muslim.uz.umi
Никоҳ ҳам ибодат
Сарлавҳани ўқиб, никоҳ ҳам ибодат бўлиши мумкинми, дейишга шошилманг. Биз ибодат деганда фақат намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни тушуниб қолганмиз. Аслида, ибодатнинг қамрови кенг. Холис Аллоҳ учун қилинган ҳар бир амал ибодатдир.
Оила қадр-қиммат, меҳр-оқибат, яхшилик, эзгулик, инсоф-диёнат, тўғрилик ўргатиладиган, минг йиллик урф-одатларимиз илдиз отадиган ажойиб гўшадир. Оилада болалар тарбияланади, диний қадриятлар улуғланади. Бир сўз билан айтганда, бу маскан инсон камолотида муҳим ўрин тутади.
Муқаддас динимиз таълимоти биз мўмин-мусулмонларга соғлом эътиқодни, ибодатларни адо этиш тартибини ўргатиш билан бирга, муомалот маслаларида ҳам ўзининг илоҳий кўратмаларини берган.
Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунларни жорий қилган. Оила қуриш Исломдан аввал ҳам бўлган, лекин оилада эрнинг ва аёлнинг ҳуқуқлари ва масъулиятлари тўлиқ кўрсатиб берилмаган. Ислом келгач, бу масала ҳам ҳал этилди.
Аллоҳ таоло барча мавжудотларни жуфт-жуфт қилиб яратди. Бу ҳақда Рум сурасида марҳамат қилади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (21-оят).
Жамиятнинг шоҳасари бўлган оила қуришга тайёрланиш, никоҳ қуриб, умматнинг сафини кенгайтириш йўлида елиб-югуриш ҳам ибодатдир. Намозимиз мукаммал бўлиши учун, аввало, таҳоратни тўлиқ қилиш керак. Рўзамиз тўкис бўлиши учун нафсимизни тийганимиз каби никоҳимиз барқарор бўлиши учун оила илмини билишимиз керак.
Одам вафот этса, ҳамма иши тўхтайди. Илло, никоҳ жаннатда ҳам давом этади. “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”, дейилади “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ” фаслида.
Шундай экан, оилага, турмуш қуриш масаласига панжа орасидан қарамаслик керак. Бу масалага беэътибор бўлган жамият таназзулга маҳкум эканини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.
Дунё миқёсида Бельгия 70 фоиз ажрим билан оилаларнинг барбод бўлиши бўйича биринчи ўринда, Чили 3 фоиз ажрим билан охирги ўринда турибди. Юртимизда ҳам оилавий ажримлар кўпаяётганини кишини ташвишга солади.
Ота-оналар фарзандини ёш, одоб-ахлоқ жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига қаноат ҳосил қилишлари, сўнг никоҳдан ўтказишлари шарт. Умр савдоси бўлган никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ҳамда кенгаш билан амалга оширилгани маъқул. Зеро, ҳадиси шарифда: “Қизларни турмушга бериш борасида оналари билан маслаҳатлашинглар”, дейилган.
Эрта никоҳ ҳам қатъий қораланади. Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва Баттийлар мутлақо салбий фикр билдиришган. Ислом шариатида хотин-қизларни ҳам илм-маърифатли, ҳаётида зарур бўладиган маълумотларга эга бўлишларига ундовчи ҳадислар кўп. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, дея марҳамат қилганлар.
Балоғат ёши – бу камолот ёши эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби ҳам бутунлай ўзгача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотига кўра, илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур кўникмаларни ўрганиш ҳар бир аёлга фарздир. Булардан олдин турмушга чиққан қизнинг ўқишлари сустлашгани, оила юмушларида қийналгани, эпсиз уй бекаси ҳамда бўлажак фарзандларнинг тарбияси ишончсиз қўлларда қолганининг гувоҳи бўлинади. Илмли, касб-ҳунарли аёлгина фарзандини яхши инсон қилиб тарбиялай олади.
Хуллас, никоҳ ва оила қуриш жуда катта масъулият ва ибодатдир. Бежиз Мирзо Кенжабек:
Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг,
Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир.
Бу Исломдир, бутун умринг ибодат ҳолига келгай,
Ва огоҳлик билан ўтган шу фурсат ҳам ибодатдир, демаган.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий (1-мақола)
Жанубий Осиё минтақасида “Умматнинг руҳий шифокори” номи билан донг таратган ва миллатнинг янгиловчиси бўлмиш Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий XX аср Ислом қайта уйғониш даврининг энг машҳур намоёндаларидан бири эди. Мавлоно Таҳонавий “Ўз даврининг етук олими, серҳосил илмий маърифий китоблар муаллифи ва Ҳиндистон давлатининг буюк сўфийларидан”.
“У жуда тиришқоқ ҳаёт кечирар эди: таълим берар, яхши амалларга тарғиб қилар, китоблар ёзар, мавъизалар ўтказар эди, вақти-вақти билан сафарларга ҳам уюштириб турар эдилар” (“Наим”, 94). У берган таълимотларнинг ҳаққонийлиги ва мўътадиллиги унинг тез орада машҳурлик соҳибига айланишини таъминлади. Мавлоно Таҳонавий Қуръони каримнинг мана бу оятига мос келар эди: “Шунингдек, (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби) сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик” ("Бақара" сураси, 143-оят).
У ўқиган маърузаларда ниҳоятда чуқур Исломий билим ётар эди. Ҳиндистоннинг фақиҳ уламоси Қосимий у ҳақда шундай деган: “Унинг маърузалари ичида Ислом илми қамраб олмаган қисмини топиш мушкул”.
Олимнинг диний услуби ва баъзи саволларга унинг ўзгача фикрий ёндашуви бу инсоннинг Ислом шариатини чуқур билимдони эканига далолат қилади. Унинг теран ақли, Аллоҳ ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қўйган муҳаббати, вақтни тўғри тақсимлаши, кенг дунёқараши, ўзгача янги ва шу билан бирга диний таълимотга аслий ёндашуви Ислом оламида ўчмас из қолдирди.
Инсонлар қалбида бу инсон ўта билимдон шайх, унумли меҳнат соҳиби, Исломий ҳуқуқ масалалари устаси ва Ислом анъаналари ҳимоячиси сифатида муҳрланиб қолади. Ўша даврларда, мусулмонлар жисмонан ва ақлан мустамлакачилар тарафидан босилганларида мавлоно Таҳонавий мусулмонларга ўзининг маърузалари орқали адабий ва илмий қурол, ҳуқуқий масалалар ечими (фатво), замоннинг динга қарши юришини бартараф қилувчи руҳий тарбия тақдим этди. Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний Мавлоно Таҳонавий соҳибнинг шижоати ва қўлга киритган диний ютуқлари ҳақида шундай дейди: “Илм борасида ўтган асрларда унга тенги бўлган эмас” (“Ҳаким аль-умма ке сияси афкар”, 22).
Туғилишлари ва олган тарбиялари
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий рабиъул-аввал ойининг 5-санасида, ҳижрий 1280 йилда (Қамарий 1863 йил 19 август) Ҳиндистоннинг Музаффарнагар вилоятига қарашли Таҳона Баҳун қишлоғида таваллуд топдилар. Ашраф Али номини эса, ўша даврнинг машҳур олими Ғулом Муртазо Пани Пати, она тарафларидан бўлган қариндошлари берган.
Олимнинг оиласи ниҳоятда қадрланар ва Таҳона Баҳун қишлоғида катта мартабада эди. Унинг отаси Абдулҳаққ бой ер эгаси, тақводор мусулмон ва ҳурматга сазовор Таҳона Баҳун фуқороларидан эди. Абдулҳаққ форсий тилни яхши билар, Қуръонни тўлиқ ҳофизи бўлмаса-да, тиловатига жуда моҳир эди. Ашраф Али Таҳонавийнинг аждодий илдизи иккинчи ҳалифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга тўғри келар, унинг ўткир тафаккури, тақвоси, самимияти яққол унда кўзга ташланарди.
Болалик чоғларида ҳам ибодатга маҳкам, 12 ёшидан эса тунги қиёмул-лайлни тарк этмас эди. Мавлоно Таҳонавий бошланғич араб ва форс тилларини тоғалари Важид Али ва Мавлоно Фатҳ Муҳаммад томонларидан ўзлаштирди. Ва шу билан бирга ёшлик чоғларида Мерутлик ҳофиз Ҳусайн Али томонидан Қуръон каримни ёд олдилар.
Шаръиат илмларини Дорулулум Девбандда ўзлаштиришлари
Девбанд уламоларининг ақийдалари Ашъарий ва Мотуридий асосида, фуруъотда эса Ҳанафий мазҳабида эканликларини бутун дунё мусулмонлари эътироф этадилар.
Ҳижрий 1295 йилда Мавлоно Таҳонавий Дорулулум Девбанд мадрасасига ўқишга кирдилар ва ўша даврнинг кўзга кўринган Исломнинг фақиҳ олимларидан дарс олиб, ҳижрий 1301 йилда уни муваффақиятли тамомладилар. Устозларидан Муҳаммад Қосим Нанутвий, Рашид Аҳмад Гангоҳий, Муҳаммад Ёқуб Нанутвий ва шайхул Ҳинд Маҳмуд Ҳасан Девбандийлардан дарс олганлар. Мавлоно Таҳонавий Девбандда 6 йил истиқомат қилиб, тақволи, Ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккийнинг шогирдларидан бўлган олимларнинг илмини ва тарбияларини олдилар.
Дорулулум Девбанддаги руҳий озуқага бой бўлган муҳит, етук устозлар ва мавлоно Таҳонавийнинг табиий фаҳми ҳамда тақвоси унинг илмий ва амалий билимларини янада зиёда бўлишини таъминлади. Адабиёт йўналишидаги илк қадамлари ҳам Дорулулум Девбандда, уларнинг 18 ёшларида форсий тилда ёзган “Маснавий зер о бам”лари билан бошланди. У жуда кўп сўз бойлигига эга бўлиб, араб, форс ва урду тилларида камол топдилар.
Устозлар устози
Мавлоно Таҳонавийга Дорулулум Девбанд асосчиси Қосим Нанутвий қўлида ўқиш бахти камдан-кам насиб этарди. Чунки у кишининг мадрасага кирган вақти олимнинг охирги ҳаёт йиллари эди. Шундай бўлса ҳам, мавлоно Таҳонавий имкон бўлганида Қосим Нанутвийнинг “Тафсирул-Жалолайн” (Жалолиддин Маҳаллий ва унинг шогирди Жалолиддин Суютийнинг Қуръонга ёзган маъновий тафсири) дарсида иштирок этар эди. Рашид Аҳмад Гангоҳий ва Муҳаммад Ёқуб Нонутвийлар ҳам мавлоно Таҳонавининг камолотига қаттиқ эътибор берар эдилар.
Мавлоно Таҳонавий айтадилар: “Мен учун Гангоҳий ҳамма устозларимдан ҳам яқинроқ, лекин Ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккий бундан мустасно эдилар. Мен ҳаётий вақтим давомида Рашид Аҳмад Гангоҳий каби ички ва ташқи гўзаллик ва комиллик соҳибини учратган эмасман” (“Алви”, 51). Гангоҳий мавлоно Таҳонавий ҳаётида катта руҳий тарбиячи сифатида унга ўз меҳрини улаша олди. Мавлоно Таҳонавий ташриф буюрганларида Гангоҳий айтардилар: “Сенинг ташрифинг мени жонлантиради” (“Алви”, 52). Бир куни мавлоно Таҳонавий дарс ўтиб бериш учун Гангоҳийни йўқлади. Гангоҳий барча ўқувчиларини ана шу дарсга юбориб, шундай деди: “Бу ерда нима қиляпсиз? Зудлик билан ҳаққоний олимни олдига бориб дарсини тингланглар”. Шу билан бирга Гангоҳий ўз шогирдларини Таҳона Баҳунга, Ашраф Али Таҳонавий эгаллаган чуқур билимларни ўрганиш учун юборар эди.
Мавлоно Таҳонавий тақводор сўфий Муҳаммад Ёқуб Нанутвийнинг ҳам мухлисларидан эди. Мавлоно Таҳонавий Муҳаммад Ёқуб Нанутвийнинг дарсларини қуйидагича таъриф этади: “Унинг дарслари оддий дарслардан кескин фарқланарди, унинг дарслари кенгаш даражасида, бутун диққат Аллоҳга қаратилган бўларди. Қуръоннинг тафсирини ўргатувчи дарсларида эса кўзлари қаттиқ намланарди” (“Алви”, 51).
Авазбек МЎМИНОВ
Манба: Fiqh.uz
Маҳрни мамнунлик билан беринг!
Қайнона мурожаат билан келди: “Келиним ўғлимга мос эмас, бундай келин оламан деб ўйламагандим. Ажрашиб кетишди. Ўғлим келинга маҳрга берган “комплект”ни олиб қолдим. Ўғлимнинг пулига келган. Шуни бошқасига уйланса, маҳрга берса бўладими?”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан беринг! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверинг” (Нисо сураси, 4-оят).
Маҳрни Аллоҳ таоло эркакларга вожиб қилган. Уйланиш вақтида келинга куёв томонидан тақдим этиладиган никоҳ бадали “маҳр” дейилади. Маҳр никоҳ олдидан куёвнинг келинга берадиган совғаси бўлиб, ундан икки томон ўртасида меҳр-муҳаббат туғилиши умид қилинади. Бахтли ҳаёт қуришни мақсад қилган келин-куёвлар турмушнинг дастлабки кунлариданоқ бир-бирларига ўзаро муҳаббат қўйишлари, моддий ва маънавий бойликни бир-бирларидан аямасликлари маҳр орқали намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳр миқдори камтарона, куёвга малол келмайдиган даражада бўлиши, келин ҳам бу борада куёвга енгиллик бериши маъқуллигини таъкидлаганлар.
Ҳадиси шарифда: “Харажати енгил никоҳ баракалидир”, дейилади (Имом Аҳмад ривояти).
Аммо айрим вилоят ва туманларда куёв томондан келинга маҳр ўрнига “қалин пули” бериш одати ҳозиргача давом этиб келмоқда. Шариатимизда қалин пули бериш тўғрисида бирор кўрсатма ёки тавсия йўқ. Шундай бўлгач, қалин пули эмас, маҳрга кўпроқ диққат ва эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ажрашиб кетаётган оилаларда келинга маҳр қилиб берилган нарсаларга ҳам эга чиқадиганлар бор. Ваҳоланки, шариатда маҳр келиннинг ҳақи ҳисобланади. Ҳеч ким, ҳатто эри маҳрни келиннинг рухсатисиз, розилигисиз ишлатишга ҳаққи йўқ.
Баъзи хонадонларда келинга икки хонали уйни ёки биронта кўчмас мулкни маҳрга бердик, дейишади. Аммо орада ажрим бўладиган бўлса, маҳрни олиб қолишади. Бунга сабаб маҳр ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганликдир.
Яна бир ҳолат. Йигитларимиз орасида “Жазоси битта узук бўлса, бошқага уйланавераман”, деган тушунча билан “талоқ” сўзини бемалол ишлатаверадиганлар ҳам йўқ эмас. Никоҳ, маҳр, эрнинг оиладаги масъулияти, аёлнинг вазифалари ҳақида шариат ҳукмини билмаганлари учун ҳам шундай қилишади. Шариат аҳкомларига енгил қараб бўлмайди.
Оила аталмиш қўрғонни мустаҳкам бўлишини ният қилган ҳар бир никоҳланувчи турмуш қуришдан аввал “Маҳр ҳақида”, “Оилада эрнинг вазифаси”, “Оилада аёлнинг вазифаси”, “Аҳли оила нафақаси” мавзусидаги илмлардан бохабар бўлишлари зарур.
Мунира АБУБАКИРОВА,
ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим етакчи мутахассиси
Сунъий интеллект – Қуръон хизматида
Қуръони карим ва суннати Набавия хизмат қилиш бўйича “ал-Бурҳон” ассоциацияси ҳамда “Подшоҳ Aбдулазиз фан ва технология шаҳри” маркази ҳамкорликда бир қатор эксперт ва мутахассислар иштирокида “Қуръони карим хизматида сунъий интеллект технологияларига сармоя киритиш” мавзусида семинар ўтказилди.
Мазкур семинарда сунъий интеллект воситасида Қуръони каримни тиловат қилишдаги хатоларни тузатиш лойиҳаси бўйича кўзланган мақсадларга эришиш борасидаги тавсия ва натижалар ўрганиб чиқилди.
Маълумот учун, “ал-Бурҳон” ассоциацияси ҳукуматда нотижорат секторни ривожлантириш миллий маркази назорати остидаги лицензияланган фуқаролик жамияти ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари
Матбуот хизмати