Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Чунки ақида нотўғри бўлган ҳолда қилинган амаллар қанчалар кўп ва ихлос билан бажарилган бўлмасин, унинг заррача фойдаси йўқдир. “Ақида” сўзи луғатда: “ақд” сўзидан олинган бўлиб, “маҳкам боғламоқ” маъносини англатади. “Ақида” сўзининг кўплиги эса “Ақоид” бўлади.

Истилоҳда эса: Ақида илми деб – эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар тўғрисида баҳс юритадиган илмга айтилади. Яъни, ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши, ҳамда қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб, ўрнаштириб олиши лозим бўлган – қатъий далиллар билан собит бўлган шаръий эътиқодий ҳукмларга ақида дейилади. Буюк ватандошимиз Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмини ўрганиш зарурлигини баён қилиб шундай деган:

Ақида билмаган шайтона элдур

Агар минг йил амал деб қилса елдур

Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, соф Ақидани билмагани сабабли, қилган ибодатлари унига ҳеч қандай наф бермайди.

Чунки динда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз, ёлғиз ихлоснинг ўзи билан нажот топаман деган кишилар адашадилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилдилар. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқдилар. Агар уларда илм бўлганида, улар бу ишни қилмаган бўлар эди”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзлари хаворижларга нисбатан айтилгандир. Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” деб номлашган. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким”ни (яъни, Муовия розияллоҳу анҳу билан қилинган битимни) қабул қилишини куфр деб ҳисоблаган. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаннат башоратини берган зотни кофирга чиқаришган. Али розияллоҳу анҳу уларнинг даъволарига жавоб бериш ҳамда уларни тўғри йўлга бошлаш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида кенг басҳ-мунозара бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг хатоларини илмий исботлаб берганларидан сўнг улардан икки мингдан зиёди хаворижликдан қайтган эди.

Минг афсуски, бугунги кунда ҳам худди шу хаворижлар каби “такфирчи” оқимлар пайдо бўлиб, омма мусулмонларни куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётгани ачинарли ҳолатдир.

Муҳтарам жамоат! Аслида, мусулмон киши қачон диндан чиқади? Гуноҳлар сабабли мусулмон кишини кофир дейиш жоизми?

Мусулмон кишини куфрга чиқариш жуда ҳам хатарли ишдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларида мусулмонларни куфрга чиқаришдан қаттиқ қайтарганлар. Жумладан:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَيُّمَا رَجُلٍ قَالَ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا. )رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Яъни, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўзининг биродарига “Эй кофир”, деса, (куфр ҳукми) иккисидан бирига қайтади дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда мусулмон кишини кофирга чиқарувчилар учун катта таҳдид бордир. Агар у кишининг гапи рост бўлса, мазкур биродарининг кофир экани табиийдир. Аммо унинг гапи ёлғон бўлиб чиқса, шу гапни айтган кишининг ўзи кофир бўлади. Чунки у киши бу сўзи билан мўмин кишига кофирлик ҳукмини берган бўлади ёки имонни куфр деган бўлади.

Аслида, бировни кофир дейиш ёки куфрга чиқариш билан киши бирор савобга эришиб қолмайди. Лекин гапи нотўғри бўлиб чиқса, ўзининг кофир бўлиши хавфи борлиги ниҳоятда катта хатардир. Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади.

Имом Таҳовий шундай деганлар: “Банда ўзини имонга киритган нарсани инкор қилиши билангина имондан чиқади”.

Чунки имон билан куфр бир бирига зид бўлган нарсалардир. Буларнинг бири ботил бўлиши учун иккинчиси унинг ўрнига келган бўлиши керак. Шунга кўра, мусулмон киши ўзини имонга киритган нарсани инкор қилгани аниқ бўлмагунча, гарчи катта гуноҳ содир қилган бўлса-да, модомики, гуноҳни ҳалол санамаган бўлса, уни куфрга ҳукм қилиш асло мумкин эмасдир. У банда гуноҳи кабира қилиши билан фосиқ бўлади, лекин кофир бўлмайди.

Буларнинг барчаси динда ғулувга кетиш оқибатида келиб чиқади. Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмони – етарли илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олишдир. Бундан ташқари, илмсиз ҳолда Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасини эътироф қилмаслик ҳам кишининг адашишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб шундай деганлар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِى الدِّينِ فَإِنَّهُ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمُ الْغُلُوُّ فِى الدِّينِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ

 Яъни, “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).

Динда чуқур кетмаслик ва таассуб қилмаслик ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар:

عن ابن مسعود رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قال: «هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ» قَالَهَا ثَلاَثاً.

 رواه مسلم

Яъни, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта айтдилар”. (Имом Муслим ривояти).

Бундан мурод мусулмон киши диний ишларда Қуръони карим ва набавий суннатда бўлмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юборишдир.

Шуни таъкидлаш лозимки, баъзилар динни жуда ҳам енгил олиб, Аллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилишни ортга сурсалар, яна баъзилар эса уни ҳаддан ошириб юборишади. Бу иккиси ҳам нотўғридир. Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири - банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси - банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.

Банда шайтондан устун келиши учун амалини шариат мезонига солиб кўрсин. Агар амалида нуқсон бўлмаса ва ҳаддан ҳам ошмаса, ютуқ уникидир. Аксинча бўлса, натижа ҳам аксинча бўлади. Буни билиш учун илм керак. Инсон тўғри йўлдан кетаётганини билиши учун аввал тўғри йўл қайси эканини билиб олиши лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.

Муҳтарам жамоат! Динда ғулувга кетиш - мусулмон халқларининг ўртасини бўлиб юборишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ватанда беқарорлик вужудга келади. Юртнинг қуввати заифлашади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَنَازَعُوا فَتَفْشَلُوا وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ

Яъни, «Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур» (Анфол сураси, 46-оят).

Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сусташиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади.

Биз аксинча бўлишимиз, яъни бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз ва бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.

Бугунги кунда ёшларнинг ақидаси тўғри бўлиши ҳамда динда ғулувга кетмасликлари учун ота-она, устоз ва мураббийлардан катта масъулият талаб қилинади. Илмни, айниқса, диний билимни ёшларимиз турли интернет ёки шу каби ахборат воситалар орқали ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишмоқда. Илмни интернетдан олинмайди. Кўпгина ақидавий ва фиқҳий масалаларда нафақат интернет, ҳатто китобнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Интернет ҳам, китоб ҳам ҳеч қачон жонли устознинг ўрнини боса олмайди. Болаларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун улар мадраса кўрган, интизомий дарс ўқиган жонли устозлардан таълим олишлари зарурдир.

Ҳакимлардан бири айтган экан: “Инсоннинг ҳидоят топишида китобнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки китоб устоз бўла олмайди. Балки жонли, яъни, инсонлардан бўлган устознинг ўрни ўта муҳимдир. Агар китобнинг ўзи устозликка кифоя қилганида, Аллоҳ таоло минглаб пайғамбарларни юбормаган бўлар эди. Эътибор беринг, қанча китоб берилгану, қанча пайғамбарлар юборилган. Тўртта китоб берилган бўлса, юз мингдан зиёд пайғамбарлар юборилган. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам китоб олиб келишмаган. Лекин уларнинг барчаси устоз бўлиб келганлар”.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ 

Яъни, “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят)

Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن أَبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النبيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «كَفَى بالمَرْءِ كَذِباً أنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ». )رواه مسلم

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар. Муслим ривояти.

Чунки киши ҳар хил хабарларни эшитади. Уларнинг ичида рости ҳам бўлади, ёлғони ҳам бўлади. Агар текшириб кўрмай, эшитганининг ҳаммасини гапираверса, ёлғон гапларни ҳам гапириб қўйиши мумкин бўлади.

Айниқса, интернетдан келган хабарни бошқа бировларга юборишга шошилмасдан, у хабар кимдан келгани, шу хабарни юборишнинг нима манфаати борлиги ва нима зарари борлигига эътибор қаратиш лозимдир. Акс ҳолда билиб-билмай маъсият ишларига мубтало бўлиб қолиши мумкин.

Афсуски, бугунги кунда Сурия, Афғонистон каби мамлакатларда дин ниқоби остида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишлар, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилишлар давом этмоқда. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолатларда бу урушларга диний тус бериляпти. Жангарилар ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқариб, қатл қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Азизлар! Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:

" مَنْ خَرَجَ مِنْ أمَّتى عَلَى اُمَّتى لا يُفَرِّقُ بَيْنَ بِرِّهَا وَ فاجِرها وَلا يَتَحاشَى مُؤمِنْها وَ لايفى بِذيِ عَهْدِهَا  فَليْسَ مِنِّى (رواه ﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Барчаларимиз Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларига шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга ўзаро насиҳат қилиш, илм ва динда тақвоси билан машҳур уламоларимиз айтган панду-насиҳатларига рағбат кўрсатиб ва уларга амал қилиб боришимиз лозим. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-аҳлоққа риоя этишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا ... (سورة آل عمران/103

яъни: "Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва турли фирқаларга бўлиниб кетманг ..."

 

Ҳурматли намозхонлар! Мусулмон киши ҳамиша хушёр бўлмоғи, тинчликка раҳна соладиган бирор мункар ишни кўрса, бирор бир бузғунчиликка гувоҳ бўлса, дарҳол олдини олмоғи лозим.

Тинчликнинг бузилиши эса - илм ва маърифат йўлининг тўсилиши, ўзаро яхшиликнинг узилиши, тараққиётнинг таназзулга учраши, ишлаб чиқаришнинг камайиб кетиши, тижоратларнинг тўхтаб қолиши, касб қилишнинг қийинлашиши, яшаш оғирлашиши, ҳар бир тўғри ёки нотўғри хабарларнинг тарқалиб юриши, одамларнинг эшитганига ишониб кетавериши, халқ ўртасида ваҳиманинг тарқалиши, рост хабарларнинг инкор қилиниши, одамларнинг бегуноҳ қонлари тўкилиши, аёлларнинг бева қолиши, ёш болаларнинг етим бўлиши каби мусибатларга сабаб бўлади. Тинчлик йўқолса жаҳолат кучаяди, ҳар хил жиноятлар кўпаяди ва зулм тарқалади.

Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Халқимизни аждодларига муносиб тўғри ақидада собит турадиган халқлардан қилсин!

Read 6052 times
Download attachments:
Top