muslim.uz

muslim.uz

Кеча 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси вакилига таяниб, Kun.uz мухбири хабар берди.

«Қонун лойиҳаси қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазиятни, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий-тарихий анъаналарини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган», дейилади хабарда.

Қайд этишилича, қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар талаблари, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олинган.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси 6 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, бир қатор ўзгартиришларни ўз ичига олади. Лойиҳада «диний таркибий материаллар», «ноқонуний диний фаолият», «диний ташкилот» ва бошқа шу каби тушунчаларга таъриф берилган. Шунингдек, виждон эркинлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва тамойиллари ҳамда ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатлари баён этилган.

Фракция йиғилишида иштирок этган Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиевнинг Kun.uz га билдиришича, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган.

«Қонун лойиҳасининг долзарблиги шундаки, ўтган давр мобайнида эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ вужудга келган янгича муносабатлар амалдаги қонун нормалари билан тўлиқ қамраб олинмаган. Соҳадаги кўплаб масалалар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. Масалан, амалдаги қонуннинг 14-моддаси таҳририй ўзгартиришлар билан кўчирилган.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролар (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоида бекор қилинмоқда, чунки ибодат либоси тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмас. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг кийиниш маданияти ва ташқи кўриниши ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўзининг ички тартиб қоидалари билан тартибга солинади.

Давлат ташкилотлари ва муассасаларининг ички тартиб-қоидаларида ходимларнинг ўз хизмат вазифасини бажаришига унинг диний мансублиги таъсир қилмаслиги, ходимнинг ташқи кўриниши ва «дресс-коди»га тегишли аниқ талаблар динга боғламаган ҳолда кўрсатилиши лозим», дейди у.

Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилган бўлиб, 49та моддадан (амалда 23та) иборат.

Ушбу қонун лойиҳаси 15 сентябрь куни қуйи палата ялпи мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.

Манба: kun.uz

الثلاثاء, 15 أيلول/سبتمبر 2020 00:00

Хатарлардан узоқ бўлайлик!

Эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Бу ҳақда суриялик машҳур олим Муҳаммад Саййид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ўзбошимчалик билан янги ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (яъни, ҳукуматга қарши чиқиш), даҳшатга солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда.

Мазҳабларни инкор этувчи бузғунчи оқимларда кузатилаётган фожеалардан, эътироф этилган фиқҳий мазҳаблар ва ақидавий таълимотларни тан олмаслик оқибатида келиб чиқадиган хатарлардан оммани огоҳ этиб туриш бурчимиздир.

1-хатар. Мусулмонни кофир дейиш.

Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида бирор мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Бу (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Халифалик замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблаши натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу қатл этилдилар.

  1. Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларини ёзиб кетишган. “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса. Имон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди, демаймиз” (“Ақидатут Таҳовий” матни).

“Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган барча нарсага имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.

Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол уларни яраштиринг” (Ҳужурот сураси, 9-оят), дея, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...(Ҳужурот сураси, 10-оят) деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтади: “Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Нисо сураси, 114-оят). Бу мўмин киши яхшилик қилса, ёмонликлари ўчирилади, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу хусусда қуйидаги ҳадис собит бўлган: “Ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса, қурбонлигимизни еса, у мусулмондир. Бизнинг фойдамиз у учун ҳам фойдадир ва бизга зиён нарса унга ҳам зиёндир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофир деб ҳукм қилиш учун катта илм билан бирга ниҳоят даражада дақиқ тафтиш қилиш керак бўлади. Шу боис, такфир масаласи фақат муфтий ва қозилар ҳал қиладиган масалалардан ҳисобланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар бир киши биродарини “Эй кофир!” деса, батаҳқиқ бу сўзи иккисидан бирига қайтади. Агар айтганидек бўлмаса, унинг ўзи кофир бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

2-хатар. Мусулмонлар раҳбарларига қарши чиқиш.

Мусулмонлар раҳбарларига қарши чиқиш боғийликдир. Агар боғийлар ҳақ устидаги раҳбарга қарши чиққан пайтда ўлдирилса, уларга жаноза ўқимаслик ҳақида фуқаҳолар фатво беришган.

Таҳовийнинг ақида китобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Подшоларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам қилмаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни, фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсагина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз” (“Ақоид” матнлари. Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).

Далил: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар. Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинглар!” (Нисо сураси, 59-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга исён қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга исён қилибди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

3-хатар. Ноҳақ қон тўкиш.

“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Мўмин кишини қасддан ўлдириш қул озод қилиш ё хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайдиган катта жиноят ва гуноҳдир. Мўмин мўминни қасддан ўлдириш бир айбсиз жонга қўшиб, имондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган дин қардошини ҳам ўлдиришдир. Шу боис ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар – жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у  Зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз, амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларда, тўғри эътиқодда собитқадам қилсин!

Фаррух ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мутахассиси

Мусулмонларнинг мусулмон бўлмаганлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашида набавий суннатнинг тутган ўрни

Ислом жамияти ҳар икки диёнат вакиллари орасида, уларни диний ва этник зиддиятларидан қатъи назар, ўзаро тенглик ва эъиқод эркинлиги бўлмиш мустаҳкам асосни барпо қилди. Жамият азолари орасида зарур бўладиган умумманфаат ва муштарак мақсадларни жорий қилди.

    Буларга амалий мисол қилиб  Расулулоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг, ҳатто  ғайридин бўлса-да, қушнини ҳурмат қилиш  ва уларга яхшилик улашишга қаратилган кўрсатмаларини келтириш мумкин.

 Мазкур амалий дастур қуйидаги давр босқичларига бўлинади;

  1. Маккаи Мукаррама давридаги амалиёт.

Бу вақтдаги вазиятда оз сонли мусулмонларни сабр-бардош билан ҳамжиҳатликда яшаш даври бўлди.

  1. Мусулмоларни Ҳабашистон диёрида (Эфиопия) муҳожирликда яшаган  даври.

Бу вақтда ерлик аҳоли ва муҳожир саҳобалар  ўзаро садоқат ва ҳамкорликда яшадилар.

  1. Мадина ҳаётни дастлабки даври.

 Бу вақтга келиб янги шакилланган ислом жамиятида   барча жабҳаларда шаффофлик ва фаол ҳамкорлик даври бошланди.

  1.  Мадина ҳаётини кейинги даври.

 Бу вақтга келиб жамиятда тўлақонли ислоҳотлар ва ижтимоий адолат ўрнатиш даври бошланди. 

 

1. Маккаи мукаррама амалиёти даври   

Аввало  Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликдан авалги ҳаётларини ҳам синчиклаб ўргансак, ўша пайт Қурайш мушриклари бошқарувида бўлган Макка шаҳри Ислом дини даъватининг бешиги бўлганига гувоҳи бўламиз. Ўша пайтдаги мавжуд мафкуравий ва ижтимоий вазиятда одамлар орасида бутпарастлик ва ичкиликбозлик  кенг тарқалган, қабилалар орасида  зўравонлик, ахлоқсизлик иллатлари урчиган бир пайт эди. Боз устига у вақт меъёрларига биноан кучлилар жамиятдаги заиф табақалар устидан тўлақонли ҳукумрон бўлиб, уларни молиявий ҳақларига ҳам тажовуз қилар, хужайинлар қўли остидаги қул ва чўриларига шафқатсизларча муносабатда бўлиб, уларни инсоний ҳуқуқларидан ҳам маҳрум қилар эди.

Араб ўзини ажамдан ортиқ деб билган, оқ танли қора танлидан устун кўрилган вазият эди. Шунинг учун ҳам мазкур шароитда - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг издошлари ҳаёти пайғамбарликдан олдин ва кейин,  қандай бўлган эди? – деган ҳақли савол пайдо бўлади. 

 1. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам рисолатдан аввал ҳам қавми билан ижтимоий фаол ва дўстона тарзда яшар эдилар. Эзгулик ва яхшиликларда улар билан ҳамкорлик қилар, бағрикенглик тамойилларини жорий қилардилар.

Бу олий ҳақиқатни у зотнинг аёллари Хадича онамиз ҳам таъкидлаганлар.

Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ўзларига нимадир бўлаётгани ва ваҳий нозил бўлаётганини у зотга айтганларида Хадича онамиз: – Йўқ, йўқ! Бу башорат. Аллоҳга қасамки Аллоҳ сизни зинҳор маҳзун қилмас. Қасамки сиз силаи раҳм қиласиз, ростгўй аминсиз, одамларни оғирини кўтарасиз, йўқсилларга ёрдам берасиз ҳамда заифларни ҳимоя қилиб адолатлиларни қувватлайсиз, – дедилар.   

2. Пайғамбар саллалоҳу алайҳи васалламга ҳали рисолат келмай туриб жиянлари Али розияллоҳу анҳуни тарбия қилиб бериш учун ўз қарамоғига  олдилар. Бу иш сайидимиз Али розияллоҳу анҳу учун улкан неъмат эканида шубҳа йўқдир. У  пайтда Макка шаҳрида иқтисодий танглик жорий бўлиб, Абу Толибнинг оиласи ҳам қийналиб қолган эди. Шунда Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам амакиси Аббосга – Эй Аббос вазият қанчалар танглигини билиб турибсиз. Биласзки биродарингиз абу Толибни оиласи катта. Унга ёрдам бериш учун оиласидан бир кишини сиз олинг, бир кишини эса тарбия қилиб бериш мақсадида мен оламан- дедилар. Иккиавлон абу Толибга ушбу таклифни билдиргач абу Толиб рози бўлди. Аббос жияни Жаъфарни, Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам эса Алий р.а.ни ўз қаркамоғига олдилар.  

3. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам қавми билан рисолатдан олдин қандай яшаган бўлсалар, ваҳий бошлангаидан кейин ҳам шундай яшадилар. У зотнинг даъватларини эшитиб иймонга келган дастлабки саҳобалар авлоди ҳам унгача қилиб юрган ишларни тарк қилмади. Улар узаро жорий бўлган савдоларни ҳам сайру саёҳатларини ҳам аввалгидек давом этирдилар.

4. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам нинг ўзлари ҳам кабадан четланмадилар. Балки у ерга боришда давом этар, рисолатдан аввал ҳам кейин ҳам кабаи муаззамада ёлғиз Аллоҳ Таъолога сиғинар эдилар. У ердаги мавжуд ширк Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламни Каъбага боғланишдан тўсмас эди.

5. Исломнинг дастлабки Макка давридаги босқичида  мусулмонларга нисбатан тажоввузлар кўпайиб кетишига қарамасдан, улар бошқалар билан ўзаро тинч-тотув яшаш концепциясини гўзал ифодасини курсаттилар . Ҳолбуки у вақтта оз сонли саҳобалар Қурайш мушриклари томонидан турли азиятларга дуч келаётган эди. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам уларни, токи Аллоҳ Таъол бир нажот йўлини кўрсатмагунича сабр ва матонатли бўлишга чақирар эдилар.        

6. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам рисолатдан аввал ҳам қурайш қабилалари билан бирга сулҳ битмларида иштирок этар, мазлумларга кўмак беришда аҳдлашар эдилар. Кунларнинг бирида барча Қурайиш қабила раислари Абдуллоҳ ибни Жадъонниннг ҳовлисида бир кенгашга йиғилдилар. Чунки унинг ёши катта ва қавмининг нуфузли одами эди. У ерга Бану Ҳошим, Бану, Муттолиб, Асад ибни Абдул Узза, Зуҳрат ибни Килоб, Таййим ибни Муроҳ каби қабила раислари йиғилдилар. Йиғилганларнинг барчаси Макка шаҳрида бирорта мазлум одам бўлмаслиги, агар бўлса ҳам ҳаммалари уни ҳимоя қилиши, уни топталган ҳуқуқини қайтариб бериши  битимини имзоладилар. 

Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам мазку битим ҳақида шундай дейдилар; “Абдулоҳ ибни Жадъонни ҳовлисидаги кенгашда иширок эттим. У битим мен учун қизил туядан-да суюкли бўлди. Агар Исломда ҳам шунга чақирилсам қабул қилар эдим”

2. Ҳабашистон диёридаги муҳожирлик  даври

Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламни ўзгалар билан ўзаро дахлдорлик ва ҳамжиҳатликда  яшаш борасидаги иккинчи амалий кўрсатмаларига, мазкур давр очиқ мисол бўлади. Зеро бу иш Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам дан аввал ўтган жуда кўп пайғамбарларни суннатларига тадбийқан амалга оширилган эди. Қуръони Карим Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга бир қанча собиқ пайғамбарлар ҳаётини қиссалаб, уларга мушрик ва кофирлар томонидан етаётган тазйиқ ва тажовузларадан нажот топишида мазкур ишни муносиб восита ўлароқ баён қилди. Ўша пайтда Ҳабашистон диёри, асло завол топмайдиган барча эзгулик  даъватчилари, зулм исканжасида қолиб унга юзланган ҳар бир муҳожир учун чинакам ҳимоя ва адолат тимсоли бўлди.  Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам саҳобаи киромларни у ерга ҳижрат қилишга ундадилар ва изн бердилар. Мазкур ҳижрат Исломдаги  дастлабки ҳижрат бўлиб, шу йўл билан  дин ва иймон ҳимояси мақсад қилинган. Улар 11 эркак ва 14 аёл кишидан иборат  бўлиб, денгиз йўли орқали ҳабаш диёрига етиб олдилар. Бу воқеа рисолатнинг 5-йили, ражаб ойида амалга оширилди.

Ҳабаш ҳукмдори Нажоший мусулмонларни дўстона кутиб олди. Уларни дин ва этиқод эркинликларини кафолатлаб, жамиятда хавфсиз яшашларини таминлади.

Бу борада абу Умайянинг қизи Умму Саламадан қуйидаги ҳадис ворид бўлди:

“Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига  кофирлар томонидан азиятлар етиб, уларга  Макка шаҳри торлик қила бошлади. Улар динида фитна ва балоларга учрадилар. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам гарчи амаки ва қабиласи томонидан ҳимояда бўлсалар-да асҳобларидан тазйиқларни даф қилолмас эдилар. Шунда Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам асҳобларига” “Ҳабаш ҳукмдори адолатли бўлиб, унинг ҳузурида ҳеч кимга зулм қилинмайди. Аллоҳ Таоло сизларга бирор нажот йўлини кўрсатгунга қадар у ерга боринг ва уша ерда яшаб туринглар”, деган кўрсатмани бердилар. Биз кичик гуруҳларга бўлиниб у ерга йўл олдик ва барчамиз у ерда йиғилдик. Яхши ер ва яхши қўшнига эришдик. Барча зулмлардан нажот топиб, динимизда хотиржам бўлдик”.

 Пайғамбар Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам билан ҳукмдор Нажоший ўрталарида ёзишмалар бўлиб ўтди. Саҳобалардан Амр ибни Зомирий Расулуллоҳнинг муборак мактубларини Нажошийга етказганида у мактубни кўзига суртди, тахтдан ерга тушиб ўтирди-да саҳобалар кўз ўнгида Исломни қабул қилди. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг мактубларига жавоб ёзиб ҳадялар билан жунатди. Ҳукмдор Нажоший вафот этганида Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига ғоиб жаноза намозини ўқидилар.

 Жаъфар ибни Абу Толиб билан Нажоший ўртасида бўлиб ўтган суҳбат илмий манбаларда кенг ёритилган. Ушбу суҳбат барча замон ва  маконлардаги  мусулмонлар учун, уларни яхши кўриб ўзига яқин олган ғайридинлар билан қандай муомалада бўлиш ва уларга қандай маданият кўрсатиш борасида таълим ва дастурдир.

 Ҳа, бугунги айрим мутаасиб мусулмонларнинг айни масалада тутган йўли бутунлай унга хилофдир. Бугунги кунимизда улар ғайридин жамиятларга бориб у ер аҳолиси ва ҳукуматларидан ҳимоя топиб тинч осуда яшаяптилар. Аммо, айримлари Ислом ва мусулмонларга нисбатан  ерлик аҳолининг нафрат ва адоватини қўзғатмоқда.

 Маълум бўлишича, Нажоший ҳузурида яшаб турган мусулмонлар унинг душманларига қарши урушларда иштирок этар эдилар. Сарахсийнинг “Мабсут” китобида (10 ж. 166 с) шундай дейилади:

 “Агар мусулмонлардан бир жамоат дорул ҳарбда (шаръий ҳукмлар жорий  бўлмаган жамият)  яшаса, у ерга бошқа бир қавм уруш бошласа, улар билан бирга яшаётган мусулмонлар ана шу ҳамжамиятларига қўшилиб уруш бошлаган қавмга қарши курашмоғи ҳалол эмас. Чунки уруш жонни хатарга қўйишдир. Бу иш фақат Аллоҳ Таолони номи ва динини юксалтириш учунгина жоиздир. Бу урушда эса мазкур маъно кўринмайди. Билъакс, бу уруш аҳли ширкларни қувватламоқ бўлур. Чунки бу дорул ҳарбда яшаётган мусулмонлар устидан аҳли ширкнинг ҳукми ғолибдур. Аммо у ерда яшаётган  мўминлар урушда қатнашмасалар, мамлакат эгалари томонидан уларни динига , жонига ва молу-мулкига хатарлар юзланса, ушбу хатарларни ўзларидан даф қилиш ва мўмин биродарларининг ҳимояси учун ерликлар билан бирлашиб уларнинг душманларига қарши курашмоқ ҳалол бўлур. Яъни бу уруш ширкни қувватламоқ учун эмас, мусулмонлардан зарарни даф қилиш учун бўлур” 

Мазкур масалада асососий далил  Жаъфарнинг ҳадиси ҳисобланади. Чунки у Нажоший билан бирга унинг душманларига қарши курашди. Жаъфар розияллоҳу анҳу бу ишни ўзи ва ҳамроҳларига хавф-хатар етмаслиги учун қилган эди. Чунки у бошчилигида ҳабаш ерига келган мусулмонлар Нажошийнинг қўллаб-қувватлаши билан хавфсиз яшаётган эдилар. Бундан маълум бўлишича бу каби иш тутиш шаръан жоиздир.

Вақт ўтиб жаноби Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларида ҳам, айрим саҳобалар Ҳабашистонда қолишни истадилар. Зеро дастлабки муҳожирлар Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари билан у ерга келганларида Нажоший томони уларни қўллаб қувватлаган , улар эса Қурайшликлар зулмидан бутунлай халос бўлган эди. Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, Ҳабашистондаги муҳожирлардан 40 киши у ерга қайтиб келди. Маълумотларда кўрсатилишича, 50 ёки 60га яқин  одам   Ҳабашистон ерида  яшаб  қолди.  

Ҳабашистон муҳожирлиги даври воқеаси орқали Расулулоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ғайридинлар жамиятида бўлса-да, улар  билан тинч-тотув яшаш борасида умматга чинакам намуна бўлдилар. Чуни биз бу иш орқали барча замон ва маконларда ҳам Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларини маҳкам ушлаш малакасини ўргандик. Ҳамда, кишилик жамиятида инсон ҳаётини ҳар томонлама енгиллаштириш, бошқа биродарлари билан тинчлик ва ўзаро ишончда яшашнинг амалий ифодасини кўрдик. Мазкур усул мусулмонларни, яшаб турган жамиятидан ажралмай, ҳатто  зарур бўлса   бирлашиб унинг бир қисмига айланишга, гарчи улар ғайридин бўлсалар-да ўзаро маданий алоқалар боғлашга, ундайдиган кучли далилдир.

(Давоми бор)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.     

Таржимон: Тоҳир Ваҳидов.

Куни кеча “Aзон китоблари” нашриёт-матбаа бирлашмасида “Катта фиқҳ энциклопедияси” китобининг 1-жилди тақдимоти бўлиб ўтди. Унда уламолар, таржимонлар, мухлислар ва китобхонлар иштирок этишди.

Лойиҳа иштирокчиларига кўра, ҳозирга қадар унинг жилдлари 45 та бўлиб, ўзбек тилида 47 жилдда нашр этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу таржима жараёнлари 5 йил аввал бошланган.

Шу ўринда ушбу китоб ва унинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсак. “Катта фиқҳ энциклопедияси” – замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия бўлиб, у ҳижрий ўн учинчи асрга қадар ислом ҳуқуқшунослиги меросининг замонавий ва ҳужжатлаштирилган шаклидир. Ҳозирга қадар унинг жилдлари катта ҳажмда бўлган 45 жилдга етган бўлиб, улар тадқиқотчилар ва қозиёт мутахассис (суд эксперт) лари талабаларига қулай бўлиши учун, луғавий тартибда (алфавит бўйича) жойлаштирилган.

Қирқ беш жилддан иборат бу йирик ва нуфузли асар дунё ислом уламолари орасида жуда машҳурдир.  Аллома шайх Мужоҳидул Ислом Қосимий бошчилигидаги Ҳиндистонда Ислом Фиқҳ Академияси олимларининг саъй-ҳаракатлари билан урду тилига таржима қилинган. Аммо энциклопедия ҳали урду тилидан бошқа мусулмон халқлари тилига тўлиқ таржима қилинмаган.

Ушбу илмий лойиҳа бошланиши 1951 йил Парижда бўлиб ўтган Исломий Фиқҳ ҳафталиги конференциясидан сўнг бошланган эди. Конференциянинг якуний қарор ва тавсиялари қаторида исломий ҳуқуқий маълумотларни замонавий услублар ва лексик тартибга кўра тақдим этиладиган ҳуқуқшунослик энциклопедиясини тузиш ҳам бор эди.

Ушбу икки юз таниқли олим томонидан тайёрланган энциклопедия 1956 йилда  Миср ва Суриядан иборат араб давлатлари бирлашмаси қўмитаси томонидан бошланган. Сўнгра эса маблағ тақчиллиги сабабли Қувайт давлатида давом этирилган. Унинг ёзилиб тугалланишига қирқ йилдан ошиқроқ (1965-2005) вақт кетган бўлиб, Қувайт давлатида ниҳоялангани учун “Қувайт фиқҳ энциклопедиси” номини олган. Энциклопедия кўплаб мусулмон мамлакатларда нашрдан чиққан бўлиб, фиқҳ ва қонунчиликда маҳкама, муассаса ва олимларнинг асосий мурожаат қиладиган манбаси бўлиб қолган.

Фиқҳ энциклопедиясини тайёрлашда ислом ҳуқуқшунослиги соҳасидаги юзлаб таниқли олимлар қатнашдилар. Энциклопедия қатъий равишда Вақфлар вазирлигида тайинланган ҳуқуқшунослар орасидан маъмурият ходимларига таянар эди.  Фиқҳ энциклопедиясининг ҳуқуқшунослик ва уни қўллаб-қувватловчи илмлар соҳасида ихтисослашган ушбу яхлитлигида, Кувайтнинг ичкарисидан ва ташқарисидан жуда кўп сонли олимлардан фойдаланган, улар ёзиш учун ягона режада ва илмий кўриб чиқиш ва якуний тасдиқлаш учун бошқа режада маълум атамаларни ёзиш учун тайинланган. Фиқҳ энциклопедияси маъмурияти доирасидан ташқарида ёзганлар сони турли мусулмон мамлакатларидан келган икки юз таниқли ҳуқуқшунос етган этди.

Фиқҳ энциклопедиясининг бош котиблари (масъул шахслар)

Ўтган қирқ йил ичида “Катта фиқҳ энциклопедияси”нинг бош котиблари:

  1. Шайх Мустафо Зарқо.
  2. Доктор Бадр Мутавалли Абдулбосит
  3. Доктор Абдусаттор Абу Ғудда.

Ушбу энциклопедиядан кўпроқ манфаатланиш борасидаги ҳаракатлар боис, у  CD-дискка ва яна замонавий воситаларга жойланиб, тадқиқотчиларга тақдим қилинмоқда. Ҳозирда  фиқҳ энциклопедияси ҳуқуқшунослик материалларини ислом ва ғайриислом дунёси тилларига таржима қилиш устида жиддий ишлар олиб борилмоқда.

Энциклопедия ўз ичига фиқҳий масалаларни тўрт мазҳаб далиллари асосида қиёсий-таҳлил қилиб жамлаган асардир. Ҳар бир мавзу доирасида истилоҳнинг таърифи, унга оид алоқадор сўзлар, ижмолий ҳукми ва ўрганилган ўринлари жой эгаллаган. Ўз навбатида, буларнинг барчаси мавзунинг катта қамровли экани ёки аксинчалигига қараб эҳтиёж доирасида бир қанча бандларга тақсимланган. Истилоҳ “таърифи”да атаманинг луғат китоблари ва уламолар берган тушунчалари келтирилган бўлса, “алоқадор сўзлар” бандида истилоҳнинг бошқа сўзлар билан боғлиқлиги ва уларнинг қисқа тавсифи ўрганилган. “Ижмолий ҳукм”да эса истилоҳнинг фиқҳий жиҳатдан мавзули жойлари, мазҳаблар қарашлари ва уларнинг бунга доир далиллари бирор тарафга оғмаган ҳолда, объектив келтирилган. Истилоҳнинг “ўрганилган ўринлари” бандида мавзу ҳақида бошқа манбаларда келтирилган фикр ва мулоҳазалар тадқиқ қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Нейрофизиологларнинг аниқлашича, яширин нақшларни онгсиз равишда кўриш қобилиятига эга бўлган одамлар динга эътиқод қилишлари ва Худога ишонишлари эҳтимоли кўпроқ. Уларнинг тадқиқотлари натижалари Nature Communications илмий журналида эълон қилинди.
"Биз онгсиз равишда аниқ бўлмаган муносабатлар ва нақшларни пайқаган одамлар, агар улар динга эътиқод қилмаган оилада ўсган бўлсалар ҳам, кўпроқ диндор бўлишади деб ўйлаймиз", деди Адам Греен, тадқиқот муаллифларидан бири, Жоржтаун университети (АҚШ) доценти.
Экспериментлар давомида дисплейда бир қатор фикрлар пайдо бўлди, улар кейинчалик тезда йўқ бўлиб кетди. Кўнгиллилар ўзларининг позицияларини ёдлаб олишлари ва клавиатура ёрдамида кўпайтиришлари керак эди.
Яширин нарса шундаки, нуқта экранда тасодифан пайдо бўлмади, улар тушунарсиз, аммо ҳисоблаб чиқиладиган нақшга бўйсунишди. Буни билиб олгач, тадқиқот қатнашчилари улардан биттасининг координаталарини билиб, деярли ҳеч қандай хатоликсиз барча рақамларнинг ўрнини ҳисоблашга муваффақ бўлишди. Қоида тариқасида, синов пайтида кўпчилик илгари тахмин қилишга вақт тополмайди, аммо яширин нақшларни кўриш қобилияти уларнинг баъзиларига ушбу синовдан муваффақиятли ўтишга ёрдам беради.
Ислам.ру хабарига кўра, Вашингтон ва Қобулнинг 200 га яқин аҳолиси иштирок этган бундай тажрибалар натижаларини таққослаб, олимлар ҳар икки маданият вакилларига хос бўлган, ҳар жиҳатдан бир-биридан жуда узоқ бўлган қизиқарли нақшга эътибор қаратдилар.
Маълум бўлишича, бундай синовларда энг яхши иштирок этган кўнгиллилар экспериментнинг бошқа иштирокчиларига қараганда кўп ҳолларда диндорлар бўлиб чиқишган. Қизиғи шундаки, бу нафақат насронийлар ва мусулмонларга, балки динга эътиқод қилмаган оилаларда ўсиб, кейинчалик диндор бўлганларга ҳам хос бўлган, деб хабар беради ТАСС.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top