Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

САХОВАТ – ЖАННАТГА ЕТАКЛОВЧИ ФАЗИЛАТ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي حَثَّ عِبَادَهُ الْمُؤْمِنِينَ عَلَى السَّخَاءِ وَالْكَرَمْ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي كَانَ مِنْ خُلُقِهِ الْجُودُ وَالْكَرَمْ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ

Ҳурматли жамоат! Динимиз таълимотларида дунё ҳаёти имтиҳон, синов майдони ҳисобланади. Шунинг учун дунёда ҳамма мўмин ёки ҳамма бой эмас, ёки умр фақат яхши кунлардан иборат эмас. Бу Аллоҳ таолонинг иродаси ва адолати. Бу адолатнинг сирини англашдан банда ожиз. Аллоҳ таоло бандаларига унинг тақдири ва тақсимига рози бўлиш, имон келтириб, солиҳ амаллар қилишни буюради.

Дунёдаги имтиҳондан яхши ўтиш учун борига шукр қилиш, ҳалолдан топиб, эзгуликка сарфлаш, сахий бўлишни буюради. Уни бахилликдан, ҳаддан ошиб кетишдан қайтаради. Камбағалликда тушкунликка тушмаслик, Аллоҳнинг раҳматидан умид узмаслик, сабр-тоқатли бўлиш, ҳалол касб-кор билан аҳволини ўнглашни буюради.

Саховат – бу икки тоифа ўртасини боғловчи, уларни улфат қилувчи ва ҳар иккисини дунё имтиҳонидан яхши ўтишига ёрдам берувчи амаллардан биридир. Қуръони каримнинг 70 дан ортиқ оятларида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш, яъни саховат ҳақида гап кетади. Исроф ва бахиллик қилмасдан эҳсон қилинса, албатта Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдиради. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилади:

قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ

яъни: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

"مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلاَّ مَلَكَانِ يَنْزِلانِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا" (متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه(

яъни:Бандалар тонгга етадиган ҳар бир кунда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ! Инфоқ-эҳсон қилувчининг молига халаф (ўрнини тўлдирувчи) бергин”, - деса, бошқаси: “Эй, Аллоҳ! Бахилнинг молига талофат бергин” – дейди(Муттафақун алайҳ). Дарқиқат, Аллоҳ таоло фаришталар томонидан сахий ва бахил ҳақида қилинган дуони ижобат қилади. Чунки фаришталарнинг дуоси қабул.

Яна бир ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

"قَالَ الله تَعَالَى: أنفِق يَا ابْنَ آدَمَ يُنْفَقْ عَلَيْكَ" (متفقٌ عَلَيْهِ عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳ таоло айтди: “Эй, Одам боласи! Инфоқ қил, сенга ҳам инфоқ қилинади”.” (Муттафақун алайҳ). Албатта, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайди, инфоқ қилганга ўзининг фазли билан ризқ етказади.

Саховатдаги яна бир асосий қоидалардан бири эҳсондан кейин миннат ва азиятнинг бўлмаслигидир. Мана шундай гўзал яхшиликнинг мукофотини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олади:

الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ثُمَّ لَا يُتْبِعُونَ مَا أَنْفَقُوا مَنًّا وَلَا أَذًى لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ

وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ  

яъни: “Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигорларидан мукофот бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 262-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсондан кейинги миннат ва азият ёмонлигидан огоҳлантириб шундай дейдилар:

ثَلَاثَةٌ لَا يُكَلِّمُهُمْ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يَنْظُرُ إِلَيْهِمْ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ الْمَنَّانُ بِمَا أَعْطَى وَالْمُسْبِلُ إِزَارَهُ وَالْمُنَفِّقُ سِلْعَتَهُ بِالْحَلِفِ الْكَاذِبِ (رواه الامام احمد في مسنده  عَنْ أَبِي ذَرّ رضي الله عنه)

яъни: “Уч киши борки, Аллоҳ таоло уларга Қиёмат куни гапирмайди ҳам, қарамайди ҳам, уларни (гуноҳлардан) покламайди ҳам ва уларга аламли азоб бўлади. Улар – берганини миннат қилувчи, изорини (кийимини кибр билан) судраб юрувчи ва молини ёлғон қасам билан ўтказувчи кишилардир” (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).

Динимизда мақталган олижаноб хислатлардан яна бири ўзи яхши кўрган нарсадан ўзгага ҳам эҳсон қилишдир. Яхшиликнинг мукофоти жаннатдир. Унга етиш учун сахийликнинг мана шу довонидан ўтиш керак бўлади. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Абу Талҳа Ансорийлар ичида хурмо боғлари кўп киши эди. Унинг энг севимли боғи Байроҳа эди. Боғ масжид (набавия)нинг рўпарасида бўлиб, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирар ва ширин сувларидан ичар эдилар. “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша  олмайсизлар... (Оли Имрон сураси, 92-оят)” ояти тушганда Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ таоло сизга, “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша  олмайсизлар”, оятини туширди. Менинг энг севимли молим эса Байроҳа боғидир. У Аллоҳ йўлига садақа бўлсин! Унинг савоби ва (охиратга) захира бўлишини Аллоҳдан умид қиламан! Боғни Аллоҳ сизга билдирган жойга сарфланг!” – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бай-бай, жуда фойдали мол, жуда фойдали мол! Гапингни эшитдим, боғни қариндошларингга бўлиб беришингни маъқул кўраман”- дедилар. Абу Талҳа: “Шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули!” – дедиларда боғни қариндошлари ва амакисининг ўғилларига бўлиб бердилар” (Муттафақун алайҳ). 

Саховатнинг энг юқори даражаси ўзи муҳтож бўлиб туриб эҳсон қилишдир. Бу ишни “ийсор” (луғавий маъноси, “устун қўйиш”) дейилади. Сахийликнинг зидди – бахилликдир. Ким бахилликдан сақланса, у нажот топувчилардан бўлади.

Ўзида бор нарсаларни ўзгалар билан баҳам кўриш ҳақида бизга Пайғамбаримиз алайҳиссалом гўзал ишора берадилар:

طَعَامُ الاثْنَيْنِ كَافِي الثَّلاَثَةِ ، وَطَعَامُ الثَّلاَثَةِ كَافِي الأربَعَةِ  )متفقٌ عَلَيْهِ عن أبي هريرة رضي الله عنه) .

яъни: “Икки кишининг таоми уч кишига, уч кишининг таоми эса тўрт кишига етади” (Муттафақун алайҳ).

Демак, ҳеч қачон ота-она, яқинлар ва қўни-қўшниларимизга саховатни унутмаслигимиз керак. Айниқса, шу кунлардаги карантин ҳолатида қийналиб қолганлар ва муҳтожларга ёрдам бериш янада савобли ишдир. Аксинча, нарх-навони сунъий равишда ошириш, айрим маҳсулотларни ҳаддан ошиқ кўп ғамлаб қўйиш – қийинчиликда фақат ўзини ўйлаш ва худбинликдир.

Саҳиҳ ривоятларда Усмон разияллоҳу анҳунинг бир карвон озиқ-овқатни қийинчилик кунида муҳтожларга эҳсон сифатида тақатганлари ривоят қилинган. Саховатлик бойларимиз хусусан карантин кунларида мана шундай жаннатий зотлардан ўрнак олишса айни муддао бўлар эди. Чунки бу билан ҳам ўзимиз учун охиратга захира тайёрлаймиз, ҳам муҳтожларнинг кўнглини овлаймиз.

Коронавирус юқумли касаллиги  шиддат билан тарқалаётган пайтда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўриши лозим. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом касаллик тарқаган вазиятда сабабларни ушлаш, киши саломатлиги учун зарур чораларни кўриш лозимлигини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:

إِنَّ هَذَا الْوَبَاءَ رِجْزٌ أَهْلَكَ اللَّهُ بِهِ الْأُمَمَ قَبْلَكُمْ وَقَدْ بَقِيَ مِنْهُ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ يَجِيءُ أَحْيَانًا وَيَذْهَبُ أَحْيَانًا فَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ فِي أَرْضٍ فَلَا تَأْتُوهَ" (رواه الامام احمد عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه)

яъни: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! Айни пайтда соғлиқни сақлаш мутахассислари  фуқароларимиздан карантин қоидаларига, жумладан, имкон қадар уйдан чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, шахсий гигиена каби қоидаларга қатъий амал қилишларини сўрашмоқда. Ушбу кўрсатмаларга амал қилиш ҳар биримиз учун жуда муҳимдир.

Динимизда ҳам касаллик тарқалиш хавфи бўлганда ҳар ким уйида ўтириши, дуо-тазарруни уйида, оиласи билан қилиши, кўчага заруратсиз чиқмаслиги тавсия этилади. Албатта, барча нарса Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирган ҳолда, ишларни Аллоҳга топширилади, сабабларни ушланади. Ҳадиси шарифларда ҳам юқимли кесаллик урчиган пайтларда уйдан чиқмасликка чақирилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

فَلَيْسَ مِنْ رَجُلٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ فَيَمْكُثُ فِي بَيْتِهِ صَابِرًا مُحْتَسِبًا يَعْلَمُ أَنَّهُ لَا يُصِيبُهُ إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَهُ

إِلَّا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ الشَّهِيدِ

"Ким тоъун (пандемия) тарқалганда уйида сабр қилиб, савоб умидида ўтирса, ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади" (Имом Аҳмад ривоятлари).

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вабо ҳақида шундай деганлар:

الْفَارُّ مِنْهُ كَالْفَارِّ يَوْمَ الزَّحْفِ وَمَنْ صَبَرَ فِيهِ كَانَ لَهُ أَجْرُ شَهِيدٍ

яъни: “Вабодан қочган киши ҳудди уришдан қочган киши кабидир. Ким вабо пайтида сабр қилса унга шаҳиднинг ажри бўлади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: "Ҳадиснинг мазмуни шуни тақозо қиладики, ким мазкур сифатлар билан тавсифланса, гарчи вабодан вафот этмаса ҳам, унга шаҳиднинг ажри ҳосил бўлади" (“Фатҳул Борий” китоби).

Демак, касаллик тарқаган шу кунларда Аллоҳ таолога суянган ҳолда, ундан савоб умид қилиб, сабр қилиб уйда ўтирган, ваҳима қўзғамаган, касалликнинг тарқамаслигига ўз ҳиссасини қўшганларга Аллоҳ таоло катта манфаатлар хазинаси очар экан.

Муҳтарам азизлар! Касаллик бу – синовдир. У шундай синовки, у нафақат кишиларни, балки бутун халқни синайди. Мана шундай кунларда ҳар биримиз сабр-матонатли бўлмоғимиз, бўш вақтларимизни иложи борича фойдали ишларга сарфлашимиз даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

اسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ  (البقرة الاية:45)

яъни: “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз” (Бақара сураси 45-оят).

Айниқса, бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Набий алайҳиссаломнинг мусибатли ва оғир кунларда қандай йўл тутишлари ҳақида Хузайфа разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

كان النبي صلى الله عليه وسلم إذا حزبه أمر صلى

яъни: “Бирор қайғули иш бўлса одатда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (нафл) намоз ўқир эдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, муҳтожларга ҳожатманднинг ҳожатини чиқариш, қарздорнинг қарзидан қутулишига ёрдам бериш, етимлар ҳолидан хабар олиш  ҳам ҳар бир инсоннинг, ҳар бир мусулмоннинг муҳим вазифасидир.

Муҳтарам азизлар! Банда зикр ва истиғфорни кўп айтиши унинг турли бало қазолардан омонда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида шундай марҳамат қилган:

وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ

яъни: “Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас”.

Бугунги кунда гуноҳларимизга сидқидилдан тавба қилсак, фақир-муҳтожларга садақа улашсак, Қуръони каримни хатм қилиб Аллоҳга ёлборсак, иншааллоҳ бу бало бошимиздан арийди.

Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ бериб, саховатли бандаларидан бўлишимизни насиб айласин, юртимизга келган бу синовларни аритсин, барча беморларга Ўзи шифо берсин! Омин!

Read 2324 times
Top