muslim.uz
8 июнь куни "Азон мусобақаси" ўтказилади
Жорий йилнинг 8 июнь куни соат 14:00да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида талабалар ўртасида “Нажотга шошилайлик” шиори остида азон мусобақаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда "islaminstitut.uz" хабар берди.
Мусобақа 2 шарт бўйича ўтказилади:
Биринчи шартда иштирокчиларнинг азонни маҳорат билан айтиб бериши талаб этилади. Бунда ҳакамлар овоз, тараннум ва тўғри талаффуз меъёрлари бўйича баҳо қўядилар.
Иккинчи шартда иштирокчилар билет асосида азонга доир фиқҳий саволларга жавоб берадилар. Ҳакамлар жавобларнинг тўлиқ ва мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратадилар.
Мазкур шартда иштирокчиларга қуйидаги фиқҳий савол ва топшириқлар берилади:
- Азоннинг макруҳларини санаб беринг
- Азоннинг мустаҳабларини санаб беринг
- Азоннинг суннатларини санаб беринг
- Азоннинг шартларини санаб беринг
- Иқоманинг шартларини санаб беринг
- Магнит тасмаси орқали азон айтиш жоизми? -Далили билан айтиб беринг
- Азонда таржиъ нима? Ҳукмини батафсил баён қилинг
- Тасвиб нима? Ҳукмини баён қилинг
- Аёл киши, мажнун ва мастнинг азонининг ҳукми қандай?
- Бетаҳорат кишининг азон ва иқомасининг ҳукмини баён қилинг
- Жунуб кишининг азон ва иқомасининг ҳукмини баён қилинг
- Битта қазо намозининг азон ва иқомаси ҳукмини баён қилинг
- Кўп қазо намозларига азон ва иқома айтишнинг ҳукмини баён қилинг
- Сафарда ва масжид жамоатида азоннинг ҳукмини баён қилинг
- Азон дуосини таржимаси билан айтиб беринг
- Азоннинг жорий бўлиш тарихини қисқача баён қилинг (санаси, воқеаси)
- «Абу Маҳзуронинг таржимаи ҳоллари ҳақида маълумот беринг
- Азоннинг зикри келган икки оятни айтиб беринг
- Азоннинг луғавий ва истилоҳий маънольарини айтиб беринг
- Фарз ва жума намозларига азон айтиш ҳукмини баён қилинг.
Эътиборли томони мусобақани ўтказишда Вақф хайрия жамоат фонди ҳомийлик қилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тошкентдаги масжидларда инфокиоскалар ўрнатилди
"Вақф" хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳридаги 12 та масжидга ҳамда Зангиота мажмуасига тижорат банклари билан ҳамкорликда хайрия, вақф, закот, ушр, фитр ва фидя тўловларни амалга ошириш учун инфокиоскалар ўрнатди.
Фонд "Kapitalbank" ва "Ipak yo'li banki" билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг 12 та масжидига нақд пул ёки пластик карта орқали доимий тўловлар билан биргаликда мусулмонларга фарз бўлган закот ва бошқа хайрия тўловларини амалга ошириш учун инфокиоскалар ўрнатди.
Инфокиоскалар ўрнатилган масжидлар рўйхати:
1. Ҳазрати Имом масжиди
2. Минор масжиди
3. Шайх Зайниддин масжиди
4. Мирза Юсуф масжиди
5. Новза масжиди
6. Шайх Зиёвиддин масжиди
7. Бўрижар масжиди
8. Абдуллоҳ ибн Масъуд масжиди
9. Катта Қозиработ масжиди
10. Имом Бухорий масжиди
11. Ракат масжиди
12. Хўжа Аламбардор масжиди
Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуасида ҳам инфокиоска ўрнатилган бўлиб, ушбу инфокиоскалар юртимиз мусулмонларига молиявий ибодатларини бажаришда ва хайр-саховат қилишда кўмакчи бўлади.
Инфокиоскалар орқали закот ва бошқа маблағларни ўтказиш тартиби:
Керакли тиллардан бирини танлаб, тўлов хизматлари тугмасини босинг. Сизга турли тўлов хизматлари, жумладан, "ВАҚФ Хайрия", "ВАҚФ закот, фидя, фитр, ушр” ва "ВАҚФ вақф” хизматлари ҳам таклиф этилади. Керакли бўлимни танлаб банк картаси ёки нақд пул бандларидан бирини танлайсиз. Керакли суммани киритасиз. Шу билан тўловингиз "Вақф" хайрия жамоат фондининг керакли бўлими келиб тушади ҳамда шариатда кўрсатилган ўринларга етказилиши таъминланади.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган бўлиб, у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Рамазон охирлаб бормоқда...
Рамазон охирлаб бормоқда. Биз режалаштирган қайси эзгу амалларимизга улгурдигу қайсиларини кейинги йилга олиб қўймоқчимиз. Бироқ ҳали вақтимиз бор, ойлар султонининг ҳар дақиқаси бебаҳо ва мазмунли, улгурамиз кўп эзгуликларга иншооллоҳ.
Қуръони каримнинг Нисо сураси, 80-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ”. Чиндан ҳам, Набий (а.с.)нинг ҳаёт йўллари биз ўрганишимиз, намуна олишимиз учун энг муносиб ҳидоят манбаидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазон ойи давомида ҳар доимгидан кўпроқ ибодат ва эзгуликлар қилишга шошилар эдилар. Биз ҳам уларнинг бу қутлуғ йўлларидан юришга муяссар бўлишни дилимизга тугганмиз. Зеро, бу бизнинг олий мақсадимиз бўлиши керак.
Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилишнинг айни палласи – Рамазон ойидир. У Қуръон ойи, маърифат ойи деб бежиз таъкидланмаган. Бу муборак шаҳр – Қуръон нозил бўлган ойдир. Ҳадисларда келтирилишича: “Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига Рамазонда ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этар эди. Расулуллоҳ Жаброил (а.с.)дан Қуръонни ўтказиб олар эдилар”. Ушбу ҳадисдан маълумки, Рамазон ойида қанча кўп Қуръон ўқилса шунча яхши, унинг яхшилиги ва баракаси ҳам ортиб бораверар экан. Қолаверса, оятларнинг мазмунини тушунишга ҳаракат қилиш, суралар моҳиятини тафаккур қилиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда тобора чирой очиб бораётган масжидларда адо этилаётган хатми Қуръонлар ана шу гўзал анъананинг давомидир.
Рамазонда ҳар қачонгидан ҳам саховатли бўлмоқ жоиз. Бинобарин, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам сахийлик бобида пешқадам эдилар. Айниқса қутлуғ ойнинг шарофати билан уларнинг карамлари янада ортгандан ортиб бораверар эди. Ҳадисларда таъкидланишича, “Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонларнинг энг сахийси эдилар. айниқса Рамазонда Жаброил (а.с.) билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди”. Демак, ҳали вақтимиз бор. Атрофимизга бир назар ташлайлик, қийналган қариндошларимиз ёки ночор қўни-қўшнию бева-бечораларнинг ҳолидан бир бор хабар олиб, кексаларни йўқлашни унутмайлик.
Бу ойда дуоларимизни янада кўпайтиришимиз фазилатли. Айниқса, ифтор пайтида қилинган дуонинг хосияти бемисл. Расулуллоҳ (с.а.в.) оғиз очганларида шундай дер эдилар: “Ташналик кетди, томирлар намланди ва ажр савоб собит бўлди”. Ифтор пайти дуолар қабул бўладиган вақтлар қаторидадир. Бу эса нақадар буюк имконият. Рамазоннинг қадрли лаҳзаларида, ифторлик палласида чин дилдан, юрак-юракдан Яратганга илтижо қилишнинг фазли тенгсиз. Бу ғанимат онлардан фойдаланиб қолайлик.
Рамазон меҳр-оқибат, мурувват фаслидир. Айниқса, киши ўз оила аъзолари билан янада хушмуомала бўлиши, эзгулигу саховатларини аввало оиласи учун адо этмоғи муҳим ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз оиласига яхшиларидир”, дея марҳамат қилинади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам Рамазон ойида аҳли оиласига гўзал муомала қилганлар, аёлларига ибодат ва бошқа масалаларда таълим берганлар.
Рамазон охирлаб бораётган кунларда ҳар бир мусулмон фитр садақаси ҳақида унутмаслиги лозим. Бинобарин, ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) фитр садақасини рўзадорнинг сўкиш ва лағв ишларини поклаш ҳамда мискинлар учун таом маъносида фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, мақбул закот, ким намоздан сўнг адо қилса, садақанинг бир тури ҳисобланади”. Демак, ушбу муборак кунларда фақирларнинг хонадонига хурсандчилик улашиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш бир томондан зиммамиздаги масъулиятли вазифа бўлса, иккинчидан, оилаларга шодлик ва барака олиб келувчи шарафли ва савобли амаллардан экан.
Биз Рамазоннинг ғанимат имкониятларининг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ, унинг яхшиликларини санаб охирлаш мумкин эмас. Рамазон охирлаб бормоқда. Унинг имкониятларга бой лаҳзаларини исроф қилмайлик. Қолаверса, Рамазон ойидан таълим олганларимизни йил давомида ўзимизга одат билайлик: Ҳамиша эзгуликларга шошилайлик, Қуръони карим тиловати ва маърифат эгаллашдан тўхтамайлик, дуоларимизда Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик сўрайлик, муҳтож ва касаллар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлайлик. Ана шунда Рамазон шукуҳи қалбларимизни йил давомида тарк этмайди.
Шарифа ҒАНИЕВА,
“Зиё” студияси бош муҳаррири
Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг
Мана, муборак Рамазон ойининг учинчи даҳаси ниҳоясида турибмиз. Ушбу ойлар султонининг фазилатларини юрак-юрагимиздан ҳис қилмоқдамиз. Имкон борича яхшилик қилишга, савоблардан кўпроқ олиб қолишга интиламиз. Чунки, бу ойдаги кичиккина қилган яхшилигимиз ҳам кўплаб савоб ва ажрларга сабаб бўлади. Бунга эса, бир ривоятдаги ҳадиси шариф далил бўлади: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”.
Рўза тутиш жараёнида бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш жоиз. Улар: ният қилиш, оғизни беркитиш ва очиш вақтларини билиш, саҳарликдан ифторгача рўзани бузадиган амаллардан ўзини сақламоқликдир.
Оламлар сарвари саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинг. Чунки саҳарликда барака бордир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадисга кўра, саҳарлик билан рўза тутиш фазилатли экани таъкидланмоқда.
Рўза тутиш орқали инсонлар жуда кўп наф кўришлари мумкин. Хусусан, киши рўза тутганида ҳамиша “Аллоҳ кўриб турибди” деган фикр билан юради. Ёмонликлардан чекинади, жисмонан ва руҳан покланади. Қалбида меҳр мурувват ҳислари орта бошлайди. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Демак рўза тутиш орқали нафақат жисмимиз, балки руҳларимиз ҳам покланар экан. Қолаверса, рўзадорнинг дуолари ижобат этилиши манбаларда таъкидланади. Айниқса, ҳадисда келтирилганидек: “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”.
Рўза тутиш жараёнида яна бир жиҳат борки, у орқали Аллоҳ таолонинг нақадар буюк ва меҳрибон эканлигини кўришимиз мумкин: рўзадор унутиб еб ичиб қўйиши ҳам бир фазилат ҳисобланар экан. Аслида ибодатда унутишга йўл қўйиш яхши эмас. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Яратганнинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлар экан. Деярли барча саҳиҳ тўпламларда келтирилган, Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий (а.с.) шундай марҳамат қиладилар: «Агар рўзадор одам эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди». Чиндан ҳам, ислом дини енгиллик ва меъёр устида барпо этилган.
Шунингдек бир суннат борки у мусулмонларини янада яқин бўлишига сабаб бўлади. У ҳар кечда ўқиладиган таровеҳ номозидир. Таровеҳ сўзининг маъноси- роҳат, тин олиш, ором олиш деганидир. Ўзбекистон мусулмонлари ҳам бу ҳикматдан бебахра бўлмадилар. Мамлакатимизнинг тобора чирой очиб бораётган минглаб масжидларида таровеҳ ибодатлари ва Қуръон хатмлари чиройли кўринишда адо этилади. Бу билан инсонлар орасида меҳр оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.
Яна бир ҳадиси муборакда эса, шундай келтирилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, деб сўрашганида, у зот: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дея жавоб берганлар. Дарҳақиқат, Рамазон ойи бемисл манфаатлар ва мукофотлар ойи, рўза чексиз савоб ҳамда яхшиликлар омили бўлгани учун ҳам унинг такрори йўқ. Бу ойни савоб умидида рўза тутиб, яхшилик ва эзгу амаллар билан ўтказган инсон Аллоҳнинг хазинасидаги барча яхшиликларга эришган, Уни рози қилган ва бебаҳо инъомларга етишган бўлади.
Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, Жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон арафасидаги хутбаларида шундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқинлашмоқда. Аллоҳ таоло, у ой рўзасини фарз, тунларидаги ибодатни суннат қилди... У ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. У кўмак ва ёрдам ойидир. У ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. У ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади. дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди”. Шунда саҳобалар, «Ё Расулаллоҳ, рўзадорга ифтор беришга ҳар биримиз ҳам қодир эмасмиз», дедилар. Бунга жавобан, Расули акрам (с.а.в.): «Рўзадорга бир хурмо ё бир қултум сув ё айрон билан ифтор берган кишига Аллоҳ таоло бу савобни беради» дедилар.
Ушбу ҳадиси шариф Рамазон ойида турган ҳар бир мусулмонни бефарқ қолдирмаса керак. Бинобарин, барака ва имон палласи Рамазоннинг фазилатлари фақат шунинг ўзи эмас, уларни санаб адоғига етиш мушкулдир.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.
Шафоат қилинганлар қаторида қилсин
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Охиратда энг биринчи шафоат этадиган ва шафоати қабул бўладиган одам менман” дедилар (Ибн Можа ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Умматимдан Аллоҳга шерик қўшмай ўлганларга Аллоҳни рухсати билан шафоат қиламан”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёмат куни биринчи бўлиб мен шафоат этаман” дедилар (Имом Муслим ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Ҳар бир пайғамбарнинг қабул бўладиган дуоси бор. Мен дуоимни умматимга шафоат қилиш учун охиратга олиб қўйдим” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёматда қумнинг сонидан ҳам кўп одамга шафоат қиламан” дедилар (Табороний ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёматда: “Ё Роббим заррадай имони бўлганни жаннатингга қўйгин” дейман. Уларни барчаси жаннатга киради” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Мендан аввал келган пайғамбарларнинг ҳеч қайсисига берилмаган бешта нарсанинг бири шафоат. Агар ширк билан ўлмаган (иймон билан ўлган) одамларнинг барчасига шафоат қиламан” дедилар (Баззор ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шафоатимга ишонмаган одам ундан маҳрум қолади” дедилар (Ширъатул Ислом).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шафоатимга энг лойиқ одам, менга энг кўп саловат айтган одам” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Нафсларига алданганларни шафоат этаман” дедилар (Дайломий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни қиёмат кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шафоатларидан насибадор қилсин!
Ойбек МАЪРУПОВ
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси