Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Рамазон ойи муборак

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي مَنَّ عَلَى عِبَادِهِ بِمَوَاسِمِ الْخَيْرَاتِ، لِيَغْفِرَ لَهُمْ بِذَلِكَ الذُّنُوبَ وَالسَّيِّئَاتِ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى أَشْرَفِ الْمَخْلُوقَاتِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ مَدَى الأَوْقَاتِ، اَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюриб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!

Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳида эса “тонгдан то қуёш ботгунча рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.

Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

(سورة البقرة/183)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Маълумки, рўзадан бошқа ҳамма амалларга риё аралашиши мумкин. Лекин рўзада эса бундай бўлмайди: тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади, кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Рўза – Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар – рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

"قَالَ اللهُ عز وجل: كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ إِلا الصِّيَام، فَإنَّهُ لِي وَأنَا أجْزِي بِهِ، وَالصِّيَامُ جُنَّةٌ، فَإذَا كَانَ يَومُ صَوْمِ أحَدِكُمْ فَلا يَرْفُثْ وَلا يَصْخَبْ فإنْ سَابَّهُ أحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ: إنِّي صَائِمٌ وَالذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أطْيَبُ عِنْدَ اللهِ مِنْ رِيحِ المِسْكِ لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ يَفْرَحُهُمَا: إِذَا أفْطَرَ فَرِحَ بفطره، وَإذَا لَقِيَ رَبَّهُ فَرِحَ بِصَوْمِهِ"

(متفقٌ عَلَيْهِ)

яъни: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири ифтор вақтида оғзини очганда  ва иккинчиси қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Рамазонда бойлар ҳам бир ой очлик ва чанқоқликни бошларидан кечиришиб, камбағалларнинг йил давомидаги ҳолатларини ҳис этадилар. Бу эса кам таъминланганларга раҳм-шафқат кўрсатишларига сабаб бўлади.

Муҳтарам жамоат! Ушбу ойнинг фазилатини олий қилувчи икки нарса борки, уларнинг биринчиси – Рамазон ойида инсониятга қиёматгача илоҳий дастур қилиб туширилган Қуръони каримнинг нозил қилиниши бўлса, иккинчиси – бу ойда фазилати жиҳатидан минг ойга татийдиган Қадр кечасининг борлигидир.

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

 (سورة البقرة/185)

яъни: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 185-оят).

Рамазон – Қуръон ойидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга тўлиқ ўқиб берар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.

У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.  Рамазон ойида бошқа нафл ибодатларни қўйиб, фақат Қуръон билан машғул бўлганлар. Имом Зуҳрий Рамазон кирса: “Бу ой фақат Қуръон ўқиш ва (ифторда) очларни тўйдириш ойидир”, – дердилар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса, ҳадис дарсларини тўхтатиб, Қуръон билан машғул бўлар эдилар. Шунингдек Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳам Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар куни бир марта хатм қилар эдилар. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эдилар (“Тариху Бағдод”).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича,  машҳур тобеин Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ Рамазонда тунларини ибодат билан ўтказар экан.

“Сияру аъламун-Нубала” китобида нақл қилинишича, “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса – уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди”.

Робиъ ибн Сулаймон устози Имом Шофеъийнинг Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилишларини нақл қилган. Ҳудди шу каби ривоят Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам нақл қилинган.

Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида: “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” – деганлар.

Рамазон ойи – нафсни тарбиялаш ойидир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. рўза тутиш орқали инсон гуноҳлардан сақланади, шаҳвати синади ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда баён қилинган: 

"إِذَا كَانَ أَوَّلُ لَيْلَةٍ مِنْ شَهْرِ رَمَضَانَ صُفِّدَتْ الشَّيَاطِينُ وَمَرَدَةُ الْجِنِّ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ فَلَمْ يُفْتَحْ مِنْهَا بَابٌ وَفُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ فَلَمْ يُغْلَقْ مِنْهَا بَابٌ وَيُنَادِي مُنَادٍ يَا بَاغِيَ الْخَيْرِ أَقْبِلْ وَيَا بَاغِيَ الشَّرِّ أَقْصِرْ وَلِلَّهِ عُتَقَاءُ مِنْ النَّارِ وَذَلكَ كُلُّ لَيْلَةٍ"

(رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида, шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, буёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Рамазон – ибодат ойидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!” дея, Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфорда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинган.

“Саҳиҳ Муслим”да қуйидаги ҳадисда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”, дейилган. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

" ثَلاَثُ دَعَوَاتٍ لاَ تُرَدُّ دَعْوَةُ الْوَالِدِ، وَدَعْوَةُ الصَّائِمِ وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ"

(رَوَاهُ الإمَامُ البَيْهَقِيُّ فِي "السُّنَنِ" وَ الإمَامُ الْمَقْدِسِيُّ فِي "الأَحَادِيثِ الْمُخْتَارَة" عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди: отанинг (фарзанд ҳаққига) дуоси, рўзадорнинг ва мусофирнинг дуоси” (Имом Байҳақий ва Имом Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган).

Муҳтарам жамоат! Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини соғиниб, катта тайёргарликлар билан кутиб олишади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари, тобеинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор беришган, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган. Улар Рамазон кунлари турли хил фойдасиз гап-сўзлар, беҳуда ўйин-кулги, ғийбат, бўҳтон, ёлғондан сақланишган. Рамазон кечаларини кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, тавба-истиғфор қилишлар билан бедор ўтказишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришда ўзаро мусобақалашишган. Тожирлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ҳар қачонгидан пасайтиришган.

Бизнинг юртимизда ҳам Рамазон ойига ўзгача тайёргарлик кўрилиши одат тусига кирган. “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш” тўғрисида Юртбошимизнинг қарорлари қабул қилиниб, масжидларда эмин-эркин ибодат қилиниши ҳукумат миқёсида эътибор қаратилади.

Саҳл разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"إِنَّ فِي الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ  الْقِيَامَةِ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ  غَيْرُهُمْ يُقَالُ أَيْنَ الصَّائِمُونَ فَيَقُومُونَ لا يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ"

(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رضي الله عنه)

яъни: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, уни Раййон деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Парвардигори олам бу йилги Рамазонда кўплаб хайр-баракаларини ёғдирсин! Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин! Бандаларнинг гуноҳларини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин! 

ИЛОВА: ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ – ИНСОНИЙ БУРЧ

Муҳтарам жамоат! Юртимизда алоҳида эътибор қаратилган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни” ҳам яқинлашмоқда. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан қатағон даври қурбонлари ва Ватан озодлиги, халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга олиб, руҳларига Қуръон тиловат қилиб, ҳақларига дуои хайрлар қиламиз. Тирикларини эса қадрларига етиб, насиҳат ва дуоларини олиб, хизматларини қилишга ҳаракат қиламиз. Биз ўтганларимизни ҳар доим эслаб, ҳақларига дуода бўлишимиз – биз тирикларни вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

"اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتاكُمْ وكُفُّوا عَنْ مَساوِيهِمْ"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуои-хайрлар қилиш ибодат ҳисобланади. Ҳаёт юрган кишилар ибодатда бўлиб, солиҳ амаллар қилишса, уларнинг вафот этган яқинлари хурсанд бўлишади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

"إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنْ الْأَمْوَاتِ فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَحْمَدُ)

яъни: “Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингиз ва қариндошларингизга намойиш қилиб турилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар ундан хурсанд бўлишади. Агар ундан бошқача бўлса, улар: “Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмаcдан жонларини олмагин”, дейишади”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Демак, биздан ўтиб кетган яқинларимиз Аллоҳнинг ҳузурида хурсанд ва юзлари ёруғ бўлиши учун солиҳ амалларда бўлишимиз ўта муҳим аҳамият касб этар экан. Зинҳор ва зинҳор уларни Аллоҳнинг ҳузурида хижолатга қўймайлик!

Шунингдек, ўтганларимизни қабрларини зиёрат қилиб, ҳақларига дуо қилишимиз ҳам даркор. Зеро, шариатимиз кўрсатмаларига кўра, қабрларни зиёрат қилиш – суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларида, шундай марҳамат қилганлар:

 "ﻛُﻨْﺖُ ﻧَﻬَﻴْﺘُﻜُﻢْ ﻋَﻦْ ﺯِﻳَﺎﺭَﺓِ ﺍﻟﻘُﺒُﻮﺭِ ﺃَﻻَ ﻓَﺰُﻭﺭُﻭﻫَﺎ ﻓَإِﻧَّﻬَﺎ ﺗُﺬَﻛِّﺮُﻛُﻢُ الآﺧِﺮَﺓَ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِىُّ)

яъни: Сизларга қабрлар зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таборака ва таоло барча ўтган аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айлаб, ҳаётларимизга узоқ умр, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз! Омин, ё Роббал оламин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “РАМАЗОН-ОЙЛАР СУЛТОНИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Read 5014 times
Download attachments:
Top