Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي تَكَرَّمَ عَلَى الْعَالَمِيْنَ بِدِيْنِ الْإِسْلاَمْ، وَجَعَلَ السَّمَاحَةَ فِيْهِ مَنْهَجًا لِلْأَنَامْ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي بَيَّنَ الْأَحْكَامْ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК

Муҳтарам жамоат! Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, қандай дин ва эътиқодда бўлишдан қатъий назар аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган.

Халқимиз қон-қонига сингиб кетган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мустақиллик йилларида янада ривожланди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилиб, миллий сиёсатда мустаҳкам ўрнини топди. Бу сиёсатга ҳамда миллий ғоя негизига бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ҳамда 16 конфессияда мужассам бўлган эътиқод аҳллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам пойдевори асос қилиб олинган.

Ўтган қисқа давр мобайнида ҳар бир миллат вакили ўз истеъдоди ва салоҳиятини тўла намоён этиши, ўзини Ватан равнақи, Юрт тинчлиги, Халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар қилиши учун имкониятлар яратилди.

 “Бағрикенг” дегани – “тоқатли”, “мурувватли”, “ҳимматли”, “турли дин вакилларининг ўзгача қараш ва эътиқодларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш” каби маъноларни англатади.

Исломда бағрикенг бўлишни бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзилари баён қилинади:

  1. Ислом динимиз мусулмон киши бошқа дин вакиллари билан яхши муомала ва муносабатда бўлишга чақиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ

وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

яъни: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси 8-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида аҳли китоб (насроний ва яҳудий)ларга зулм қилмасликка ва уларнинг ҳаққига риоя қилишга чорлаганлар. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"أَلاَ مَنْ ظَلَمَ مُعَاهِدًا أَوِ انْتَقَصَهُ أَوْ كَلَّفَهُ فَوْقَ طَاقَتِهِ أَوْ أَخَذَ مِنْهُ شَيْئًا بِغَيْرِ طِيبِ نَفْسٍ فَأَنَا حَجِيجُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ"

(رواه الإمام أبو داود عن صفوان بن سليم رضي الله عنه)

яъни: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага буюрса, ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бошқа дин вакиллари бемор бўлганида, мусулмон киши уларни кўргани бориши жоиздир. Бу ҳақда Анас Ибн Молик разияллоҳу анҳудан шундай ривоят келади:

" أَنَّ غُلَامًا مِنَ اليَهُودِ كَانَ يَخدُمُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَمَرِضَ، فَأَتَاهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَعُودُهُ، فَقَعَدَ عِندَ رَأسِهِ، فَقَالَ: "أَسْلِمْ". فَنَظَرَ إِلَى أَبِيهِ وَهُوَ عِندَ رَأسِهِ، فَقَالَ لَه: أَطِعْ أَبَا القَاسِمِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. فَأَسلَمَ، فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ: "الحَمدُ لِلَّهِ الذِي أَنقَذَهُ مِنَ النَّارِ" (رواه الإمامُ البخاريُّ).

яъни: яҳудийлардан бўлган бир йигит Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. У бемор бўлиб қолди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва: “Мусулмон бўлгин”, – дедилар. Шунда йигит олдида турган отасига қаради.  Отаси: “Абул Қосимга итоат қил”, – деди. У мусулмон бўлди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” деб ўринларидан турдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шунингдек, мусулмон киши бошқа дин вакилларига ҳадя бериши ёки улардан ҳадя қабул қилиши, меҳмон бўлиши ёки уларни меҳмон қилиши, қўни-қўшничилик муомаласини қилиши, улар билан олди-сотти қилиши ва қарз олди-берди каби муомалаларни қилиши дурустдир. Фақат бундай ҳолатларда ҳам мусулмон киши шариат кўрсатмаларига амал қилиши талаб қилинади.

Шуни унутмаслик керакки, ўзга дин вакиллари билан муомала ва муносабатдаги киши улар ҳавас қиладиган даражада гўзал одоб-ахлоқ ва ростгўйлик ҳамда мусулмонларни обрўсини сақлайдиган ҳолатда бўлиши керак. Ажаб эмас, улар ислом дини ва мусулмонларга ҳавас қилсалар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али разияллоҳу анҳуни Хайбарга юбориш пайтида шундай деганлар:

"وَاللَّهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللَّهُ بِكَ رَجُلًا وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ"

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Аллоҳга қасамки, сиз туфайли бир кишининг ҳидоят топиши қизил туяларга эга бўлишингиздан яхшироқдир”  (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу халифалик пайтларида, совутлари йўқолиб қолади. Уни бир яҳудийнинг қўлида кўриб, қайтариб беришини сўрасалар, бу мени совутим деб бермади. Шунда Ҳазрати Али қўл остиларида қозилик мансабида турган Шурайҳга шикоят қилдилар. Маҳкамага Ҳазрати Али ва яҳудий ҳозир бўлди. Ҳазрати Али: “Мана бу совут меники, уни сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман”, – дедилар. Қози Шурайҳ яҳудийдан: “Сен нима дейсан?” – деб сўради. Яҳудий: “Совут меники”, – деб жавоб берди. Қози ҳазрати Алидан: “Далил-исботингиз борми?” – деб сўради. Ҳазрати Али: “Йўқ”, – дедилар. Қози совутни яҳудийнинг фойдасига ҳукм қилди. Яҳудий совутни олиб кета туриб, ўзига ўзи айтди: “Мусулмонларнинг бошлиғи менинг устимдан ўзининг қозисига шикоят қилса-ю, қози унинг зиёнига ҳукм чиқарса?!! Аллоҳга қасамки, бу шак-шубҳасиз, пайғамбарлар ахлоқидир!” Кейин у ҳазрат Али ҳузурларига келиб: “Эй мўъминларнинг амири! Совут ҳақиқатан сизники эди, уни мен туянгиздан тушиб қолганида олгандим. Ислом дини шундай гўзал бўлса, мен бу динни қабул қиламан деб, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ"” – деб гувоҳлик берди. Ҳазрати Али: “Исломга кирган бўлсанг, энди у мендан сенга ҳадя бўлсин!” – дедилар (“Ҳазрати Али” китобидан).

Демак, Ислом дини мусулмонларни ғайридинларга бағрини кенг очиб, яхши муомала ва муносабатда бўлиб яшашга буюрган. Афсуски, ҳозирги кунда ўзларини Исломга нисбат берадиган баъзи тоифалар ўз диндошлари бўлмиш мусулмонларни қандайдир камчилик ва айблари сабабли кофирга чиқармоқда. Бу ўта ачинарли ҳолатдир! Чунки мусулмон киши ўзига ўхшаган мусулмонни бағридан итариб, унга “кофир” деган тамғани босиб, натижада уни ўлдириш, қонини, жонини, молини ҳалол санаш, унга қарши жиҳод эълон қилиш каби даъволарни қилмоқлиги Ислом таълимотига умуман зид ишдир!

Шунинг учун, огоҳ бўлиш керакки, мусулмон мусулмон учун бир ота-онадан туғилгандек ака-ука ҳисобланади. Мусулмонни қони ҳам, жони ҳам, моли ҳам, обрўси ҳам бир-бирига ҳаром бўлади. Мусулмонни кофир дейиш уни айнан шаъни ва обрўсини топташ ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ"

(رواه الإمامُ مسلمٌ عن ابنِ عمرَ رضي الله عنه)

яъни: “Қайси бир киши ўз биродарига “Эй, кофир!” деса, бу нарсага у икковидан бири албатта дучор бўлади. Агар у (биродари) айтганидек бўлса, хўп-хўп, бордию ундай бўлмаса, бу (сўз, яъни “кофир” сўзи) албатта унинг ўзига қайтади” (Имом Муслим ривоятлари).

  1. Ислом динимиз олди-сотти ва қарз талаб қилишда ҳам бағрикенг бўлишга чорлайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً سَمْحًا، إِذا بَاعَ، وإِذا اشْتَرَى، وَإِذا اقْتَضَى"

(رواهُ الإمامُ البخاريُّ عن جابرٍ بن عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عنه)

яъни: “Сотганда ҳам, олганда ҳам, қарзни талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишини Аллоҳ таоло раҳм қилсин!” (Имом Бухорий ривоятлари).

  1. Ислом динимиз қийналган кимсадаги ҳақни кечишда бағрикенг бўлишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُنْجِيَهُ اللَّهُ مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ فَلْيُنَفِّسْ عَنْ مُعْسِرٍ أَوْ يَضَعْ عَنْهُ"

(رواهُ الإمامُ مسلمٌ  عَن عَبدِ اللهِ بنِ أبي قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عنهُ)

яъни: “Аллоҳ таоло Қиёмат кунидаги машаққатлардан қутқариши  кимни хурсанд қилса, камбағал бўлиб қолган қарздордан қарзининг барчасини ёки бир қисмини кечсин!” (Имом Муслим ривоятлари). 

  1. Ислом динимиз ҳатто ёмонлик қилган қариндошга ҳам яхшилик қилишга ва силаи раҳмни узаман деган билан силаи раҳмни боғлаш йўлида бағрикенг бўлишга чақиради. Бу ҳақда шундай ривоят келган:

أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ لِي قَرَابَةً أَصِلـُهُمْ وَيَقْطَعُونِي، وَأُحْسِنُ إِلَيْهِمْ وَيُسِيئونَ إِلَىَّ، وَأَحْلُمُ عَنْهُمْ وَيَجْهَلُونَ عَلَىَّ. فَقَالَ:"لَئِنْ كُنْتَ كَمَا قُلْتَ، فَكَأَنَّمَا تُسِفـُّهُمُ الْمَلَّ، وَلاَ يَزَالُ مَعَكَ مِنَ اللَّهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ مَا دُمْتَ عَلَى ذَلِكَ

  (رواهُ الإمامُ مسلمٌ  عَنْ أبي هريرةَ رضِي اللهُ عنه)

яъни: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар уни узадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қиладилар”, – деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Агар сиз ўзингиз айтганингиздек бўлсангиз, худди уларга иссиқ кулни едираётгандексиз (яъни, яхшилигингизни муқобилига ёмонлик қилишлари билан катта гуноҳ қилаётган бўладилар). Модомики, шу ҳолда бардавом бўлар экансиз, Аллоҳ томонидан сиз билан бирга уларнинг қаршисига бир ёрдамчи бўлади”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари). 

Бу ҳадиси шарифда қариндошлар ёмонлик қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга қаттиқ тарғиб бор.

Ҳурматли азизлар! Маълумки, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилинди. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Шунинг учун ҳам юртимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган.

Шу билан бирга, Юртбошимизнинг 2017 йил 9 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ислом дини таълимотлари инсонларни тинчликка, яхшиликка, бағрикенгликни қадрлашга, илму-ирфон олишга даъват этувчи буюк таълимот эканлигини таъкидлаган ҳолда, ушбу халқаро ташкилотнинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" номли махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини билдириши ҳамда уни аъзо давлатлар томонидан қабул қилиниши алоҳида эътиборга молик ишдир.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтиришга қаратилгани ҳақида гапириб берадилар...)

Ўз динининг талабларини тўлиқ англаган аждодларимиз тарихини ўрганадиган бўлсак, юртимизда ҳеч қайси даврда насронийнинг черкови, яҳудийнинг синагоги ёки бошқа ибодатхоналар вайрон этилмаган, ислом ўлкаларида ҳар бир дин вакилига эркинлик таъминланган, бирорта шахс томонидан ўз ақидасининг бошқаларга мажбурлаб сингдирилишига йўл қўйилмаган. Бағрикенглик борасида ўзбек замини азалдан намуна бўлиб келган.

Муҳтарам жамоат! Маърузамизнинг давомида кеч қолиб имомга иқтидо қилган кишига тегишли баъзи масалаларни баён қиламиз.

Намозга кеч қолиб келган киши, имом намознинг қаерига келган бўлса, ўша еридан унга иқтидо қилади. Агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса, “Такбири таҳрима”ни айтиб унга эргашади. Сано (“Субҳанакаллоҳумма...”)ни ўқимайди. Имом салом берганидан кейин туриб “Сано”, “Аъузу...” ва “Бисмиллоҳ...”ни айтиб, етаолмаган ракатларини ўқиб олади. Агар имом овозини чиқармай (махфий) қироат қилаётган бўлса, кеч қолиб келган киши санони ўқийди.

Жамоатга кеч қолиб келган киши имомни руку ёки сажда ҳолатида топса,  агар имом билан бирга рукуни ёки саждани адо эта олишига кўзи етса, “Сано”ни тик турган ҳолида ўқийди ва имомга эргашади. Бунга кўзи етмаса, “Сано”ни ўқимай, имомга иқтидо қилади. Имом билан бирга руку қилса, ўша ракатни топган ҳисобланади. Агар имом билан бирга руку қилишга улгура олмаса, ўша ракатдан кеч қолган ҳисобланади.

Масалан, киши тўрт ракатли намознинг учинчи ракатидан имомга эргашса, имом салом бергач, туриб, “Сано”, “Аъузу...”, “Бисмиллоҳ...”ни айтиб, ҳар икки ракатда Фотиҳа билан зам сура ўқиб тугатади.

Масалан, киши тўрт ракатли намознинг тўртинчи ракатидан имомга эргашса, имом салом бергач туриб, “Сано”, “Аъузу...”, “Бисмиллоҳ...”ни айтиб, Фотиҳа ва зам сурани ўқиб, ўтиради. Ташаҳҳудни ўқиганидан кейин туриб, яна икки ракат ўқийди. Биринчи ракатида зам сура ўқийди, иккинчи ракатида ўқимайди (манба: “Фатовои Ҳиндия” ва “Шарҳ муниятил мусоллий” китоблари).

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларни, миллат ва элатларни, тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин! Омин! 

                         

 

Read 5140 times
Download attachments:
Top