Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "تَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖЛАРГА ҒАМХЎРЛИК

(“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”)

Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом динимизда ўзаро меҳрибонлик, сахийлик, қийналган кимсага ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинади. Дарҳақиқат, инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб яшаши керак. Чунки, Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Қуръони каримда шундай таърифлаган:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ  

яъни: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Яна бир ояти каримада шундай келади:

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ

яъни: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар...” (Тавба сураси, 71-оят).

Бу борада Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар:

الْمُؤْمِنُ لِلْمُؤْمِنِ كَالْبُنْيَانِ يَشُدُّ بَعْضُهُ بَعْضًا

رواه الإمام البخاري

яъни: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани бўлади. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади.

Бу ҳақда Шайх Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ  ҳам “Гулистон” китобида  қуйидаги ибратли байтни келтирган:

                بَنِیْ آدَمْ أَعْضَائِ یَکْدِیْگَرَنْدْ                   کِه دَرْ آفَرِیْنَشْ زِیَکْ گَوْهَرَنْدْ

               چُو عُضْوِی بَه دَرْدْ آوَرَدْ رُوزْ گَارْ              دِگَرْ عُضْوْهَا رَا نَمَانَدْ قَرَارْ

               تُو کَزْ مِحْنَتِ دِیْگَرَانْ بِی غَمِی                  نَشَایَدْ کِه نَامَتْ نِهَنْدْ آدَمِ

яъни:   Бани одам аъзолари гўё бир тандир

Чунки азал яратилиш бир гавҳардандир

Қачоники бир аъзога оғриқ етади

Бошқа ҳамма аъзолардан тинчлик кетади

Гар ўзгалар ташвиши-ю ғамин емассан

Одамийлик исмига хеч лойиқ эмассан.

Имкониятимиз бор экан, иложи борича ўзгаларга манфаатимиз тегадиган, ва муҳтожнинг ҳожатини чиқарадиган ишларни қилиб олишимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сурасида шундай деган:

وَأَنْفِقُوا مِنْ مَا رَزَقْنَاكُمْ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ فَيَقُولَ رَبِّ لَوْلَا أَخَّرْتَنِي إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ

فَأَصَّدَّقَ وَأَكُنْ مِنَ الصَّالِحِينَ

яъни: “Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй, Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” – деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз”! (Мунофиқун сураси, 10-оят).

Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай, юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб “Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!”, дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, хайр-эҳсонни қилиб, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб солиҳ кимсалардан бўлиб олиш керак. Ана ўшанда ўлим элчиси келса, ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Демак, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.

Пайғамбиримиз саллалоҳу алайҳи васаллам боқувчиси йўқ ва  мискинларга ёрдам берган кимса ҳақида шундай деганлар:

السَّاعِي عَلَى الأَرْمَلَةِ وَالْمَسَاكِينِ كَالْمُجَاهِدِ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ، وَكَالَّذِي يَصُومُ النَّهَارَ وَيَقُومُ اللَّيْلَ

яъни: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади) (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш ҳам мўминнинг оғирини енгил қилишга киради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا، ...وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ

  رواه الإمام الطبراني

яъни: Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди) (Имом Табароний ривояти).

        Нафақат моддий ёрдам балки, маънавий ёрдамга муҳтожларни ҳам эътиборимиздан четда қолдирмаслигимиз керак. Қавму қариндош ва маҳалла-кўй ичида адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган кимсаларга ёрдам қўлимизни чўзиб, улар билан самимий муносабатда бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنْ الْأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئًا، وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ كَانَ عَلَيْهِ مِنْ الْإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ آثَامِهِمْ شَيْئًا

 رواه الإمام مسلم

 яъни: “Ким одамларни ҳидоят йўлига чақирса, унга  ўзига эргашганларнинг ажрларича савоб бўлади. Ким одамларни залолат йўлига чақирса, Унга  ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади” (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисларида шундай дедилар:

وَاللهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِداً خَيْرٌ لَكَ مِنْ أَنْ يَكُونَ لَكَ حُمُرُ النعم

رواه الإمام البخاري

яъни: “Аллоҳга қасамки, сен туфайли бир кишининг ҳидоят топиши сен учун қизил туяларинг  бўлишидан яхшидир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳар биримиз моддий ва маънавий кўмакда бардавом бўлсак юқорида баён қилинган улкан савобларга еришамиз.

Энг савобли ишлардан яна бири етимни кафолатига олишдир. Бунга бериладиган ажру мукофотлар ҳақида Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар келган. Жумладан у зот машҳур ҳадисларида шундай деганлар:

أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فيِ الْجَنَّةِ هَكَذَا وَأَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَالْوُسَطَى وَفَرَّجَ بَيْنَهُمَا

رواه الإمام البخاري

яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, - деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам азизлар! Мавъизамиз давомида Фарзандларнинг моддий-маънавий таъминоти отанинг зиммасига вожиблиги ҳақида суҳбатлашамиз.

Кейинги пайтларда етимнинг бошини силаб, савоб топиш ўрнига тирик етимларни кўпайтириб ўз фарзандларини таъминламаётган оталар учрамоқда. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!?

Жамиятда гоҳида оилаларнинг бузилиши ҳам учраб туради. Шунда болалар ё отасиз, ё онасиз ўсишга мажбур бўлади. Хўш, мана шундай ҳолатда болаларни ким таъминлаши керак? Болани ўзи билан олиб кетган онами, ёки боладан ажралган отами?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:           

...   وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ...

яъни: “...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир...” (Бақара сураси, 233-оят). Бу оят талоқ оятларидан кейин келган бўлиб, оятда боланинг онаси ҳақида гап кетган бўлса ҳам (яъни талоқ қилинган хотин болани эмизиб тургани учун, эр уни едириб-ичириб, кийинтириб туради), бу ўринда болани таъминлаш кераклиги хотинни таъминлашдан ҳам кўра устунроқ туради. Қуръони каримнинг бошқа бир оятида:

...فَإِنْ أَرْضَعْنَ لَكُمْ فَآَتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ...

яъни: “...Бас, агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар, у ҳолда уларнинг ҳақларини берингиз!...”, дейилган (Талоқ сураси, 6-оят). Бу оятда ҳам оталарга талоқ қилган хотинлари болаларини эмизгани  учун ҳақ тўлаш буюрилмоқда. “Мухтасарул виқоя” китобида: “Болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ёрдам бермайди)”, – дейилади.

Афсуски, кейинги вақтларда айрим кишилар ўз фарзандлари олдидаги оталик бурчларини англаб етмасдан нафақат динимиз кўрсатмасига амал қилмай гуноҳкор бўлмоқда, балки давлатимизнинг қонуни олдида ҳам жавобгарликка тортилмоқда. Натижада зиммаларидаги моддий таъминоти пулларини (алиментларни) мажбурий равишда ундиришгача борилмоқда. Бу эса, фарзандлар олдидаги ота-онанинг бурчлари борасидаги миллий ва диний қадриятларимизга эътиборнинг сустлашгани фарзандларимизни комил инсон сифатида тарбия қилишимизга салбий таъсир кўрсатиб, ота меҳри ва эътиборисиз носоғлом муҳитда улғаяётган, молиявий чекланганлиги туфайли қўшимча таълим-тарбия олиш имкониятига эга бўлмаган болаларимизнинг сони ортишига сабаб бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланаётган нафақалар (алимент)дан ота бош тортиши жоиз эмас, балки боласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш шаръан унинг бурчидир. Аллоҳ таоло барчамизни ўз зиммасидаги бурчларни тўлиқ бажарувчи бандаларидан қилсин. 

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг фиқҳий масалалар қисмида  таяммумга оид баъзи ҳукмларни баён қиламиз. Таяммум арабча сўз бўлиб, “қасд қилиш” деган маънони билдиради. Шариатимизда эса покланиш мақсадида ер жинсидан бўлган пок нарса билан таҳорат қилишни қасд қилиб, юзга ва қўлга суртишдир. Ер жинсидан бўлган пок нарса деганда -  тупроқ, қум, тош ва шу кабилар тушунилади. Таяммум таҳорат ва ғуслнинг ўрнига ўтади.

Таяммум қуйидагича қилинади:

  • Дастлаб таҳоратсизликни кетказишни ният қилиб, пок ер жинсини топади;
  • кейин икки қўлини унга уриб, юзини барча жойига суртади;
  • кейин яна қўлларини унга уради ва чап қўл кафтининг ичи билан ўнг қўлини тирсаклари билан масҳ қилади, ўнг қўл кафтининг ичи билан чап қўлини тирсаклари билан масҳ қилади. Таяммум қилиш жоиз бўлиши учун одам сув ишлатишдан ожиз бўлиши керак.

Сувдан ожиз бўлиш турлича бўлиши мумкин:

  • Сув ≈2 км.дан узоқда бўлиши;
  • сув ишлатса касал бўлиши ёки касаллик зиёда бўлиши;
  • ювинса сув ёки ҳавонинг совуқлигидан зарар кўриши хавфи аниқ бўлса;
  • сув олдида душман бўлса;
  • таҳорат қилса ичимлик сувисиз қоладиган бўлса;
  • қудуқ каби жойдан сув олишга керакли воситалар бўлмаса.

Сув топишидан умиди бўлган киши намозни охирги вақтигача кечиктириб туриши мустаҳаб ҳисобланади.

Таяммумни намоз вақти киришидан олдин қилса ҳам бўлади. Сув топилгунча, битта таяммум билан хоҳлаганча намоз ўқиш мумкин.

Икки ҳайит ёки жаноза намозларига таҳорат қилиб келгунча намозга улгурмайдиган бўлса, жаноза эгасидан бошқалар таяммум қилиб, намоз ўқишлари мумкин бўлади (“Ал-Мухтор”, “Ал-ихтиёр”).

ИЛОВА: “Вақф” хайрия жамоат фондининг охирги ҳафтада амалга оширган ишлари ҳақида

  1. 06 февраль куни “Вақф” хайрия жамоат фондининг логотипи ва инфографикалари тасвири акс эттирилган ҳижрий-милодий тақвимлари 20 000 нусхада чоп этилди.
  2. 08 февраль куни имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахсларни қўллаб қувватлаш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида Самарқанд, Навоий, Жиззаҳ, Андижон вилоятлари ва Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги марказий масжидларида “Surdo online Uzbekistan” лойиҳаси фаолиятини ташкил қилиш учун жами 31 000 000 (ўттиз бир миллион) сўмлик компьютер тўпламлари, медиа воситалари ва жиҳозлари, электр техника ускуналари ва қурилмалари хайрия сифатида тақдим қилинди.
  3. 09 февраль куни Навоий шаҳрида “Сиз бизга кераксиз” хайрия тадбири ўтказилиб, унда 250 нафар гапиришида ва эшитишида нуқсони бор шахсларга диний-маърифий китоблар, тозалаш-ювиш воситалари ҳамда фарзандларига курткалар, жами 23 000 000 (йигирма уч миллион) сўмлик хайрия тақдим қилинди.
  4. 13 февраль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 40 нафар эшитиш ва гапириш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун Самарқанд вилоятига саёҳат ташкил этилиб, унда 21 400 000 (йигирма бир миллион тўрт юз минг) сўм маблағ ажратилди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “БИДЪАТ ВА ХУРОФОТЛАРГА БЕРИЛМАЙЛИК” ҳақида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Read 4667 times
Download attachments:
Top