Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло барча махлуқоти ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратди. Унга Ердаги жуда кўп нарсаларни бўйсундириб қўйган ва саноғига етиб бўлмас неъматларини берган. Бу билан буюк Парвардигоримиз инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амалларни қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дин ва жамиятга наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Ўзига ибодат қилувчи, ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо қилувчи бўлишга ва фақат покиза нарсаларни истеъмол қилишга даъват этади. Ислом дини мусулмонларнинг ақли, насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Аммо, жамиятда шундай иллат ва балолар борки, улар юқорида тилга олинган барча инсоний асосларга бирдек таҳдид қилади. Ана шундай ҳалокатли иллатлардан бири гиёҳвандликдир.

Уламолар гиёҳванд моддаларни Қуръонда зикр қилинган нопок нарсаларга ва хамрга қиёс қилиб ҳаром эканлигига фатво берганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда нопок нарсаларни ҳаромлиги ҳақида марҳамат қилади;

الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُمْ

(بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آَمَنُوا بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُوا النُّورَ الَّذِي أُنْزِلَ مَعَهُ أُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ   (سورة الأعراف/157

яъни: “Улар Маккалик элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир», (Аъроф сураси, 157 оят).

         Ояти каримага кўра, ҳар бир пок нарса мубоҳ (мумкин) ва ҳар бир нопок нарса ҳаромдир. Уламолар гиёҳванд моддаларнинг барча тури энг ёмон нопок ва энг зарарли нарсаларга қиёс қилиб, юқоридаги оят билан ҳаром бўлади дейдилар.

Мирқот ас-Суъуд китобида қуйидаги ривоят келтирилади, Аъжам давлатидан бир киши Қоҳира шаҳрига келиб гиёҳванд модданинг ҳаромлигига далил сўрайди. Мазкур масала юзасидан мажлис ташкил этилиб, унда ўз даврининг етук уламолари иштирок этади. Йиғилишда Ҳофиз Зайниддин ал-Ироқий гиёҳванд моддани ҳаромлигига Ибни Умар Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган.

عن ابن عمر عن أم سلمة رضي الله عنها قالت: " نَهَى النبى صلى الله عليه وسلم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ

 (وَ مُفَتِّرٍ " (رواه أحمد و ابو داود

яъни: “Пайғамбар (сав) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

ҳадисни далил қилиб, мажлисга йиғилганларни қойил (ҳайратда) қолдирди.

Ҳанафий мазҳаби олимларидан Ибн Шуҳна мазҳаб уламоларининг сўзларидан иқтибос келтириб, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ҳаром бўлади. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаби уламолари гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ҳаром эканлигига, уни ёндириб ташлашга, сотган кимсага жазо тайинланишига ҳамда истеъмол қилувчи шахсларга нисбатан қаттиқ жазога тортилишига фатво берганлар. Бугунги кунда ҳам ҳанафий ва шофеий мазҳаби уламолари фатвосига кўра, гиёҳванд моддалар ҳаромдир. Уламоларимиз “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни ҳалол деган одам бидъатчи кофир” бўлади деганлар.

Ибн Ҳажар Аз-Завожир китобида Моликий мазҳаби уламоларидан Қарофийни фатвосини иқтибос қилиб, “Гиёҳванд моддаларни ҳаромлигига ижмо қилинган, ким ўша моддаларни ҳалол деса, кофир бўлади” -деган.

Ҳанбалий маҳзаби уламолари эса, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўлса унга жаноза намози ўқилмайди ва мусулмонларнинг қабрларига қўйилмайди” деб фатво берганлар.

Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари беш нарсани муҳофазасини мақсад қилган. Улар дин, нафс (жон), мол, ақл ва насл. Шариат олимлари уни “Беш зарурат” деб номлаганлар. Имом Ғаззолий Беш зарурат ҳақида: “Албатта, фойдани жалб қилиш, зарарни даф қилиш Ҳақнинг ҳоҳиши ва халқнинг туб мақсадларини ҳосил қилишдаги эзгу ишдир. Лекин, биз назарда тутган риоя қилиниши зарур бўлган манфаат шариат мақсадидир. Шариатнинг халқдан кўзлаган мақсади бешта бўлиб, халқнинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини сақлашдир. Мазкур беш нарсага амал қилиш манфаатдир лекин, уни йўқ бўлиши офатдир” деганлар.

Гиёҳванд моддалари шариат кўзда тутган беш заруратга бир вақтни ўзида бирдек зарар келтиради. У одамни диндан чиқаради, нафсига (жонига) завол бўлади, молини беҳудага совуради, ақлини заифлаштиради ва наслини йўқ қилади.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни кўплаб зарарлари бор. Аллома Ибн Ҳожар Маккийнинг “Фатовои Кабир” китобида, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади. Шунингдек, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади”.

Фазилатли Шайх Маҳмуд Шалтут (р.а) ўзининг фатволарида: “Гиёҳвандлик кишилардаги мардлик ва олийжаноблик каби яхши сифатларни кетказади. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсонни ваъдасига вафо қилмайдиган, ишонч билдирилса ишончни оқламайдиган гапирса ёлғон гапридаган қилади. Инсондаги масъулият ва қард-қиммат туйғуларини йўқ қилиб, унда қўрқинч, хавф-хатар, қабиҳлик ва пасткашликни пайдо қилади. Унда ўзига ва ўзи билан барга яшайдиганларга нисбата хиёнат туйғулари эгаллайди. Бу билан жамиятда вабо юқтирган яроқсиз кимсага айланади”, дейди.

Ад-Дин ва ал-Илм фий Муважиҳати ал-Мухаддарот китобида: “Исломдаги тўрт мазҳаб олимлари гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, экиш, етиштириш, сотиш, тарқатиш, истеъмол қилишни тарғиб қилиш, истеъмол қилиш ҳаромлигига фатво берганлар ва шуғулланган шахсларга нисбатан жазо кўлланишига иттифоқ қилганлар. Гиёҳвандлик билан шуғулланиш ҳаром касб ҳисобланади, у билан шуғулланган одам охиратда дўзахда бўлади. Гиёҳвандлик билан шуғулланувчи ёки уларни истеъмол қилувчи одамларни тўғри йўлга бошлаш, Расул акрам соллаллоҳу алайҳи вассалам айтганларидек, Аллоҳ учун, унинг расули учун ва мусулмонлар учун насиҳат бўлади”, дейилган.

Азиз намозхонлар! Шу ўринда таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддалар савдоси дунёнинг турли нуқталаридаги барқарорлик, хавфсизлик ва одамлар соғлиғига жиддий путур етказмоқда. Ҳар йили ўртача 200 минг киши бу балонинг зараридан ҳаётдан кўз юмаяпти.

Муҳтарам жамоат! Ҳозирги кунда инсоният учун энг хавфли таҳдидлардан бири бу терроризм балосидир. Гиёҳванд моддалар савдосидан келаётган маблағлар эса ана шу жирканч балога, инсонларни ҳалок қилишликка молиявий таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Бу жуда аянчлидир. Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан майиб мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланди. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилган ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Давлатимизнинг саъйи-ҳаракати ҳам ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажраб турадиган намунали жамият қуришга қаратилган. Шунинг учун юртимизда барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб борилади. Ҳозирда оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.

Муҳтарам намозхонлар! Гиёҳвандлик каби тамаки чекиш ҳам мусулмон ахлоқига ва турмуш тарзига зид бўлган зарарли одатлардандир. Тамаки чекиш ҳозирги пайтда жуда кенг тарқалган, бунинг кулфатидан ёшу қари, эркагу аёл баравар азият чекаётган энг ёмон иллатлардан саналади. Тамаки чекиш инсон саломатлигига жиддий хавф бўлиб, бунинг оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга гирифтор бўлинади. Шу соҳа мутахассислари маълумотларига кўра, чекувчиларнинг етмиш фоизи ўпка саратонига (рак), ўн фоизи қизилўнгач саратонига чалинар экан. Чекувчиларнинг юрак, ўпка, қон-томир, оғиз бўшлиғи касалликларига чалинишлари жуда осон. Тамаки чекишнинг бундан бошқа зиёнлари кўп, айниқса у тамаки чекмайдиган, аммо чекувчилар билан доимо ёнма-ён бўладиган кишилар ва болаларга кўпроқ зарар етказар экан.

Кейинги пайтларда бу зарарли офат нафақат эркаклар, ҳатто аёллар
ва ўсмирлар ўртасида ҳам кузатилмоқда. Бу эса, аёллардан туғилажак фарзандлар саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатяпти. Янги туғилаётган чақалоқларда шайтонлаш синдроми, тутқаноққа ўта мойиллик, турли бошқа касалликлар кўпайишига сабаб бўлаётир.

 Ҳурматли жамоат! Эҳтимол, баъзиларимиз “Биз бундай зарарли иллатлардан йироқмиз”, деб ўйлашлари мумкин. Аммо мусулмон кишининг зиммасида шундайин улуғ вазифа ҳам борки, у ўзи мўмин ва тақволи бўлиш билан бирга жамиятдаги бошқа инсонларни ҳам шундай бўлишга чорлаши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек,

" عن أنس بن مالك أن رسول الله صلى الله عليه لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتىَّ يُحِبُّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ "

 (رواه البخارى و ﻣﺴﻠﻢ)

яъни, “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи севган нарсани биродарига ҳам бўлишини истамагунча ҳақиқий мўмин бўлмайди” (Бухорий ва Муслим ривояти). Ушбу ҳадисдан шу нарсани тушунишимиз керакки, яъни ўзига раво кўрган фаровон ҳаёт, соғлиқ ва саломатликни бошқаларга ҳам раво кўриш, уларни ҳалокатга етакловчи иллатлардан қайтариш ҳақиқий мўминлик аломатларидандир. Шунинг учун маҳалла-кўй, ташкилот ва ўқув юртларида ёшларга гиёҳвандлик ва чекишнинг зарарлари, офатлари ҳақида батафсил тушунтирайлик, уларни бу қалтис йўлдан қайтаришга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қилайлик! Аллоҳ таоло барчаларимизни ақл ва соғликка, ахлоқ ва динимизга тажовуз қилувчи зарарли иллатлардан Ўз паноҳида асрасин! Гиёҳвандлик каби ижтимоий иллатларга қарши олиб бораётган саъй-ҳаракатларимизнинг самарали бўлишида Аллоҳ таоло барчаларимизга ёру мададкор бўлиб, катта муваффақиятларни ато қилсин! Омин.

Read 8041 times
Download attachments:
Top