muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 07 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Миср тарихида ўзбеклар

Ўзбекларнинг Мисрда тутган ўрни, уларнинг подшоҳлик билан боғлиқликларини теран англаш ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. (“Ҳидоят” журналининг 2008 йил 5-сони)

 

Ўзбеклар Мисрда волийлик, ҳокимлик қилишди, нуфузли маҳкамаларда раҳбар, амир, қўшинга қўмондон бўлишди. Узоқ давр ичида Мисрнинг сиёсий-идоравий, ижтимоий-маданий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллашди.

Аббосийлар халифалиги даврида асли бухоролик Аҳмад ибн Тулун оиласи Мисрда мустақил давлат барпо этиб, 868 (254 ҳижрий) йили Тулуния давлатига асос солди. Бу оила Мисрда ўттиз саккиз йил ҳукмронлик қилди. Бу йиллар Миср тарихида ёрқин из қолдирган давр ҳисобланади.

Ибн Тулун ўткир сиёсатчи, моҳир раҳбар, ҳарбий соҳада ҳам билағон мутахассис эди. У бошқарган йиллар Мисрда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлди, одамлар хотиржам ва тўқ ҳаёт кечиришди. У деҳқончилик соҳасига алоҳида эътибор қаратди, янги йўллар қурдирди. Шаҳар атрофи девор билан ўралди, хусусан, “Акал ҳасийна” қалъаси қурилди.

Тарихчилар уни “халқига адолатли, саховатпеша, шариатга тўла амал қилувчи подшоҳ, олимлар ва донишмандларни севадиган, эзгулик қилишни хуш кўрадиган, одамлардан ёрдам, яхшилик ва садақаю эҳсонини аямайдиган инсон, доимо илм, ҳадис излаш билан машғул бўлган, Мисрдан Фуротгача, бу ёғи Марокаш юртларигача ҳукмронлик қилиб, адолат ўрнатган, ҳатто Бағдод халифалигига номзоди қўйилган дилбар шахс эди”, дея таърифлашади.

Ўғли Хуморвия ҳам Миср ҳудудида турли низо ва фитналарнинг олдини олишда, осойишталик ва фаровонликни таъминлашда катта хизматлар қилган.

Аҳмад ибн Тулун ва ўғли Хуморвия даври Миср тарихидаги олтин давр ҳисобланади, чунки шу даврда юрт маданий юксалди, иқтисодий ўсди. Ҳатто унинг ташқи савдо айланмаси 4,3 миллион динорни ташкил этди.

Шунингдек, тулунийлар Ислом оламини византияликлар хатаридан сақлашда алоҳида хизматлар қилишди. Византия аббосийлар халифалиги пойтахти ва Шом шаҳарларига қарши жангга отланганида тулунийлар уларга қарши курашиб, халифалик давлати чегараларини мустаҳкамлашди. Миср ва Шомда туриб, Румга қарши ҳимоя байроғини баланд кўтаришди ва Румни даҳшатга солган йирик кучга айланишди.

Аҳмад ибн Тулун Тарсусда византияликлар устидан ғалаба қозонди, улардан мусулмон асирларни қайтариб беришни талаб қилди. Тарсусдан Фурот дарёсигача бўлган ерлар унинг қўл остига ўтди. Ушбу зафарлар туфайли ибн Тулун Миср, Шом ва Арабистон ярим оролида ҳукм юритди.

Тулунийлардан сўнг Мисрда “ихшидий” номи билан машҳур, асли фарғоналик Муҳаммад ибн Тоғоч ибн Жаф ихшидлар давлатига асос солди. У Мисрда ўттиз беш йил (мил. 945-969, ҳиж. 323-358) ҳукмронлик қилди. Муҳаммад ибн Тоғоч одил, ботир, узоқни кўра оладиган, теран мушоҳадали, тадбиркор подшоҳ эди. У жанг илмини яхши билар, қўшинни иззат-икром қилар эди.

Тулунийлар билан ихшидийлар бир-бирлари билан қуда-анда бўлиб кетишган, Қутруннадий Хуморвий Фарғонийнинг қизига уйланган, бу никоҳ шоду хуррамлик ва гўзаллик тимсоли бўлиб, бу ҳақдаги асарлар ҳозир Миср адабий меросининг бир қисмига айланган.

Ўзбеклар икки денгиз (Қора ва Ўрта ер денгизи) бўйида жойлашган подшоҳликлар султонларининг доимий эътиборида бўлишган. Аслида аксарият султонларнинг келиб чиқиши қипчоқ (ўзбек) диёридан эди. Масалан, Миср султони Зоҳир Бейбарс ўзбеклар билан иттифоқ тузишга интиларди. 1261—1263 йиллари Барака Хон билан ўзаро борди-келди ва совға-салом юборишни йўлга қўйган эди. Султон Бейбарс ўша йиллари унинг қизига уйланди. Қоҳира, Қуддус, Макка ва Мадина минбарларидан уни дуо қилишарди. Бу иттифоқ Шубҳасиз, икковларининг ҳам душманлари бўлган, Форс ва Ироқда зуғум ўтказаётган мўғул босқинчилари давлатига қарши курашга йўл очди.

Султон Бейбарс бу иттифоқчиликдан қўшинларини кучайтириб олишда фойдаланди. Бу ҳамкорлик Мисрни ўзбеклар билан янада яқинлаштиришга, бир-бирига ҳимоячи бўлишга олиб келди. Шунинг учун Миср қўшинининг қўмондони ҳам, ерларининг амири ҳам ўзбеклар бўлди.

Ўлкада Ислом динини ҳимоя қилишда ўзбекларнинг ўрни ниҳоятда катта. Кўриниб турибдики, бир томондан ҳижрий VII асрда қипчоқ давлатида Ўзбекхоннинг Исломни қабул қилиши муносабати билан Ислом юртлари кенгайган бўлса, иккинчи томондан шу минтақа халқлари билан ўзаро ҳамкорлик натижасида Миср ва Шомдаги Ислом лашкарлари озиқ-овқат билан таъминланди. Бу ерда Миср ва Мўғул-қипчоқ давлати, хусусан, унинг бошчиси Ўзбекхон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекларнинг Миср подшоҳлари идоравий ҳаётида ҳам ўз ўрни бор. Улар подшоҳлик кенгаши амири, қўшин қўмондони, қурол-яроғ амири, карвонлар амири, ҳаж амири каби ўта эътиборли ва олий мансабларда ишлашган. Ҳатто Султон саройида фақат бир кишигина тайинланадиган Мажлис амири, Султон қўриқчиси, Султон шифокори каби лавозимларни ҳам ўзбеклар эгаллашган.

Шундай амирлардан бири Амир Ўзбек Юсуфий эди. У подшоҳлик давлатининг буюк амири, Султон Қайтбой даврида энг таниқли раҳбар, давлат маслаҳатчиси, йўлбошчиси эди.

Амир Сайфиддин Ўзбек ибн Тотоҳ ҳам Носир Муҳаммад ибн Қалавун подшоҳлиги даврида энг катга амирлардан эди. Амир Ўзбек Маҳмудий ҳам шулар жумласидан. Айнан у 824 ҳижрий йилда ҳаж амири сифатида ҳожилар карвонини бошқарган.

Дарҳақиқат, ўзбек хонлари ва Миср подшоҳлик даври султонлари ўртасида қуда-андалик муносабатлари ҳам мавжуд бўлган. Масалан, Миср подшоҳи Носир Муҳаммад ибн Қалавун Ўзбек билан дўстона алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳижрий 720 йилда ўзбек амираси Тўлиной (ёки Тулунхотин)га уйланган.

Шунингдек, Мисрдаги ўзбек амирлари ҳам Миср султонларининг қизларига уйланишди. Масалан, амир Қусун Ўзбекий эллик минг динор маҳр бериб, подшоҳ Носир ибн Қалавуннинг қизига уйланди. Унинг ўғли Ўзбек ибн Тотоҳ ҳам подшоҳ Носирнинг Ўзбекхон қизидан туғилган қизига уйланган эди.

Мулоҳаза шуки, Султон Носир Муҳаммад ибн Қалавуннинг Ўзбекхон билан қуда-андачилиги, ўзбекларни Мисрдаги юқори лавозимларга тайинлаши ўзбекларнинг ўша замонларда Мисрдаги туркий қўшинлар орасида алоҳида эътиборга молик табақадан бўлишганини кўрсатади. Дарҳақиқат, Носир ибн Қалавун Миср қўшинлари, амирлари таркибига қипчоқ мамлакатидан бўлган ўзбеклар кўпроқ киришини хоҳларди. Шунинг учун ҳам у билан Ўзбекхон ўртасида элчилар, совға-саломлар юбориш тинмасди.

Тўғрироғи, юборилган элчилар ўзбекларни, чунончи Сайфиддин Тўқсабо, Сайфиддин Бекмиш, Амир Алоуддин Ойдағдий Хоразмийларни яхши билишарди. Ўзбекхон Исломни қабул қилганидан сўнг подшоҳ Носир ибн Қалавундан фиқҳ, ҳадис, суннатга оид китоблардан юборишини сўрайди.

Мақризий бундай ёзади: “Амир Сайфиддин Бекмиш Жумдор Зоҳирий, Амир Бадриддин Билик Сайфий Салорий ўзбек диёридан ҳадя қаторида бир хат ҳам келтирдилар, унда “Жомиъул усул фи аҳодисир расулʼʼ, “Шаҳрус Сунна”, Ровёнийнинг фиқҳга оид “Баҳр” ва бошқа бир неча китобларни топиб юбориш сўралган эди, дарҳол тайёрлаб қўйилди”.

Ўзбекларнинг Носир Муҳаммад ибн Қалавун замонида эришган мартабалари, унинг ўзбеклар билан дўстона алоқалари, қуда-анда бўлиши бизни Султон Носир ибн Қалавуннинг ўзи ҳам асли ўзбеклардан келиб чиққан, деб хулоса қилишга ундайди.

Тарихий манбаларда зикр этилишича, унинг оғаси қипчоқлардан бўлган. Қипчоқлар эса “Дашти қипчоқ”, “Жаннатмакон юрт” деб таърифланадиган минтақани ватан қилган туркий халқларнинг номидир. Биринчи ўзбек давлатига асос солган Ўзбекхон ва авлодлари Абулхайр Шайбонийхон насаби ҳам уларга бориб қўшилади.

Султон Носир Муҳаммад ибн Қалавуннинг онаси Шалун хотин исмли қипчоқ амираси бўлган, у Мисрда отаси билан яшарди. Тарихий манбаларда ёзилишича, Султон Носир ҳам қипчоқ мўғулларидан бўлган Ўзбекхоннинг қизига уйланган. Бу воқеалар Абулхайр Шайбоний қўл остида ўзбек давлати барпо этилишидан илгари содир бўлган.

Миср тарихий манбалари ўзбекларни гўзал фазилатлар ва ажойиб сифатлар — шижоат, саховат, виқор, бошқаришга моҳир, ҳарбий интизомга эга халқ дея тавсифлайди. Ўзбекхоннинг ўзи арабий манбаларда одил ва сахий подшоҳ бўлгани, унинг замонида Ислом гуллаб-яшнагани, уламоларни ва солиҳ кишиларни доимо иззат-икром этилгани таъкидланади.

Усмонийлар даврида ҳам Мисрда ўзбеклар мавжуд эди. Усмонийлар давридаги архив ҳужжатларидан Қоҳирадаги Ўзбек такя (маҳалла)си Ўрта Осиёдан келган барча ўзбекларни яхши кутиб олгани маълум бўлади. Уcмонийлар давлати уларга Султонлар вақфи (махсус ҳисоби)дан инфоқ-эҳсон қилган, маҳаллаларини ободонлаштириш ва тузатишга алоҳида эътибор қаратган, у ерда яшовчиларнинг озиқ-овқати ва илм олишлари учун етарли маблағ ажратган, уларнинг эҳтиёжига кўра китоблар чоп этишга рухсат берган.

Ҳозирги пайтда ҳам Қоҳирада бир қанча ўзбек оилалари яшайди. Шошлик, бухоролик, фарғоналик, тарозлик оилалар бор, улар юртлари номига нисбат берилган исмларини ҳамон сақлаб келишмоқда.

Ўзбеклар Мисрнинг узоқ тарихи давомида унинг маданий ҳаётида ҳам алоҳида ўрин тутишган. Бунга ҳижрий 247 йили Қоҳира равзасида Аҳмад Фарғоний бино қилган биргина Нил миқёси (ўлчагичи)ни эслаш кифоя. Аҳамиятлиси шундаки, бу миқёсдан ҳозир ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Аҳмад ибн Тулун қурдирган жоме (масжид-мадраса) Мисрнинг ҳозирги кунда ҳам майдони жиҳатидан энг катта жомеларидан биридир. Уни Аҳмад ибн Тулун милодий 878 (ҳижрий 265) йили қуриб битказган, Қоҳиранинг Саййида Зайнаб маҳалласидаги Ибн Тулун майдонида жойлашган. Аҳмад ибн Тулун бу жомени дин, Қуръон, луғат (тил) илмларини ўргатадиган олийгоҳ қилган, уни етук олимлар ва муҳаддислар маконига айлантирган эди. Кейинчалик бу илм даргоҳида дорихона, шифохона қурдириб, кучли табиб ва доришуносларни ҳам жалб қилди.

Бундан ташқари, Аҳмад ибн Тулун Қатоеъ шаҳрига асос солди, Ислом замонида у Фустот шаҳридан кейин Мисрнинг учинчи пойтахтига айланди.

Миср тараққиётида ихшидийларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Амир Абу Бакр Муҳаммад ибн Тоғоч Ихшидий барпо эттирган ўттиз олти фаддонли ”Ихшид боғи” бунга мисолдир. Амирнинг ўзи шу боғда яшаган ва ишлаган эди. Бу жой ҳозирда Моски кўприги яқиндаги янги кўча ва Шаъроний жомеи оралиғида жойлашган.

Подшоҳлик даври обидалари ҳақида мулоҳаза юритганимизда, ўша даврда ўзбек меъморлиги Миср иморатсозлигига нечоғли таъсир ўтказганига гувоҳ бўламиз. Мисол тариқасида Самарқанд қубба (гумбаз)ларини олайлик. Уларнинг (пиёз шаклидаги) маҳобати, ҳар томондан бир хил кўриниши, узун, алоҳида чиқиб турувчи бўйни ташқаридан жуда очиқ, равшан кўринган. Ҳолбуки, бу темурийлар иморатсозлигининг ўзига хос муҳим услубларидан эди. Худди шу нарса биз мулоҳаза юритаётган Ҳасан ибн Носир Муҳаммад ибн Қалавун масжиди қуббаси ва Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг қуббаси ўртасидаги катта ўхшашликда ёрқин намоён бўлади.

Худди шу шакл Қусун жомеида ҳам қўлланган. Амир Қусун Ўзбекий ҳижрий 720 йили Тулунбой Ўзбекхон қизини Носир Муҳаммад ибн Қалавунга никоҳлаш мақсадида келинга ҳамроҳ бўлиб Мисрга келганида 730 ҳижрий йили ўз номи билан аталадиган жоме қурдирган эди. Унинг “Зувабла” номли ташқи дарвозаси бор. Ҳозирги жойи Қоҳиранинг Дарбул Аҳмар маҳалласидаги Мағрибийлар кўчасида. Бу жоме бузилиб кетган бўлса-да, дарвозалари сақланиб қолган. Сайфиддин Ўзбек Юсуфий барпо этган “Ўзбек истироҳат боғи” ҳозир ҳам қоҳираликларнинг севимли масканидир.

Можида Махлуф,

Мисрнинг Айн Шамс университети Шарқ тиллари кафедраси мудири

Комилжон Раҳимов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

الجمعة, 07 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Эронда масжидлар сони 79 мингга етди

Эрон Ислом Республикасида бугунги кунда 70 миллиондан ортиқ мусулмонлар яшайдилар. Мамлакат Масжид ишлари бўйича қўмита раиси Ҳабиб Реза Арзанийнинг маълум қилишича мамлакатда масжидлар сони 79 мингдан ортди. Бироқ уларнинг барчасида ғам жамоат намозлари доимий равишда адо этилмайди.

Шабистон агентлигининг хабарига кўра, сўнгги 40 йил ичида Эронда масжидлар сони уч бараварга ортган. 1978 йилда Эронда 25 мингдан ортиқ масжид бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 79 мингдан ортиқ.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

الجمعة, 07 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Воқеа сураси

Воқеа сураси Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат. “Воқеа” қиёматнинг номларидан бири бўлиб, у суранинг биринчи оятида ҳам тилга олинган: “Қачонки, қиёмат воқе (қойим) бўлганда, унинг воқе бўлишининг ёлғони йўқдир(Воқеа сураси, 1-2 – оятлар). Шунинг учун шу ном билан аталган.

Сура қиёмат даҳшатлари, тоғларнинг титилиб, тўзонга айланиши, ернинг ларзага келиши, одамларнинг яксон бўлиши ҳақидаги тасвирлар билан бошланади. У кунда одамлар уч тоифага: ўнг ва чап тараф эгалари ҳамда пешқадамларга ажралиши айтилган. “Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз” (Воқеа сураси, 7-оят).

Ўнг тараф соҳиблари Аршнинг ўнгида турадилар. Қиёмат куни амаллар китоби эгаларига тарқатилганда жаннат аҳлининг китоби ўнг тарафларидан берилади. “Бас, (у учтанинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!(Воқеа сураси, 8-оят).

Ўнг тараф эгалари жаннат неъматларидан баҳраманд бўлишлари, уларга тайёрлаб қўйилган иномлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар” (Воқеа сураси, 28-34 – оятлар).

Яна бир гуруҳ Аршнинг чап томонида туради. Уларнинг номаи аъмоллари чап тарафларидан берилади. Дўзаҳ аҳлининг аксарияти ушбу гуруҳга оиддир. (Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!” (Воқеа сураси, 9-оят).

Чап тараф эгалари бадбахтдирлар. Улар баданни тешиб ўтувчи шамолда ва қайноқ сув ила азобланадилар. Жаҳаннам аҳли дўзахнинг салқини йўқ, қора тутун соясида бўладилар. Улар дунё лаззатининг ортидан эргашиб, имонни, диёнатни унутдилар. Катта гуноҳларни саркашлик билан қилдилар, тавбага шошилмадилар. Ҳою-ҳавасга берилиб, қайта тирилишни инкор этдилар. «Яна айтар эдилар: “Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилтирилувчимизми?! Аввалги ота-боболаримиз ҳамми?!”» (Воқеа сураси, 47-48 – оятлар).

Улар ўша кунда жаҳаннам гиёҳи бўлган Заққум дарахтидан ейдилар. Бошқа ичадиган нарса йўқлигидан мажбур бўлиб, ўта қайноқ сувни ичадилар. «...(ичганда ҳам) ташна туялар каби ичувчидирсиз. (Лекин ташналик асло босилмас) Мана шу жазо кунидаги уларнинг “зиёфати”дир» (Воқеа сураси, 56-оят). Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига адолат қилувчи зотдир.

Энг саодатли тоифа учинчи тоифа бўлиб, улар пешқадамлар, Аллоҳ таолонинг рўпарасида турувчилардир. (Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир” (Воқеа сураси, 10-оят). Улар Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар қаторида бўладилар.

Бу тоифа охиратдаги энг саодатли бандалардир. Улар Аллоҳ таолонинг ибодати ва тоатида бошқалардан кўра пешқадам бўлганлар. Тавбада, яхшилик ва савобли амалларда ўзиб кетганлар. Улар орасида аввал ўтган мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо бу мақомга кейинги авлодлардан, яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларидан озчилик сазовор бўлар экан. (Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилар (Муҳаммад умматлари)дан эса озчиликдир” (Воқеа сураси, 13-14 – оятлар).

Пешқадамлар жаннатда тилладан дур ва ёқутдан тўқилган сўриларда ёнбошлаб роҳатланиб ётадилар. “Устиларида эса мангу ёш болалар айланиб (хизматда) юрурлар...” (Воқеа сураси, 17-оят).

Улар жаннат аҳли ихтиёр қилган меваларни ва иштаҳалари тусаган нарсаларни келтирадилар. “оқар чашмадан олинган (май тўла) қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар” (Воқеа сураси, 18-19 – оятлар).

Пешқадамларга берилган мазкур неъматлар ва олий мақомлар уларнинг дунё ҳаётида қилган солиҳ амалларининг мукофотидир. «Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз)ни эшитмаслар, фақат (бир-бирларига айтадиган) “Салом-салом” сўзинигина (эшитурлар)» (Воқеа сураси, 25-26 – оятлар).

Шунингдек, сурада Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва чексиз қудрати, инсонни яратишдаги, ўсимликларни ўстиришдаги, ёмғир ёғдиришдаги ва бошқа ишлардаги ажойиб тадбир ҳамда ҳикматлари ҳақида ҳам сўз кетади. Аллоҳ таоло уларга тафаккур кўзи билан қарашга буюради: Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 63-оят); “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 68-оят); “Сизлар ёқаётган оловни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 71-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликларда пешқадам бўлган, охиратда Ўзининг рўпарасида турувчи бандаларидан қилсин.

Робия САИДХОНБАЛОВА,

Хадичаи кубро аёл-кизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Жанубий Африка Республикаси Олий инстанция суди Исломий никоҳни маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларида қайд этиладиган расмий никоҳга тенглаштирди. Бу ҳақда IslamToday’га таяниб Azon интернет нашри хабар берди.

Қайд этилишича, бундай қарор ажрашиш ҳолатларида муслималар мол-мулкнинг бир қисмига даъвогар бўла олишлари учун қабул қилинган. Энди мавжуд қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритилиши лозим.

Ҳуқуқ ҳимоячилари суд қарорини қўллаб-қувватлади. Исломда аёлнинг моддий таъминоти масалалари тартибга солинган, бироқ давлат ташкилотлари исломий қоидаларга риоя этилишини назорат қилмайди, Исломий ташкилотларга эса бундай ваколат берилмаган.

ЎМИ Матбуот хизмати

الجمعة, 07 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Олтин куз - савобли ишлар фасли

Жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг деҳқону боғбонлари йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни хоҳлаганининг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олишимиз мумкин.

Яъни: "Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳарнинг ери эса) фақат унумсиз бўлур" (Аъроф, 58).

Дарҳақиқат, бозорлардаги тўқин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар — оятда таъкидланганидек — Парвардигорнинг изни билану чиқмокда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ  диёрдир.

Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин:

Яъни: "Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни зайтун ва хур-моларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир" (Абаса, 24 32).

Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир. Чунки шу ҳосиллар билан юртимиз обод, дастурхонимиз тўкин бўлади. Бу йилги ҳосил кейинги йиллардаги фаровон ҳаётимиз гаровидир.

Шу ўринда кишлоқ жойларда учрайдиган бир муаммо ҳақида ҳам сўз юритсак. Ҳали ҳосили тўлиқ йиғиб олинмаган пахтазор ва далаларда ёки янги экилган буғдойзорларда чорва ҳайвонларини боқиш, афсуски, одат тусига кириб қолган. Бу қанчалик оғир гуноҳ эканлигини Қуръони карим оятларидан билиб олишимиз мумкин. Жумладан:

Яъни: "(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди" (Бақара, 205).

Ушбу оятда экинларни пайҳон қилувчилар фитначилар билан бир қаторда зикр этилди. Оқибатлари ҳам ўхшашдир. Яъни, Аллоҳ бундай бузғунчи кишиларни ёмон кўради.

Бундай кишиларга нисбатан турли хил моддий жарима ва жазоларнинг кўлланиши ҳам адолатдандир. Бунга Довуд (а.с.) ва Сулаймон (а.с.)нинг қиссаси мисол бўла олади:

Яъни: "Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида хукм қилган кезларини (эсланг). Ўшанда унга қавмининг қуйлари (тунда) кирган (ва уни пайҳон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик..." (Анбиё, 78-79).

Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани сог қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд (а.с.) қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон (а.с.) эса: "Ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтариб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда тугилган қўзиларни ҳам ўзига олиб қолса", — дейдилар. Шунда Довуд (а.с.) Сулаймон (а.с.)га қараб: "Уғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир" — деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилади.

Демак, келтирилган зарарни қоплаш учун уларни турли хил жавобгарликларга тортиш жуда ўринлидир.

Азизлар! Бу йил омборларимиз буғдой билан тўлди, пахтазорларимизда мўл-ҳосил етиштирилди. Фурсатни ғанимат билиб, уни териб олишга ҳисса қўшиш ҳар бир Ўзбекистонлшснинг бурчидир.

Аллоҳ таоло деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака берсин! Юртимиз тинч ва обод бўлсин!

 

 

Одилжон Нарзуллаев

Зангиота тумани «Имоми Аъзам» жоме масжиди имом хатиби

 

Top