muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 07 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Қуръон зиёфати... бўлмади

Бу воқеанинг бўлганига ҳам мана роппа роса 11 йил бўлди.  Ўша кезлари мен Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти “Исломшунослик” йўналиши 4-босқич талабаси эдим. Шу билан бир қаторда Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) тумани Себзор даҳаси “Ат-Термизий” жомеъ масжидининг ноиби бўлиб бир муддат фаолият юритаётган пайтларим эди.

Ўшанда Туйғун ҳожи ака (Аллоҳ раҳмат қилсин уларни) масжид мутаваллиси сифатида иш олиб борардилар. Биз у киши билан кўп ҳамсуҳбат бўлардик. Тақволи, шу билан бир қаторда Қуръон илмини ўрганишга бўлган шавқлари жуда кучли инсон эдилар. Бир куни намоздан сўнг ёнимга бир сурани ёд олиб келганликларини айтиб келдилар. Кирилл ёзувидаги китобдан ёд олганликлари боис талаффузларида бир мунча хатоларини сездим. Ўзларига айтиб кўнгилларини ранжитишни истамадим, аммо уларга афзалроқ бўладиган бир таклиф билдирдим.

— Ҳожи ака, Қуръонни ўқишга тушиб кўрмайсизми? Ўзим сизга ёрдам берардим – дедим. Шунда ҳожи ака:

— Яҳёбек буни ўзим ҳам жуда жуда истардим бироқ,  73 га чиқиб қолдим шу ёшда зеҳним етармикан – дедилар.

— Э, ҳожи ака сиз бир бошлаб олинг, бу ёғига Аллоҳ ўзи сизни зеҳн ҳам ғайрат ва шижоат билан қувватлайди, — дея жавоб бердим.

Улар тасдиқ ишорасини қилгандек бошларини охиста силкитдиларда чиқиб кетдилар. Эртаси куни намоздан сўнг худди мактаб ўқувчиларидек дафтар ручка билан мен ўтирган хонага кириб келдилар. Дафтарларига санани қайд этиб қўйдилар. Ўша кундан бошлаб араб алифбосини бошладик. Улар қунт ва сабр билан ўргандилар, мен эса устозларимдан ўрганганларимни уларга ўргатиб ҳузр олардим.

Шу зайлда кунлар ўтди. Дарсимизнинг 30 куни. Ўша куни сира ёдимдан чиқмайди. Туйғун ҳожи ака имло ва талаффузни, ҳарфларни қўшиб ўқишни тугатиб, Қуръонга тушадиган кун эди. Одатдагидек намозни адо қилиб бўлганимиздан сўнг, ёнимга келдилар. Дарсни бошладим. Ҳожи ака “Бисмиллоҳ” деб Қуръонга тушдилар. Субҳаноллоҳ. Киши Аллоҳнинг каломини ўқиб ўрганиши учун ёшнинг чегараси ҳеч қандай ўрин тутмаслигини гувоҳи бўлдим. Ёнимда 73 ёшга чиққан, соч-соқоли оқарган, нуроний отахон Қуръонни ўқирди. Қалби эзилиб кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. У кишининг қувонч бахтиёрлик кўз ёшларини кўриб ич-ичимдан севиндим.

Мени ёнимдан кетар соатда ҳожи ака сабоқ олишларидан олдин қилган ниятлари ҳақида сўз очиб қолдилар:

— Яҳёбек, сиздан дарс олишимдан аввал иншаоллоҳ, Қуръонга тушган куним битта зиёфат қилиб бераман деб ният қилгандим. Субҳаноллоҳ, Аллоҳ мени шу кунга етказди. Энди зиёфат мендан. Кечга бизникига албатта ўтинг, — деб кўзида кўз ёшлари қуришига улгурмай, шошганча чиқиб кетдилар.

Айтилган вақт келиб, шом намозидан сўнг уларни уйларига бордик. Қаранки, 73 ёшида Аллоҳнинг каломини ўқишни ният қилиб, 30 кун деганда ўзлари мустақил Қуръон ўқиб қалблари эзилиб йиғлаган куни, кечга бориб омонатни топширдилар. Эртаси куни уларни сўнгги йўлга кузатдик. 

Янгиер шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур жомеъ масжиди

бош имом хатиби Яҳё Абдужабборов домланинг сўзларини

Рустамжон  Ҳусанов оққа кўчирди.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Манба

الجمعة, 07 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Ён қўшни – жон қўшни

Абдуллоҳ саховатли, қалби юмшоқ киши эди. Уни Аҳмад исмли камбағал қўшниси бор эди. Бир куни Аҳмад кўп молга муҳтож бўлиб қолди. Лекин... Унга кўмак берадиган киши топилмади. Охири оқибат уйини сотишга қарор қилди.

Харидорлардан бири Аҳмадга:

 -  Қанча деяпсиз?

 -  Минг динор.

- Минг... Атрофда бундай уйлар беш юз динор туради-ку? Нархини ошириб юбормадингизми? Инсоф қилинг.

-Тўғри айтасиз биродар. Лекин бу уйнинг қўшниси саховатли, яхши инсон. Исми Абдуллоҳ. Касал бўлсам кўргани чиқади. Ҳол аҳвол сўрайди. Хурсанд бўлсам севинади. Хафа бўлсам ҳамдард бўлади. Шу ҳовлида яшаётганимдан бери бир оғиз ёмон гапини эшитмаганман. Харидор Аҳмаднинг гапларини эшитгач: “Кимнинг Абдуллоҳ каби қўшниси бўлса, уйини сотмаслиги керак”- деди.

Абдуллоҳ қўшниси ва харидор ўртасида бўлиб ўтган гапларни эшитиб хафа бўлди. Чунки қўшниси пулга эҳтиёж сезиб қолганини ундан яширганди. Абдуллоҳ дарҳол Аҳмаднинг олдига бориб, эй азиз қўшним! Сизга қанча пул керак бўлса мана олинг, дея бир халта ҳамённи чиқарди. Уйингизни сотманг. Мен сизга қўшни бўлиб қолишни хоҳлайман.

Бу воқеа халқ орасида тарқалиб, зарбул масалга айланди. (Воқеа қаҳрамони бўлган меҳрибон қўшни Абдуллоҳ – машҳур Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ эди).

Яна бир ибратли воқеа.

 Бир киши дўстидан уйида сичқон кўпайиб кетганини айтиб, ундан қандай халос бўлиш мумкин деб сўрабди.

- Шуни ҳам билмайсанми? Мушук боқиб қўй. Олам гулистон! Ҳаммасидан бир кунда қутиласан, қўясан.

- Мен ҳам аввалига шундай деб ўйлагандим. Қарасам мени уйимдаги сичқонлар қўшнимнинг уйига ўтиб кетар экан. Сичқонлар қўшнимга озор берганидан кўра, ўзимнинг уйимда юргани маъқул. 

Хулоса шуки, ёши катта инсонлар ўз фарзандларига шу каби тарбиявий аҳамиятга эга ибратли воқеаларни айтиб, уларнинг мурғак қалбида қўни-қўшниларга нисбатан гўзал муомалани шакллантириши лозим. Зеро, бизнинг ҳам қилаётган ишларимиз келгуси авлодга ибрат мактаби бўлиб қолсин.

ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги матбуот котиби

Искандарбек Зокиров

Бирлашган Араб амирликлари аҳолиси 2017 йилда хорижий мамлакатларда ҳалол туризм соҳасида 17,6 миллиард АҚШ доллари сарфлаган. Бу ҳақда Дубай савдо-саноат палатаси ҳисоботида айтилган.

Мазкур кўрсаткич Mastercard тўлов тизими ҳамда Туризм ва саёҳат бўйича бутужаҳон кенгаши маълумотларига асосланганлиги маълум қилинган.

БАА аҳолиси ҳалол туризмга энг кўп пул сарфлаган сайёҳлар бўлиб, улардан кейинги ўринни Саудия Арабистони ($16 млрд), Қувайт давлати аҳолиси ($10,5 млрд) эгаллади.

Қайд этилишича, айни пайтда ҳалол туризм ҳажми 181 миллиард АҚШ долларига тенг ва бу миқдор 2020 йилга бориб 221 миллиард АҚШ долларига етиши айтилмоқда. Ўз навбатида мусулмон сайёҳлар сони ҳам 131 миллиондан 156 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Аввалроқ, порталимизда 2017 йилда Ўзбекистон бутунжаҳон ҳалол туризми йўналишлари орасида ўтказилган рейтингда 28 ўринни эгаллаганлиги ҳақида хабар берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 06 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Муфтий ҳазратлари қорақалпоқ диёридалар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бугун Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида маънавий-маърифий ишлари билан танишдилар, “Мустақиллик куни” дарсини ўтдилар ва талабалар билан “Илм олиш фазилати” мавзусида суҳбатлашдилар.
Учрашувда мадраса ўқитувчиси Жумабек Искандаров муфтий ҳазратларига талабалар билан дилдан суҳбатлашгани учун миннатдорчилик билдирди.
Ташриф давомида муфтий ҳазрат Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди ёнидан барпо қилинган конференция залида қозиёт тизимидаги масжидлар имом-хатиблари ва имом ноиблари билан самимий мулоқот қилди. Мулоқот чоғида юртимиздаги ислоҳотлар, барча соҳадаги ривожланишлар, жумладан, диний соҳадаги имкониятлар ва ўзгаришлар айтиб ўтилди. Шулар қатори қорақалпоқ диёрида ҳам катта янгиланишлар юз бераётгани, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Имом Эшон Муҳаммад жоме масжидининг тубдан таъмирлангани, атрофи ободонлаштирилгани, ҳақиқий маънавият ўчоғига айлангани, имом-хатиблар ишларида ҳам ўзгаришлар бўлаётгани таъкидлаб ўтилди.
Амударё тумани бош имом-хатиби Абдураҳмон Матсапаев “Муфтий ҳазратларининг вақт ажратиб юртимизга келиши – қорақалпоқ диёрига бўлган эътибори, имом-хатиблар билан самимий суҳбати диний соҳа ходимларининг кучларига куч қўшди”, деб дил изҳорини билдирди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

الخميس, 06 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Бойлик  истаган  одам...

   Икки дўст йўлда учрашиб қолди. Бир-бирини анчадан бери кўрмаганликлари боис узоқ суҳбат қурдилар. Шунда улардан бири дўстига:

- Қанийди кўп бойлигим бўлса! Очларга таом, ёлғизларга мадор, ночорларга шифо бўлардим! Лекин афсус, Худо бойлик бермади-да! Қўлимда косиблик ҳунари-ю, қари онамдан бошқа ҳеч нарсам йўқ! Баъзан, онамнинг қайсарликларидан чарчаб кетаман! – деди нолиб.

  Бу гапларни диққат билан тинглаган иккинчи дўст, армонда қолган биродарига бундай деди:

- Юқорида айтган ишларни амалга оширишингга ишонмайман! Бир ўйлаб кўр, Аллоҳ таоло сенга соғлик, ҳалол касб, бошингга она ато қилди! Аслида, энг катта бойлик шулар эмасми? Сен эса шунча бойлигинг бўла туриб, битта-ю битта онангга хизмат қилишдан нолияпсан. Агар пулинг бўлганида бегоналарга яхшилик қилармидинг?! Аллоҳдан яна давлат сўрагунча, борининг шукрини адо этмайсанми ?!

  Нолиган йигит бу гапларга бирор нарса дея олмай, ўйланганча қолди.

                         Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ

Top