www.muslimuz

www.muslimuz

الإثنين, 22 تموز/يوليو 2019 00:00

Ҳасад мияни ҳалок қилувчидир!

2013 йилда олимлар инсоннинг ҳасад қилаётган пайтдаги миясини ўрганиб, бу пайтда мия ўта мураккаб вазиятда бўлишини аниқладилар.

Маълумки, инсоннинг ҳис-туйғулари, руҳий ҳолатига қараб миянинг муайян соҳаларида қоннинг ҳаракати фаоллашади. Масалан, инсон хурсанд бўлганда миясининг шунга масъул қисмларида қоннинг ҳаракатланиши тезлашиб, миядаги мазкур ҳудудни осон ажратиб олиш мумкин.

Инсон маҳзун ҳолатда бўлганида мияси кўп куч сарфлайди, унинг бир неча ҳудудлари фаоллашади. Шу боис шифокорлар мия ҳужайраларининг талофатга учрашидан сақланиш учун кишиларга маҳзун бўлмасликни тайинламоқдалар. Шунингдек, маҳзунлик кишининг эрта қаришига ёки хотирасининг йўқолишига ҳам сабаб бўлар экан.

Энди ҳасадга келсак, бунинг асоратлари оғирдир. Ҳасад инсон миясига ҳалокатли таъсир этиб, инсонда кўплаб изтироблар (стресс, депрессия) келиб чиқишига олиб келар экан. Инсон ҳасад қилаётган пайтда унинг мияси тартибсиз, чигал ҳолатда бўлиб, олимлар бу ҳолатдаги кимсанинг миясидан ҳасадга алоқадор минтақаларни аниқлашга қийналдилар.

Инсон мияси устида магнит резонанс томография (МРТ) орқали узоқ вақт тажриба ўтказган олимлар миянинг ҳасад пайтида тартибсиз ҳолатда бўлишини, бу ҳол мия учун ўта зарарли эканини, шу боис инсон ҳасаддан узоқ туриши кераклигини бир овоздан таъкидламоқдалар.

Бошқача қилиб айтганда, ҳасадчининг мияси ўз-ўзини еб битирар экан.

Барчамизга маълумки, ҳасад – бошқалардаги неъмат улардан кетиб, ҳасадчининг ўзига келишини исташдир. Динимиз бундай ишдан, орзудан қайтарган. Аллоҳ таоло биз бандаларини ҳасад қилишдан қайтарибгина қолмай, балки бизга Ўзидан ҳасаднинг ва ҳасадчиларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюрган. У Зот Қуръони Каримда “Фалақ” сурасида шундай марҳамат қилган:

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ وَمِن شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ

“Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман.

У яратган нарсалар ёмонлигидан.

Ва кириб келган қоронғулик ёмонлигидан.

Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. (Сеҳргарлар бировни сеҳрлаб зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.)

Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт”.

Ҳа, Қуръони Каримда ҳасад қилишдан қайтариш билан бирга, ҳасаддан ва ҳасадчиларнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш ҳақида алоҳида кўрсатмалар келган.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳасад қилишдан ва ҳасад қилувчиларнинг ёмонлигидан асрасин!

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиялик фотограф Орҳан Дургут билан ҳамкорликда “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ва “Дунё ислом шаҳарлари” номли халқаро фотокўргазма иш бошлади.

“Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш” масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф қилиб, бунда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини айтган эди.

Президентимизнинг мазкур ташаббуси хорижий илмий-тадқиқот марказларининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига бўлган қизиқишини янада оширди ва улар томонидан ҳамкорликка оид қатор таклифлар билдирилмоқда.

Туркиялик таниқли фотограф Орҳан Дургут ҳам мазкур ташаббусдан руҳланиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўзининг фотокўргазмасини ташкил этиш таклифини билдирди. Бу марказ раҳбарияти ва тегишли ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Фотограф ўз асарларида дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларининг тарихий бино ва муқаддас қадамжоларини акс эттирган. Эътиборли жиҳати, у Имом Бухорий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон ва Эъзоб шаҳарларида бўлиб, у ердаги машҳур Ислом маданий меросларини ўз ижодида ифодалаган.

Орҳан Дургутнинг фото жамланмасидан Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Термиз шаҳарларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, хусусан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Регистон ансамбли, Шоҳизинда, Ичан қалъа, Ҳаким Ат-Термизий, Хасти Имом, Кўҳна Арк каби машҳур тарихий обида ва мақбаралар ҳам ўрин олган.

– Бу асарларимни намойиш этишдан мақсадим ислом дунёсини барча халқларга яқиндан танитиш, – дейди Орҳан Дургут. – Юртингизда мазкур кўргазмани ташкил этиш учун кўрсатилган ёрдамдан миннатдорман. Мана шунинг ўзи мамлакатингизда ислом олами, маънавияти, илми меросига бўлган эътиборнинг нақадар юқори эканлигини белгилаб турибди. Ҳозирга қадар дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларида бўлдим. Келгусида яна 40 та шундай шаҳарларда бўлишни ва 100 га яқин шаҳарларнинг тарихий бино ҳамда муқаддас қадамжоларини ўз асарларимда акс эттиришни истайман.

Мазкур халқаро фотокўргазма Имом Бухорий таваллуд топган ой (810 йил 20 июль) муносабати билан ташкил этилаётгани боис, муҳаддиснинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ҳам кўргазма доирасида халқимиз эътиборига ҳавола этилмоқда.

Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” китоби бутун ислом оламида Қуръони каримдан кейинги биринчи, энг ишончли манба, деб тан олинган. Бу ҳадислар тўплами мусулмонлар ахлоқ-одоби, ибодати, ижтимоий мезонларини белгиловчи умуминсоний қадриятлар намунасидир.

Халқаро фотокўргазмага ўндан ортиқ профессор-олимлар ва тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари ва ёш олимларнинг маърузалари ҳам киритилди. Тадбирда таъкидланганидек, Имом Бухорийнинг бой илмий меросидан бутун дунё халқлари баҳраманд бўлмоқда. Алломанинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб, нашр этилмоқда. Дунё мамлакатларининг деярли барча кутубхоналарида ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Дунёнинг кўплаб кутубхоналарининг интернет сайтларидан исталган тилдаги Имом Бухорий асарларини, айниқса, “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ“ яъни, “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни топиб, ўрганиши мумкин. Юртимизда ҳам улуғ алломанинг асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, халққа етказилмоқда.

Давра суҳбати давомида соҳани янада ривожлантириш учун илмий-тадқиқот марказлари ва соҳага тегишли мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ва “Дунё Ислом шаҳарлари” номли халқаро фотокўргазма жорий йилнинг 19 июлидан 19 августига қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Иордания пойтахти Амман шаҳрида жойлашган Хоссейни масжиди чоршанба куни ёқиб юборилган. Бу ҳақда Иордания оммавий ахборот воситаси хабар беради.

Ёнғин 50 квадрат метр бўлган масжиднинг иккинчи қаватига ҳамда масжид кутубхонасига ўтган. Маҳаллий манбаларга кўра, ёнғин оқибатида ҳеч ким яраланмаган ва аланга бартараф этилган. Амман шаҳар ташкилотининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими унинг ходимлари масжиддаги оловдан кейинги тутунни йўқотиш учун ҳаракат қилаётганини маълум қилди.

Маълумот ўрнида Хоссейни масжиди Иордания пойтахти Амманнинг энг қадимги масжидларидан бири ҳисобланади. Ушбу масжид иккинчи халифа даврида қурилган бўлиб, Абдуллоҳ II томонидан қайтадан таъмирланган. Бугунги кунда масжидга кўплаб сайёҳлар ташриф буюради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ёзги таътилда болалар вақтини самарали ўтказиш учун АҚШнинг Виржиния штати Александрия шаҳрида Қуръони каримни ўрганиш курслари ташкил этилди. Бу ҳақда iqna ахборот сайти деб хабар беради.

Маълум бўлишича, MakeSpace İslam институти томонидан ташкил этилган ушбу курслар 5-12 ёшдаги мактаб болаларига мўлжалланган. Курслар уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда болалар араб тили ҳарфлари ва қисқа сураларни ўрганадилар. Иккинчи босқичда Қуръони каримни ўқишни ўрганадилар. Шу билан тажвид ва тиловат қоидалари ҳамда Қуръонни тўлиқ ёдлашга тушадилар. Ёзги курслар 20 июль куни бошланиб, ҳар ҳафтанинг шанба куни давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бу йилги ҳаж мавсумида Саудия Арабистони ҳожиларга туҳфа тариқасида 1 миллион сим-карта ва бепул интернетдан фойдаланиш имкониятини яратиб беради. Бу ҳақда Аrabnews хабар берди.

Маълум бўлишича, ушбу лойиҳа ҳожиларга хизмат кўрсатиш дастурининг бир қисми бўлиб, уларга ҳаж мавсумини хотиржам ўтказишлари учун оила аъзолари ва яқинлари билан алоқада бўлиш имконини беради. Ҳаж мавсуми давомида махсус гуруҳ ушбу фаолият билан шуғулланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top