Рамазон-2019

Рамазон ойи ва унинг рўзасининг фазилатлари

Танловга!

Рамазон ойи Аллоҳ таоло бандаларнинг рўза тутишлари, Ўзининг охирги, бехато, ўзгармас ва мукаммал китоби Қуръони Каримни ер юзига нозил қилиш учун танлаб олган муборак ойдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

 

شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِیۤ أُنزِلَ فِیهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدࣰى لِّلنَّاسِ وَبَیِّنَـٰتࣲ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир» 185-оят.

Қуръоннинг Рамазон ойида нозил қилиниши ва унда рўза ибодатининг борлиги ушбу ойнинг фазилатига кифоя қилади. Кейинги оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: 

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِی عَنِّی فَإِنِّی قَرِیبٌۖ أُجِیبُ دَعۡوَةَ ٱلدَّاعِ إِذَا دَعَانِۖ فَلۡیَسۡتَجِیبُوا۟ لِی وَلۡیُؤۡمِنُوا۟ بِی لَعَلَّهُمۡ یَرۡشُدُونَ

«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар» 186-оят

Аллоҳ таоло Рамазон ойи, унда Қуръон туширилганлиги, бу ойнинг рўзаси фарз эканлигини баён қилган оятдан кейинги оятда дуо қилувчининг дуосини ижобат қилишини эълон қилмоқда. Демак, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, кечалари таровеҳда қоим бўлишдан кейинги дуолар иншааллоҳ мустажоб экан. Дуо қилиш билан бирга биз ҳам Аллоҳ таолога лаббай деб ижобат қилишимиз, яъни У Зотга бўйсунишимиз ва қайтариқларидан четланиб У Зотга иймон келтиришимиз керак экан! Ана шунда рушду ҳидоятда, тўғри йўлда бўлишимиз кафолатланган бўлади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби сифатида имом ибн Жарир Табарий ва имом Қуртубий қуйидаги ривоятни келтирадилар:

"Аъробийлардан бир гуруҳ кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб: “Эй Муҳаммад, Роббимиз (бизга) яқинми, У Зотга муножат қилайликми ёки узоқми, У Зотга нидо қилайликми?“ дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман“ оятини нозил қилди“.

Албатта, бу оятдаги яқинлик масофа, метр жиҳатидан эмас, ижобат қилишга яқин эканлигидир. 

عن أبي هريرة قال: قال رسول الله : إذا كان أول ليلة من شهر رمضان

صفدت الشياطين ومردة الجن، وغلقت أبواب النار فلم يفتح منها باب، وفتحت  أبواب الجنة فلم يغلق منها باب : وينادي مناد: با باغي الخير أقبل، ويا باغي الشر أقصر، ولله عتقاء من النار، وذلك كل ليلة”.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлганда шайтонлар ва исёнчи жинлар яхшилаб занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари қаттиқ ёпиб қўйилади, натижада ундан бирор бир эшик очилмайди. Жаннат эшиклари кенг очиб қўйилади, натижада ундан бирор бир эшик ёпилмайди ва бир нидо қилувчи: “Эй яхшиликни хоҳловчи, келгин, эй ёмонликни хоҳловчи, тўхтагин, деб нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган бандалари бўлади. Бу ҳол ҳар кеча бўлади”.

Буюк ватандошимиз имом Термизий ривоят қилган ушбу муборак ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутувчи ҳар бир мўмин банда қувониб шодланадиган буюк хушхабарларни бермоқдалар. Демак, Рамазон ойи ана шундай фазилатли ойдир. 

Рамазон рўзасининг фарзлиги ва рўзадорларнинг фазилати 

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг183-оятида: 

یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ كُتِبَ عَلَیۡكُمُ ٱلصِّیَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى ٱلَّذِینَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ

“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз деб марҳамат қилади. Ушбу оят билан рўза тутиш мусулмонларга фарз қилинди. Рўза мусулмонларга ҳижратнинг 2-санасида фарз қилинган. Рўзанинг инсон жисмига, руҳига ва ҳаётига фойдалари жуда кўп. Хусусан, рўза тутиш орқали инсон жисмида йиғилиб қолган зарарли моддалар, ёғлар эриб, йўқ бўлиб кетади. Организм янгиланиб, чиниқиб, тозаланиб олади. Мунтазам овқат ҳазм қилишга ўрганиб қолган бечора ошқозонимиз ҳам рўза шарофатидан дам олади. Инсоннинг фикри ўткирлашади. Руҳи тетик, қалби мусаффо бўлади. Қорни оч бўлса ҳам, чанқаса ҳам, кун иссиқ ёки совуқ бўлишига қарамасдан ўзини еб-ичишдан тийган инсон сабр қилишни ўрганади.

Аллоҳ жалла жалалуҳу томонидан беминнат инъом этиб қўйилган сув, мева-чева ва озиқ-овқатларнинг қадрини ҳис қилади, ҳақиқатан ҳам неъмат эканлигини англайди. Бунинг натижасида инсон шукрли бўлиб қолади. Ваҳоланки сабр ва шукр инсон ҳаётида қанчалик катта аҳамиятга эга! Булардан бошқа яна кўплаб фойдалари бўлган рўзанинг энг буюк ғояси ва фойдаси инсоннинг икки дунёда бахт-саодатга эришиши, дўзахдан нажот топиб жаннатга киришига сабаб бўлувчи энг катта омиллардан бири бўлмиш тақвонинг ҳосил бўлишидир. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи оятда очиқ ойдин айтяпти. Ҳозирги кунда ғайридинлар ҳам рўзага ўхшаш очлик билан даволаш ишларини олиб боришмоқда. Лекин мусулмонларнинг улардан ажралиб турадиган энг ёрқин фарқи рўзани фақатгина Аллоҳ буюргани учун холис тутишларидир. Айнан мана шу жиҳат мусулмон банданинг рўза тутгани учун охиратда катта савобларга эга бўлишининг сабабидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Роббингиз айтади: “Ҳар бир яхшилик ( савоби) ўн баробаридан етти юз баробаригачадир. Рўза Мен учун ва Мен Ўзим унинг мукофотини бераман. Рўза дўзахдан қалқондир. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Агар бирингизга рўзадор ҳолида бир жоҳил жоҳиллик қилса мен рўзадорман десин. Имом Термизий ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда рўзадорларнинг фазли ҳақида бундай дейилади: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жаннатда рўзадорлар учун Райён деб аталадиган эшик бор. Унга улардан бошқалар кирмайди. Рўзадорларнинг охиргиси киргач, эшик беркитилади. Ким унга кирса, (жаннат шаробидан) ичади. Ичган киши эса абадий чанқамайди”. Имом Термизий ривоят қилган.

Шундай экан рўзани ихлос билан, юқорида айтилган охиратдаги буюк мукофотларга эришиш учун шавқу завқ билан тутайлик. Шубҳасиз Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас. Фазилатларга бой Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

 

Роваиъул баён, Тафсири ҳилол ва Жомеут Термизий китоблари асосида Тошкент ислом институти 2-курс талабаси Умарали Абдулғаффор тайёрлади.

Read 40399 times
Top