Жума мавъизалари

Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом динимизда қўшничилик ҳақлари риоя қилиниши лозим бўлган муҳим амаллардан саналади. Зеро, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамланишида қўшнилар ҳаққини адо этиш ҳам муҳим ўрин тутади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзигагина ибодат қилишга буюриш асносида жамиятдаги барча тоифа инсонлар қаторида қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюргандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا   (سورة النساء/36

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 36-оят).

Пайғамбаримиз ﷺ ҳам кўплаб ҳадисларида биз умматларини бунга тарғиб этганлар. Қуйида қўшничилик ҳақларига оид ҳадислар билан таништириб ўтамиз.

(عَنْ ابنِ عُمَرَ وَ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا قَالاَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "مَا زَالَ جِبْريلُ يُوصِيني بِالجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أنَّهُ سَيُورِّثُهُ" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни: Ибн Умар ва Оиша дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Жаброил доимо менга қўшнига яхшилик қилишга буюраверганидан охир оқибат уни меросхўр қилиб қўяди, деб ўйлаб қолдим” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, қўшнининг ҳаққи буюк ва жиддий аҳамият берилиши лозим бўлган ҳақлардан экан. Бошқа бир ҳадисда эса:

(عن أَبي ذر رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "يَا أَبَا ذَرٍّ، إِذَا طَبَخْتَ مَرَقَةً، فَأكثِرْ مَاءهَا، وَتَعَاهَدْ جِيرَانَكَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمُ

яъни: Абу Зар дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Эй, Абу Зар! Қачон шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ солгин ва қўшниларнингга ҳам илингин” (Имом Муслим ривояти). Ушбу ҳадисда қўшниларга эътиборли бўлиш, инсон ўзидаги арзимас нарсани ҳам қўшнисига илинишга тарғиб этиш маъноси бор. Айнан шу маънодаги бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:

(عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "يَا نِسَاء المُسْلِمَاتِ! لاَ تَحْقِرَنَّ جَارةٌ لِجَارَتِهَا وَلَوْ فِرْسِنَ شَاة" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни: Абу Ҳурайра дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Эй, муслима аёллар! Ҳеч бир қўшни қўшнисига қўйнинг туёғини беришга ҳам орланмасин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ хусусан, аёлларга мурожаат қилаётганларининг боиси аёллар орасида бир-бирларини камситиш одати мавжуд. Шунинг учун аёллар арзимас нарсани бир-бирларига эҳсон қилиб бераётган ёки олаётган  бўлсалар буни камситиш, деб билмасликларига чақирилмоқда. Оддий қилиб айтганда, егандан ортган таомни, қотган нонни, ҳатто сўйилган қовун-тарвузни ҳам увол бўлмаслиги учун қўни-қўшнига беришнинг айби йўқ.

Муҳтарам азизлар! Пайғамбаримиз ﷺ бир нечта ҳадисларида қўшничилик ҳақларини имон билан боғлаганлар. Яъни, кишининг имонининг бутунлигига қўшнисига қилган муомаласига қараб баҳо берилади.  Масалан, қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилади:

(عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "واللهِ لا يُؤْمِنُ، وَاللهِ لا يُؤْمِنُ، وَاللهِ لا يُؤْمِنُ! قِيلَ: "مَنْ يَا رَسُول الله؟" قَالَ: "الَّذِي لا يَأمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ!" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни: Абу Ҳурайра дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас!” Сўрашди: Ким, Ё, Расулуллоҳ? Дедилар: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кимса” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса:

(عن أنس رضي الله عنه، قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلّم: «مَا آمَنَ بِي مَنْ بَاتَ شَبْعَان وَ جَارُهُ جَائِعٌ إِلَى جَنْبِهِ وَهُوَ يَعْلَمُ بِهِ» (رَوَاهُ الإِمَامُ الْبَزَّارُ

яъни: Анас ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ён қўшниси оч эканлигини била туриб, тўқ ухлаган кимса менга имон келтирмабди” (Имом Баззор ривояти). Демак, мўмин киши ҳеч қачон фақат ўзини ўйламайди, балки ён атрофидаги қўни-қўшниларининг ҳолидан доимо хабардор бўлади, бирор мушкули бўлса, осон қилишга шошилади, муаммосини биргалашиб, ҳал этишга кўмаклашади. Яхшилик қилиш қўлидан келмаганда, ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилмасликка, зиён-заҳмат етказмасликка ҳаракат қилади. Имом Бухорий “Адабул-муфрад” китобларида ва Имом Абу Довуд “Сунан” китобларида қуйидаги ривоятни келтирадилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ 5 قَالَ، جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْكُو جَارَهُ فَقَالَ: "اذْهَبْ فَاصْبِرْ" فَأَتَاهُ مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا فَقَالَ: "اذْهَبْ فَاطْرَحْ مَتَاعَكَ فِي الطَّرِيقِ" فَطَرَحَ مَتَاعَهُ فِي الطَّرِيقِ، فَجَعَلَ النَّاسُ يَسْأَلُونَهُ فَيُخْبِرُهُمْ خَبَرَهُ فَجَعَلَ النَّاسُ يَلْعَنُونَهُ، فَعَلَ اللَّهُ بِهِ ، وَفَعَلَ وَفَعَلْ ، فَجَاءَ إِلَيْهِ جَارُهُ فَقَالَ لَهُ : ارْجِعْ لَا تَرَى مِنِّي شَيْئًا تَكْرَهُهُ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِي وَ الإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ

яъни: Абу Ҳурайра ﷺ ривоят қиладилар: “Бир киши Пайғамбар k нинг ҳузурларига қўшнисидан шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ k унга: “Бор, сабр қил”, дедилар. У киши яна икки-уч марта келгач, Расулуллоҳ ﷺ унга: “Боргинда, уйингдаги нарсаларни кўчага олиб чиқиб ташла”, дедилар. У уй жиҳозларини кўчага улоқтириб ташлади. Кўчадан ўтган одамлар бунинг сабабини сўраганларида, у бўлган воқеани уларга айтиб берар, одамлар эса озор бераётган қўшнига Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўрар, эдилар. Оқибатда қўшниси келиб, уйингга қайт, бундан кейин мендан ҳеч ҳам ёмонлик кўрмайсан, деб ялиниб ёлворди”.

Ибн Абу Шайба w ривоят қиладилар, Абдуллоҳ ибн Амр 0: “Мен сизларга учта фалокатни айтайми?” – дедилар. Айтинг, дейишди. Шунда у зот: “Яхшилик қилсанг миннатдор бўлмайдиган, ёмонлик қилсанг кечирмайдиган золим раҳбар. Яхшиликни кўрса, яширадиган, ёмонликни кўрса, фош қиладиган ёмон қўшни. Олдида бўлсанг ғазабингни қўзғатадиган, йўғингда хиёнат қиладиган ёмон хотин”, дедилар.

Динимизда кишининг яхши ёки ёмонлиги унинг ўз қўшниларига бўлган муносабатига қараб ҳам баҳоланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз k дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

(عَن عَبدِ اللهِ بنِ عَمَرو رَضِيَ اللهُ عَنُهمَا قَالَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "خَيْرُ الأَصْحَابِ عِنْدَ الله تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِصَاحِبِهِ، وَخَيرُ الجِيرَانِ عِنْدَ الله تَعَالَى خَيْرُهُمْ لِجَارِهِ" (رواه الإِمَامُ الترمذي

яъни: Абдуллоҳ ибн Амр дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Аллоҳнинг наздида дўстларнинг энг яхшиси ўз дўстига яхши муносабатда бўлгани, Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси ўз қўшнисига яхши муносабатда бўлганидир” (Имом Термизий ривояти). Ҳадисларда баён қилинишича тўрт тарафдан қирқта хонадон бир-бирига қўшни ҳисобланади. Қўшниларнинг ичида эҳсон қилинишига энг ҳақлиси энг яқин қўшнидир. Қўшнилардан қариндош ва диндоши энг ҳаққи кўп қўшни саналади. Қариндош бўлмаган ғайридин қўшнининг ҳам қўшнилик ҳаққини риоя қилиш лозим бўлади.

         Азиз намозхонлар! Юқоридаги оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, олимларимиз ўз фиқҳий китобларида қуйидаги қўшничилик ҳақларини санаб ўтганлар:

  • Қўшнининг ўзи томонидан тинчлигини таъминлаш;
  • Қўшнининг ўзига маълум сир-асрори ва айбу-нуқсонини фош қилмаслик;
  • Ҳурсандчилигига шерик, ғам-ташвиш ва мусибатига ҳамдард бўлиш;
  • Чақирганида лаббай деб бориш;
  • Бемор бўлса чиқиб кўриш;
  • Қўшниси муҳтож бўлганда қодир бўлса ёрдам бериш;
  • Қўшнисига ҳар қандай суратда озор етказишдан сақланиш;
  • Қўшнининг изнисиз унинг ҳовлисидан шамол ва қуёшни тўсадиган даражада деворини баланд кўтармаслик;
  • Уйни сотишда аввал ён қўшнига таклиф қилиш;
  • Қўшниси қарз сўраганида бор бўлса бериш;
  • Ўзаро аразлашган қўшниларни яраштиришга ошиқиш;
  • Қўшнидан етадиган озорга сабр қилиш;
  • Қўшнини ғийбат қилмаслик, ғийбат қилинганида эса уни ҳимоя қилиш;
  • Қўшнига биринчи бўлиб салом беришга ҳаракат қилиш;
  • Қўшни вафот этганда жанозасида қатнашиш.

 

Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-қўшнилар билан самимий алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчаларимизга насиб айласин. Омин!

Read 7659 times
Download attachments:
Top