Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لِلَّهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ

ГИЁҲВАНДЛИК – ЎЗИНИ ҳалокатга ташлаШДИР!

Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири гиёҳвандликдир. Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Олимлар маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни ичишни “Ихтиёрий жиннилик”, деб аташади. Чунки гиёҳванд ўз ихтиёри билан ақли ҳушини йўқотади. Гиёҳвандлик ҳақида ҳам муқаддас динимизда керакли кўрсатмалар берилган.   

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:

... يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ ...

 (سورة الآعراف/157)

яъни: “... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” (Аъроф сураси 157- оят).

Динимиз ҳалол қилиб берган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва уни истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар:

"نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفْتِرٍ

 (رواه الإمام ابو داود)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳозирда айрим ёшлар орасида (“Трамадол”, “Лирика” каби) психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор. Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда бундай деганлар:

 كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ

   رواه الإمام مُسلم عَن ابْن عمرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما

яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир”  (Имом Муслим ривоятлари).

Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром эканлиги маълум бўлди. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:

لَعْنُ المُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنْيَا عُذِّبَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

(رواه الإمام الدارامي عن ثابتِ بن الضَحَّاكِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه)

яъни: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”  (Имом Дорамий ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! 2021 йилнинг биринчи ярмида гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида амалга оширилган тезкор-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик билан боғлиқ жами - 302 та ҳолатлар аниқланиб, ноқонуний муомаладан қарийб 74 кг гиёҳванд моддалари олинган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 20% ортган бўлиб, бу эса йилдан йилга гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб кетаётганлигини англатади.

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни ажримига сабаб бўлади, болаларни етим ва ногирон қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга маҳкум этади. Охир оқибат касаллик, узоқ муддат қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Бир жонни ўлдириш эса, у бевосита ёки билвосита, секин ёки тез бўлсин, динимизда қатъий қайтарилгандир.

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюрган:

 وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ

яъни: Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг (Нисо сураси 29-оят)

Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Заҳар ичиб ўз жонини қатл этган кимса жаҳаннам оловида заҳарини мангу ичади”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ислом дини инсон манфаати ва ҳуқуқлари тўла таъминлашини тарғиб қилади. Чунончи, динимизда инсон саломатлиги учун, умуман одамнинг ўзи ва атрофдагиларга зарарли бўлган ишлар ҳаром қилинган. Жумладан, ҳозирда айрим ёшлар ўртасида авж олаётган чилим чекиш одати ҳам шариатимиз томонидан қатъий қораланади. Чунки ушбу одат инсон саломатлигига зарарли, ҳатто инсонни ҳалок қилувчи экани, рак ва бошқа хавфли касалликларга сабаб бўлиши тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланган.

Муҳтарам жамоат! Аминмизки, орамизда гиёҳвандликка мойил кишилар йўқ. Биз ушбу маълумотларни эслатишимиздан мақсад жамиятимизда, хусусан ёшларимиз орасида учраётган ушбу иллатлардан огоҳ бўлайлик.

Ҳозирда айрим маҳаллаларда баъзи ёшлар турли дори воситасига одатланишлари бизнинг лоқайдлигимиз ортидан келиб чиқмаяптими?! Ярим кечаси маҳалла-кўйларда бехуда юрган, пана-паст жойларда яширин ишлар билан  ўтирган ёшларга ўз вақтида танбеҳ беришимиз, уларни зарарли иллатлардан огоҳлантиришимиз мусулмонлик вазифамиздир.  

Шунингдек, чиркин ва ҳаром нарсалар савдоси билан тез бой бўлиб қолишни истаган, қанчадан-қанча кишиларни умрига зомин бўлаётган кишиларга бефарқ қараб туриш ҳам мумкин эмас. Ёшларимизни захарлаб, дори воситаларини савдоси билан шуғулланаётган нокаслар ҳақида тегишли масъулларга ўз вақтида хабар беришимиз, уларни жиноятини фош қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларга ўз вақтида ёрдам қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарз эканини унутмайлик. Ҳар биримиз фарзандларимиз ҳамда ён-атрофимиздаги ёшларнинг тарбиясига бепарво бўлмай, уларни ҳам гуноҳ ва маъсият ишлардан огоҳлантирайлик. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ

(رواه الإمام مسلم)

яъни: “Сизлардан ким мункар – ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин...”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши ҳаром ва гуноҳ ишларга қарши фаол бўлиши зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дори-дармон савдоси билан шуғулланаётган айрим шахслар “Трамадол”, “Лирика” каби психотроп дориларни катта партияда харид қилаётганлар аслида уларни гиёҳвандларга сотиш учун олаётганини гўёки билмагандек бўлишлари ҳам ҳаром бўлиб, дунёвий жиҳатдан жиноятга, шаръий жиҳатдан гуноҳга шерикчилик ҳисобланади. Зеро, динимизда инсонларга зарар учун савдо қилиш асло мумкин эмас. Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

 وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Шундай экан, доимо ўзгаларга фойдаси тегадиган ва хайрли ишларда ҳамкорлик қилайлик ва гуноҳ ҳамда ўзгаларга зарари бор нарсаларни тарқатиш ва уларни кўпайтириш йўлида асло ҳамкорлик қилмайлик. Акс ҳолда қилмишимизга яраша икки дунёда ҳам жавобгар бўламиз. Аллоҳ сақласин!

Муҳтарам жамоат! Ҳар биримиз фарзандларимиз ва ёшларимизнинг тарбиясига, уларнинг кимлар билан ўртоқ бўлаётганига жиддий эътибор қаратишимиз даркор. Зеро, фарзандларимизни тўғри тарбияланиши учун дўстларини роли жуда катта. Шунинг учун ҳам Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳимаҳуллоҳ:

"أَصْلُ تَأْدِيبِ الصِّبْيَانِ الْحِفْظُ مِنْ قُرَنَاءِ السوء"

яъни: “Ёшларни тўғри тарбиялаш – уларни ёмон дўстлардан сақлаш билан бўлади”, деганлар (“Иҳёу улумид дин” китоби).

         Шайх Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобларида дўстнинг аҳамияти ҳақида қуйидаги ибратли мисрани келтирганлар:

       ﭘِسَرِ نُوحْ بَابَدَانْ بِنِشَسْتُ                                     خَانَدَانِ نُبُوَّتَشْ ﮔُومْ شُودْ

яъни: “Нуҳ алайҳиссаломнинг (Ём исмли) фарзандлари ёмонлар билан бирга юриб, пайғамбарликдан маҳрум бўлди”.  

Яъни, тарихдан маълумки, Нуҳ алайҳиссаломнинг барча фарзандлари пайғамбар бўлганлар, фақат Ём исмли фарзандлари ёмон кимсаларга қўшилиб, бу буюк  мартабадан- пайғамбарликдан маҳрум бўлди.

Демак, Пайғамбарнинг ўғилларига ёмон дўстларнинг таъсири бўлганидан кейин бизу сизнинг фарзандларимизга ёмон дўстларнинг таъсир қилиши аниқ албатта. Ёшларни нашавандикка ўргатадиган ва бундай ажал уруғи савдосига аралаштирадиган кимсалардан фарзандларимизни эҳтиёт қилиш барчамизнинг муҳим вазифамиз ҳисобланади.

Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

Азизлар! Маърузамизнинг давомида ҳозирги кунда энг кўп сўралаётган масалалардан бири бўлмиш  намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтиш борасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг жавобини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Савол: Намоз ўқиётган одамнинг олдидан кесиб ўтиб бўлмайди деб ўқиган эдим. Бир одам узоқдан кесиб ўтса бўлади деди. Шу тўғрими?

Жавоб: Агар намозхонни саждага қараб турган ҳолатида олдидан ўтаётган кишини кўзи илғамайдиган даражада узоқроқ жойдан ўтса бунинг зарари йўқ. Акс ҳолда унинг олдидан ўтиши жоиз эмас. Абу Жуҳайм разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима гуноҳ бўлишини билганида эди, намозхоннинг олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туриш унинг учун яхшироқ бўлар эди”, дедилар”. Абу Назр (ҳадисни Бусрдан ривоят қилган ровий:) “Қирқ кун” дедими, ёки “ой”, ё “йил”ми, билолмадим”, деган” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Намозхоннинг олдидан бирор кимса ўтиши хавфи бўлса намозини бошлашидан аввал олдига бирор тўсиқ қўйиб олиши керак бўлади. Буни шариатимизда сутра деб аталади. Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин.

Сутранинг эни камида бармоқ қалинлигича ва баландлигининг энг ками бир зиро (яъни ≈46,2 см) бўлиши керак. Оёқ билан сутранинг оралиғи намозхон бемалол сажда қила оладиган миқдорда бўлиши лозим.

Агар намозхоннинг олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлмаса, намоз ўқилаётган жой йўл бўлмаса, сутра қўймай намоз ўқиса ҳам бўлади.

Агар сутра бўлмаса ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтса, намозхон уни “Субҳаналлоҳ!” деб тасбеҳ айтиши ёки ишора қилиши билан қайтаради. Аёл кишилар эса ўнг қўлини чап қўлига уриб, қарсак каби овоз чиқариш ила қайтарадилар.

Намозхоннинг олдидан одам ёки ҳайвон ўтиши билан намоз бузилмайди, лекин юқорида айтилганидек, ўтувчи шахс гуноҳкор бўлади. Жамоат билан ўқилаётган фарз намозда имомнинг сутраси қавм учун ҳам етарли бўлади. Шунинг учун, киши сафни тўлдириш ёки таҳорати синиб қолганда ташқарига чиқиш учун иқтидо қилгувчиларнинг олдидан яъни сафлар орасидан кесиб ўтиши жоиз. (Манба: “Фатовои ҳиндийя” китоби).

Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва халқимизни фаровон қилиб, барчамизга икки дунё саодатини насиб қилсин! Омин!

 

Read 2991 times
Top