Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан муборак Рамазон ойини кундузларини рўзадор, кечаларини хатми Қуръонларда қоим бўлиб ўтказдик. Ибодатларни осон қилгани, завқу шавқ бергани учун Раббимиз Аллоҳ субҳанаҳу таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!

Барчамиз беҳад хурсандчилик билан динимиздаги катта байрамлардан бири – Ийдул-фитр кунида ҳозир бўлиб турибмиз. Бу вақт – ибодатларга савоб олинадиган, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир.

Динимизда Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларини мўмин-мусулмонлар учун байрам куни этиб белгиланган. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу қандай кунлар?”, деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадисдаги “фитр куни”дан мурод – Рамазон ҳайити кунидир. Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити кунларида ҳар бир мусулмон ўз хурсандчилиги, саховати ва юксак одоб-ахлоқини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилиши керак.

Бир ой давомида мўмин-мусулмонлар кўтаринки кайфиятда таровеҳлар, хатми Қуръонларда иштирок этдилар. Қуръони каримни бошидан-охиригача тўлиқ тинглаш бахтига муяссар бўлдилар. Бу ойда тажрибали, халққа манзур уламоларимиз ва имом-хатибларимиз бел боғлаб халқ хизматида бўлиб, юртдошларимизга маънавий озуқа бўладиган мавзуларда панд-насиҳатлар қилдилар.

Рамазон ойи давомида масжидда ибодат учун иштирок этиш, рўза тутиб нафсидан устун бўлиш, хайр-у садақотлар қилиш, чиройли хулқлар билан сифатланиш каби ишлар йил бўйи давом этиши лозим бўлади. Бу ойда ҳосил бўлган тақво ва чиройли хулқ келгуси Рамазон ойига қадар ҳам давомий бўлиши керак. Зеро, Рамазонда ғайрат қилиб қолган ойларда ғафлатда қолмайлик. Чунончи, Аллоҳ таолонинг раҳмат эшиклари доим очиқдир.

Исломдаги беш фарздан бошқа фарзлар ҳам борки улар жамиятдаги ўзаро дўстлик алоқалари, ҳалоллик ва бағрикенглик руҳи тарқалишига сабаб бўлади. Жумладан:

  1. Ота-онага яхшилик қилиш уларнинг розилигини олиш; Қуръони каримнинг бир нечта ўринларида Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга буюрган ўринларда ота-онага яхшилик қилишга буюради:

 وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

 (سورة النساء / الآية 36)

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).

  1. Силаи раҳм алоқаларини боғлаш; Қариндошлик алоқаларини узмаслик, аксинча мунтазам муносабатларни мустаҳкамлаш зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деди:

 وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ   

яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).

  1. Қўни-қўшничилик алоқаларини яхшилаш; Пайғамбармиз саллалоҳу алайҳи васаллам қўшнига яхшилик қилиш ва уни икром қилиш ҳақида бундай деганлар:

مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ

(رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин”  (Имом Бухорий ривояти).

  1. Ҳалол касб-кор қилиш, ҳаромдан четланиш; Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

لَأَنْ يَأخُذَ أحَدُكُمْ أحبُلَهُ ثُمَّ يَأتِيَ الجَبَلَ ، فَيَأْتِيَ بحُزمَةٍ مِنْ حَطَب عَلَى ظَهْرِهِ فَيَبِيعَهَا ، فَيكُفّ اللهُ بِهَا وَجْهَهُ ، خَيْرٌ لَهُ مِنْ أنْ يَسْألَ النَّاسَ ، أعْطَوْهُ أَوْ مَنَعُوهُ 

(رواه الامام البخاري عن الزبير بن العَوَّام رضي الله عنه)

яъни:Бирортангиз арқонини олиб тоққа бориши, у ердан бир боғ ўтинни орқалаб келиб, (одамларга) сотиши ва Аллоҳ шу (касб) сабабли уни тиланчиликдан асраши, унинг одамлардан тиланиши улар ё бериб, ё бермасликларидан яхшироқдир(Имом Бухорий ривояти).

  1. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш; Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ

وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

яъни: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

  1. Чиройли хулқларга амал қилиш; Гўзал хулқ – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

أناَ زَعِيْمٌ بِبَيْتٍ فِي رَبَضِ الْجَنَّةِ لمَن تَرَكَ الْمِرَاءَ وَإِنْ كَانَ مُحِقًّا ، وَبِبَيْتٍ فِي وَسَطِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الكَذِبَ وَإِنْ كَانَ مَازِحًا ، وَبِبَيْتٍ فِي أَعْلَى الْجَنَّةِ لِمَنْ حَسُنَ خُلُقُهُ 

(رواه الإمام أبو داود عن أبي أمامة الباهلي رضي الله عنه)

яъни: “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривояти).

  1. Илм ўрганиб, унга амал қилиш; Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир! Аллоҳ таоло айтади:

 يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

 ( سورة المجادلة/11)

яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

  1. Эр-хотинлик бурчларига амал қилиш; Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай марҳамат қилган:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).

  1. Фарзанд тарбиясига эътиборли бўлиш; Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай марҳамат қилдилар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Ота-она ва фарзанд тарбиясига масъул бўлган шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир!

Демак, юқорида зикр қилинган динимиз кўрсатмаларига барчамиз доимо амал қилиб яшасак, икки дунёда ҳам саодатли бандалар қаторида бўламиз, иншааллоҳ.

Муҳтарам жамоат! Куни кеча Президентимизнинг Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарори чиқди. Кейинги пайтларда гувоҳи бўлиб турганимиз, диний соҳада жадал ислоҳотлар давом этмоқда. Янги масжидлар очилиши, эскиларини қайта таъмирланиши, Умра зиёратининг қайта йўлга қўйилгани, ҳаж зиёратининг қайта йўлга қўйилиш арафасида турилгани, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази қурилиши қизғин давом этаётгани ва бошқа шу каби ишлар халқимиз маънавий ҳаётига кўтаринки кайфият олиб келди. Бундай ислоҳотлар ҳур, истиқболи порлоқ ватанимизга ярашади, албатта. Яна шуни унутмаслигимиз лозим, бундай ислоҳот-у ютуқлар одилона олиб борилаётган сиёсат, халқни рози қилиш учун қаттиқ ҳаракат ва тинчлик хотиржамликнинг натижасидир. Мана шу тинчлик фаровонликни сақлаб қолиш ҳар бир катта-кичик ватандошнинг бурчидир.   

    Азизлар! Энди ҳайит намози қандай ўқилиши ҳақида суҳбатлашамиз. Биринчи, ният қилиб намозга киришилади. Яъни, “Рамазон ҳайити намозини   имомга иқтидо қилган ҳолда ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади. Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано (Субҳанакаллоҳумма...) дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам қўлларини қулоқларига кўтариб уч марта такбир айтади. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.

Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.

Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта икки қўлни кўтариб, такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўлларини боғламай, ёнга ташлайдилар. Ва тўртинчи такбирни айтиб, рукуга борадилар ва сажда қиладилар. Саждадан сўнг ўтириб, ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб, намозни тугатадилар.

Яна бир-бор барча мўмин-мусулмонларни Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуои хайрлар қиламиз! Омин!

 

Read 4093 times
Download attachments:
Top