Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ غَافِرِ الذَّنْبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ شَدِيدِ الْعِقَابِ، وصَلَّى اللهُ وَسَلَّمَ عَلَى مُحَمَّدٍ قُدْوَةِ الْمُسْتَغْفِرِينَ، وَعَلَى آلِهِ وَالْأَصْحَابِ وَالتَّابِعِينَ، وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ

РАМАЗОН ТАВБА ВА ИСТИҒФОР ОЙИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, муборак Рамазон ойининг раҳмат даҳаси бўлмиш аввалги ўн кунини имкон қадар рўза тутиб, тоат-ибодатда ўтказдик. Айни пайтда  мағфират даҳаси бўлмиш иккинчи ўн кунлигида турибмиз. Бундай ғанимат кунларни ҳар бир мўмин-мусулмон қадрига етиб, хато-камчиликларига тавба қилиб, гуноҳлардан халос бўлиши айни муддаодир. Агар банда астойдил тавба қилса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Қуръони карим оятларининг 87 та ўрнида тавбага тарғиб қилинган. Жумладан,

وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

(سورة النور الاية-31).

яъни:Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз(Нур сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни насуҳ (чин) тавба қилишга тарғиб қилиб, шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

(سورة التحريم الاية-8).

яъни:Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!(Таҳрим сураси, 8-оят).

Уламоларимиз тавба қабул бўлиши учун учта шарт бор деганлар: Биринчи, дарҳол гуноҳдан тўхташ. Иккинчи, ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш. Учинчи, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш ва агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилишдир.

         Сарвари Олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтган ва келажак гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, ҳар куни тавба қилар эдилар.

يَا أَيُّهَا النَّاسُ ، تُوبُوا إِلى اللهِ واسْتَغْفِرُوهُ ، فإنِّي أتُوبُ في اليَومِ مئةَ مَرَّةٍ

 (رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ عَنْ الأَغَرِّ بنِ يَسَارٍ رضي الله عنه)

яъни: Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан (Имом Бухорий ривояти).

         Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳдан холи бўлмаган умматлар учун катта дарс ва кўрсатмадир.

         Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

" كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ اَلتَّوَابُونَ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه)

яъни: “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).         

         Ҳазрати Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. Ҳазрати Ҳасан Басрий “Истиғфор айтинглар”, дедилар. Иккинчи одам келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилинди. Уларнинг барчаларига “Истиғфор айтинглар” деган маслаҳатни бердилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: “Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?” дебди. Ҳасани Басрий ҳазратлари бу саволнинг жавобига

қуйидаги ояти карими билан жавоб бердилар:

فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا  يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا  وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ

وَيَجْعَلْ لَكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَلْ لَكُمْ أَنْهَارًا

яъни: Бас, дедимки: Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур (Нуҳ сураси, 10-12 оятлар).

         Демак, мўмин-мусулмонлар истиғфор айтиб юрсалар, Аллоҳ таоло оятда ваъда қилган барча нарсаларини ато қилар экан.

Хусусан, Рамазон ойида истиғфор айтишга Пайғамбаримиз тарғиб қилиб, шундай деганлар:

استكثروا فيه من أربع خصال: خصلتان ترضون بهما ربكم، وخصلتان لا غنى بكم عنهما أما الخصلتان اللتان ترضون بهما ربكم: فشهادة أن لا إله إلا الله وتستغفرونه، وأما الخصلتان اللتان لا غنى بكم عنهما:

فتسألون الجنة، وتعوذون من النار

(أخرجه ابن خزيمة وغيره عن سلمان الفارس).

яъни: “Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринг. Икки хислат билан Роббингизни рози қиласиз, яна икки хислатга эса муҳтожсиз. Роббингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодати ва У зотга истиғфор айтишингиздир. Сиз муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни сўраб, жаҳаннамдан паноҳ тилашингиздир” (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).

Демак, Рамазон кунларида турибмиз, истиғфорни кўпайтирайлик. Истиғфор айтгандан кейин юртимиз ва барча мўмин-мусулмонларни ҳаққига тинчлик, хотиржамлик, ҳар хил бало-офатдан омонлик ва фаровонлик сўрайлик. Бу улуғ кунларнинг баракотидан Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилади.  

Муҳтарам юртдошлар! Аллоҳ таоло инсонларни турли синовлар билан синайди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай деган:

 وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ  

яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз*. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).

Маълумки, 2020 йил ҳам бутун инсониятга катта синовлар йили бўлди. Ҳозирда дунёни қамраб олган Коронавирус (COVID-19) пандемияси тинч ва осуда ҳаётга одатланган мамлакатлар, жумладан, бизнинг юрт аҳолиси учун ҳам улкан синов бўлди.

Бундан ташқари, жорий йилда Бухоро, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида содир бўлган табиий офат аҳолимизнинг бино-иншоотларига, қишлоқ хўжалиги экинларига ҳамда шахсий мулкларига катта талофат етказди.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан синовларнинг илк дамлариданоқ жойларга етиб бориб, вазиятни тўлиқ назоратга олиши юртдошларимиз кўнглига далда бўлди.

Давлат раҳбарининг “Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, дейиши халқ қалбига янада ишонч бағишлаб, қийинчликларни енгиб ўтишга комил ишонч бағишлади десак, муболаға бўлмайди.

Айтиш жоизки, ушбу синовли кунлар матонатли ва бағрикенг халқимизни янада жипслаштирди. Бу борада Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар:

الْمُؤْمِنُ لِلْمُؤْمِنِ كَالْبُنْيَانِ يَشُدُّ بَعْضُهُ بَعْضًا

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир” (Имом Бухорий ривояти).

Бу синовлик кунларда бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, табиий офатдан азият чеккан юртдошларимиз, айниқса офатларда қурбон бўлганлар ҳақига дуо-хайрлар қилишимиз, юртимиздан жамики балоларни аритишини сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилишимиз айни динимиз кўрсатмасидир.

Муҳтарам азизлар! Дарҳақиқат, бир мўминнинг ҳожатини чиқариш ва унга хайру саховат қилишга жуда катта ажр-савоблар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا، ...وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ 

(رواه الإمام الطبراني)

яъни: Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди) (Имом Табароний ривояти).

Шундай экан, атрофимиздаги инсонларга бефарқ бўлмайлик, ўз саховатимиз ва эзгу амалларимиз билан халқимизга таянч бўлишга, муборак Рамазон ойининг фазилати ва барокотларига сазовор бўлишга ҳаракат қилайлик!

Бу улуғ кунларнинг баракотидан Аллоҳ таоло юртимизни тинч осмонимизни мусаффо айлаб, тез кунларда Коронавирус касаллигидан дунё халқлари қатори бизнинг юртдошларимизни ҳам халос қилсин!  омин!

 

Илова: Хотира ва қадрлаш – инсоний бурч

Муҳтарам жамоат! Маълумки, эртага юртимизда алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бўлмиш “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан қатағон даври қурбонлари ва Ватан озодлиги, халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга олиб, руҳларига Қуръон тиловат қилиб, ҳақларига дуои хайрлар қиламиз. Тирикларини эса қадрларига етиб, насиҳат ва дуоларини олиб, хизматларини қилишга ҳаракат қиламиз. Ўтганларимизни ҳар доим эслаб, ҳақларига дуода бўлишимиз – биз тирикларни вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар:

"اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتاكُمْ وكُفُّوا عَنْ مَساوِيهِمْ"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: “Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”  (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуои-хайрлар қилиш ибодат ҳисобланади. Ҳаёт юрган кишилар ибодатда бўлиб, солиҳ амаллар қилишса, уларнинг вафот этган яқинлари хурсанд бўлишади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

"إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنْ الْأَمْوَاتِ فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا"

(رَوَاهُ الإمَامُ أَحْمَدُ).

яъни: “Албатта амалларингиз ўтиб кетган яқинларингиз ва қариндошларингизга намойиш қилиб турилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар ундан хурсанд бўлишади. Агар ундан бошқача бўлса, улар: “Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмаcдан жонларини олмагин”, дейишади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, биздан ўтиб кетган яқинларимиз Аллоҳнинг ҳузурида хурсанд ва юзлари ёруғ бўлиши учун солиҳ амалларда бўлишимиз ўта муҳим аҳамият касб этар экан. Зинҳор ва зинҳор уларни Аллоҳнинг ҳузурида хижолатга қўймайлик!

Аллоҳ таборака ва таоло барча ўтган аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айлаб, ҳаётларимизга узоқ умр, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз! Омин, ё Роббал оламин!

Read 1938 times
Top