ВИДЕО

Илк бор “Ўзбекистон Республикаси биринчи ҳалол форуми” ташкил этилди

Тошкентда Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси, Ислом бизнеси халқаро ассоциацияси ва Литванинг “World Halal Trust Group” ҳалол сертификат ва стандартини жорий қилувчи компанияси билан ҳамкорликда илк бор “Ўзбекистон Республикаси биринчи ҳалол форуми” бўлиб ўтди. Унда ҳалол сертификатининг имтиёзлари, ютуқлари ҳақида қизғин фикрлар билдирилди.

Таъкидланишича, аксарият тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулоти ёки тақдим этаётган хизмати учун “Ҳалол” стандартини жорий қилиш ҳамда сертификатлаш жараёнини мураккаб деб ўйлайди.  

Ҳалол (яъни – рухсат этилган) тушунчаси – Ислом динида рухсат этилган маҳсулотлар бўлса, “Ҳалол” стандартлари эса, маҳсулотларни ислом дини талаблари бўйича ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талабларни белгилайди.  

Статистик маълумотларга кўра, “Ҳалол” стандартини жорий этиш бўйича Малайзия, Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Индонезия каби мамлакатлар илғор ҳисобланади.

Бугунги кунда “Halal” белгиси остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси, Янги Зеландия ва Таиландда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон каби МДҲ мамлакатлари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Иордания, Миср, Баҳрайн каби мусулмон мамлакатларига “Halal” белгиси остида ўз маҳсулотларини экспортга чиқариб улгурган. Шунингдек, дунёда мусулмонларнинг ортгани сари “Ҳалол” стандарти талаблари асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга бўлган талаб ҳам кўпаймоқда.

Форумда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА

Read 711 times
Top