muslim.uz

muslim.uz

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусу-сиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада оиладаги раҳбарлик масъулияти кимнинг зиммасида бўлиши, солиҳа аёлларнинг сифати ва оилада заифа аёл сабабли юзага келадиган келишмовчиликни бартараф этиш йўлларини қуйидагича баён қилган:

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. Яъни, эр оилада хотин ва фарзандлар устидан уларни манфаатли бўлган ишларга буюриб, зарарли ҳолатлардан қайтариб туришда раҳбардир. Оятда “қоим турувчилар” маъносини англатувчи “қоввамун” сўзи араб тили қоидасига кўра муболаға сийғасида келган. Бу оила бошлиғи бўлган эр хотин ва фарзандларнинг тарбиясида уларга одоб-ахлоқ ўргатишда, моддий таъминотда, ҳақ-ҳуқуқларини сақлашда ва ҳимоя қилишда улкан масъулият устида эканини кўрсатади. Имом Қуртубий: “Эркакларнинг табиатида аёллар табиатида бўлмаган зиёда қувват бор. Чунки эркакларнинг табиатида иссиқлик ва қуруқлик ғолиб бўлиб, бу қувват ва шиддатдан далолат беради. Аёлларнинг табиатида намлик ва совуқлик бўлиб, бу юмшоқлик ва заифликдан далолат беради. Шу сабабдан эркакларга аёллар устидан раҳбарлик ҳаққини берган”, деган.

Ушбу оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеъа сабаб бўлган. Ҳабиба бинти Зайд эри Саъд ибн Робеъга итоатсизлик қилди. Шунда Саъд уни бир шапалоқ урди. Ҳабиба отаси билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: “Мен қизимни унга тўшак қилиб берсам, у қизимни урибди” деб шикоят қилди. У зот: эридан қасос олсин, дедилар. Улар қайтиб кетаётган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қайтариб: “Жаброил алайҳис салом оят келтирди”, дедиларда мазкур оятни ўқидилар. Сўнгра: “Биз бир ишни хоҳладик ва Аллоҳ ҳам бир ишни ирода қилди. Аллоҳ ирода қилгани яхшидир”, дедилар.

Сўнгра Аллоҳ таоло оилада эрларга раҳбарлик масъулияти берилишидаги асосий икки сабабни баён қилди:

Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. Демак, ушбу икки сабабнинг биринчиси эркакларнинг аёллардан баъзи хусусиятларда ортиқлиги ва иккинчиси ўз мол-мулкларидан нафақа қилганлари. Бу билан айтишлик мумкинки, эркакларни афзал қилиб яратилиши аёлларнинг фоидаси учундир. Чунки эркаклар ўзларига берилган ақлу идрок ва куч-ғайрат орқали оилани гўзал таризда бошқаради ва моддий томонлама таъминлайди. Муфасссирлар оятда келган “ортиқлик”ни пайғамбарлик, халифалик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номини унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш каби хусусиятлар билан тафсир қилганлар.

Сўнгра Аллоҳ таоло эрнинг бошқаруви остида бўлган аёллар ҳақида сўз юритиб, уларни икки қисм бўлишини айтди. Уларнинг биринчи қисми:

(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Ушбу жумлалар хабар кўринишида келган бўлсада, бундан эрга итоат этиш, уни мол-мулкини ва ўз иффатини сақлашга буюриш қасд қилинган. Демак, ўз динида солиҳа бўлган аёлларнинг бир сифати Аллоҳга ва эрига итоатли бўлишидир. Уларнинг иккинчи сифати эса, нафақат эрлари ҳузурида, балки улар йўқлигида ҳам мол-мулкларини ва обрўларини ҳамда ўз иффатларини сақлайдилар. Улар бу ишларида Аллоҳнинг розилигини кўзлаганлари учун Аллоҳ ҳам уларни ўз ҳимоясига олади. Абу Довуд Тайолисий “Муснад”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларнинг яхшиси–назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир”, деганлар. Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади”, деганлар.

Кейинги оятларда Аллоҳ таоло аёлларнинг иккинчи қисмини баён қилиб, улар сабабли баъзан оилада вужудга келадиган нохушликлар муолажасини қилган. Бу нохушликка аёл сабабчи бўлиб, эрига итоатсизлик қилса, унга нисбатан қандай йўл тутилиши баён этилган:

Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”. Демак, ўз эрига итоатсизлик қилган аёлларга нисбатан биринчи навбатда Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатини эслатиш орқали панд-насиҳат қилинади. Яъни, Аллоҳ аёллар зиммасига ўз эрларига итоатда, чиройли муомала ва муносабатда бўлишни вожиб қилиб қўйгани айтилади. Эр ўз аёли устидан бир даража юқори туришини эътироф этишга чақирилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар инсонни инсонга сажда қилишга буюрганимда эди, аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим[1]” деб марҳамат қилган ҳадислари яна бир бор эслатилади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ насиҳат қилиш: “Аллоҳдан қўрққин. Сени устингда мени ҳаққим бор. Сен ушбу ҳолатингдан қайтгин. Менга итоат этишинг сени зиммангда фарз эканини билгин” каби гаплар билан бўлади, деганлар.

Салафи солиҳларимиз эрига итоатсизлик қилган хотинга нафақа берилмаслигини алоҳида таъкидлаганлар.

сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз,”.  Яъни, агар аёлга панд-насиҳат манфаат бермаса, бирга ётадиган тўшагини алоҳида қилади. Зеро, ўринни алоҳида қилиш эрига муҳаббатли аёл учун оғир ботиб, тезда ўзини ўнглашга ҳаракат қилади. Бундан ўзига хулоса чиқармаган аёл, эрига итоатсизликда қатъий эканини кўрсатиб қўйган бўлади. Муфассирлар оятда келган “тарк этиш”ни турлича тафсир қилишиб, жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: бир тўшакда ундан юз буриб, гаплашмайди, деган. Баъзилар: юмшоқ гапирмасдан, дағаллик қилади, дейишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон аёл эрининг тўшагидан алоҳида таризда тунни ўтказадиган бўлса, қайтгунича фаришталар унга лаънат айтиб туради[2]”, деганлар.

сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз”. Аллоҳ таоло аёлларга аввало панд-насиҳат қилишга сўнг ўринларда тарк қилишга буюрди. Агар бу иккиси фойда бермаса урушга ўтилади. Зеро, баъзи аёлларга борки уларни уриш ўнглайди ва эрининг ҳаққига тўла-тўкис риоя қилишга ундайди. Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунмаслик керак. Уламолар ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси, мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръонда фақат мана шу ўринда ва улкан гуноҳларнинг ҳадларидагина очиқ-ойдин уришга буюрган. Хотинларнинг ўз эрларига нисбатан гуноҳларини улкан гуноҳлар билан тенглаштирган. Одоб бериш ҳуқуқини тўғридан-тўғри эрларнинг ўзларига берган. Ушбу гуноҳни гувоҳ ёки ҳужжатлар орқали исботланиши ва белгиланган чораларни қўллашда қозининг ҳузурида бўлишини шарт қилмади. Бу Аллоҳ эрларни хотинлар устидан раҳбар қилиб қўйгани, улар учун ҳақиқий неъмат эканига далолат қилади.

Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?” деб сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг чўриларини урманглар!” деганлар. Ушбу ривоятлардан маълум бўладики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш ва ўртани тузатиш учундир.

 “Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”. Аллоҳ оятнинг аввалида эрларнинг фазилатини, сўнг уларга одоб бериш ҳаққини берганини баён қилиб, ушбу оятда зулм қилиб қўйишдан қайтармоқда. Аёлларнинг ҳассос ва заиф ҳолда яратилгани айни ҳақиқатдир. Улар ўз заифаликларига бориб, итоасизлик ва одобсизлик қилиб қўядилар. Юқорида айтиб ўтилган чоралардан бири қўллангач, ўзларига келиб итоатга қайтсалар, уларга нисбатан бошқа чора қўллашга ўтилмайди. Чунки мазкур чораларни қўллаш оилани сақлаб қолиш учун эди. Зеро, мақсад ҳосил бўлгач, бошқа чорага эҳтиёж ҳам йўқ аслида. Шуни унутмаслик керакки, хотин итоат қилгандан кейин ҳам уларга қарши бошқа йўл ахтариш, уларга зулм қилиш бўлиб қолади.  Албатта, Аллоҳ таоло зулм қилган золимлардан ўч олишга қодир олий ва улуғ зотдир.

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фарҳод ЖЎРАЕВ

тайёрлади

 

[1] Ушбу ҳадисни имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[2] Имом Бухорий ривояти.

Муфти ас-сақолайн Имом Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий  ҳазратлари ислом оламида беназир зотлардан биридир. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларда моҳир бўлиб, ушбу фанларга доир ўзидан қимматли асарлар қолдирган.

“Тилбатут талаба” асари шулардан бири бўлиб, ислом оламида илк фиқҳга оид энциклопедик китобдир. Китобнинг рўза бобида, Имом Насафий рамазон ва унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини таърифлаб, ундаги маъноларнинг ҳикматини қуйидагича келтиради:

“رمضان” — ирмоз (إرماض) сўзининг ўзагидан ясалган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. Шулардан бири:

— “куйдириш” маъноси. Яъни, Рамазон рўзаси банданинг гуноҳларини куйдиради, уни ўчиради.

— “ўткирлаш”, “чархлаш” маъноси. Яъни, Рамазон қалбларни бу ойда ибодат ва яхшиликларни кўпайтиришга чархлайди, уни ўткирлайди.

— “кутиш”, “интизор бўлиш” маъноси. Яъни, бу ойда мўминлар Аллоҳ таолонинг савоб ва мукофотини интизор бўлиб кутади.

— “чарчатиш”, “ҳолдан тойдириш” маъноси. Арабларда “رمضت الظبي” ибораси мавжуд бўлиб, бу сўз кийикни овлаган овчига нисбатан ишлатилади. Унинг кўриниши қуйидагича:

— одатда кийик чаққон жонивор бўлиб, овчининг тўрига тушиши қийин. Уни овлаш учун, овчи унинг изидан тушади ва қизиб турган тошлоқ ерга уни ҳайдаб боради (араб диёрларида иссиқ қаттиқ бўлганидан, қум ва тошлоқ устида овқат тайёрлаш мумкин). Унинг устида кийикнинг туёқлари нозик бўлгани учун куяди, қавариб кетади ва тўхтаб қолади. Натижада, овчи уни осонгина қўлга киритади.

Рамазони шарифнинг бундай номланишидаги ҳикмат шуки, мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан бу ойда рўза тутиш ва кечаларини қоим қилишга буюрилади. Кундузи рўзадор бўлиб, оч қолади, чанқайди, чарчайди. Кечаларини бедор ўтказиб ҳолдан тойади, кучи кетади. Натижада, шаҳват-у лаззатларига берилишидан тўхтайди ва ўзини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога батамом топширади. Яъни, Рамазон ойи бамисоли қизиб турган тошлоқ бўлиб, унинг устида мўмин киши ўзининг Аллоҳ таолонинг бандаси ва қули эканлиги тан олади ва У зотга ўзини топширади”.

Бундан кўриниб турибдики, Рамазони шариф савобу мукофотларга тўла ва ғанимат билишга ҳақли ойдир. Зеро, бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бор. Энг асосийси, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи эканлиги ва унда қилинган ибодатнинг савобини Ўзи беришини таъкидлаган.

Мана, бу йилнинг Рамазон ойи ҳам ниҳоялаб бормоқда. Аллоҳ таолодан бу ойнинг шарофатидан тўла манфаат олган ҳолда, Ўзининг ва Расули (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг розилигини топиб, онадан туғилган кундагидай гуноҳлардан покланиб чиқишимизни насиб айласин!

 

Халилуллоҳ ЮСУФ

Тошкент ислом институти 

талабаси

 

Қалбга келган васвасалар ва уларнинг ҳукми ҳақида  Алий  Қорий  роҳматуллоҳи  алайҳнинг “Мишкатул масобиҳ” китобига ёзган “Мирқотул мафотиҳ” асаридан баъзи ҳадислар ва уларнинг шарҳларини келтирамиз.

Қалбга келадиган фикрлар агар ёмон, разил нарсаларга ундаса, у васваса бўлади. Агар яхшиликка ундаса у илҳом бўлади. Юқоридаги китобнинг биринчи фаслида келган ҳадис:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло умматимдан қалблари васваса қиладиган нарсаларни авф этди, модомики, уни амалга оширмаса ёки гапирмаса.

Ҳадисдаги модомики уни қилмаса ёки гапирмаса дегани қалбидаги васваса қилинадиган нарса бўлсаю уни амалга оширмаса масалан, ноҳақ одам ўлдириш, зино, ўғирлик ва шунга ўхшашларни қалбга олиб келса, лекин уни қилмаса. Модомики, гапирмаса дегани у васваса тил орқали амалга ошириладиган ишлар, ҳақорат, куфрга олиб борувчи сўзлар бўлсаю уни айтмаса деган маънодадир. Бухорийнинг саҳиҳ китоблари шарҳи бўлган “Равза” китобининг муаллифи айтадики, агар у қалбда ўрнашса, бу сабабидан ҳисоб китоб қилинади. Юқоридаги ҳадис эса, ўша васваса қарор топмаса, шак-шубҳасиз авф қилинади деган маънога йўямиз. Чунки ўрнашмаган турли хил фикрлардан қутилиш бандани тоқатидаги нарса эмасдир.

Яна бир ҳадисда қалбдаги васвасалар ўта хатарли бўлсачи деган саволга жавоб беради:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.  Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечалари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб сўрадилар, биз қалбимизда шундай нарсаларни топдикки уни гапиришни катта нарса деб ҳисоблаймиз. У зот шундай нарса топаяпсиларми? – деди. Улар: Ҳа”, дейишди. Шунда у зот ана ўша очиқ ойдин иймондир, деб марҳамат қилдилар.

Қалбимизга турли нарсалар келиб қолади деган жумлани Алий Қори роҳимаҳуллоҳ хунук нарсалар, масалан: Аллоҳни ким яратди, унинг кўриниши қанақа ва шунга ўхшаш ёмон сўзлар деб шарҳлайди.  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирида ана шу очиқ ойдин иймондир деганларини, инсоннинг қалби Аллоҳни бирор нарсага ўхшатишдан ва баъзи куфрга олиб бориб қўядиган даражада инкор қилишдан холи эканини билдиради. Чунки кофир инсон Аллоҳни яратган махлуқотларига доимий ўхшатиб юради ва чиройли санайди. Энди ким уни ёмон деб, Аллоҳга лойиқ эмаслигини билиб, хунук санаса ана ўша ҳақиқий мўминдир. Бирор шубҳа қанчалик кучли бўлса ҳам уни тебрата олмайди. Баъзи уламолар наздида бунинг маъноси васваса бу иймоннинг белгисидир чунки ўғри ҳеч қачон бўм-бўш уйга кирмайди, деганлар.

Кейинги ҳадисда шунга ўхшаш васвасани кўринишларини Пайғамбаримиз  соллаллоҳу  алайҳи васаллам айтиб, ундан халос бўлиш йўлларини ҳам баён қилиб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади,  Росулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васаллам Шайтон бирингизга келади ва буни ким яратди, буни ким яратди дейди охири Роббингни ким яратди, дейди. Кимга шу нарса етса, шайтондан паноҳ сўрасин ва тўхтасин.

Шарҳ: Иблис ёки унинг инсон ва жинлардан бўлган ёрдамчилари одам фарзандини чалкаштириш учун васваса қилади. Осмонни ким яратди, ерни ким яратди, дейди. Мақсади адаштириш, куфрга тушириш бўлади, шу зайлда савол бераверади, охири Роббинг ҳамма нарсани яратган зот бўлса, унинг ўзини ким яратган, дейди. Кимга шу нарса етса, Аллоҳ таолодан шайтонни кетказиш учун паноҳ сўрасин. Қуръони каримда шайтон ихлосли бандаларингни адаштира олмайман деган. Ҳадиси шарифларда ҳам келади “Яхшилик қилишга ҳам ёмонликдан қайтишга ҳам бирор куч қувват йўқ фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина бордир”. Бандага хожасидан паноҳ сўраши вожиб бўлади. Шунда тили билан اعوذ بالله من الشيطان الرجيم (Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтади, яъни қувилган шайтонни ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Чунки Аллоҳ таоло ўз лутфи илоҳийси билан уни заиф ҳам хор ҳам қилдириб қўймайди. Шу сабабли шайтон эшик олдида очилишини кутиб турган, қачон очилса кирмоқчи бўладиган итга ўхшатилади. Шайтон ҳам қалб зикридан, Аллоҳдан паноҳ сўрамасдан ғофил бўлишини кутиб туради. Ҳадисни охирида “тўхтасин” дегани бу қалбига келган нарсалар ҳақида фикрлашни тарк қилсин ва бошқа нарса билан машғул бўлсин маъносидадир.

Иброҳим ТЕМИРОВ

Тошкент ислом институти талабаси 

IX асрдан бошлаб XIII асргача Мовароуннаҳр фиқҳ илми тараққиётининг энг муҳим марказларидан бирига айланиб, унинг худудида минглаб фақихлар ижод этганлар. Мовароуннаҳрлик ҳуқуқшунос олимлар ҳанафий мазҳабининг ривожи ва тарқалишини ўз олдиларига мақсад қилиб қўйиб, айримлари бу соҳада янги фанга асос солганлар.

 Ўрта Осиёлик фақиҳлар орасида юртдошимиз шайхул-ислом Бурҳониддин Марғиноний ўзига хос ўрин тутади. У ҳанафий мазҳабининг буюк вакили сифатида ушбу мазҳабни тарқатиш ва ривожлантириш учун ўзига хос ҳуқуқшунослик йўналишини ишлаб чиқди.

Буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнингноми бутун ислом дунёсида самимий меҳр-муҳаббат, катта ҳурмат-эътибор билан тилга олинади. Шарқнинг турли бурчакларида Бурҳониддин Марғинонийномини эшитмаган бирор кимса, унинг номи етмаган бирор жой бўлмаса керак.

Мусулмон дунёсини барча мадраса ва дорулфунунларида Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари асосий дарслик, қўлланма, дастурул амал ҳисобланади. Давлат ва дин пешволари, жамият арбоблари, олиму уламолар Бурҳониддин Марғинонийнингасаридан ҳар қадамда истифода қилиб, унга таяниб иш тутадилар.

Бурҳониддин Марғинонийнингқолдирган илмий меросидан бутун дунё халқлари баҳраманд бўлиши мумкин. Алломанинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб нашр этилмоқда. Дунё мамлакатларининг деярли барча кутубхоналарида ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Дунёнинг кўплаб кутубхоналарининг интернет сайтлари мавжуд бўлиб, улардан исталган тилдаги Бурҳониддин Марғинонийнингасарларини, айниқса, “Ҳидоя” асарини топиб ўрганиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам алломанинг “Ҳидоя” асари ўзбек тилига таржима қилиниб халқ оммасига етказилмоқда.

Бурҳониддин Марғинонийнингқўлёзма асарлари ҳозирги вақтда дунё мамлакатларининг кутубхона фондларида сақланмоқда. Уларни кўриб ўрганиш учун ҳар бир одамнинг имконияти бор. Асарларнинг кўпчилигини электрон вариантлари мавжуд.

Ҳозирги кунда дунё кутубхоналарида сақланаётган Бурҳониддин Марғинонийнинг“Ҳидоя” асари қўлёзмаларининг бир нечтасини санаб ўтамиз:

Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги “Мактабату-л-Ҳарами-л-Маккий” кутубхонасида 201, 111, 354, 354, 77, 395,  “Марказу-л-Баҳси-л-Алами ва Иҳяу-т-туроси-л-ислом” кутубхонасида 440, “Маккату-л-Мукаррама” кутубхонасида 32, Тоиф шаҳридаги “Абдуллоҳ ибн Аббос” кутубхонасида 197/4, Жидда шаҳридаги “Марказий” кутубхонада 697, Макка шаҳридаги “Марказий” кутубхонада 4844, 1248, 1287, 1240 , Риёз шаҳридаги “Марказ ал-Файсал лил-буҳус ва ад-диросат ал-исломия ” кутуб хонасида 6336, Мадина шаҳридаги “Маҳмудия” кутубхонасида 1194, 1195, 1196, 1273, 1274, 1275,1276,1277, Саъуд қироллик университети кутубхонасида 217.4 рақамларда.

Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги “Мактабату-л-авқоф” кутубхонасида 3516/2093, 620/2818, Дамашқ шаҳридаги “Ал-асумия” кутубхонасида 15-17/33[2], “Аз-зоҳирийя” кутубхонасида 11 дона.

Ирландиянинг Дублин шаҳридаги “Тастарбайди” кутубхонасида 3633/3, 4213/5, 4276, 4860/6,  рақамларда.

Германиянинг Берлин шаҳридаги “Давлат” кутубхонасида 4488, 4489, Мюнхен шаҳридаги “Мюнхен” кутубхонасида 268, 273 рақамларда.

Қувайтдаги “Дару-л-ватаний” кутубхонасида 126,  18003-1921, 4860, “Куллияту-л-адаб ва-л-махтутот” кутубхонасида 1233, 430 рақамларда.

Голландиянинг Лейдин шаҳридаги “Лейдин академия”  кутубхонасида 1800 рақамда.

Франциянинг Париж шаҳридаги “Ватан” кутубхонасида 842, 844 рақамларда.

Англиянинг Лондон шаҳридаги “Британия” кутубхонасида 85-86, 196-198, 211-217, Кембриж шаҳридаги “Кембриж” кутубхонасида 1216-1218  рақамларда.

АҚШнинг Барнстон шаҳридаги “Барнстон” кутубхонасида 1698-1700 , 236-238  рақамларда.

Италиянинг Болония шаҳридаги “Болония университити” кутубхонасида 160,  “Ватикан” кутубхонасида 1634, 1700/2 рақамларда.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги “ Халқ” кутубхонасида 945, 1091-1094  рақамларда.

Жазоирдаги  “Жазоир миллий” кутубхонасида 985-986 рақамларда.

Тунисдаги Зайтуния уневерстетининг “Абдулия” кутубхонасида 267/4, 2444-2448, “Дару-л-кутуби-л-ватанийя” кутубхонасида 119 рақамларда.

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Сулаймония” кутубхонасида 633-644,  “Қилич Али” кутубхонасида 633-644, “Салим оға” кутубхонасида 410-413 рақамларда.

Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги “Худайвия” кутубхонасида 149/3, “Дару-л-кутуби-л-Мисрия”  кутубхонасида 471/1, “Азҳарийя” кутубхонасида 17 дона.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги “Пешовар” кутубхонасида 499, 500-504  рақамларда.

Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги “Асифийя” кутубхонасида 1074/2, 27, 274, Рампур шаҳридаги “Рампур”кутубхонасида 258/1, 259, Батна шаҳридаги “Худобахш” кутубхонасида 109/1, 1100-1104  рақамларда сақланмоқда.

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳридаги “Дару-л-кутуби-л-ватанийя” кутубхонасида 5/ 328/24 рақамларда.

Қатарнинг Доха шаҳридаги “Дар ал-кутуб Қатария” кутубхонасида 946, 947, 948, 949 рақамларда.

Швециянинг Уппсала шаҳридаги “Уппсала” кутубхонасида 174-175 рақамларда сақланмоқда.

Бурҳониддин Марғинонийнингҳаёт йўли, қолдирган бой илмий мероси бизнинг келажак авлод ёшларимиз учун катта ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А. Каримов таъкидлаганидек: Марғинонийнинг ўлмас мероси , хусусан, эллик етти бобдан иборат “Ҳидоя” (“Тўғри йўл”) деб номланган асари, мана саккиз асрдирки, мусулмон мамлакатларда энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этиб келинаётганлиги албатта бежиз эмас. 

Марғинонийга катта шуҳрат ва обрў келтирган бу асар ёзилганидан буён барча мусулмонлар учун дастурул амал бўлиб келмоқда. Бунга асосий сабаб асарда ақлий далиллар билан исботланган ҳуқуқий асослар ҳар тарафлама ва чуқур мазмунли ҳолда баён этилганлигидир.

Бунинг асосий сабаби – фақиҳнинг мазкур асарида мусулмонлар дуч келадиган долзарб ҳаётий масалаларни, инсоннинг бурч ва масъулиятларига тааллуқли муаммоларни инсонпарварлик, адолатпарварлик, улкан бағрикенглик, шу жумладан, диний бағрикенглик, воқеий ҳаёт шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиб берганлигидир. Бунга “Ҳидоя”да мусулмонлар ижтимоий-маиший ва маънавий-аҳлоқий ҳаётида ўта муҳим ўрин эгаллаган закот ва солиқ ҳақида чиқарган ҳукмлари диққатга сазовор. Асарнинг бошқа мавзуларида ҳам ислом ҳуқуқларини одилона кўрсатмалар берилган.  

Бурҳониддин Марғиноний ва у зотнинг “Ҳидоя” асарининг бутун ислом оламида ва бугунги барча ислом ўқув даргоҳларида тутган ўрни беқиёсдир. Бурҳониддин Марғинонийни танишлик биз ватандошларда миллий ғурур ва фахрни уйғотади. Ўтмишда ўтган аждодларга мос ва муносиб яшаш биз авлодларни илм сари ҳаракат қилишга ундайди.

Дарҳақиқат, келажак авлодни баркамол қилиб тарбиялашда ота-боболаримизнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиб, уларнинг илмий меросини таҳлил қилишимиз бизнинг олдимизда турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки, бизга қолдирилган маънавий меросни қанчалик ўрганар эканмиз, илмни нозик ва очилмаган қирраларини кашф этишимизга замин туғилади.

Саудия АрабистонидагиСаъуд қироллик университети кутубхонасида сақланаётгагн 334 қўлёзма асаридан лавҳа.

 

Ихтиёр Қушшақов

тадқиқотчи

Рамазон рўзаси Аллоҳ ўзининг мўмин бандаларига фарз қилган ва савобининг чегараси бўлмаган улуғ ибодатларидан бири. Ҳақиқий иймон эгалари Аллоҳнинг буйруқларидан бирор ҳикмат ёки фоида қидирмасдан, Аллоҳнинг буйруғи деб, адо этаверадилар. Рамазон рўзаси ҳам ана шундай адо этиладиган ибодатдир. Бироқ уламоларимиз мўминларнинг ушбу ибодатни адо этишга муҳаббатлари ва шижоатлари янада ошиши учун оят ва ҳадисларга асосланиб рўзанинг ҳикмат ва фоидаларини очиб беришга уринганлар. Қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз.

Аввало рўза неъматнинг шукронасига василадир. Зеро рўза нафсни ейиш, ичиш ва жимоъдан тийиш ила амалга оширилади. Мазкур нарсалар энг улуғ неъматлардан ҳисобланади. Ушбу нарсалардан маълум муддат ўзини тийиб туриш, қадрини билдиради. Чунки неъматлар номаълум бўлиб, йўқотилганда билинади. Яъни инсон ўзига қанча нарсалар неъмат қилиб берилганини йўқотганда билади. Натижада инсонни неъматларга шукр қилишга ундайди. Чунки неъматларга шукр қилиш вожиб эканини ақл ҳам, шариат ҳам тақозо қилади. Аллоҳ таоло рўза оятида айни шу маънога ишора қилган: “... ва шукр қилишингиз учундир[1]”.

Иккичидан рўза тақвога энг муносиб василадир. Чунки нафс Аллоҳнинг розилигидан умид қилиб ва аламли азобидан қўрқиб ҳалол нарсалардан ўзини тийишга бўйинсиндими, ҳаром нарсалардан янада ўзини тийишга муносиб бўлади. Натижада рўза Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан  сақланишга сабаб бўлади. Аллоҳ ушбу маънога рўза оятнинг охирида ишора қилган: “... шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз[2]”.

Учинчидан рўза инсон рўза орқали истак хоҳишларига қаҳр кўрсатиб, шаҳватларини синдиришга эришади. Чунки нафс тўқ бўлса, шаҳватларни истаб қолади. Оч қолса, турли хоҳишларидан ўзини тия олади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишга имкони бўлмаган ёшларга: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳланишга қодир бўлса уйлансин. Чунки никоҳ кўзни (ҳаромдан) тийувчи ва фаржни (зинодан) сақловчидир. Ким никоҳланишга қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин. Бу унинг учун бичилишдир[3]”, деб кўрсатма берганлар. Демак рўза кўплаб гуноҳлардан сақланишига восита бўлади. Чунки барча гуноҳларнинг бошида шаҳват туради.

Тўртинчидан рўза камбағалларга нисбатан раҳм-шафқат ҳиссини ўйғотади. Чунки рўзадор маълум бир муддат очлик аламини тортса, доимий ҳолатда оч азобини тортаётганларни эслайди. Натижада уларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб, яхшилик қилишга шошади. Ушбу амали Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажрларга эга бўлишига ҳам сабаб бўлади.

Бешинчидан рўза сабабли шайтонга қаҳр кўрсатилади. Чунки шайтон инсонни адаштириб йўлдан оздиришда инсон шаҳватидан фойдаланади. Шаҳват эса, кўп ейиш ва ичиш орқали кучаяди. Шу сабабдан Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, шайто Одам боласининг қон томирида юради. Унинг юардиган йўлларини очлик билан торайтиринглар[4]”, деб марҳамат қилганлар.

Олтинчидан рўза орқали инсон соғлиғини тиклаб олишга эришади. Рўзада инсоннинг ошқозон ва ҳазм қилиш аъзолари дам олади. Ошқозон яхши ҳазм бўлмай қолган таомлардан тозаланади. Бадан ортиқча намликдан халос бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар[5]”, деб тавсия қилганлар. Араб табибларидан Ҳорис ибн Калда “Ошқозон касалликлар уйидир. Парҳез барча давонинг бошидир”, деган.

Бу санаб ўтилган ҳикматлар рўзанинг ожиз бандаларнинг ақли етган фоидаларидан мингдан, балки миллиондан бири. Аллоҳ ҳикмат эгаси бўлган зот.

Яна шуни айтишмиз мумкинки, Аллоҳ таоло ушбу ойнинг шарофати билан бандалар ризқларини кенг қилади. Яхшиликларини кўпайтириб турли адашишлардан узоқ қилади. Чунки бу ойда жаннат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари танбаланади. Ашаддий жин ва шайтонлар кишанланади. Рамазон ойи умматнинг гўё баҳори. Ибодатлар учун мавсум. Хайрли амаллар учун мусобақа майдони. Мўмин учун бу ойдан афзал ой йўқ. Ушбу ойдаги солиҳ амалдан ортиғи йўқ. Бу ой ҳақли равишда мўмин учун ғанимат ойидир. Ибодатлар учун ғаниматдир. Зеро бу ойда намоз, закот ва бошқа хайрли амалларнинг ажрлари кўпайтириб берилади. Аллоҳнинг ҳузурида нафл ибодатлар фарз даражасида, фарз ибодатлар эса етмиш баробарида қабул қилинади.

“Диний фанлар” кафедраси

ўқитувчиси Ф.Жўраев.

 

 

[1] Бақара сураси 185-оят.

[2] Бақара сураси 184-оят.

[3] Имом Бухорий ва Муслим ибн Масъуддан ривоят қилганлар.

[4] Имом Бухорий ва Муслим София онамиздан ривоят қилганлар.

[5] Абу Нуъайм “Тиб” китобида Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

Top