muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

الأحد, 05 تموز/يوليو 2020 00:00

Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг ажри

Ислом дини инсонларни доимо бир-бири билан дўстлашишга, ўзаро фикр алмашишга ва маслаҳатга, аҳиллик ила бирдамликка чақириб келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жудаям кўп ҳадисларида Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриш, Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашишга қаттиқ тарғиб қилганлар ва айнан шундай дўстликни ихтиёр қилганларга гўзал ҳушхабарлар берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Қиёмат куни: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, дейди”, дедилар. (Имом Муслим)

Аллоҳ йўлида дўстлашган кишилар учун бу ҳушхабардан яхшироқ мукофот бўлмаса керак аслида. Чунки, қиёмат кунидаги воқеа ва ҳодисалардан озгина хабари бор инсон борки, Аллоҳдан омонлик сўрайди. У куннинг дахшати одамларни ақлу хушидан айиради. Инсон фақатгина ўз нафсини ўйлаб, атрофидаги барча яқинларидан юз ўгиради. Бу ҳақда Роббимиз шундай хабар беради: “У кунда киши қочадир; ўз ака укасидан. Ва ота онасидан. Ва хотини ва бола чақасидан. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор”. (Абаса-34-37)

Бугун бошимиз узра неча минг километрлар юқоридан бизга ўз нурини сочиб, танамизни қиздириб турган қуёшни Аллоҳ таоло елкаларимиз баробарига тушириб қўйган пайтда одамлар ўз терларига ғарқ бўлганча,  унинг иссиғидан қочиб, соя жой қидириб қоладилар. Айнан шу пайтда, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлган бир пайтда оламлар Роббисининг ўзи: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, деб чақириб туришидан ортиқ мукофот борми ахир? Йўқ, албатта.

Кейинги ҳадис эса бунданда гўзал, бунданда роҳатбахш. Уни тафаккур ила ўқиш одамга ҳаяжон беради. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло: “Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деди”. (Имом Термизий)

Азизим! Аллоҳнинг пайғамбарлари, жонини Аллоҳ учун фидо қилган шаҳидлар ҳавас қиладиган минбарларга наҳот сиз ҳавас қилмайсиз? Наҳот ҳаракат қилмайсиз? Ахир бунга сизга имкон борку. Молингни берасан демаяпти, жонингни берасан демаяпти. Фақатгина, бир-бирингизни Аллоҳ учун яхши кўринг деяпти. Мол дунёси учунмас, шон-шуҳрати учунмас, насаби ёки гўзаллиги учунмас, балки, қилаётган гўзал амалини, покиза қалбини, сувратию сийратини фақатгина Аллоҳ учун яхши кўр демоқда. Боридаям-йўғидаям, очлигидаям-тўқлигидаям, беморлигу-соғлигидаям бирдек муомала қил. Аллоҳ учун яхшилигини ошир, ёмонлигини яшир, хатоси бўлса оммага жар солмасдан секингина қулоғига пичирла. Борлигидаям-йўқлигидаям шаънини ва обрўсини сақла, демоқда холос. Агар жаннат фақатгина ибодат учун берилганда эди, Аллоҳнинг розилиги фақатгина намозда бўлганида эди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг: “Аллоҳ қаерда?” деган сўзларига “Аллоҳ мўминнинг қалбида”, дея жавоб бермаган бўлардилар. Ёки: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Ва бир-бирларингизга муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўла олмайсиз”, (Имом Муслим) дея Аллоҳ йўлидаги дўстликни мўминликка хужжат қилиб қасам ичмас эдилар.

Қадрдоним! Инсон ҳаётида дўстнинг ўрни беқиёс. Чунки, киши ҳаётида турли-туман воқеа-ҳодисаларга, ҳар-хил синовларга, яхши ва ёмон кунларга дуч келади. Бундай пайтларда эса бир яхши ҳамсуҳбатга, ишончли насиҳатгўйга, самимий далда бериб тургувчи бир жонкуярга мухтож бўлади. Бундай пайтда эса, Аллоҳдан қўрқадиган, Аллоҳ учун дўстлашган солиҳ ва покиза дўст ниҳоятда асқотади.

Ҳикматларда айтилади: “Агар кишининг атрофида солиҳ, олийжаноб кишилар кўп бўлса, бу – Аллоҳ таолонинг унга берган инъоми ва икромидир”.

“Аллоҳ таолонинг хузурида мартабанг қанчалик юқори бўлса, ёнингда юрган дўстларинг шунчалар солиҳ, покиза ва олийжаноб кишилар бўлади. Агар мартабанг қанчалик паст бўлса, атрофингда юрган дўстларинг ҳам шунчалар пасткаш ва аблаҳ кишилар бўлади”.

Демак, бугун дўст танлашда адашма. Дўстлашишда адашма. Ниятинг ва мақсадингни тўғрилаб ол. Аллоҳдан яхши дўстларни сўра. Кимнидир яхши кўрсанг фақат Аллоҳ учун яхши кўр. Агар кимнидар ёқтирмасанг ҳам ўз истак ҳоҳишинг учун эмас, балки, Аллоҳга бўлган маъсиятини, қайсидир ёмон амалини ёмон кўр.  Яхшилар билан дўстлаш. Ёмонлардан узоқлаш.

Унутма! Аллоҳ учун тутинган дўстлар нафақат бу дунёда, балки охиратдаям нажот топишингга сабаб бўлади.

Исломов Ёрбек

Намангандаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳида сақланаётган Қуръони каримнинг қўлёзма нусхаси ҳажм жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда туради.

Мазкур қўлёзманинг бўйи 74, эни 51, қалинлиги 12 сантиметрни, оғирлиги 21,5 килограммни ташкил этади.

Ҳазрати Мавлоно Хожа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳига тегишли эканлиги билдирилган китоб ҳижрий 1291 (мелодий 1874) йилда кўчириб тугатилган.

 

ЎМИ матбуот хизмати

الجمعة, 03 تموز/يوليو 2020 00:00

Аллоҳни нима севинтиради? (Аудио)

 

ЎМИ матбуот хизмати

الجمعة, 03 تموز/يوليو 2020 00:00

Тақво қилиб яшаш гўзал фазилат

Исломда олижаноб ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар: эҳсон, кечиримли бўлиш, сабр-тоқат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва бошқалардир. Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олижаноб ахлоққа чақиришлари, ножўя ишлардан қайтаришлари Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Ислом ахлоқининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Кимки жисмоний ва маънавий пок бўлса, ундай кимса ахлоқсизлик йўлига кирмайди.

 “Тақво” сўзи араб тилида “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. У “виқоя” сўзидан олинган бўлиб, озор ва зарар берадиган нарсадан тўсишни англатади. Аллоҳдан тақво қилиш деганда, инсон Аллоҳнинг жазосидан қўрққан нарсасида гуноҳдан сақланиши, эҳтиёт бўлиши тушунилади. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Тақво – Аллоҳдан қўрқиш, Қуръон кўрсатмасида яшаш, озига рози бўлиш ва охиратига тайёргарлик кўриш”[1], – деган экан.

Тақво бу Аллоҳга итоатда бўлиб, осий бўлмаслик, доим Унинг зикрида бўлиб, унутмаслик ва Унга шукр қилиб, ношукрлик қилмасликдир. Амалларини ҳар бир вақтда махфий ва очиқчасига бажариш, чақириғига “лаббай” деб жавоб бериш билан тақво қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг[2]. Яъни, ҳар доим мусулмон ҳолида имон билан, тақводор бўлиб, умр ўтказиш лозим экан. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “...Ишингни махфий ва очиқчасига қилишингда Аллоҳдан тақво қилгин”, – дедилар”[3].

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. – Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир”, – дедилар”[4].

Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати, ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, ёки териларининг ранги билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина ҳурматли бўлади. “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз  тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”[5].

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар:

– Энг мукаррам инсон ким?

– Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! – деб жавоб бердилар.

Банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳдан қўрқув ҳисси билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни, бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақвога тўла. Шунинг учун ҳам бировни камситиш улкан гуноҳ саналади.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “...Одамларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса нима? Аллоҳдан тақво қилиш ва ҳусни хулқликдир”[6].

Тақвонинг самаралари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

Аллоҳ таоло тақводор банда билан бирга бўлади.

Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир[7].  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Мадинага ҳижрат қилаётганларида Жабали Сур ғорига бекинишганларида мушриклар уларни қидириб шу ғор ёнигача келишди. Лекин ғорнинг оғзига қарагани эринишди. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) йиғлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нимага йиғлаяпсиз”, деганларида, Абу Бакр: “Агар оёқларини остига қарашганларида бизни кўрардилар-а!?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Абу Бакр! Учинчи шериги Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима дейсиз!” дедилар. Яъни, учинчи шеригимиз Аллоҳ бўлса, агар улар қарашганда ҳам кўришмасди. Чунки ўртада тақво бор эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки одам Аллоҳ йўлида шерик бўлиб бирор иш қилса, бир-бирига хиёнат қилмаса, Аллоҳдан тақво қилишса, учинчи шериги Аллоҳ бўлади. Агар бири иккинчисига хиёнат қилишни бошласа, учинчи шериги бўлган Аллоҳ чиқиб кетади”, – дедилар.

Аллоҳ тақводорларни яхши кўради.

Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради[8]. Агар Аллоҳ бандасини яхши кўрса, ҳеч нарсага зориқтириб қўймайди. Аллоҳнинг бандасига бўлган меҳричалик бошқа меҳр берувчи йўқ. Аллоҳ яхши кўрганини хор қилиб қўймайди. Бунга биздан тақволи бўлишимиз кифоя экан.

Аллоҳ – тақводорларнинг дўсти.  

... Аллоҳ мўминларнинг валийсидир[9]. Дўстингиз Аллоҳ бўлса, қандай яхши бўлади. Нима сўрасангиз, беради. Нима қилсангиз, бирга бўлади.

Аллоҳ тақводорларнинг ишларини енгил қилиб қўяди.

... Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб беради[10].

Аллоҳ тақводорларнинг гуноҳларини кечиради ва савоб ишларинининг ажрини зиёда қилади.

Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур[11]. Гуноҳларни кечирар деб ташлаб қўйиш бўлмайди, албатта, тақво бўлиши керак экан. Агар мўмин киши катта гуноҳларни қилишдан тақво қилса, Аллоҳ таоло кичик гуноҳларни кечирар экан.

Аллоҳ таоло тақводор бандани ғам-қайғу ва қўрқувдан саломат сақлайди.

“Эй Одам болалари, агар сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сўзлаганда, бас, ким тақво қилса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”[12]Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида келади: “Ким барча ғамини Аллоҳни рози қилиш ғамига алмаштириб олса, қолган ғамларининг ҳаммасини Аллоҳ Ўзининг зиммасига олишини ваъда берган”.

Тақводорларнинг солиҳ амалларини қабул қилади.

Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: “Албатта, мен сени ўлдиражакман”, деди. Бириси: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир[13]. Қобил ва Ҳобил садақа қилишди, Аллоҳ Ҳобилнинг садақасини қабул қилди, Қобилникини қабул қилмади. Чунки Ҳобил Аллоҳдан тақво қилиб энг яхши кўрган молини садақа қилган эди.

Тақводорларга барака ёғилади ва ризқи кенг бўлади.

Агар қишлоқлар аҳллари имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик[14]. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у имонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги очиб қўйилади. Чунки имон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Тақво эса,  инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Имон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин. “...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...[15]

Аллоҳ тақводор бандани душманларининг макр-ҳийлаларидан сақлайди.

Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўлар. Сизларга мусибат етса, улар хурсанд бўларлар. Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир[16]. Оғир кунларда “ҳамма нарса Аллоҳдан” деб сабр билан тақво қилинса, ҳеч бир душманнинг макри зиён етказмас экан.

Аллоҳ тақводорларга илм беради, яъни ўргатади.

Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир[17]. Тақво қилсак, Аллоҳ бизга ҳамма йўлни ўргатар экан.

Жаҳаннамдан нажотга чиқаради.

Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Раббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир. Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз[18]. Мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ, тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса, яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар.

Жаннат берилади.

Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Раббингдан мукофот, совға ҳисобидандир[19].

Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир[20]. Охират диёри ер юзида такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларни ер юзида бўлишини истамайдиганларга берилар экан. Тақводор бўлган кишининг оқибати яхши бўлар экан.

Одамларни қийнайдиган бир мавзу бор, яъни, ортида қолаётган фарзандларининг келажаги ҳақида. Бунинг ҳам давоси тақво қилиб яшаш экан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларининг келажагини ўйлаган ота бўлса, тақво қилсин!”, – дедилар. Хизр ва Мусо (алайҳиссалом) ўртасидаги сафарларини эсласак, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Бас, юриб кетдилар. То бир шаҳар аҳолисига келганларида, унинг аҳлидан таом сўрадилар. Улар икковларини зиёфат қилишдан бош тортдилар. Икковлари у ерда йиқилиб кетай деб турган бир деворни кўришди. Бас, уни турғизиб қўйди. У (Мусо): “Агар хоҳласанг, бунинг учун ҳақ олар эдинг”, деди[21] яъни, уларга таом бериб меҳмон қилишни хоҳламаган қавмнинг йиқилишга яқин бўлган бир деворини тикка қилиб қўйишади. Сабри етмаган Мусо (алайҳиссалом) бу тиккалаб қўйган деворнинг ҳақини талаб қилайлик, деди. Хизрнинг тили билан Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилди: “Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Раббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди...”[22].  Ота-онаси яхши, тақводор одам бўлганлари учун Аллоҳ таоло буюрди, деворни тикка қилиб қўйишди. Бу дунёдан ўтиб кетишини билиб турган ота-она фарзандларининг келажагини ғам қиладиган бўлса, фақат тақво қилса, улардан кейин нима бўлишига ташвиш қилишмаса ҳам бўлар экан.

Хулоса қиладиган бўлсак, яхши умр кечиришни, ризқимиз сероб, кўнглимиз хотиржам ва охиратимиз обод бўлишини истасак, Аллоҳдан тақво қилиб яшашимиз зарур экан.

 

Қ. Маҳмудов

 

[1] Муҳаммад Салобий. Сийрати амири-л-муъминийн. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу). 2005 – Б.396.

[2] Оли Имрон сураси, 102-оят мазмуни.

[3] Муснад Аҳмад ибн Ҳанбал. Аҳмад ибн Ҳанбал. – Ж.5. Оламу-л-кутуб.  Байрут, 1998. – Б. 181.

[4] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. – Ж.8. – Байрут. Дору-л-офоқи-л-жадида. – Б.10.

[5] Ҳужурот сураси, 13-оят мазмуни.

[6] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. – Б.108.

[7] Наҳл сураси, 128-оят мазмуни.

[8] Оли Имрон сураси, 76-оят мазмуни.

[9] Оли Имрон сураси, 68-оят мазмуни.

[10] Талоқ сураси, 4-оят мазмуни.

[11] Талоқ сураси, 5-оят мазмуни.

[12] Аъроф сураси, 35-оят мазмуни.

[13] Моида сураси, 27-оят мазмуни.

[14] Аъроф сураси, 96-оят мазмуни.

[15] Талоқ сураси, 2–3-оятлар мазмуни.

[16] Оли Имрон сураси, 120-оят мазмуни.

[17] Бақара сураси, 282-оят мазмуни.

[18] Марям сураси, 71–72-оятлар мазмуни.

[19] Наба сураси, 31–35-оятлар мазмуни.

[20] Қасос сураси, 83-оят мазмуни.

[21] Каҳф сураси, 77-оят мазмуни.

[22] Каҳф сураси, 82-оят мазмуни.

Top