Жума мавъизалари

 بسم الله الرحمن الرحيم

 ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ – ГУНОҲИ КАБИРА

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади:

  وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

 (سورة الإسراء/70).

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят). Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида инсоннинг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Собит ибн Заҳҳок (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:

 عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَاكِ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "مَن قَتَلَ نَفسَهُ بِشَيء في الدُّنيَا عُذِّبَ بِهِ يَومَ القِيَامَةِ"

(رواه الإمام البخاري).

яъни: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, Аллоҳ таоло азиз қилган инсоннинг ўз жонига қасд қилиши, ўз қонини тўкиши худди бошқаларнинг жонига қасд қилиш каби энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики:

 مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا

 (سورة المائدة/32).

яъни: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади: 

وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

 (سورة الأنعام/151).

яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

Муҳтарам жамоат! Шу муносабат билан афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки, шу кунларда айрим вилоятларда турли йўллар ила ўз жонига қасд қилиш воқеалари рўй бериб турибди. Айниқса, бу ҳодиса аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ рўй бераётгани маълум бўлмоқда. Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирганлар ҳақида махсус фатволар берилган. 

Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

 عَنْ عَلِيِّ بْنِ شَيْبَانَ رضي الله عنه - قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صلى الله عليه وسلم: "مَنْ بَاتَ فَوْقَ بَيْتٍ لَيْسَ حَوْلَهُ شَيْءٌ يَرُدُّ  قَدَمَيْهِ  فَوَقَعَ فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَةُ وَمَنْ رَكِبَ الْبَحْرَ بَعْدَمَا يَرْتَجُّ فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَةُ"

(رواه الإمام الحاكم).

яъни: Али ибн Шайбон р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Ким уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳам ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти).

Айни дамда, Ислом динида ўзини ўзи ўлдиришга олиб келадиган, инсон умрига зомин бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этиш лозим эмаслиги таъкидланган. Қуйидаги ривоят шунга далолат қилади:

 عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه قَالَ  بَعَثَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم سَرِيَّةً وَاسْتَعْمَلَ عَلَيْهِمْ رَجُلاً مِنَ الْأَنْصَارِ قَالَ فَلَمَّا خَرَجُوا قَالَ وَجَدَ عَلَيْهِمْ فِيْ شَيْءٍ فَقَالَ قَالَ لَهُمْ أَلَيْسَ قَدْ أَمَرَكُمْ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم أَنْ تُطِيْعُونِيْ قَالَ قَالُوا بَلَى قَالَ فَقَالَ اِجْمَعُوا حَطَبًا ثُمَّ دَعَا بِنَارٍ فَأَضْرَمَهَا فِيْهِ ثُمَّ قَالَ عَزَمْتُ عَلَيْكُمْ لَتَدْخُلَنَّهَا قَالَ فَهَمَّ الْقَوْمُ أَنْ يَدْخُلُوهَا قَالَ فَقَالَ لَهُمْ شَابٌّ مِنْهُمْ إِنَّمَا فَرَرْتُمْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم مِنَ النَّارِ فَلاَ تَعْجَلُوا حَتَّى تَلْقَوْا الْنَبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَإِنْ أَمَرَكُمْ أَنْ تَدْخُلُوهَا فَادْخُلُوا قَالَ فَرَجَعُوا إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَأَخْبَرُوهُ فَقَالَ لَهُمْ: "لَوْ دَخَلْتُمُوهَا مَا خَرَجْتُمْ مِنْهَا أَبَدًا إِنَّمَا الطَّاعَةُ فِيْ الْمَعْرُوفِ"

(رواه الإمام احمد).

яъни: Али (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) бир жойга қўшин юбориб, уларга ансорлардан бирини раҳбар этиб тайинладилар. Йўлга чиқишгач, раҳбар уларни синамоқчи бўлиб: Расулуллоҳ (с.а.в.) сизларни менга итоат этмоғингизга буюрганлар, шундай эмас-ми? – деди. Улар: Ҳудди шундай, дейишди. Шундай экан, ўтин тўпланглар, деди ва олов келтириб, унга ўт ёқди, сўнгра: мана шу оташ ичига киришингларга буюраман, деди. Улар оташ ичига киришга шайланиб турганларида ораларидан бир йигит: Расулуллоҳнинг ҳузурларига айнан оташдан қочиб келган эдингиз-ку, бас шошилманг, аввал Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига боринг, агар оташга киришингизга У зот ҳам буюрсалар кирасизлар, деди. Шундан кейин Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар оташга кирганингизда ундан абадий чиқа олмас эдингиз. Итоат фақат шариатга мувофиқ ишлардадир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Афсуски, бугунги кунда баъзи адашганлар турли раҳнамоларнинг буйруқлари ва фатволарига таяниб, ўзларини портлатиб ширин жонларига қасд қилишни ҳалол санамоқдалар. Юқорида келтирилган ҳадис, айнан мана шундай тоифадаги кишиларнинг қилаётган ишлари хато эканига ёрқин далил бўлади.

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида саждаи саҳв (яъни: унитиш саждаси) ҳақида суҳбатлашамиз.

Саждаи саҳв қилиш вожиб амаллардан бўлиб, намоздаги маълум бир тартиб-қоида бузулган пайтда бажарилади. Саждаи саҳв билан қилинган хато тузатилган ҳисобланади. Саждаи саҳв қуйидагича бўлади: Охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқигандан кейин ўнг томонга салом берилади, сўнгра икки марта сажда қилинади, саждадан қайтиб ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқилади, сўнгра икки тарафга салом бериб намоз тугатилади.

Саждаи саҳвни қуйидаги ҳолларда бажариш вожиб бўлади:

  • агар намоз ичидаги фарзлардан бири ўз ўрнидан олдин бажарилса, масалан, қироат қилмай рукуга кетиб, рукудан қайтиб қироат қилса;
  • бир фарз ўз ўрнидан кечиктирилса. Масалан, тўрт ракатли намознинг биринчи қаъдасида ташаҳҳуддан сўнг учинчи ракатга турмай салавотни энг камида “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад”гача ўқиса, аммо ундан оз бўлса саждаи саҳв лозим бўлмайди;
  • бир фарзни такрор қилса, масалан, икки марта руку қилса, ёки уч марта сажда қилса;
  • бир вожиб амални ўзгартирса, масалан, махфий қироат қилинадиган жойда жаҳрий қироат қилса ёки акси бўлса;
  • бирор вожибни бажармаса, масалан, тўрт ракатли намознинг биринчи қаъдасида ўтирмаса.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва осойишта сақлаб, ҳаётимизни Ўзи рози бўладиган хайрли ва савобли амаллар билан ўтказмоғимизни барчаларимизга муваффақ қилсин! Омин! 

Read 5092 times
Download attachments:
Top