Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойида ожизона бажарган ибодатларимизни қабул қилсин. Ўзининг ибодатига тавфиқ бергани учун Раббимиз Аллоҳга беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!

Бугун Ислом динимиздаги катта байрамлардан бири – Ийдул-фитр куни. Бу вақт – бениҳоя хурсандчилик, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир.

Бу йил Рамазон кечаларида ўқилган таровеҳлар, хатми Қуръонлар жуда файзли ўтди. Мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни бошидан-охиригача тўлиқ тинглаш бахтига муяссар бўлдилар. Ваҳоланки, ўтган йиллар пандемия сабабли бу неъматларга ета олмаган эдик. Аллоҳга беадад шукрки, жорий йили пандемия шароитида бўлса ҳам, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, таровиҳ намозларини адо қилиш, хатми Қуръонларни амалга ошириш имкониятига эга бўлдик. Халқимизнинг тартибли, масъулиятли экани яна бир бор исботини топди. Хатми Қуръонлар чиройли тартиб билан ниҳоясига етди. Уламоларимиз ва имом-хатибларимиз намозхонларга ўзларининг ваъз-насиҳатларини бу ойда кўпроқ қилишга ҳаракат қилдилар.

Хуллас, бу муборак ойни ўзига яраша ҳурмат ва эҳтиром билан кўнгилдагидек кутиб олиб, рисоладагидек кузатишга муваффақ бўлдик, иншааллоҳ.

Мана шундай хурсандчилик кунларга эсон-омон, хотиржамликда етиб келганимиз учун Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз. Зеро Парвардигоримиз шукр қилувчи бандаларига неъматларини зиёда қилади, ношукрликнинг эса охири жуда ёмондир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ   

яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).

Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари айтилган бўлиб, унинг ҳукми то Қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши мумкин бўлиб қолади.

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса, қайтариш – айнан олижанобликдир. (Шайх Абдулазиз Мансур).

Бошқа ояти каримада шундай дейилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси 172-оят)

Бизга берилаётган яхшиликларга имконимиз борича яхшилик, солиҳ амаллар билан жавоб қайтармоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу маънони таъкидлаб, айтадилар:

مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ

(رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ الله عَنْهُ)

яъни: “Одамлардан миннатдор бўлмайдиган киши, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Азиз юртдошлар! Юрт тинчлиги ва фаровонлиги – катта неъматлардан биридир. Мана шундай юртда дин-диёнат, фан ва илм-маърифат, иқтисодий ҳаёт ривожланади. Халқимиз бекорга: “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади” – демаган. Нотинчлик, уруш-жанжал бўлган юртларда жамият ҳаётини қайта мўътадил ҳолатга келтириш учун узоқ йиллар талаб қилинади ва уруш-жанжалнинг асоратлари кўп муддатга чўзилади. Шундай экан тинчлик ишига ҳамма ўз ҳиссасини қўшиши – зиммасидаги бурчдир. Бунинг учун ҳар бир киши ўзига лойиқ ҳалол касб қилиши билан бирга, оиласи, жамият ва ватани олдидаги бурчларини виждонан бажариши керак.

Зеро, барчамиз юрт тинчлигига раҳна соладиган ҳар қандай фитналардан сақланишимиз ва юрт тинчлигини дадил ҳимоя қилишимиз шарт. Юрт ташқарисидан ёки ичимиздан чиқиб, халқ билан давлатни қарама-қарши қўймоқчи бўлган, ўртага совуқчилик, ўзаро ишончсизлик солмоқчи бўлганларга ҳеч ҳам ён бермаслигимиз керак. Яқинда икки қўшни мамлакат ўртасида рўй берган фожиали воқеалар, чегарадош Афғонистон мамлакати ҳудудида кун сайин рўй бераётган, ҳатто ёш гўдакларнинг ўлимига сабаб бўлаётган террорчилик ҳаракатлари барчамизга аччиқ сабоқ бўлиши керак. Доим Ватанимиз ва одамларга фойдали киши бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Шундай экан, ён-атрофимизда кечаётган, жамиятимиз барқарорлиги ва тақдири учун муҳим бўлган ижтимоий-сиёсий жараёнларга бепарво ва лоқайд бўлмаслигимиз, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни авайлаб-асрашда барчамиз ғайрат қилишимиз даркор.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ، وَأَحَبُّ الأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ سُرُورٌ تُدْخِلُهُ عَلَى مُسْلِمٍ، أَوْ تَكْشِفُ عَنْهُ كُرْبَةً، أَوْ تَطْرُدُ عَنْهُ جُوعًا، أَوْ تَقْضِي عَنْهُ دَيْنًا، وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي الْمَسْجِدِ شَهْرًا، وَمَنْ كَفَّ غَضَبَهُ سَتَرَ اللَّهُ عَوْرَتَهُ، وَمَنْ كَتَمَ غَيْظَهُ، وَلَوْ شَاءَ أَنْ يُمْضِيَهُ أَمْضَاهُ، مَلأَ اللَّهُ قَلْبَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ رِضًا، وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ، وَإِنَّ سُوءَ الْخُلُقِ يُفْسِدُ الْعَمَلَ، كَمَا يُفْسِدُ الْخَلُّ الْعَسَلَ

(رواه الامام الطبراني في الكبير، والامام ابن أبي الدنيا)

яъни: “Одамларнинг Аллоҳ таолога энг севимлиси – одамларга энг фойдаси кўп тегувчисидир. Амалларнинг Аллоҳ таолога энг севимлиси бир мусулмоннинг қалбига киритадиган хурсандчилигингиз ёки уни бирор ғамини кетказишингиз, ё унинг номидан қарзини адо қилишингиз, ё уни тўйдиришингиздир. Мусулмон биродаримнинг ҳожатини раво қилиш учун у билан юришим – масжидда бир ой эътикоф ўтиришимдан кўра менга севимлироқдир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ таоло унинг айбини яширади. Ким ғазабини сочишга қодир бўла туриб ҳам ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиш учун, унинг ҳожати раво бўлгунча бирга юрса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган Кунда унинг қадамини собит-мустаҳкам қилади. Сирка асални бузгани каби ёмон хулқ амални бузади(Имом Табароний ва Имом Ибн Абуд-дуня ривоят қилишган).

Инсондаги шукроналик қаноат ва сабр каби сифатлар билан камолига етади. Чунки одам ҳар қанча неъматлар ва ютуқларга эришмасин, қаноатли бўлмас экан, ношукрликдан қутула олмайди. Сабр-тоқатли бўлмас экан, яхши кунларга ета олмайди. Ояти каримада сабр ҳақида шундай дейилади:

 إِنَّهُ مَنْ يَتَّقِ وَيَصْبِرْ فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “...Дарҳақиқат, кимки Аллоҳдан қўрқиб, сабр қилса, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчиларнинг мукофотини зое қилмагай” (Юсуф сураси 90-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қаноат ҳақида шундай деганлар:

قَدْ أَفْلَحَ مَن أَسْلَمَ، وَرُزِقَ كَفَافًا، وَقَنَّعَهُ اللَّهُ 

(رواه الامامُ مسلم عن عبد الله بن عمرو)

яъни: “Мусулмон бўлган, етарли ризқ билан насибаланган ва Аллоҳ унга қаноат берган киши нажот топибди” (Имом Муслим ривоятлари).

Азизлар! Маълумки, Юртбошимиз томонидан 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажаги бўлмиш ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши муҳим ҳисобланади. Муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига чиройли хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади (Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” асари).

Ёшларимиз жамиятда ўзига муносиб ўринни эгаллагач, Ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишини, фарзанд ўстирган ҳар бир ота-она албатта ният қилади. Ана шу орзу кўрсатма ва иршодларга амал қилиш – бахт-саодат гаровидир. Демак, ота-оналар ва устозлар ёш фарзандларга одоб-аҳлоқ, илм ва касб ҳунарларни мукаммал ўргатиб қизиқтиришлари лозим. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар очиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, муқаддас динимиз таълимотларида инсон саломатлигига сабаб бўлувчи нарсаларга буюрилган ва ўз навбатида саломатликка зарар етказувчи ҳар қандай ишлардан қайтарилгандир. Хусусан, соғлиққа зарур берувчи барча амаллар ояти карима билан очиқдан-очиқ ҳаром қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва У Зотнинг саҳобалари бу борада умматга чиройли ўрнак бўлишган. Дарҳақиқат, халқимиз “Соғлом танда – соғ ақл” деб бежиз айтмаган. Албатта, инсоннинг тани соғлом булса, бор куч-қувватини, вақтини ва молини илм ўрганишга ва ўргатишга сарф қилади. Фарзандларимизни ёшлигидан соғлом турмуш тарзига ўргатиб, шунга мувофиқ тарзда ҳаёт кечиришга одатлантириш – биз ота-оналарнинг бурчимиздир.

Ҳурматли жамоа! Рамазон ойи – хайру саховат ойидир! Ислом динимиз наздида “хайру саховат” деганда, албатта, биринчи галда “муҳтожларга ёрдам бериш” тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ

وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир(Бақара сураси 261-оят).

Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бой қилган кишилар молларидан муҳтож ва камбағалларга закот, хайр эҳсон қилишлари – жамиятда бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.

Шу боис бу улуғ кунларни ғанимат билиб, савоб ва фазилатларидан умидвор бўлган ҳолда оиламиз, яқинларимиз, қўни-қўшни ва қариндошларимиз ҳолларидан хабар олишимиз даркор бўлади. Зеро яхшиликнинг ажри – фақат яхшиликдир! Бундай эзгу ишларимиз учун хонадонимиз ва юртимизга Меҳрибон Парвардигоримиз файзу футуҳ ва баракотларини ато этади.

Қадрли юртдошлар! Ҳайит бу – хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу, савобли ишлардан иборатдир! Ҳайит намозини адо этгандан сўнг, биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз ҳамда ёру-биродарларимизни зиёрат қиламиз. Улардан ҳол-аҳвол сўраш ва кўнгилларига хурсандчилик киритишга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечирсинлар, Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасиб бўлмасинлар.

Бугун – мусулмонларга қувонч улашиладиган кун! Шунинг учун бу улуғ кунларни азага, ҳафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилишимиз – яхши амал. Аммо булар Ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур. Айниқса, ҳайит кунлари фотиҳахонлик мақсадида хонама-хона юришларимизни қисқартириб, кишиларга озор бермайдиган тарзда ўтказсак, маъқул бўлади.

Умуман, ҳайит кунлари карантин талабларига риоя этишни унутмаслигимиз зарур. Ўзини беҳол сезаётган фуқаролар, айниқса, ковид аломатларини ҳис қилаётган юртдошларимизни уйда ўтириш, шифокорларга мурожаат қилиш ҳамда жамоавий тадбирларда қатнашмасликка чақирамиз. Шунингдек, ёши улуғ отахон-онахонлар бор оилаларда зиёратлар давомида кексаларга коронавирус юқтириб қўйишни олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриб қўйишимиз зарур.

Ҳурматли азизлар! Маълумки, Шаввол ойи ҳижрий сананинг унинчи ойи ҳисобланади. Бу ойда соғлиги ва имкони бўлган киши нафл рузасини тутса, Аллоҳ таоло у бандага кўп ажру мукофотларни беришини ваъда қилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ

(رَوَاهُ الإمام مسلم عَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, киши Рамазон рўзасини тутиб, шавволнинг олти кунида рўза тутса, бир йил давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан.

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек Шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда айтиб ўтилган.

Азизлар! Энди ҳайит намози қандай ўқилиши ҳақида суҳбатлашамиз. Биринчи, ният қилиб намозга киришилади. Яъни “Рамазон ҳайити намозини  Қиблага юзланган ҳолда, имомга иқтидо қилиб, ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади.

Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано (Субҳанакаллоҳумма...) дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам уч марта такбир айтади. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.

Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.

Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўлларини боғламай, ёнга ташлайдилар. Ва тўртинчи такбирни айтиб, рукуга борадилар ва сажда қиладилар. Саждадан сўнг ўтириб, ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб, намозни тугатадилар.

Яна бир-бор барча мўмин-мусулмонларни Рамазон Ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуои хайрлар қиламиз! Омин! 

 

2021 йил Рамазон ҳайити куни ва намозининг вақти

Муҳтарам имом-домла! Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий 2021 йил Рамазон ҳайити (Ийдул фитр)нинг биринчи куни 13 май (шаввол ойи 1 куни) пайшанба кунига тўғри келиши тўғрисидаги қарорини қабул қилди.

Шунга кўра, 2021 йил 13 май пайшанба куни Рамазон ҳайити намози Тошкент вақти билан соат 05:30 да, бошқа вилоятларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.

Аллоҳ таоло Рамазон ҳайити намозини барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин! Омин!

 

Рамазон ҳайити намозини вилоятларда

ўқиладиган вақтлари ҳақида

МАЪЛУМОТ

 

Вилоят

Намоз вақтлари

1.      

Андижон вилояти

05:20

2.      

Бухоро вилояти

05:50

3.      

Жиззах вилояти

05:40

4.      

Навоий вилояти

05:50

5.      

Наманган вилояти

05:20

6.      

Самарқанд вилояти

05:40

7.      

Сирдарё вилояти

05:35

8.      

Сурхондарё вилояти

05:40

9.      

Тошкент вилояти

05:35

10.            

Тошкент шаҳри

05:30

11.            

Фарғона вилояти

05:20

12.            

Хоразм вилояти

06:05

13.            

Қашқадарё вилояти

05:45

14.            

Қорақолпоғистон Республикаси

06:10

 

Эслатма: Ушбу жадвалда кўрсатилган вақтлар қуёш чиққанидан кейин 15-20 дақиқалик фарқни инобатга олиб белгиланди.

 

Read 4206 times
Download attachments:
Top