Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ غَافِرِ الذَّنْبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ شَدِيدِ الْعِقَابِ ، وصَلَّى اللهُ عَلَى مُحَمَّدٍ قُدْوَةِ الْمُسْتَغْفِرِينَ ، وَسَلَّمَ وَعَلَى آلِهِ وَالْأَصْحَابِ وَالتَّابِعِينَ ، وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ

ТАВБА ЭШИКЛАРИ ДОИМО ОЧИҚ

Ҳурматли жамоат! Инсон – ўзига хос яратилишга эга бўлган борлиқдир. Аллоҳ таоло унга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берган. Нафси ақлидан устун келганда инсон билиб-билмай хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради. Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?!

Ислом дининг асосий қоидаларидан бири – модомики банда тирик экан, унга тавба эшиклари ёпилмаслигидир. Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларини яхши кўришини баён қилиб, шундай дейди:

 إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ

(سُورَةُ البَقَرَة / 222)

яъни: “...Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Сарвари Олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтган ва келажак гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, ҳар куни тавба қилар эдилар.

يَا أَيُّهَا النَّاسُ ، تُوبُوا إِلى اللهِ واسْتَغْفِرُوهُ ، فإنِّي أتُوبُ في اليَومِ مئةَ مَرَّةٍ

(رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ عَنْ الأَغَرِّ بنِ يَسَارٍ رضي الله عنه)

яъни: Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳкор умматлар учун катта бир кўрсатмадир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

" كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ اَلتَّوَابُونَ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه)

яъни: “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).     

“Тавба” арабча сўз бўлиб, луғатда “қайтиш” маъносини англатади.

Истилоҳда эса тавба – “гуноҳидан пушаймон бўлиш ва уни (бадани ёки молига зарар бўлганидан эмас, балки) гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилиш”дир.

Кичик гуноҳлар турли савобли ишлар билан ювилиб кетади. Лекин катта гуноҳларга, албатта, тавба қилиш шарт бўлади.

Динимиз – ҳақиқий маънода инсонпарвар ва раҳм-шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Гуноҳ ишлардан кейин тавба қилиш ва солиҳ амаллар қилиш бандани жаннатга киритади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

 فَخَلَفَ مِنْ بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا  إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا

 (سُورَةُ مَرْيَمَ / 59-60)

яъни: “Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям сураси, 59-60-оятлар).

Фурқон сурасида Аллоҳ таоло тавба қилиб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликлари яхшиликларга айлантиришини хабар беради:

 إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُولَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا 

(سُورَةُ الفُرْقَانِ/ 59-60)

яъни: “Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир(Фурқон сураси, 70-оят).

Гуноҳнинг савобга айланиб қолиши қандай маъно касб этиши хусусида турлича тафсирлар бор. Масалан, собиқ гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиш билан; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши билан; Аллоҳнинг тавфиқи сабабли тоат-ибодат ва хайрли иш қилишга ўтиш билан ва ҳоказо. Ҳадиси шарифларда баъзи мўминларнинг кабира гуноҳлари кечирилиб, сағира гуноҳлари ҳасанотга айлантирилиши ҳақида башорат қилинган.

Мўмин-мусулмон киши барча гуноҳлардан тавба қилиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни чин тавба қилишга тарғиб қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

(سُورَة التَّحْرِيمِ  /8)

яъни:Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! ...” (Таҳрим сураси, 8-оят).

Қуръони карим оятларининг 87 та ўрнида тавбага тарғиб этилган. Агар астойдил тавба қилинса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор.   Қуръони каримда гуноҳларидан тавба қилмаган кишиларни “золимлар” деб аталган:

 وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ 

(سُورَة الحُجُرَاتِ / 11)  

яъни: “Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин тезда унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган:

إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

(سُورَة النِّسَاءِ / 17)

яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу: “Кўп тавба қилувчилар билан ҳамсуҳбат бўлинглар. Чунки улар қалби пок, ҳалим кишилар бўлади”, – деганлар.

Али ибн Толиб разияллоҳу анҳу тавба қилувчиларни мақтаб: “Нажот топиб кетган кишининг аҳволини қаранг!”, – дегандилар. “Нажот нима”, – деб сўрашди. У зот: “Тавба ва истиғфор”, – дедилар.

Абу Бакр Воситий раҳматуллоҳи алайҳи: “Ҳамма нарсада хотиржамлик яхши, лекин уч нарсада яхши эмас: намоз вақти келганда, маййитни дафн қилишда ва гуноҳдан тавба қилишда”, – дедилар.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, уламоларимиз гуноҳларни уч турга бўлиб, шундай дейдилар:  

“Гуноҳлар уч турли бўлади: Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ, Аллоҳ кечирадиган гуноҳ, Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ.

  • Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Албатта, кимки Аллоҳга ширк келтирса, унга жаннатни ҳаром қилади ва унинг жойи дўзахдир” (Моида сураси, 72-оят).
  • Аллоҳ кечирадиган гуноҳ – банда ўз нафсига қилган зулми бўлиб, у Аллоҳ ва банда ўртасидаги гуноҳдир.
  • Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ – бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир.”

Аллоҳ таоло барчамизни ҳол-ҳаётда билиб-билмай қилган гуноҳларимизга тез тавба қилишимизни насиб айласин! омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ОТА-ОНА РОЗИЛИГИНИ ТОПИШ – ФАРЗАНДНИНГ БУРЧИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Тавба эшиклари доимо очиқ” мавзусидаги жума тезисига илова

Раҳмат ойига муносиб  мурувват

 

«Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод,

Яхшидир ер юзин қилгандан обод». 

Маълумки, адолат ўрнатиш, халққа раҳм-шафқат кўрсатиш динимизнинг асосий ғояларидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).

Шариатимизда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Чунки, афв қилиш Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан биридир. Парвардигоримиз ояти каримада: “...Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”, деган (Тағобун сураси, 14-оят).

Адолат ўрнатиш, авф қилиш динимизнинг асосий ғояларидандир. Айниқса, бу иш давлат раҳбари томонидан амалга оширилса, унга нисбатан Аллоҳ таолонинг ҳам, халқнинг ҳам муҳаббати зиёда бўлади. Қолаверса, адолатпарварлик ва кечиримлилик жамиятнинг фаровонлиги, юрт ободлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

Муҳтарам юртбошимизнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди. Муборак Рамазон ойида амалга оширилган ушбу эзгу ва оқилона тадбир Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги илоҳий кўрсатмаларга ҳамоҳанг ва таҳсинга сазовордир.

Алдов оқибатида ўзга юртларга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу ватандошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Ушбу халқпарвар ва узоқни кўзлаб амалга оширилган Юртбошимизнинг қарори келажакда ўз самарасини кўрсатади. Халқимизнинг ўзаро аҳллиги ва бирдамлиги учун улкан намуна бўла олади. Буюк аждодимиз Алишер Навоий ўзларининг “Ҳайратул аброр” асарларида шундай ҳикояни келтирадилар: “Сахий бир подшоҳнинг хизматкори бор эди. Кунларнинг бирида зиёфат вақтида фалокат босиб, оёғи чалишиб, подшоҳнинг устига иссиқ таомни тўкиб юборибди. Аъёнлар: “Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шу!” дейишибди. Шоҳ эса хизматкорнинг аҳволини кўриб, уни кечириб, марҳамат кўрсатибди. Бунга ҳайрон бўлган вазири: “Эй сахийликда беғараз подшоҳим, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку?” дебди. Шоҳ кулимсираб: “Хижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган кишини қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган...”.

Хулоса қилиб айтганда, бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг тараққий этиши, юксалиши, давлат ва ҳукуматларнинг бардавом бўлиши адолатга боғлиқдир”. Ушбу фикрнинг исботи кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди – мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, юртдошларимизнинг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, энг муҳими, халқда давлатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда.

Read 4725 times
Download attachments:
Top