Мақолалар

Маҳрни мамнунлик билан беринг!

Қайнона мурожаат билан келди: “Келиним ўғлимга мос эмас, бундай келин оламан деб ўйламагандим. Ажрашиб кетишди. Ўғлим келинга маҳрга берган “комплект”ни олиб қолдим. Ўғлимнинг пулига келган. Шуни бошқасига уйланса,  маҳрга берса бўладими?”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан беринг! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверинг” (Нисо сураси, 4-оят).

Маҳрни Аллоҳ таоло эркакларга вожиб қилган. Уйланиш вақтида келинга куёв томонидан тақдим этиладиган никоҳ бадали “маҳр” дейилади. Маҳр никоҳ олдидан куёвнинг келинга берадиган совғаси бўлиб, ундан икки томон ўртасида меҳр-муҳаббат туғилиши умид қилинади. Бахтли ҳаёт қуришни мақсад қилган келин-куёвлар турмушнинг дастлабки кунлариданоқ бир-бирларига ўзаро муҳаббат қўйишлари, моддий ва маънавий бойликни бир-бирларидан аямасликлари маҳр орқали намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳр миқдори камтарона, куёвга малол келмайдиган даражада бўлиши, келин ҳам бу борада куёвга енгиллик бериши маъқуллигини таъкидлаганлар.

Ҳадиси шарифда:  “Харажати енгил никоҳ баракалидир”, дейилади (Имом Аҳмад ривояти).

Аммо айрим вилоят ва туманларда куёв томондан келинга маҳр ўрнига “қалин пули” бериш одати ҳозиргача давом этиб келмоқда. Шариатимизда қалин пули бериш тўғрисида бирор кўрсатма ёки тавсия йўқ. Шундай бўлгач, қалин пули эмас, маҳрга кўпроқ диққат ва эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ажрашиб кетаётган оилаларда келинга маҳр қилиб берилган нарсаларга ҳам эга чиқадиганлар бор. Ваҳоланки, шариатда маҳр келиннинг ҳақи ҳисобланади. Ҳеч ким, ҳатто эри маҳрни келиннинг рухсатисиз, розилигисиз ишлатишга ҳаққи йўқ.

Баъзи хонадонларда келинга икки хонали уйни ёки биронта кўчмас мулкни маҳрга бердик, дейишади. Аммо орада ажрим бўладиган бўлса, маҳрни олиб қолишади. Бунга сабаб маҳр ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганликдир.

Яна бир ҳолат. Йигитларимиз орасида “Жазоси битта узук бўлса, бошқага уйланавераман”, деган тушунча билан “талоқ” сўзини бемалол ишлатаверадиганлар ҳам йўқ эмас. Никоҳ, маҳр, эрнинг оиладаги масъулияти, аёлнинг вазифалари ҳақида шариат ҳукмини билмаганлари учун ҳам шундай қилишади. Шариат аҳкомларига енгил қараб бўлмайди.

Оила аталмиш қўрғонни мустаҳкам бўлишини ният қилган ҳар бир никоҳланувчи турмуш қуришдан аввал “Маҳр ҳақида”, “Оилада эрнинг вазифаси”, “Оилада аёлнинг вазифаси”, “Аҳли оила нафақаси” мавзусидаги илмлардан бохабар бўлишлари зарур.

  

Мунира АБУБАКИРОВА,

ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим етакчи мутахассиси

 

Read 980 times

Мақолалар

Top