ИНФОГРАФИКА

Кофирлар борасида нозил бўлган оятни мусулмонларга нисбатан қўллаш

Замонимизда турли фикр ва тушунча соҳиблари томонидан динни нотўғри англаш ва баъзи масалаларда ғулуга кетиш натижасида оят ва ҳадисларни мусулмонларга нисбатан ноўрин қўлланилиши кузатилмоқда. Шулардан бири тавассул масаласидир. Тавассулни тўғри англамасдан, асл моҳиятига етмасдан туриб, бу амални қилган кишиларга Зумар сурасининг 3-оятини қасддан қўллаётган кишилар учрамоқда. Уларга яқин ўтмишда ўтган Аҳли сунна ва жамоанинг етук уламоларидан бири Муҳаммад Закий Иброҳим роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтиришни лозим деб топдик:

Аллоҳ таоло айтади: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар сураси 3-оят).

«Ибодат қилурмиз» ва «бизни Аллоҳга яқин қилишлари учун», деган сўзига диққат қилинг ва фикр юритинг!

Аллоҳ таоло биринчи иборада уларнинг бутларга ибодат қилишларини исбот қилди. «Ибодат қилурмиз» деган сўз билан «Улар билан васила қилурмиз ёки уларни шафоатчи қилурмиз», деган сўзлар ўртасида фарқ бор. Тавассул ёки шафоатчи қилмоқ луғатда ҳам, истилоҳда ҳам ибодатдан айро нарсалардир.

Иккинчи иборада эса, уларнинг бутларга ибодат қилиш сабаби уларни Аллоҳга яқин қилишлари учун эканини исбот қилди. Уларнинг «...бизни Аллоҳга яқин қилишлари учун» деган сўзларида Аллоҳни қўйиб, ўзларига илоҳ қилиб олган махлуқотларнинг (яъни, бут-санамларнинг) бир ишни қилиш ёки қилмаслик (тарк қилиш) борасида қудратлари бор, деб эътиқод қилганликларининг баёни бор.

Тавассулда эса, ундоқ эмас! У ёлғиз ҳолатда тўғридан-тўғри Аллоҳ таолодан сўрашлик ва дуосининг қабул бўлиши умидида тавассул ва шафоатчини ўртага қўйишликдир. (Яъни, Аллоҳ таолони қўйиб, бут-санамларни илоҳ, дея ибодат қилиш билан Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраш ва дуосининг ижобат бўлиши умидида тавассул қилиш ўртасида катта фарқ бордир).

Сўнгра, ушбу оят мушриклар ҳақида нозил қилинган бўлиб, унинг ҳукмини Аллоҳни ягона деб эътиқод қиладиганларга нисбатан қўллаш ҳукмни ҳақсизларча ўз ўрнидан бошқа ерга қўйиш демакдир. Дарҳақиқат, имом Бухорий бундай қилиш Хаворижларнинг Аллоҳнинг динида янги пайдо қилган (бидъат) амаллари эканига хужжат келтирганлар. Хаворижлар Аллоҳ таолонинг кофирлар борасида нозил бўлган оятига қасддан тажовуз қилиб, мусулмонларнинг қонлари, обрўлари ва молларини ҳалол санаш учун ҳеч бир далилсиз таъассубона уларга нисбатан татбиқ қилганлар.

 «Ал-Ифҳам вал ифҳом ав қозоял васийла вал қубур» китобидан 23-Б, Муҳаммад Закий Иброҳим роҳимаҳуллоҳ

Read 1355 times
Top