Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ҚАБРИСТОН ЗИЁРАТИ ОДОБЛАРИ ВА УНДА БИДЪАТ ВА ХУРОФОТЛАРДАН ТИЙИЛИШ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсоният ибрат олиши ва тафаккур қилиши учун кўпгина оят-мўжизаларини зоҳир қилиб қўйган. Улардан бири ва ҳар куни кўз ўнгимизда содир бўлиб тургани ўлим ва ҳаётдир.

Қуръони каримда ўлим ва ҳаётнинг яратилиши инсон ҳаётини яхшиликларга сарфлаши учунлиги баён қилинади:

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ

яъни: “Аллоҳ сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси 2-оят).

Бошқа ояти каримада эса ҳеч бир жон эгаси ўлимдан қочиб қутула олмаслиги таъкидланади:

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَنَبْلُوكُمْ بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً وَإِلَيْنَا تُرْجَعُونَ

яъни:Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин)  Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз(Анбиё сураси 35-оят).

Динимизда қатъий эътиқод қилинадиган тушунчалардан бири шуки, инсон ҳаёти учга бўлинади. Дунёдаги синовли ҳаёт, қабрдаги барзахий ҳаёт ва охиратдаги абадий ҳаёт. Буларга имон келтириш имон асосларидандир. Инсон вафот этиши билан унинг охиратдаги янги ҳаёти бошланиши, яъни Қиёмат кунигача қабр ҳаёти – барзахда яшаши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Шунинг учун мусулмонлар инсон ўлди, тамом, у энди бутунлай унутилди, демайдилар. Балки, бу дунёдан ўтган мўмин-мусулмонларга ҳурмат бажо келтириб, доимо дуолари, тиловатлари ва хайру-эҳсонларида ёд этадилар. Аллоҳ таоло ўтганларнинг ҳаққига дуо қилувчи мўминларни мақтаб шундай дейди:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ

وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

яъни:Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!(Ҳашр сураси 10-оят).

Ўтганларни яхшилик билан ёдга олишнинг бир кўриниши уларнинг қабрларини зиёрат қилишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ، أَلا فَزُورُوهَا،، فَإِنَّهُ يَرِقُّ الْقَلْبَ، وَتَدْمَعُ الْعَيْنَ، وَتُذَكِّرُ الآخِرَةَ،

 وَلا تَقُولُوا هَجْرًا"

(رواه الامام الحاكم عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради ва охиратни эслатади. Лекин фаҳш-ёмон сўзларни сўзламанглар” (Имом Ҳоким ривоят қилганлар).

Мана шу ва бошқа ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, уламоларимиз қабр зиёрати эркакларга ихтилофсиз савобли иш эканини айтганлар. Аёлларнинг қабр зиёратига аксар уламолар шартлар билан рухсат берганлар. Аёллар эрларининг розилиги билан сатри авратда, йиғлаб дод-вой қилмасдан қабрларни зиёрат қилишлари дуруст. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо Мадинадан Маккага келганларида Макка шаҳрига дафн қилинган акалари Абдурраҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг қабрларини зиёрат қилар эдилар.

Қабр зиёратининг бир қанча одоблари борки, уларга амал қилиш билан бу савобли иш мукаммал бўлади:

  1. Ниятни тўғрилаш. Зиёратга борган киши аввало Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиб, охиратни ёдга олиш ва қабристон аҳлининг ҳаққига дуо қилишни ният қилади.
  2. Қабристонга иложи борича таҳоратли кириш.
  3. Қабристонни дабдаба қилмасдан хокисорлик билан зиёрат қилиш. Аёллар ҳам ҳаё билан авратларини беркитиб юришлари динимиз талабидир.
  4. Қабристонга кирганда дуо қилиш. Суннатда келган дуо:

السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لَاحِقُونَ نَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمْ الْعَافِيَةَ

яъни: “Ассалому алайкум, эй, мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” (Имом Ибн Можа ривоятлари). Бу дуонинг бошқача кўринишлари ҳам бор, уларни ҳам ўқиш мумкин.

  1. Қабр зиёратида Қуръон тиловат қилиш. Зиёратга борганда қайси сура ёки ояларни ўқиш қатъий белгилаб қўйилмаган. Қуръоннинг хоҳлаган жойидан хоҳлаган миқдорда ўқиш жоиз. Лекин уламоларимиз Бақара сурасининг аввали ва охиридан, “Оятал курсий” ояти, “Мулк”, “Ясин”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нас” сураларидан имкон борича ўқишни тавсия қиладилар. Тиловатнинг савобини дуо қилиб яқинларига ва қабристон аҳлига бағишлайди.
  2. Қабр устидаги ўсиб турган майса ва ўсимликларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан ўтганларга манфаат бор. Қуриган ўсимликларни эса олиб ташлаш мумкин.
  3. Қабристонга хоҳлаган кунда бориш жоиз. Айни бир кунни тайин қилиб олинмайди.
  4. Қабристон ёнидан ўтганда қабр аҳлларига салом бериб ўтиш суннатдир. Уловдаги киши тўхтай олмаса ҳам, салом бериб кетаверади.
  5. Қабрларни босмаслик ва улар устига ўтирмаслик керак. Чунки ҳадиси шарифларда бу ишлар чўғни устида юриш ва чўғ устида ўтириш кабидир, деб таърифланади. Динимизда вафот этган кишининг ҳурмати ҳам худди тирикники кабидир, шуни доим ёдимизда сақлашимиз керак.
  6. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ва азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилганда зиёрат одобларига риоя қилиш зарур. Зиёрат учун бориладиган қабрларнинг энг улуғи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабрларидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, деганлар (Имом Табароний Ибн Умардан ривоят қилганлар).

Кўпчилик уламолар зиёрат қилувчи аввал У Зот алайҳиссаломнинг қабрларига қараб салом бериб, сўнгра қиблага қараб дуо қилади, дейишган.

Зиёрат қилувчи У Зотнинг қабрлари рўпарасида ўзини хокисор тутган ҳолда вазминлик билан тўхтаб, салавот ва салом айтади. Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумога салом бериб, дуо қилади. Ислом уламолари ва азиз-авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилганда ҳам шу каби одобларга риоя қилинади.

Қабр зиёратида бир қанча бидъат-хурофотлар ҳам борки, улар сабабли киши ўзи билмаган ҳолатда савобли ишни гуноҳга айлантириб қўяди. Бидъат-хурофотларнинг энг кўп учрайдиганларини санаб ўтамиз:

  1. Қабристонга жонлиқ олиб бориб, у жойдаги марҳумларга атаб жонлиқ сўйиш, шам ёқиш ва латта боғлаш каби ишларни қилмаслик. Бу ишлар эътиқодга қараб, катта гуноҳ ёки ширк даражасидаги ишлардир.

Авлиёларга атаб жонлиқ сўйиш ҳақида Имом Раббоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мактубот” номли китобларида: “Фиқҳий ривоятларда улуғларнинг номига аталган жонлиқни қабр устига олиб бориб сўйиш ширк ишлар қаторига киритилган ва бундан сақланиш лозимлиги қаттиқ таъкидланган. Ушбу жонлиқ жинларга атаб сўйилган жонлиқ ҳисобланади. Бу иш шаръан тақиқланган, ширкка оид амаллардандир” деганлар.

Аллома Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ бу мавзуда шундай деганлар:

وَاعْلَمْ أَنَّ النَّذْرَ الَّذِي يَقَعُ لِلْأَمْوَاتِ مِنْ أَكْثَرِ الْعَوَّامِ وَمَا يُؤْخَذُ مِنْ الدَّرَاهِمِ وَالشَّمْعِ وَالزَّيْتِ وَنَحْوِهَا إلَى ضَرَائِحِ الْأَوْلِيَاءِ الْكِرَامِ تَقَرُّبًا إلَيْهِمْ فَهُوَ بِالْإِجْمَاعِ بَاطِلٌ وَحَرَامٌ ...  وَقَدْ اُبْتُلِيَ النَّاسُ بِذَلِكَ ، وَلَا سِيَّمَا فِي هَذِهِ الْأَعْصَارِ

яъни: “Билингки, авом халқ тарафидан ўликларга атаб назрлар қилиш, авлиёларнинг қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ижмоъ қилинган ботил ва ҳаром ишлардир... Бу нарсаларга хусусан, асримиз одамлари кўпроқ мубтало бўлганлар». (“Раддул Муҳтор” китоби).

  1. Қабр аҳлидан дуо қилиб ҳожатини сўраш, фарзанд сўраш, қабрни тавоф қилиб айланиш, сийпалаб юзига суртиш жоиз эмас. Афсуски, баъзи жойларда қабр атрофини айланиб, ҳатто сажда қилиш ҳолатлари кузатилди. Руку ва сажда фақат Аллоҳ таоло учун қилинадиган амаллардандир. Уларни хоҳ тирикка, хоҳ ўликка қилиш кишини Исломдан чиқаради. Мусулмон юртда бундай ҳукмларни билмаслик узр бўлмайди, инсонни куфрдан қутқармайди. Худди шундай дуо ҳам ибодат бўлиб, уни фақат Аллоҳ таолога қилинади, ўзгага эмас.
  2. Ўтганлардан шумланиб, “кафанини чайнабди” ва шунга ўхшаган ботил эътиқодлар билан қабрларини очиш мутлақо мумкин эмас. Бу ишлар ҳам ҳаром амаллардан.
  3. Қабрларни дабдабали қилиш ва безашдан тийилиш керак. Чунки тирикларга фойдаси тегадиган пишиқ ғишт, тахта ва темир каби маҳсулотларни қабрга ишлатиш мумкин эмас. Гоҳида бир оилани бир йиллик харажатини қоплайдиган қийматдаги мармарлар билан қабрларни безаш ҳам кузатилади. Бу очиқ-ойдин исрофдир. Бу дабдалардан маййитга фойда йўқ. Фақат риёкорликка ярайди холос. Қабрларни бежирим қилиб лой билан суваб қўйиш ва белги бўладиган даражадаги тош қўйиш жоиз.

Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, барчамизнинг охирги борадиган манзилимиз бўлган қабристонларни қаровсиз ташлаб қўймаслик керак. Аввало, ўтганларни тартиб билан дафн қилиб, юриш учун алоҳида йўлакчалар қилиш, манзарали дарахтлар экиш ва тоза-озода сақлаш лозим. Ёввойи ёки уй ҳайвонлари қабристонга кириб қабрларни оёқости қилмаслиги учун керакли чоралар кўриш, иложи бўлса атрофини ўраш мақсадга мувофиқдир.

Қаровсиз қолган қабрларни тозалаш, обод этиш савобли ишдир. Бу каби савобли ишларни барча мусулмонлар сидқи дилдан бажаришлари, ўз яқинлари қабрлари аторифида шундай қабрлар бўлса, уларга ҳам эътибор қаратишлари даркор.

(Имом-хатиблар шу ўринда намозхонларни қабристонларнинг ободонлаштириш ишларига тарғиб этишлари сўралади). 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, динимизда жоиз бўлган ишларни, жумладан қабр зиёратини ҳам суннатга ва уламоларимизнинг тавсияларига мувофиқ бажарсак, кўзланган савоб ва мақсадлар ҳосил бўлади. Аксинча бидъат-хурофотларнинг изидан кетиб, нафақат динимизда буюрилмаган, балки ман қилинган ишларни қилишда давом этилса, дунё ва охиратда исроф, қийинчилик ва азобга сабаб бўлади.

 Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин, турли бидъат хурофотларга эргашишдан асрасин!

 

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси Ижтимоий иллатлар: Фирибгарлик ва ўзгалар молини ноҳақ ейишҳақида бўлади, иншааллоҳ.

 

Read 5013 times
Top