muslim.uz.umi
Икки ҳамд ила Аллоҳнинг розилиги
Аллоҳ таоло ўз бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зотки, кичик амалларга ҳам улкан ажр-мукофот беради. Икки марта “Алҳамдулиллаҳ” дейиши туфайли бандасидан рози бўладиган Зот нақадар саховатлидир!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Банда овқат еб, ортидан ҳамд айтса ёки ичимлик ичиб, ҳамд айтса, Аллоҳ (у) бандасидан рози бўлади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳнинг розилиги эса улкан мукофотдир. Қуръони каримда: «...Аллоҳнинг розилиги эса, ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу Буюк саодатдир» (Тавба сураси, 72-оят), дейилган.
Қиёматда афзал кишилар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким тонг отганида ва кеч тушганида “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб юз мартадан айтса, қиёмат куни фақат шунча айтган ёки ундан кўпроқ айтган кимсагина ундан афзалроқ нарса билан келади» (Имом Бухорий ривояти).
Қўл бериб кўришиш эвазига мағфират
Бир мусулмоннинг биродари билан қўл бериб кўришиши туфайли уларнинг гуноҳи мағрифат қилинади.
Баро розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, улар айрилмасларидан олдин гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар (Имом Термизий ривояти).
«Саноқли дақиқаларда тоғдай савоблар» китобидан
Фарзандингиз билан маслаҳатлашасизми?
Саволни бежиз бундай қўймадим. Чунки ота-онанинг фарзанди, фарзандларнинг эса ота-оналари билан маслаҳатлашмай иш қилиш ҳолати кўп учрамоқда. Ёмони, бу баъзан оилавий келишмовчиликларга сабаб бўляпти.
Айниқса, ота ўғлининг, она қизининг маслаҳатсиз иш қилишидан норози бўлган ҳолатлар кўп. Хўш, ўзаро бундай муносабатда ким айбдор – ота-онами ёки фарзандлар?
Баҳс туғдириши мумкин бўлган бу саволга, мен айб кўпроқ ота-онада деган бўлардим. Нега? Чунки бола тарбиянинг асосий қисмини уйида, оилада олади.
Бугун маслаҳатлашмагани учун боласидан хафа бўлган ота-она боласи ёш бўлганида унга ҳар бир ишни маслаҳатлашиб қилиш кераклигини ўргатганми? Йўқ. Аксинча, фарзанди гўдаклик чоғидан отаси ёки онаси ҳар қандай ишни ҳеч ким билан маслаҳатлашмай қилганини кўриб улғайган ва энди у ёшлигида катталардан ўрганган ишни такрорлаяпти.
Агар ота-она баъзи қилинадиган ишларда фарзанди фикри билан қизиқса, бу фойдадан холи бўлмаганига вақт ўтиб амин бўлади. Масалан, ҳовлида яшайдиган оилада ота эрта баҳорда ерни экинга тайёрлашдан олдин ўғлини чақириб, “Нима дейсан, экин экишни бошлаймизми”, деб фикрини сўраса, бола кўнглига дадам мен билан маслаҳатлашяпти деган фикр келади. Кун очиқ вақтда ер ағдариб, жўяк олиб, экин экилмаса, эрта ёмғир ёғса, бу ишни қилиш бир ҳафтага кечикиши мумкинлиги, бу эса ҳосил етилиши бир ойга ортга сурилишига олиб келиши тушунтирилса, бола бу борада ҳам ўқувли бўлади, ҳам отам мен билан қиладиган ишини маслаҳатлашяпти, деб ғурурланади.
Она ҳам қизлари билан маслаҳатлашгандек қилиб улар қилиши керак бўлган ишларни ўргатиб борса, қизларида бирор ишни қилишдан олдин маслаҳатлашиш керак деган тушунча шаклланиб боради ва бу кўникма уларнинг келгуси ҳаётларида маҳим қарорлар қабул қилишда қўл келади.
Ҳатто буюк саркарда Амир Темур ҳам ҳар бир юришини кенгаш муҳокамасидан ўтказгани ҳақида тузукларида келтириб ўтган. Оилада нарса сотиб олиш бўладими ёки бирор тадбир ўтказиш, бу балки оилавий дам олишни ташкиллаштириш бўлар, умуман, бутун оилага тааллуқли бўлган бирор бир қарор қабул қилишда, агар бунда болалар иштироки ўринли бўлса, улар фикрини сўраш орқали миясига келусида ҳар қандай ишни олдин маслаҳатлашиб, кейин қилиш керак экан тушунча пайдо бўлади. Унга амал қилишни ўрганган фарзандлар эса ҳаёт йўлларида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни қийналмай енгиб ўтиш имкониятига эга бўлади.
Балки сизда бошқа фикр, таклифлар ҳам бордик. Бу борада мулоҳаза юритинг, ёзинг, мунозарага киришайлик.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ.
“Моида” сураси 56-оят: Эгри ва тўғри талқин
Қазои қадарга иймон
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик” дея марҳамат қилади (Қамар сураси, 49-оят). Ўзбек тилида “ўлчов” маъносини берган сўз оятда “қадар” деб келган.
Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар: “Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”. “Қадар – ўша нарсалар Аллоҳ таолонинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло бандаларнинг қиладиган ишларини аввалдан билади. Бироқ ихтиёрни ўзларига берган.
Бу борада уламолар инсон феълини икки қисмга бўлган:
Биринчи қисм – дунёда инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон гавдасининг турлича, (новча ёки паст бўйли) ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги, ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега новча ёки пакана?” ёхуд “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?” деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожибдир.
Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Бошқача айтганда, банда бирор ишни амалга ошириши учун унга ички ва ташқи омиллар таъсир қилади. Бу омилларни Аллоҳ таоло банданинг хоҳишига кўра яратади. Банда ана шу хоҳишга масъул бўлади.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масала юзасидан бундай деган: “Аллоҳ барча нарсаларни яратмасидан олдин ҳам, азалдан билар эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг Ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат Унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлади. Лекин ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас” (“Фиқҳул акбар”).
Бандага ихтиёр берилгани ҳақида Қуръони каримнинг бир қанча оятларида хабар берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Сен: “Бу ҳақ Раббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин”, дегин» (Каҳф сураси, 29-оят).
Бошқа бир оятда бундай хабар берилган: «Сен: “Эй одамлар, сизга Раббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман”, деб айт» (Юнус сураси, 108-оят).
Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло ҳидоят ёки залолат йўлларини танлашни банданинг ихтиёрига ҳавола этмоқда. Банда қайси бирини танласа, ўшанга Аллоҳ йўллаб қўяди. Банда эса, танловига кўра ё савоб ё гуноҳга эга бўлади. Демак, қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур.
Агар буни ҳаётий мисол асосида оладиган бўлсак, устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳонга киришдан олдин фалончи “аъло” баҳо олади, пистончи “яхши” баҳо олади, деб айтиши мумкин. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқади. Шогирдлар устоз айтган шу гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?! Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун чексиз илм соҳиби, қудратли Аллоҳ азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?!
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бандага яхшилик ёки ёмонлик, иймон ёки куфрни танлаш ихтиёрини берган. У ана шу ихтиёрни яхши ишларга боғласа, савоб олади. Агар ман қилинган ишни ихтиёр этса, жазога гирифтор бўлиши муқаррар.
Жаъфархон СЎФИЕВ, Тўрақўрғон тумани,
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби