Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِي أَحَلَّ البَيْعَ والشِّرَاءَ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي عَلَّمَ البَيْعَ

وَحَذَّرَ عَنِ الرِّبَا، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ЗАМОНАВИЙ САВДО ТУРЛАРИ ВА УЛАРГА ОИД МАСАЛАЛАР

Муҳтарам жамоат! Маълумки, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бундай имкониятлардан ҳар бир шахс оқилона фойдаланиб, дунё ва охирати учун захира бўладиган хайрли ишларни амалга ошириши айни муддаодир. Динимиз инсонлар ўртасидаги муносабаталарда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чақиради. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай  марҳамат  қилган:

وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا

яъни: “Аллоҳ савдони  ҳалол, рибони ҳаром  қилди” (Бақара сураси, 275 оят).

Динимиз ростгўй ва ҳалол савдогарларга юксак мартабаларни ваъда қилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

  "التَاجِرُ الصَّدُوقُ تَحْتَ ظِلِّ الْعَرْشِ یَوْمَ الْقِیَامَةِ"

(رَوَاهُ الإمام الدیلمي عن أنس رضي االله عنه)

яъни: “Ростгўй савдогар Қиёмат кунида аршнинг соясидадир” (Имом Дайламий ривояти).

Савдо-сотиқда ростгўй бўлмаган ва тақво қилмаган кимсалар Қиёмат кунида гуноҳкор ҳолатда тириладилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ" حَتَّى إِذَا اشْرَأَبُّوا، قَالَ: "إِنَّ التُّجَّارَ يُحْشَرُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلَّا مَنِ اتَّقَى، وَبَرَّ، وَصَدَقَ"

 (رواه الإمام الترمذي عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رضي الله عنه)

яъни: “Эй, савдогарлар жамоаси!”. Ҳамма қаради, шунда У Зот: “Албатта, савдогарлар қиёмат кунида гуноҳкор ҳолатда тириладилар, фақат ким (савдода) Аллоҳдан қўрқса, солиҳ амалларни қилса ва рост сўзласа бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Бу ҳадиси шарифдан тижорат шарафли касб бўлиши билан бирга ростгўй ва тақводор бўлишни талаб қиладиган ўта масъулиятли касб эканлиги маълум бўлмоқда.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Бишр исмли савдода шериклари бор эди. Бишр савдо қилиш мақсадида Мисрга қараб йўл олди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ унга ипак матодан етмишта кийим юбордилар. Шерикларига юборган молнинг маълум қисми айбли экани, уларни сотаётган

вақтда олувчига айбини айтиб сотиши лозимлигини тайинлаб хат ёздилар. Бишр молларни ҳаммасини сотиб Куфага қайтди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ундан: “Ипак матоли кийимларни айбини айтиб сотдингми”? – деб сўрадилар. Уларни айтиш ёдимдан кўтарилибди – деди Бишр ҳижолат бўлдилар. Шунда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ савдодан тушган фойда катта бўлишига қарамасдан уни ҳаммасини садақа қилиб юборганлар.

Мазҳаббошимизнинг бу парҳезкорликлари ва бошқанинг ҳаққидан ҳазар қилишлари барчамизга намуна ва ўрнак бўлиши лозим.

Азизлар! Маълумки, ҳозирги кунда савдо-сотиқни турлари кўпайди. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз:

“Тақсит” савдоси. “Тақсит” сўзи луғатда “бўлиб-бўлиб тўлаш” маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда “савдо молини харидорга дарҳол топшириб, баҳосини насия қилиш”га айтилади. Масалан, бир киши 10 мингга машина сотиб олиб, устига 20% қўйиб, 12 мингга маълум бир муддатга насияга сотиши жоиз. Бу савдо “Тақсит” савдоси дейилади.

Бу савдо насия бўлгани учун табиийки нақд савдога қараганда баҳоси қимматроқ бўлади. Бу ҳақида замонамизнинг етук уламоларидан фазилатли Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний шундай дейдилар:

أَمَّا الْاَئِمَّةُ الْأَرْبَعَةُ وَجُمْهُورُ الْفُقَهَاءِ وَالْمُحَدِّثِيْنَ فَقَدْ اَجَازُوا الْبَيْعَ الْمُؤَجَّلَ بِأَكْثَرَ مِنْ سِعْرِ النَّقْدِ بِشَرْطِ أَنْ يَبُتَّ الْعَاقِدَانِ بِأَنَّهُ بَيْعٌ مُؤَجَّلٌ بِأَجَلٍ مَعْلُومٍ وَبِثَمَنٍ مُتَّفَقٍ عَلَيْهِ عِنْدَ الْعَقْدِ

яъни: Тўртала мазҳаб имомлари ва фуқаҳо муҳаддислар жумҳури насияни нақднинг баҳосидан қимматроқ сотиш савдосига ижозат берганлар. Лекин, олувчи ва сотувчи муайян муддатга ва келишув вақтидаги муайян нархга узил-кесил келишиб олишлари шарт (“Буҳусун фи қозоя фиқҳийя муъасиро” китоби).  

Бу савдода агар икки томон “Нақдга олсанг фалонча, насияга олсанг фалонча” деб иккисидан бирига узил-кесил келишиб олинмаса, савдо фосид бўлади, яъни бузилади.

Демак, Тақсит савдосида ҳам насия савдодаги бир нечта шартларга риоя қилиш керак бўлади. Улар қуйидагилар:

  • Насия савдонинг муддати аниқ бўлиши керак;
  • Насияга сотилган маҳсулотнинг нархи аниқ бўлиши керак;
  • Харидор қарзини келишилган вақтда уза олмаса, яна қўшимча нарх (баъзилар буни жарима дейди) қўшилмаслиги керак.

Насия савдо билан сотиб олинган нарса ҳам тўлиқ харидорнинг мулки ва тасарруфига ўтади ва харидор сотувчидан (пулни нақд бермагани учун) маҳсулотнинг нархига қарздор бўлиб қолади. Бундан кейин сотувчи харидордан фақат пулни сўрайди холос, маҳсулотни эмас.

Насияга маҳсулот сотиб олган мусулмон киши доим қарзини тўлаш ва вақтида адо қилиш пайида бўлиш керак. Мана шунда Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлиб, тез кунда қарзидан қутилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ"

(رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Имкони бўла туриб қарзни чўзишни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” деб атаганлар:

"مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ"

(رواه الامام البخاري عن أَبَي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Бойнинг (қарзни бермасдан) чўзиб юриши зулмдир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, қарзни узишга имкон бўлиши билан уни узишга шошилиш лозим бўлади. Қарзи бор киши шуни яхши билиши керакки, одамлардан қарз олиб, уни тўламасдан (ёки тўлайдиган мол қолдирмасдан) дунёдан ўтиб кетадиган бўлса, Қиёматда бу қарзни савоблари билан тўлаб беради. Чунки у ерда тўлайдиган пул йўқ, савоб эса ҳаммага керак бўлиб турган бўлади.

Ҳозирги кунда оммалашган иқтисодий фаолиятлардан яна бири – молиявий пирамида. Бу фаолият турининг кўриниши шундайки, киши маълум миқдорда пул тикиб, мазкур тизимга киради. Кейин у ушбу тизимга бошқаларни ҳам жалб қилади. Жалб қилинган янги аъзолар ҳам белгиланган миқдордаги пулни тикиб, тармоққа қўшиладилар. Кейин улар ҳам янги аъзоларни даъват қила бошлайдилар. Ҳар бир янги кирган аъзонинг эвазига унинг аъзо бўлишига сабабчи бўлган киши ширкат тарафидан маълум миқдорда маблағ олиб туради.  Кўриниб турибдики, бу тизим қуйидаги шахсларнинг ютқазиши эвазига юқорисидаги кишиларнинг ютиши, кўпчиликнинг куйиши натижасида озчиликнинг гуркирашига хизмат қилади.

Бу каби тизимларга аъзо бўлиш шаръан ман қилинган. Чунки ушбу фаолиятнинг шариатимизга тўғри келмайдиган жиҳатлари кўп. Мазкур йўналишдаги ширкатларда даромад олиш тизими бошқа иштирокчиларни жалб қилиш билан боғлиқ бўлади. Агар иштирокчи талаб қилинган ададдаги кишиларни жалб қилса, уларнинг ҳисобидан пул олади, акс ҳолда пулдан маҳрум бўлади. Бу эса қимордир. Қимор эса ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الخَمْرُ وَالمَيْسِرُ وَالأَنْصَابُ وَالأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).

Қолаверса, янги кирган аъзонинг эвазига унинг аъзо бўлишига сабабчи бўлган киши ширкат тарафидан маълум миқдорда мунтазам маблағ олиб туриши ҳам шаръан жоиз эмас.

Ушбу молиявий фаолиятнинг бундан бошқа ношаръий жиҳатлари ҳам бор. Шунинг учун ҳам кўзга кўринган кўплаб Фатво уюшмалари ва Ислом уламолари бу каби молиявий пирамидалар ҳамда моҳиятан шунга яқин молиявий фаолиятларни шаръан жоиз эмаслигига фатво беришган.

Ҳозирги кундан оммалашган ишлардан бири – Сайтда реклама эълон қилиб, уни орқасидан пул топиш. Агар сайтда фаҳш суратлар, видеолар, Аллоҳ ҳаром қилган маҳсулотларни ва инсон ҳаётига хавф соладиган нарсалар реклама қилинмаса, сайт орқали реклама бериб, пул топиш жоиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَاب

яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Азизлар! Уламоларимиз инсон ва инсон аъзоларини сотиш мутлақ мумкин эмаслигини такидлайдилар. Бу борада “Раддул-муҳтор” китобида шундай дейилади:

وَكَذَا بَيْعُ كُلِّ مَا انْفَصَلَ عَنِ الْآدَمِيِّ كَشَعْرٍ وَظُفْرٍ لِأَنَّهُ جُزْءُ الْآدَمِيِّ وَلِذَا وَجَبَ دَفْنُهُ

яъни: Шунингдек, одамзотдан ажраб чиққан соч, тирноқ кабиларни сотиш ботилдир. Чунки улар одамзотнинг бўлаги, жузи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уни кўмиш вожиб бўлади.

Демак, баъзи аёллар тўкилган сочларини кимларгадир пулга сотишади ёки ҳар-хил пластмасса ёки темир идишларга алмашишади. Шу ишлари умуман шариатга зиддир.

Шунингдек, барча савдоларга тегишли қуйида умумий қоида бор: киши ўзида бўлмаган нарсани ёки сотиб олган нарсасини ҳали қўли билан ушламасдан туриб бошқага сотишига шариатимиз рухсат бермайди. Бу ҳақда фиқҳий китобларимизда қуйидаги жумла келтирилган:

لاَ يَجُوزُ بَيْعُ الْمَنْقُولِ قَبْلَ الْقَبْضِ، وَيَجُوزُ بَيْعُ الْعَقَارِ قَبْلَ الْقَبْضِ

яъни: “Кўчадиган маҳсулотларни  қўлга киритишдан аввал сотиш жоиз эмас. Кўчмас мулкларни (масалан, ерни) эса қўлга олмасдан ҳам сотиш жоиз” (“Мухтасарул виқоя” китоби).

Демак, ердан бошқа барча маҳсулотларни сотишдан олдин сотувчи маҳсулотни қўлга киритган бўлиши лозим бўлади, акс ҳолда олди-сотди бузилади.

Ҳар бир нарсанинг одоби бўлганидек савдода ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси мавжуд. Сотувчи ёлғон гапирмаслиги, хиёнат қилмаслиги, тарози, литр, метр, ҳажм ва донасидан урмаслиги, харидорни ҳурмат қилиши лозим ҳамда харидор камбағалроқ бўлса имкон қадар нархдан тушиб бериши мақтовга сазовор ишлардандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам савдода сахий бўлиш ҳақида шундай деганлар:

"إِنَّ اللهَّ يُحِبُّ سَمْحَ الْبَيْعِ سَمْحَ الْشِرَاءِ"

(رواه الامام الترميذي عن ابي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Албатта, Аллоҳ олди-сотдида қўли очиқ бўлганларни яхши кўради” (Имом Термизий ривоятлари).

            Афсуски, ҳозирги кунда баъзи жойларда нархни сунъий йўллар билан кўтариш ва одамлар норозилигига сабабчи бўлиш ҳолатлари учрамоқда. Бу иш оғир гуноҳ бўлиб, бунга сабабчи бўлганларнинг охиратдаги аҳволи жуда ҳам аянчли бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"مَنْ دَخَلَ فِي شَيْءٍ مِنْ أَسْعَارِ الْمُسْلِمِينَ لِيُغَلِّيَهُ عَلَيْهِمْ، كَانَ حَقًّا عَلَى الله تَبَارَكَ وَتَعَالَى أَنْ يُقْعِدَهُ

 فِي مُعَظَّمٍ مِنَ النَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ"

(رواه الإمام أحمد عن عبيد الله بن زياد رضي الله عنه)

 яъни: “Ким мусулмонларга қимматроқ бўлсин деб, уларнинг нархларига дахлдор бўлса, Аллоҳ таборак ва таолога қиёмат куни уни оловнинг улканига ўтқазиш вожиб бўлади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Шундай экан, ҳозирги пандемия шароитида мўмин-мусулмонлар ўзаро елкадош бўлиб, нарх-наво ва йўл ҳақини ҳам инсоф билан белгилаши, ўзини бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўриши айни муддаодир. 

Аллоҳ таоло барчамизга ҳалолдан касбу кор қилишни насиб айлаб, дунё ва охиратимизни обод айласин! Омин!

 

Ҳурматли имом-домла! Маъруза асносида намозхонларга карантин талабларига риоя этиш, ижтимоий масофани сақлаш, айниқса жамоат ва жума намозларида бунга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини эслатиб ўтинг!!!

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “ДИНИМИЗДА МЕРОС МАСАЛАСИ” мавсусида бўлади, иншааллоҳ.

Read 3682 times
Top