Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الْمُطَّلِعِ عَلَى الضَّمَائِرِ وَالنِّيَّاتِ، وَصَلَّى اللهُ وَسَلَّمَ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ الْمَبْعُوثِ بِالْآيَاتِ الْمُحْكَمَاتِ، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنِ اسْتَنَّ بِسُنَّتِهِ مِنَ الْبَرِيَّاتِ، اَمَّا بَعْدُ

АМАЛЛАР НИЯТГА БОҒЛИҚДИР

Муҳтарам жамоат! Ният – динимиздаги энг муҳим амаллардан бири бўлиб, оддий ишлар ҳам ниятни яхшилиги сабабли савобли амалларга айланади ва ниятнинг ёмонлиги туфайли гуноҳ ишлар қаторига киради. Ният – қалб амалидир. Агар қалбдан ният қилиб, уни тилда ҳам зикр этса, янада яхши. Мусулмон киши дунё ҳаётида қилаётган ҳар бир ишини ибодат даражасига кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

яъни: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандаларини фақат эзгу ишлар қилишга чорлаб, бундай дейди:

فَمَنْ كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا

яъни: “Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин”!  (Каҳф сураси, 110-оят).

Шунинг учун ҳар бир банда чинакам маърифатга эришиш учун яхши ният орқали эзгу амалларни кўпайтириши лозим. Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

..."إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى" 

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ушбу ҳадис ҳақида: “Илмнинг учдан бири шу  ҳадисда”, – десалар, Имом Шофеъий “Илмнинг ярми шу ҳадисда”, – деб айтганлар. Имом Абу Довуд эса “Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир”, – деганлар. Мазкур зотлар айтган маълумотларнинг ўзиёқ динимизда ниятга катта аҳамият берилганини кўрсатиб турибди.

Ушбу ҳадисга кўра, ҳар бир катта ёки кичик ишни яхши ният билан бажарсак, савоб оламиз. Масалан, ейиш, ичиш каби мубоҳ амаллар ибодат ва касбу корга қувват бўлиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Аммо фақат қорнини тўйдириш учун еб-ичилса, савоб бўлмайди.

Киши ризқ ахтариб кўчага чиқишдан олдин “Аллоҳ таоло аҳл-оилам нафақасини зиммамга фарз қилган, шуни адо этиш учун Ўзидан ёрдам сўраб, ишга чиқяпман, агар Аллоҳ муваффақ қилса, оилам олдидаги шариат юклаган вазифани бажараман, топган пулимдан муҳтожларга ва хайрли ишларга эҳсон қиламан” деб яхши ният қилса, унинг ҳар бир қадами ва олган ҳар бир нафаси ибодатга айланади.

Кишининг масжидда ўтиришидан мақсади намозни кутиш бўлса, ўтирганини ўзига савоб олади. Дам олиш ниятида ўтирса, дам олиши мумкин, лекин савоб олмайди.

Киши уйқуга ётиш олдидан “ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан”, деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"مَنْ أَتَى إِلَى فِرَاشِهِ وَهُوَ يَنْوِي أَنْ يَقُومَ يُصَلِّي مِنَ اللَّيْلِ فَغَلَبَتْهُ عَيْنَاهُ حَتَّى أَصْبَحَ: كُتِبَ لَهُ مَا نَوَى، وَكَانَ نَوْمُهُ صَدَقَةً عَلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ"

  (رواه الإمامُ النسائي عن أبي الدَرْداء رَضِي اللهُ عنه)

яъни: “Ким тунда туриб намоз ўқимоқни ният қилиб, тўшагига ётса, аммо уйқу зўрлик қилиб бомдодда уйғонса, у кишига ният қилган амалининг савоби ёзилади ва уйқуси унга Аллоҳ таолонинг садақаси ҳисобланади” (Имом Насоий ривоятлари).  

Илм талаб қилишдан мақсад талаби илм – фарз деган ниятда бўлса, савоб олади, келажакда илм орқали мол-дунё ва мансабга эришиб, ўзига ва ўзгаларга манфаат етказишни ният қилган бўлса, унга алоҳида савоб олади.

Ҳайвонларни боқишда “динимиз ҳайвонларга меҳрибонлик кўрсатишга буюрган” деган ниятда боқса, савоб олади, у орқали пул топиб, оилани боқишни ният қилса, унга алоҳида савоб олади.

Бу қоида инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсага нисбатан қўлланилаверади. “Ислом дини – осон дин” дейилишининг маъноси ҳам шу. Исломда одат ва зарурат ҳисобланган нарсаларни ҳам ибодатга айлантириш жуда осон. Биргина ниятни тузатиш билан барча амаллар савобга айланади.

Имом Жафар ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

"اَلنِّيَّةُ مُلاَّكُ الْأَعْمَالِ فَبِصِحَّتِهَا تَصِحُّ وَبِفَسَادِهَا تَفْسُدُ"

(أخرجَه الإمامُ أحمدُ في الزهد)

яъни: “Ният амалларнинг бошқарувчисидир. Агар ният тўғри бўлса, амал ҳам тўғри ва савобли бўлади. Агар ният бузуқ бўлса, амал ҳам бузуқ бўлади” (Имом Аҳмад “Зуҳд” китобларида келтирганлар).

Демак, мусулмон инсон шунчалар бахтли инсонки, у ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, ҳар бир амалини Аллоҳга ибодатга айлантириши мумкин. Мусулмон инсоннинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа амаллари барчаси ибодат бўлиши мумкин. Бунинг учун эса ундан кўп нарса талаб қилинмайди. Ўз динининг кўрсатмаларини ўргансаю, ниятини шунга мосласа, кифоя. Шу билан бутун бошли бир ҳаёт ибодатга айланади.

Солим ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳга йўллаган мактубида бундай сатрлар бор эди: “Билгинки, Аллоҳнинг бандага ёрдами, албатта, унинг ниятига қараб бўлади. Кимнинг нияти холис, мукаммал бўлса, унга Аллоҳнинг ёрдами ҳам тўла-тўкис бўлади. Ёрдамнинг ноқис бўлиши, банданинг нияти нуқсонлигидандир”.

Ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилинган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عنهما عَنِ النَّبِيِّ صلى اللهُ عليه وسلم، فِيما يَرْوي عَنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ، قَالَ: قَالَ إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَناتِ وَالسَّيِّئاتِ، ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ، فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْها كَتَبَها اللهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كامِلَةً، فَإِنْ هُوَ هَمَّ بِها فَعَمِلَها كَتَبَها اللهُ لَهُ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَناتٍ، إِلى سَبْعِمائَةِ ضِعْفٍ، إِلى أَضْعافٍ كَثيرَةٍ، وَمَنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْها، كَتَبَها اللهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كامِلَةً، فَإِنْ هُوَ هَمَّ بِها فَعَمِلَها كَتَبَها اللهُ لَهُ سَيِّئَةً واحِدَةً 

رواه الإمامُ البخاري والإمام مسلم

яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай деганлар: “Албатта Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликларни ёзиб, уни баён қилиб қўйди: “Ким бир яхшиликни қасд қилсаю, амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида унга комил бир яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар қасд қилиб, бажарса, Аллоҳ таоло унга яхши амали учун ўнтадан етти юз баробар ва ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмонликни қасд қилсаю, уни амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида унга комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни қасд қилсаю, бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бир киши олимларга айтди: “Менга бир йўл кўрсатингки, у орқали Аллоҳ таолога доимо мақбул амаллар қилай, бутун ҳаётим Аллоҳ учун ибодатга айлансин”. Унга айтишдики: “Яхшиликни ният қил, қўлингдан келганича яхши амаллар қилавер, агар ундан толиқсанг ёки амалга ошира олмай қолсанг ҳам, уни давом эттиришда ҳиммат кўрсатавер. Албатта, яхши амал қилишга ҳимматли бўлиш – уни бажариш билан баробардир”.

Муҳтарам азизлар! Умримизнинг яна бир йили тугаб, янги саҳифаси очилмоқда. Шунинг учун барчамиз ўтган умримиздаги яхши-ёмон ишларимиздан хулоса қилиб, 2020 йилни фақат яхши амаллар, савобли ишлар, дунё ва охиратимиз учун захира бўладиган амали солиҳлар билан ўтказишни мақсад қилмоғимиз лозимдир.

Мўмин-мусулмон киши ҳар кунини қадрига етиб, уни ўтган кунидан кўра кўпроқ ва яхшироқ савобли амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ўтган кундаги ишларига мағрурланиб, ўша билан кифояланиб қолиб, янада кўпроқ ҳаракат қилишга ошиқмаслик – оқил мўъминнинг иши эмасдир.

Албатта, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, байрамни баҳона қилиб шариатимиз ва урфимизга мос келмайдиган ва кўнгилсизликларга сабаб бўладиган ишларга қўл уришдан, хусусан, ичкиликбозлик каби иллатларга берилишдан, фарзандларимизни эса ман этилган пиротехника воситаларини ишлатмаслигидан огоҳ этишимиз лозим.

Ўтган йилни сарҳисобини қилиб, 2020 йилда умримизга умр қўшилишини, савоб ва эзгу ишларимизнинг кўпайишини ният қилиб, яқинларимизга ҳам ушбу тилакларни билдириб, жонажон Ватанимизга тинчлик ва барқарорлик, меҳрибон ва меҳнаткаш халқимизга фаровонлик тилайлик!

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишимизда яхши ниятни ҳамроҳ айлаб, ҳаётимизни эзгу ва савобли ишлар билан ўтказишимизни насиб айласин! Омин! 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “УМР ҒАНИМАТ!” мавзусида бўлади.

 

Read 5348 times
Download attachments:
Top