muslim.uz
Саҳар вақти истиғфор айтинг
“(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).
“(Улар) сабрли...”. Мўмин банда машаққатларга сабр қилади. Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади. Имом Қуртубий оятда келган сабр ҳақида: “Гуноҳ ва масъиятлардан тийилишда сабр қилиш”, деса, баъзилар: “Итоатда сабрли бўлиш” дейди.
“...садоқатли...”. Садоқатли кишилар – имонда мустақим турувчилар, динда собит қадам бўлувчилар. Уларнинг содиқлиги айтаётган сўз ва бажараётган амалида намоён бўлади.
“...итоатли...”. Доимо Аллоҳга ибодатда бўлиш, ёлғиз Ўзигагина илтижо қилиш диннинг мағизи ва руҳидир.
“...саховатли...”. Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилувчилар, одамларга меҳр-мурувват кўрсатувчилар, ҳадя улашувчи саховатпешалар.
Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.
Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).
Яқуб (алайҳиссалом)га фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб (алайҳиссалом): “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ)дан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).
Ибн Жарир (раҳматуллоҳи алайҳ) Иброҳим ибн Ҳатиб (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода (розияллоҳу анҳу): “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).
Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).
Набий (алайҳиссалом) қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом): “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).
Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн” (Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).
Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий (алайҳиссалом): “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Нишонга урилган гаплар: “Фарзандларингизга сидқ – ростгўйликни ўргатинглар! Ростгўйлик уларга ҳамма нарсани ўргатади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Улар ёлғончилардир. Ёлғончиликларини ўзлари ҳам билишади. Ёлғончиликларини биз билишимизни ҳам билишади. Шундай бўлса ҳам баланд овозда ёлғон гапираверадилар.
Нажиб Маҳфуз
*****
Африка қитъасига дори-дармонлар жўнатишга қарор қилдик. Бу жуда ҳам яхши инсонпарварликдир. Лекин муаммо дорилар қутисига “Овқат егандан сўнг” деб ёзиб қўйилганидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Китобларнинг дўстлиги инсонларнинг дўстлигидан афзалдир. Чунки китоблар ҳеч нарса талаб қилмасдан, доим фойда беради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Душманларингнинг гапларига яхшилаб қулоқ сол. Чунки уларнинг кўп гапларида яхши кўрганларинг яширган ҳақиқат бор бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бошқанинг гапини сенга олиб келгандан эҳтиёт бўл. Чунки у сенинг ҳам гапингни бошқага етказади.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ
*****
Агар сен эҳтиёжинг тушмаган нарсани сотиб олган бўлсанг, вақти келиб, ўзингга керак бўлган нарсани сотишга мажбур бўласан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Мен ҳеч кимни ташлаб кетмайман. Лекин кетмоқчи бўлган кимсанинг қўлидан ушлаб олмайман.
Маҳмуд Дарвеш
*****
Фарзандларингизга сидқ – ростгўйликни ўргатинглар! Ростгўйлик уларга ҳамма нарсани ўргатади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Энг афзал интиқом – шиддат билан муваффақиятга эришишингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов
04.01.2019 й. Ёшлик даври – ғанимат
بسم الله الرحمن الرحيم
ЁШЛИК ДАВРИ – ҒАНИМАТ
الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا" وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الَّذِي قَالَ: "أَكْرِمُوا أَوْلَادَكُمْ وَأَحْسِنُوا آدَابَهُمْ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ.
Муҳтарам жамоат! Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир, бунда инсон онадан туғилиб, вафот этгунча охират учун сай-ҳаракат қилади. Умр бўйи қилган яхши амаллари эвазига савоб, ёмон амаллари учун гуноҳ ёзилиб турадиган бир муддатдир. Ёшлик ва ўспиринлик даври эса ҳаётнинг энг жўшқин ва ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, киши кўп ютуқларни қўлга киритиши мумкин бўлади. Ёшлик даври ғаниматлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар:
" ...اِغْتَنِمْ شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ..."
(رواه الإمام الترمذى)
яъни: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билинг ва бўш вақни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!” (Имом Термизий ривояти).
Демак, ёшликда қилинган ишлар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати ва тараққиёти ўша юрт ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Улуғ ҳакимларнинг машҳур гаплари бор:
اَلْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ كَالنَّقْشِ عَلَى الْحَجَرِ
яъни: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”.
Демак, ҳар бир ота-она фарзандларига ёшлик даврининг бўш кунларини ғанимат билишни ва ундан унумли фойдаланиш зарурлигини тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлигидан бошлаб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.
Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ
яъни: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси, 6-оят). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “ўзларингизни ва аҳл-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” – дейилди. Шунда у зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, – дедилар” (Имом Ибн Мардавайҳ ривояти).
Халқимизда “Бўладиган бола бошидан маълум” деган ҳикматли сўз бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қуйидаги ҳадисларида келажаги яхши бўладиган кимсалар қаторида санаш асносида ёшлигидан Аллоҳни таниб, ибодатда ўсган ёшларни мақтамоқдалар:
سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللَّهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلاَّ ظِلُّهُ... وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ ...
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)
яъни: “Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ кунда (қиёмат куни) Аллоҳ етти кишини Ўз соясига олур: (улардан бири) Парвардигорнинг ибодатида ўсган ёш йигит” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Қуръони каримда Луқмони ҳакимнинг ўғилларига қилган насиҳатлари шундан иборатдир:
يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ
وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ
وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ
яъни: “Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 17-19-оятлар).
Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил оқимлардан қаттиқ ҳазар қилиш ва ҳоказо зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.
Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.
Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин. У муҳтожлигингда ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”.
Шайх Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида инсон учун дўст танлашнинг аҳамияти ҳақида қуйидаги ибратли байтни келтирган:
ﭘِسَرِ نُوحْ بَابَدَانْ بِنِشَسْتُ
خَانَدَانِ نُبُوَّتَشْ ﮔُومْ شُودْ
ﺳَﮓِ أَصْحَابِ كَهْفْ رُوزِى چَنْدْ
ﭘَيِ نِيْكَانْ ﮔِرِفْتُ مَرْدُومْ شُودْ
яъни: Нуҳ алайҳиссаломнинг (Ём исмли) фарзандлари ёмонлар билан бирга бўлиб,
Пайғамбарликдан маҳрум бўлди, яъни, Нуҳ алайҳиссаломнинг барча фарзандлари пайғамбар бўлганлар, фақат Ём исмли фарзандлари ёмон кимсаларга қўшилиб, бу буюк мартабадан маҳрум бўлди.
Асҳоби каҳфнинг ити бир неча кун,
Яхшилар сафида бўлиб, инсоният қаторига кирди, яъни, инсонларга ўхшаб, жаннат аҳлидан бўлди.
Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади. Иншааллоҳ.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Ҳурматли жамоат! Мавъизамиз давомида “Ҳайвонот оламига нисбатан меҳр-шавқат ва ғамхўрлик кўрсатиш” мавзусида суҳбатлашамиз. Динимиз ҳайвонот оламининг ҳаётимиздаги аҳамияти ва инсониятга манфаатини воқеъликка мувофиқ ҳолда эътиборга олади ҳамда керакли кўрсатмаларни беради. Қуръони каримнинг бир нечта суралари ҳайвонларнинг номлари билан аталди. Баъзи оятларда чорва молларининг одамларга манфаатлари неъмат ўлароқ санаб ўтилган (Наҳл сураси, 5-7 оятлар). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларнинг ҳам ҳуқуқлари борлигини асослаб бердилар. Авваламбор ҳайвонларга азият (озор) бермаслик керак. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: “Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!” – дедилар (Имом Муслим ривояти). Яна ҳайвонларни “мусла” қилиш (тирик ҳайвонларни аъзоларини кесиб ўлдириш)дан ҳам қайтарилганмиз. Демак, ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик шариатимизда жиноят ҳисобланади. Ҳайвонларни қамаб қўйиб, очликдан ўлдириш ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган аёлнинг азобланиши ҳақида хабар берилди (Имом Бухорий ривояти). Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эти суягига ёпишиб кетган туяни кўриб қоладилар ва: “Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқинглар. Минишга яроқли қилиб мининглар, ейишга яроқли қилиб енглар”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳар бир ҳайвонни нима учун яратилган бўлса, шу ишда фойдаланиш ҳам динимизнинг кўрсатмаларидан биридир. Бир ҳадиси шарифда: “Уловларингиз устини минбар қилиб олишдан сақланинглар...”, – дейилган (Имом Абу Довуд ривояти). Бунинг маъноси, кимнидир кутаётганда, савдо сотиқ қилаётганда ёки бошқа ишларни қилаётганда уловни устига миниб турманг, деганидир. Ҳадиси шарифларда тирик жонзот (товуқ, қўй, эчки кабилар)ни ўқ отишга нишон қилиб олишдан қайтарилади (Имом Бухорий ривояти).
Динимиздаги ҳайвонларга боғлиқ яна бир асл қоида уларга раҳм-шафқат кўрсатишдир. Бу мавзуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Масалан, чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган кишининг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Бухорий ривояти). Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг палопонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам палопонларни қайтариб ўз жойига қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан ҳам олий даражаси гўшти учун сўйилаётган ҳайвонни ҳам қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик, пичоқни ўткир қилиш ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!” – деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларида агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам ўйнаб ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган.
Аллоҳ таоло ушбу янги йилни барчаларимизга унумли қилиб, фарзандларимиз тарбиясига янада масъулият билан ёндашувимизни насиб айласин! Омин!
ТАЪЗИЯ
Бугун барчамиз учун оғир жудолик. Билим юртимиз устози Хайрулло домла бу фоний дунёдан, охират даргоҳи риҳлат қилдилар. Шу муносабат билан Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти жамоаси у кишининг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор қилади.
Хайрулло қори Алишер ўғли аҳли илмлардан бўлиб, 2015 йилда Тошкент ислом институтини битказиб, ўз яшаш манзили Наманган шаҳридан анча узоқ масофадаги Хоразм диёрига холис Аллоҳ розилиги учун устозларининг тавсияси билан динимиз ривожи, миллатимиз маърифатига хизмат қилиш мақсадида билим юртимизга мударрис бўлиб иш келдилар.
Хайрулло домла ушбу илм даргоҳида хизмат қилган даврида талабаларга “Тафсир” ва “Хатоба” фанларидан дарс берар, “Араб тили” фанидан тўгарак машғулотларини олиб борар эди. Домла талабаларнинг илм олишлари учун фидоий ҳамда жонкуяр бўлиб, доимо улар билан ишлар, талабаларнинг ҳам илмли, ҳам гўзал аҳлоқли бўлишлари учун ҳаракат қилар эди. Ўзи ҳам шогирдларига намуна бўлиб, ҳар бир дақиқасини илму-маърифат хосил қилиш ва Аллоҳнинг тоат-ибодатида мустақим туришга сарф этар эди.
Хайрулло домла ўзлари қори-ю мураттаб бўлганликлари учун билим юртида ҳам ўқув жараёнида талабаларни ҳам Қуръони каримни тўлиқ ёд олишларига ундаб, у кишининг сабабларидан бир қанча талабалар ўқув даврининг ўзида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлишди.
Хайрулло қори талабаларга дарс бериш билан бирга, уларнинг хусну хулқ эгаси бўлишлари учун талабалар турар жойида руҳий тарбия йўналишида хафталик давра сухбатларини олиб борар эди. Билим юрти мударрис ва талабалари Хайрулло домланинг илму ҳикмат эгаси бўлиш билан бирга, хусни хулқлиги, тақводорлиги ва ибодатда мустақим эканлигидан ибрат олишар эди. У киши барчага раҳму шафқатли бўлиб, оғзидан бирор марта бирор киши ҳақида салбий фикр билдирилганлиги кузатилмаган. Доимо элу-юрт равнақига, дин ривожига ва халқимизни маърифатли қилишга, шу йўл билан Аллоҳнинг розилигини топишга интилиб яшар эди.
Аллоҳнинг тақдири экан, шундай илму-маърифат, гўзал аҳлоқ эгаси бўлган устозимиз Хайрулло домланинг умрлари қисқа экан. Лекин шу қисқа даврни Аллоҳ таоло у кишига барокатли қилиб бериб, охиратда ота-онасига тож кийдирадиган мураттаб қори, раҳмат келтирадиган солиҳ фарзанд, илм тарқатишда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўри, дин, миллат, Ватан учун жонфидо, садоқатли фарзанд бўлишга мушарраф бўлдилар.
Аллоҳ устоз Хайрулло домлани Ўз раҳматига олсин. Жаннатидан юксак мартабалар ато қилсин. Ота-оналари, аҳли оилалари, яқин қавму-қариндошлари, дўсту-биродарлари ва шогирдларига сабру жамил ато қилсин. Омин!
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти жамоаси
Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидига янги имом-хатиб тайинланди
Бугун, 28 декабрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани Кўкча даҳасидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидига Абдураҳмонов Яҳё Убайдулло ўғли имом-хатиб этиб тайинланди.
Абдураҳмонов Яҳё 1999-2003 йилларда Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасини тамомлаган. 2004-2008 йилларда Тошкент ислом институтида таълим олган. Миср давлатидаги “ал-Азҳар” университетида малака оширган. 2009-2011 йилларда Ўзбекистон миллий университетининг Олий журналистика факультетида ўқиган. 2004-2018 йилларда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Кулол қўрғон” жоме масжидида имом ноиби, имом-хатиби вазифаларида ишлаган. Айни вақтда Тошкент ислом институтида “Тажвид” фани ўқитувчиси ва Халқаро ислом академиясининг мустақил тадқиқотчиси ҳисобланади.
2018 йилда Тошкент шаҳридаги туманлараро қорилар мусобақасининг мутлақ ғолиби, шаҳар бўйича 2-ўрин соҳиби бўлган. 2018 йилда “Энг маърифатли имом” кўрик танлови Тошкент шаҳридаги босқичи ғолиби, Республика босқичида эса 2-ўринни эгаллади.
Абдураҳмонов Яҳёга ушбу марказий жоме масжиддаги шарафли вазифада халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш йўлида Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати