Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИДАН ҲАЗАР

الحَمْدُ للهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا محمد الَّذِي قَالَ: إنَّ اللهَ طَيِّبٌ لاَ يَقْبَلُ إِلاَّ طَيِّبًا، وَعَلَى أَلِهِ وَأَصْحَابِهِ الكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди. Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ... (سورة النساء/29 آية).

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!... (Нисо сураси, 29-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

َا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، فَإِنَّ نَفْسًا لَنْ تَمُوتَ حَتَّى تَسْتَوْفِيَ رِزْقَهَا وَإِنْ أَبْطَأَ عَنْهَا، فَاتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِي الطَّلَبِ، خُذُوا مَا حَلَّ وَدَعُوا مَا حَرُمَ"

(رواه الإمام ابن ماجه)

яъни: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам,  Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди.

Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар:

اَلاَ اِنَّ اللهَ حَرُمَ عَلَيْكُمْ دِمَائَكُمْ وَاَمْوَالَكُمْ

(رواه الإمام البخاري)

яъни: "Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди" (Имом Бухорий ривояти).

Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

مَنْ أَكَلَ الْحَلاَلَ أَرْبَعِيْنَ يَوْماً نَوَّرَ اللهُ قَلْبَهُ وَأَجْرَى يَنَابِيْعَ الْحِكْمَةِ مِنْ قَلْبِهِ عَلَى لِسَانِهِ"

 (رواه أبو نعيم في الحلية من حديث أبي أيوب)

яъни: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Ҳазрат Анас разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё, Расулаллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси ижобат бўладиган кимсалардан қилсин”, – дедилар. Шунда Пайғамбармиз:

يَا أَنَسُ أَطِبْ كَسْبَكَ تُجَبْ دَعْوَتُكَ فَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَرْفَعُ الُّقْمَةَ مِنَ الْحَرَامِ إِلَى فِيْهِ

فَلاَ يُسْتَجَابُ لَهُ دَعْوَةٌ أَرْبَعِيْنَ يَوْمًا

(رواه الإمام البيهقي)

яъни:  “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқмани оғзига кўтарса (еса), қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади.

مَنْ لَمْ يُبَالِ مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَ الْمَالَ لَمْ يُبَالِ اللهُ مِنْ أَىِّ بَابٍ أَدْخَلَهُ النَّارَ (رواه الإمام الديلمي).

яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).

Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

يُؤْتَى يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأُنَاسٍ مَعَهُمْ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَأَمْثَالِ جَبَلِ تِهَامَةَ حَتَّى إِذَا جِيْءَ بِهِمْ جَعَلَهَا اللهُ هَبَاءً مَنْثُورًا ثُمَّ يُقْذَف بِهِمْ فِي النَّارِ فَقِيْلَ يَا رَسُولَ اللهِ كَيْفَ ذَلِكَ قَالَ كَانُوا يُصَلُّونَ وَيَصُومُونَ وَيُزَكُّونَ وَيَحُجُّونَ غَيْرَ أَنَّهُمْ كَانُوا إِذَا عُرِضَ لَهُمْ شَيْءٌ مِنَ الْحَرَامِ أَخَذُوهُ فَأَحْبَطَ اللهُ أَعْمَالَهُمْ

(رواه الإمام الطبرني في المعجم الكبير)

яъни: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулаллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?”, – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).

Ривоят қилишларича, Абу Дардо разияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар. Абу Дардо разияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади, хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳнинг баъзисини айтиб ўтамиз:

Қарзини қайтармасликка ҳаракат қилиш. Баъзи қарз олувчилар қарзларини тўлашга қодир бўлиб туриб, бермай, чўзиб, савоб умидида қарз берган кимсани ҳам яхшилик қилганига пушаймон қилдириб ёки олган қарзини тан олмай юрадилар. Бунинг ўрнига олган қарзини бериш ғамида бўлганида, Аллоҳ таолонинг ўзи қарздорга мададкор бўлар эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيْدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللهُ عَنْهُ، وَمَنْ أَخَذَهَا يُرِيْدُ إِتْلاَفَهَا أَتْلَفَهُ اللهُ

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода (ғамини) қилса, Аллоҳ қарзини адо қилишга ёрдам беради. Ким қарзни бермаслик ниятида олса, Аллоҳ уни йўқ қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Ўлчов ва тарозидан уриб қолишҚуръони каримда ўлчов ва тарозидан уриб қолувчиларга жаҳаннам азоби борлиги кўп маротаба таъкидланган. Бу борада Мутоффифун сурасида шундай келади:

وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ

 яъни: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган,  уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир” (Мутоффифун сураси, 1-3 оятлар).

Муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш. Ёзувчи ёки ихтирочи ўзининг бутун умрини китоб ёзиш ёки янги нарса ихтиро қилиш учун сарфлайди ва ундан фойда кўриш учун китобини нашр қилади, ихтиросини тақдим қилади. Шунда бошқа бир одам китобдан ёки ихтиродан бир нусхани олади-да, замонавий воситалар орқали  муаллифнинг рухсатисиз кўпайтириб сота бошлайди.

Муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш бундан бошқа кўринишларда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, машҳур фирмаларнинг брендлари (белгилари)ни  қалбакилаштириш, уларнинг эмблемаларини босиб чиқариш ва ҳоказо.

 Маълумки, сўнгги йиллар давомида миллий заргарлик саноатини тиклаш ва ривожлантириш ҳамда заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркор ва усталарни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ўз қонуний фаолиятини олиб боришга қаратилган  бир қатор ҳуқуқий-меъёрий чора-тадбирлар ва ҳужжатлар  қабул қилинди. Заргарлик саноати ривожланиши, шунингдек хом-ашёни қонуний сотиш учун керакли шарт-шароитлар яратилди. Шу билан бир қаторда республика бозорлари ва тижорат-савдо расталарида заргарлик буюмларига заргар ёки сотувчи томонидан сохта асллик даражасини тасдиқловчи белгиларни ноқонуний қўйилиб сотилиши ривожланмоқда.  Уламоларимиз бундай иш қилган кимсаларнинг гуноҳини ўғрилик қилган кимсаларнинг гуноҳи билан баробар демоқдалар. Ўғрилик ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

لَعَنَ اللَّهُ السَّارِقَ، يَسْرِقُ البَيْضَةَ فَتُقْطَعُ يَدُهُ، وَيَسْرِقُ الحَبْلَ فَتُقْطَعُ يَدُهُ

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ўғирликнинг катта-кичиклигига эмас, балки унинг оғир гуноҳлигига эътибор қилишлигимиз лозим.

Порахўрлик. Порахўрлик динимизда қаттиқ қораланган ва катта гуноҳлардан биридир. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:

عنْ ثَوْبَانَ رضي الله عنه قَالَ: "لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ

يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا"

(رواه الإمام أحمد)

яъни: Савбон разияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар (Имом Аҳмад ривояти).

Судхўрлик. Маълумки, қарз бериш бировни ҳожатини чиқариш бўлиб, савобли ишлардан бири ҳисобланади. Афсуски, баъзилар бу савобли ишни катта гуноҳга айлантириб, қарз беришда кўпайтириб қайтарилишини шарт қилишади, яъни фоизга беради. Қарз беришнинг мазкур тури “судхўрлик” деб номланиб, шариатимизда қаттиқ қораланган ва қатъий қайтарилган ишлардан биридир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ...

яъни: “Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар” (Бақара сураси, 275-оят).

Қимор ва гаров ўйнаш. Икки ва ундан кўп киши орасида, ўртага мол-мулк (пул) тикиб ўйналадиган ва зиён кўриш эҳтимоли тенг бўлган, ютган ютқизгандан олиб кетадиган ҳар қандай ўйин қимор бўлади. Ҳозирги кунда ҳам қиморнинг ҳар хил турлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

Ютган ютқазганга шарт қўйган барча ўйинлар. Масалан, бир неча киши карта ўйнайди ва ҳар бир қиморбоз пул тикади. Уларнинг ютганлари ҳамма пулни олади.

Икки жамоа ёки ўйинчи ёхуд уларга ўхшаган кимсаларнинг ғалабаси учун бирон нарсани гаровга қўйиш. Ҳар икки тараф ҳам бир жамоа ёки ўйинчининг ғалаба қозониши учун пулини гаровга қўяди. Агар жамоаси ёки танлаган ўйинчиси ғолиб келса, гаровни олади, мағлуб бўлса, гаровини бой беради.

Оддий ва электрон ёки интернет орқали ўйналган ҳамда ўйинчи ютиши ёки ютқазиши эҳтимол бўлган барча ўйинлар.

Ўзгани ҳаққани ботил йўл билан егувчиларга қуйидагилар ҳам киради: етимлар молига хиёнат қилувчилар, ёлғон гувоҳлик берувчилар, молини айбини яшириб сотувчилар, сеҳргарлар, фоҳишалар, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар, нархларни сунъий равишда кўтарувчилар, товламачилар, фирибгарлар.

Маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир эркакнинг зиммасига аёли ва балоғатга етмаган фарзандларининг емоқ-ичмоғини фарз қилган. Шундай экан, биз эркаклар қўл остимиздаги омонатларимизни фақат ҳалол йўл билан нафақасини таъминлашимиз керак бўлади. Ҳар биримиз шуни унутмаслигимиз керакки, аҳли аёлимизнинг дуо ва ибодатларини қабул бўлиши ва фарзандларимизнинг келажакда етук инсонлар бўлиб вояга етишида уйга олиб келадиган нафақаи рўзғоримизнинг ҳалол бўлиши энг катта сабаб ва омил бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган йўллар билан молу давлат топиш бахтини насиб қилиб, ноҳақ ва ботил йўллар орқали келадиган моллардан барчамизни Ўз паноҳида асрасин! Омин!

Муҳтарам имом домла! Ушбу мавзуни ёритишда Имом Насафийнинг “Мадорикут-танзил”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул-улум”, Муҳаммад Али Собунийнинг “Равоиул баён” номли тафсирлари ҳамда ундан бошқа мўътабар манбаларга мурожаат қилган ҳолда атрофлича баён қилиб беришингиз сўралади.

Read 5738 times
Download attachments:
Top