Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, унга тўғри йўлни кўрсатувчи Илоҳий Китоблар ва пайғамбарларини юбориб, улар орқали инсонларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён этгандир. Инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғи имон неъмати бўлиб, киши имони ва солиҳ амаллари туфайли дунёда фаровон ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади. Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиб, шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилинишини ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади: 

(وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  (سورة الإسراء/70

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).

Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда, албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Баъзан имон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида бу ҳолат инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан якун топади. Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутулишнинг энг нотўғри  йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш, демакдир. Чунки, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳаким зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан улкан исёндир.

Пайғамбаримиз ﷺ дан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Собит ибн Заҳҳок رضي الله عنه дан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар:

(عَن ثَابِت بنِ الضَّحَّاك رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "مَن قَتَلَ نَفسَهُ بِشَيء في الدُّنيَا عُذِّبَ بِهِ يَومَ القِيَامَةِ" (رواه الإمام البخارى

яъни: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади”. (Имом Бухорий ривояти).

Минг афсуски, ҳозирда айрим вилоятларда турли йўллар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари рўй бермоқда. Айниқса, бу аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ рўй бераётгани маълум бўлмоқда.

Муҳтарам жамоат! Инсон қилган гуноҳларига сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Аммо, инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу хатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан ғалабаси ҳисобланади. Бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?

Мазкур иллатни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи фильмлар орқали тасаввур қилиши, шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетиши бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Аксинча, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини, умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар ва савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсоннинг баркамол фазилати бўлиб ҳисобланади.

Азиз жамоат! Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”  китобларида ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ айтадилар:

 

عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "مَن تحَسَّى سَمًّا فَقَتَلَ نَفسَهُ فَسَمُّهُ فيِ يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فيِ نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فيِهَا أَبَدًا وَمَن قَتَلَ نَفسَهُ بِحَدَيدِةٍ فَحَدِيدُتُهُ فيِ يَدِهِ يَطعَنُ بِهَا فيِ بَطنِهِ فيِ نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَ مَن تَرَدَّى مِن جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفسَهُ فَهُوَ يَتَرَدَّى فيِ نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَ الَّذِى يَتَقَحَّمُ فِيهَا يَتَقَحَّمُ فيِ النَّارِ وَ الَّذِي يَخنُقُ نَفسَهُ يَخنُقُهَا فيِ النَّارِ"   متفق عليه

 

яъни: Абу Ҳурайра رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ айтадилар:“Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга  ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бошқа ҳадисда Расули акрам ﷺ марҳамат қилб:

 

عَن جُندُب بنِ سُفيَانَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَليهِ وَسَلَّمَ: "خَرَجَ بِرَجُلٍ فِيمَن كَانَ قَبلَكُم خَرَاجٌ فَلَمَّا آذَاهُ اِنتَزَعَ سَهمًا مِن كِنَانَتِهِ فَنَكَّأَهُ فَلَم يَرقَأ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ فَقَالَ اللهُ تَعَالَى: "بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَد حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ"

(رواه الإمام البخاري).

 

яъни: Жундуб ибн Суфён رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ айтадилар: “Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло:“Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим”, деди (Имом Бухроий ривояти).

Азизлар! Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

 

عَن عَلِيٍ بنِ شَيبَانَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "مَن بَاتَ فَوقَ بَيتٍ لَيسَ حَولَهُ شَيءٌ يَرُدُّ  قَدَمَيهِ فَوَقَعَ فَمَاتَ فَقَد بَرِئَت مِنهُ الذِّمَّةُ وَ مَن رَكِبَ البَحرَ بَعدَ مَا يَرتَجُّ  فَمَاتَ فَقَد بَرِئَت مِنهُ الذِّمَّةُ"

(رواه الإمام الحاكم)

 

яъни: Али ибн Шайбон رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким  уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти).

Шунга ўхшаш, авто уловнинг тезлигини ҳаддан ошириб ҳайдаш, ёки тамаки ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишга муккасидан кетиш оқибатида инсон ўз ҳаётига зомин бўлиши ҳам ўз жонига қасд қилган билан баробар. Шундай экан, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳолатлардан ўзини сақламоғлиги лозим бўлади.

Аммо руҳий касалликлар туфайли ўз жонига қасд қилганлар бундан мустасно. Зеро, ақл-ҳуши жойида бўлганларгина мукаллаф ҳисобланадилар. Яъни шариат кўрсатмаларини бажаришга ва тақиқларидан сақланишга буюрилган бўладилар.

Афсуски, ҳали жамиятимизда аёллар, ёшлар ичида турли арзимаган сабаблар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайтарилиб турибди. Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган бундай тоифа инсонларга яқинлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилиб берилмаслигидир. Шунинг учун барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканлигимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.

Муҳтарам азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимиз ҳанафий мазҳабимизда ғуслнинг фарзлари, суннатлари ва ғуслни вожиб қиладиган амаллар ҳақида бўлади.

 

Ғуслнинг фарзлари:

1) оғизга сув олиб томоққа етказиб ғарғара қилиш;

2) бурунни димоғни ачиштирадиган даражада сув билан чайқаш;

3) баданнинг ҳамма жойига сув етказиб ювиш (агар аёл кишининг сочи узун бўлиб, ўриб олган бўлса уни ечиши шарт эмас. Аммо, унинг тагигача сув етказиши шарт).  

 

Ғуслнинг суннатлари:

1) икки қўлини ювишдан бошлаш;

2) фаржини ювиш;

3) баданида нажосат бўлса, уни кетказиш;

4) намозга оладиган таҳоратни олиш;

5) ювишни бошдан бошлаш;

6) ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш;

7) турган жойидан чекиниб оёқларини ювиш;

 

Ғуслни вожиб қиладиган амаллар:

1) Оби манийнинг уйғоқ ёки уйқу ҳолатида шаҳват билан отилиб чиқиши;

2) эр-хотиннинг жинсий яқинлик қилиши;

3) аёл кишининг ҳайз ёки нифосдан покланиши.

 

Ғусл қилиш суннат бўлган вақтлар:

  • жума намози учун ғусл қилиш;
  • икки ҳайит намозлари учун ғусл қилиш;
  • ҳажда Арафа учун ғусл қилиш;
  • ҳажда эҳром кийиш учун ғусл қилиш.

 

Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва осойишта сақлаб, ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган хайрли ва савобли амаллар билан ўтказмоғимизни барчаларимизга муваффақ қилсин. Омин!

Read 6279 times
Download attachments:
Top