Зоҳирур-ривоя» китобларининг ровийси ҳамдир. Фақатгина олтинчи китоб – «Китаб ас-сияр ал-кабир» Абу Ҳафс Кабир она юртларига қайтгандан сўнг ѐзилгани учун уни ривоят қилиш насиб этмади. [3, 54-б] Абу Ҳафс Кабир ривоятлари билан бизгача етиб келган Имом Муҳаммаднинг асарлари нафақат Ислом оламида балки бутун дунѐ ҳуқуқшунослигининг асос манбаси ҳисобланади. Ушбу олти китобни ўрганиб чиққан ғарб шарқшунослари Имом Муҳаммадни «Ислом Гроцийси» деб аташган эди. Лекин Имом Муҳаммад Гроцийдан саккиз ярим аср муқаддам халқаро ҳуқуқнинг барча соҳаларидаги меъѐрларни ўз асарларида илк бор муфассал ѐритиб берган эдилар.

Абу Ҳафс Кабир Ироқ аҳли фиқҳи ва бошқа кўпгина илмларни пухта эгаллагандан сўнг, она шаҳри Бухорога илм ва тақво билан бойиган хазина мисол бўлиб қайтдилар. Халқ у кишини катта хурсандчилик билан кутиб олди. Шундан сўнг, эски манзиллари яқинига бир неча масжид ва мадраса қурдириб, талабаларга таълим бериш ҳамда халқдан тушган саволларга фатво бериш билан машғул бўлдилар. Абу Ҳафс Кабир, амир ѐки оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб беришга ҳаракат қилган. Шу боис, одамлар олимни «Ҳожатбарор имом» деб ҳурматлашган.

Ривоят қилинишича, бир куни Имомнинг зиѐратига Бухоро амири Муҳаммад ибн Толут келиб, салобатларидан тили айланмай қолади ва зиѐрат сўнгигача бир оғиз гапиришга ботина олмайди. Қайтишда ҳамроҳи бўлган вазирига: «Мен Халифа ва жуда кўп улуғлар ҳузурига кирганман лекин, ҳеч кимдан бунчалик ҳайбатланмаган эдим» деган экан. [6, 9-б] Шунингдек, фақиҳнинг ҳар кун Қуръони каримнинг тенг ярмини хатм қилишга одатланганлари ва бу умрларининг охиригача давомий бўлгани манбаларда зикр қилинади. [13, 72-б]

Абу Ҳафс Кабир ўзлари берган фатволарни жамлаб «Фатовойи Абу Ҳафс» китобини ѐзганлар. Алломанинг фатволари Ислом оламида кенг тарқалган бўлиб, у киши берган фатволар ва асарларидан олинган иқтибослардан кейинги давр уламолари ўз асарларида кенг истефода этишган. Жумладан: «Баҳрур-роиқ шарҳу канзул-дақоиқ», «Фатовои Оламгирия», «Фатовои ҳиндия», «Тахриж мин фатовои Абу Хафс Кабир Бухорий»,«Дурру-л-мухтор», «Иноя шарҳу-л-ҳидоя», «Мабсуту-с-Сарахсий», «Бадоиъу-с-саноиъ», каби китобларда мавжуд. Шунингдек, Абу Ҳафс Кабир «Китаб ат-тахриж» ва «Наводир» номли асарлар муаллифи ҳамдир [9, 70-б].

Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг «Бухоро тарихи» китобида қуйидагича ҳикоя қилинади:«Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Ислом оламига тарқалди, ҳатто араб диѐри олимлари бирон-бир мушкул масаланинг жавобини билмай қолишса, Бухородан улар томон қатнайдиган карвонга ўз вакилларини қўшиб масаланинг жавобини билиб келиш учун жўнатишар эди. Бир куни ҳожилар карвони келаѐтганида, карвондан бир киши Абу Ҳафснинг ѐнига келиб, бир масаланинг жавобини сўради, Абу Ҳафс ажабланиб: «Нима учун Ироқ олимларидан сўрамадингиз?» деди. Ҳалиги одам: «Улардан сўрадик, лекин улар жавоб бера олмади ва менга Бухорога бориб, бу масалани Абу Ҳафсдан ѐки унинг фарзандидан сўрагин, улар сенга бу масаланинг жавобини айтади дейишди», деб жавоб берди. [1,53-54-б ]

Абу Ҳафс Кабирнинг мадрасаси ҳозирги «Пойи Калон» мавзеида бўлган. Аллома уйдан мадрасага боришда бозор орқали ўтарганда ҳайбатларидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қолар эди. [15, 71-б]

Абу Ҳафс Кабир тарбиялаган шогирдлардан Абу Ҳафс Сағир, Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадокорий, Ҳотам ибн Наср ибн Молик Ғиждивоний, Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизғукий, Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғий ва унинг ўғли Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шарғий, Ҳорис ибн Абул Вафо ал-Бухорий, Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Ҳуноматий, Абул Ҳасан ибн Толиб Ғишатий каби алломалар етишиб чиқди. [9, 71-б] Жумладан, буюк муҳаддис – Имом Бухорий ҳам фақиҳданѐшликларида таълим олган. [16, 71-б]

Абу Ҳафс Сағир(фақиҳниг фарзанди кичик Абу Ҳафс)нинг тўлиқ исмлари – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибриқон ал-Бухорийдир. У киши ўз оталарида талим олиб, катта фақиҳ ва Бухоро шайхи даражасига етишган.

Абу Ҳафс Сағир ҳам араб юртларига илмий сафар қилганлар. Бу сафар давомида Абул Валид ат-Таѐлиси, Ҳумайди, Яҳѐ ибн Маъин каби муҳаддислардан ҳадис эшитган. Сафар давомида Имом Бухорий билан ҳамроҳ бўлган. [15, 70-б] У зотни «ал-Аҳваъ вал-ихтилаф» («Ҳавойи гаплар ва ихтилофлар»), «ар-Радду ала-л-лафзийя» («Юзаки қаровчиларга раддиялар») номли китоблари мавжуд. Шу ўринда юқоридаги икки китоб ҳақидаги Абдулҳай Лакнавий қуйидаги сўзларини келтирамиз: «Ушбу икки китобни кўпгина манбаларда, жумладан «Кашфуз-зунун» ҳамда «ал-Фунун» асарларида Абу Ҳафс Кабирга нисбат беришган, бу эса хатодир. Аслида букитобларни Абу Ҳафс Сағир ѐзган», деб айтадилар. [14, 72-б]Абу Ҳафс Сағир 264/878 йили Рамазон ойида вафот этганлар. [12, 19-б]

Абу Ҳафс Кабир 216 ҳиж. (832 мил.) йили вафот этганларида Бухородаги Дарвозайи Нав қаршисидаги тепаликка дафн қилинди. Шундан кейин одамлар бу дарвозани Ҳазрати Имом дарвозаси деб атай бошлашди.

Абу Ҳафс Кабир дафн қилинган тепаликга яқин жойда алломанинг дарсхонаси ва атрофда кўплаб масжидлар жойлашгани ҳамда кейинроқ Абу Ҳафс Кабирнинг қабри устига мақбара қурилганини Наршахий «Бухоро тарихи»да зикр қилиб ўтган.

Зиѐратгохдаги Ободончилик ишлари.Абу Хафси Кабир зиѐратгоҳи мустабид тузум замонида энг кўп талофат кўрган зиѐратгоҳлардан бири бўлди. Умуман Абу Хафси Кабир билан боғлиқ, хар бир нарсани юқотишга ҳаракат килинди.Зиѐратгоҳ ички ҳудудидаги XXVI асрда қурилган масжид биноси омборхонага айлантирилган, зиѐратгох хароба холига келиб қолган эди. Ватанимиз истиклолга эришгач илк йиллардан Бухоро халқи бу жойни бақадри ҳол обод қила бошлади.

Ниҳоят халкимиз кутган кенг куламдаги ободонлаштириш ишлари 2009 йилда Юртбошимиз фармони билан бошланди. Кадимги машхур ―Хазрати Имом дарвозаси кайта тикланди. Ҳозир ушбу зиѐратгоҳ ички ҳудудида қурилган янги масжид сиғими 1000 кишига мўлжалланган. Ҳозирда зиѐратгоҳ ҳудудида XXVI асрда қурилган эски масжид биносиҳаммавжуд бўлиб 120 кишилик сиғимга эгадир. Ҳазратнинг макбараларига борадиган тор йўлакчалар ўрнига кенг ва равон, икки ѐнига манзарали дарахтлар экилган кўча тушди. Абу Хафс Кабир зиѐратгохининг атрофига тўла девор олинди. Абу Хафс Кабир мақбараси икки томонига узун, муҳташам айвонлар кўтарилди.

Хулоса: Мақбарада Абу Хафси Кабир ва ўғиллари Абдуллоҳ Абу Хафси Caғиp хамда неваралари ва шогирдлари Абдуллох Спандмуний (фақихуд -доруссалтана) дафн килинган.

 Иззатилла ЮЛДАШЕВ,  

 Тошкент Ислом институти

“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси

 

П'ятниця, 23 февраль 2024 00:00

Тиловат саждасидан кейинги дуо

Cавол: Тиловат саждаси қилинганидан кейин қайси дуони қилсак бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тиловати саждадан сўнг тайин қилинган дуо йўқ. Урфимизда қуйидаги дуони қилиш одат бўлган.

سَجَدْتُ لِلرَّحْمَانِ وَآمَنْتُ بِالرَّحْمَانِ فَاغْفِرْلِي ذُنُوبِي يَا رَحْمَان سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيْر

“Сажадту лирроҳмаани ва ааманту бирроҳмаани фағфирлий зунуубий йаа Роҳмаану. Самиънаа ва атоънаа ғуфроонака Роббанаа ва илайкал масийр”.

Маъноси: “Раҳмон (Аллоҳ)га сажда қилдим, Раҳмон (Аллоҳ)га иймон келтирдим, Ё Раҳмон! Гуноҳларимни мағфират қилгин, эшитдик ва итоат этдик ва қайтиш фақат Сенгадир”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

П'ятниця, 23 февраль 2024 00:00

Facebook ва Twitter тармоқларидаги дўстлар

Бир билимдон кишидан сўрашибди: “Facebookда энг яхши дўст ким?”.

Бироз жим туриб, сўнг жавоб берибди: “У билан кам гаплашсангиз койимайдиган, “бирор сабаби бордир”, дея яхши гумон қиладиган, сизни расм билан белгиламайдиган, гуруҳларга қўшиб қўймайдиган, сиз билан бирор фикрда баҳслашганда дарров аразлашга, жаҳл қилишга ўтмайдиган, сизни “блокировка” қилиб қўймайдиган, аксинча кўп баҳслашиши сизга бўлган яқинлигини, меҳрини, ҳурматини кўтарадиган дўст Фаcебоокдаги энг яхши дўстдир”

Кейин яна сўрашибди: “Энг ёмон дўст ким?”.

“Ёмон хислатлар ҳақида қўйган ҳамма постда сиз уни назарда тутгансиз деб ўйлайдиган, гапингизни энг ёмон маънода қабул қиладиган, гапингизнинг агар етмишта тўғри маъноси бўлса, ҳаммасини қўйиб, ёмон маънода тушуниб оладиган одам – энг ёмон дўст”.

Кейин буларнинг ҳаммасидан ҳам ёмонроқ нарса ҳақида сўрашибди.

Кўзлари ёшга тўлиб дебдики: “Кимдирдан садоқатни кутсанг-у, у сендан юз ўгирса, садоқатга мувофиқ иш қилмаса мана шу энг оғир ҳолат!

Баъзилар садоқатни пулга сотиб олса бўлади деб ўйлайди. Аслида битта қалин дўстга эришишга кетказган йилларингизда Фаcебоок ва Тwиттерда минглаб дўстлар орттирсангиз бўлади.

Одамлар билан яхши дўстлик ришталарини боғлаш ҳозирги кунда жуда осон, битта тугмани босасиз, қарабсизки битта дўстингиз бор. Бироқ бу ҳақиқий дўстми?

Маълум бир ширкат ёхуд мавқеъ эгаси бўлмасангиз, Фаcебоокда танимаган одамларингизни ўзингизга қўшманг, фақат танишларингиз билан гаплашинг. Чунки танимаган одам сизнинг манзилингизга сизга лойиқ бўлмаган расмни ташлаб қўйиши ёки ноўрин комментариялар ёзиб қўйиши мумкин.

Бегона одамлар билан танишиш билан вақтингизни кетказманг, чунки нариги тарафда туриб сизга ёзаётган одам ким эканини билмайсиз, ҳатто у аёл киши бўлиши ҳам мумкин!”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

П'ятниця, 23 февраль 2024 00:00

Ҳаётимизни ўзгартирган қисса

Кўпчилик болаликда ака-укалари билан жанжаллашади. Бунга турли нарсалар сабаб бўлади. Баъзида уй ишларининг тақсимоти борасида низо чиқса, бошқа пайт телевизор кўриш навбати талашилади, ё бўлмаса яна нимадир муаммо чиқиб, ака-укалар ва опа сингиллар орасида ўзаро шовқин кўтарилишига сабаб бўлади. Барча ота-оналар бундай вазиятларда болаларни тинчлантиришга, каттага сен каттасан, кичикка сен кичиксан, деб ўзаро муросага чақиришга уринишади.

Биз ҳам опа-сингилларим билан кўп уришардик. Онамизни бир-биримиздан қизғонардик. Шунда марҳум онам бизларни бир хонага тўплаб, бу ишимиз яхши эмаслигини мулойим оҳангда тушунтирардилар. Кейин бизга Юсуф алайҳиссалом қиссаларини сўзлаб берардилар. У кишининг акалари билан бўлган ҳодисалар, акалари тарафидан қандай ноҳақликлар кўрганлари, акалари оталарини рашк қилиб Юсуф алайҳиссаломни ҳатто қудуққа ташлаб келганлари, Юсуф алайҳисалом бошларидан ўтган кўплаб қийинчиликлар, шунча заҳмат чекканларига қарамай акаларини кечириб юборганларини таъсирли қилиб айтиб берардилар.

Қисса охирида Юсуф алайҳиссалом оталарига “Отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир” деган жойларида доим кўзимизда ёш бўларди. Қиссани эшитиб бўлганимиздан сўнг ўзимизга келардик. Ғазабимиз босилиб, қаршимизда талашиб тортишаётганимиз бир қориндан талашиб тушган жигарларимиз эканини англаб, бир-биримизни бағримизга босар эдик, айтган дилозор гапларимиз учун бир-биримиздан узр сўрардик.

Лекин орадан яна бир қанча вақт ўтгач, онамнинг насиҳатлари ёдимиздан чиқиб қоларди. Кейин онам бизга яна ўша услубда ўша мулойимлик ва сабр билан Юсуф алайҳиссалом қиссаларини сўзлаб берардилар.

Бир неча йиллар онам сабр-тоқат билан бизга мана шу услубни қўлладилар. Юсуф алайҳиссалом қиссаларини ҳар эшитганимизда қиссанинг ўзимиз учун янги бўлган жиҳатларини кашф қилардик. Бора-бора бу қисса бизга ёд бўлиб кетди. Қачон опа-сингилалар ўзаро низолашиб қоладиган бўлсак, ўз-ўзидан шу қисса ёдимизга келадиган бўлиб қолди. Қисса ёдимизга келиши билан дарров жаҳлимиздан тушиб, жанжалнинг олдини олардик.

Орадан йиллар ўтди. Онам қексайиб омонатларини топширадиган пайт барча фарзандларини атрофларига тўпладилар. Ҳаммамизга эшиттириб шундай насиҳат қилдилар: “Сизларга икки нарсани насиҳат қиламан. Биринчиси, Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини унутманглар, доимо бир-бирларингизга эслатиб туринглар, ичларингдан кимдир унутса, бошқалари унга эслатсин. Иккинчи насиҳатим шуки, Аллоҳ таолодан қўрқинглар. Агар сизлар Аллоҳ таолодан қўрқсаларингиз, Аллоҳ таоло сизларга барча қийинчилик ва ташвишлардан чиқиш йўлини ато қилади, мен ҳам сизлардан ана ўшанда рози бўламан ва гўримда тинч ётаман...”.

Онамнинг сўнгги насиҳатларини тингларканмиз қўлларимиз кўзларимиздан оқаётган ёшларни артишга улгурмасди. Онам насиҳатларининг сўнггида тез кунларда Жаннатда дийдор кўришишни сўраб дуо қилдилар ва шаҳодат калималарини айтиб боқий дунёга кўчиб ўтдилар...

Ўшандан бери қанча йиллар ўтиб кетди. Лекин онамнинг ўша кунги насиҳатлари умрбод қалбимизга муҳрланди. Онамнинг берган тарбиялари ва насиҳатлари шарофатидан ҳаётимизда қандай муаммога йўлиқсак, Юсуф алайҳиссалом қиссаларини эслайдиган, у зотни қудуқда бирор ёрдамчисиз бўлган пайтларида қутқарган Аллоҳ бизни ҳам бу ҳаёт қийинчиликларидан олиб чиқиб кетишига ишонадиган бўлдик. Жигарлар билан ўзаро оқибатимиз ҳам гўзал бўлди. Аллоҳ таоло онамизни Ўзи раҳматига олсин, бизларни Юсуф алайҳиссалом ва онамиз билан жаннатда учраштирсин.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан юртимизда фаолият юритиб келаётган 3500 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиблар учун воиз уламо ва малакали мутахассислар иштирокида маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш йўлга қўйилди.

Шу йил 22 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва Диний идора Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилликлари жамоаси ва масжидларнинг барча имом-хатиб ва имом ноибларига zoom дастури орқали маънавий-маърифий суҳбат ўтказдилар.

Масофавий учрашувда профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ўз маърузасида юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳуқуқий давлат ва қонун устувор бўлган жамиятда истиқомат қилиши, барча қонун олдида тенг эканини, шу боис нима касб қилиш ва қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъий назар барча қонунга амал қилиши зарур эканини алоҳида таъкидлади.

Шайх Алижон қори Қуръони карим фазилати ҳақида манфаатли мавъиза қилиб, жумладан, Каломуллоҳнинг инсониятга раҳмат ўлароқ нозил қилингани, уни ўқиган қорига дунёю охиратда бериладиган ажру мукофотлар, улуғ ойларда қилинган хатми Қуръонларнинг савоби янада зиёда бўлиши, Қуръони каримни эшитиш қалбга ҳузур бериши ҳақида оят, ҳадис ва уларнинг шарҳи билан тушунтириб берди.

Маънавий-маърифий учрашувда нотиқлар томонидан барча соҳа вакиллари қатори имом-домлалар ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга харис бўлиши, ахлоқий сифатларини камол топтириб бориши, илму маърифат ва жамоат ишларида мўмин-мусулмонларга намуна бўлиши лозимлигини таъкидлаш баробарида дин пешволари жамиятдаги мақом ва мартабаларига ҳар томонлама муносиб бўлишлари айтиб ўтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Top