muslim.uz
Яратилишимиз ҳикмати
Аллоҳ таоло бизни бахтли, хурсанд ҳолда яшашимиз учун яратган. Қиладиган ибодатларимиз Аллоҳ таоло берадиган савобга, мукофотга асло мувофиқ кела олмайди.
Аллоҳ таоло шундай деган:
إِنَّ جَهَنَّمَ كَانَتْ مِرْصَاداً لِلْطَّاغِينَ مَآباً لَابِثِينَ فِيهَا أَحْقَاباً لَّا يَذُوقُونَ فِيهَا بَرْداً وَلَا شَرَاباً إِلَّا حَمِيماً وَغَسَّاقاً جَزَاء وِفَاقاً
“Албатта, жаҳаннам пойлаб турувчи эди. Туғёнга кетганларга қайтар жойдир. Улар унда замонлар бўйи қолувчилардир. Улар унда совуқни ҳам, шаробни ҳам татий олмаслар. Магар қайноқ сув ва йирингни (татирлар). Мувофиқ жазо ўлароқ” (Набаъ сураси, 21-26-оятлар).
“Мувофиқ жазо ўлароқ”. Яъни кофирларни, мунофиқларни, осийларни гуноҳига яраша, хатосига мувофиқ жазолайди. Ўзининг раҳмати ўлароқ уларни гуноҳларидан ортиқ даражада азобламайди.
Агар мукофот ҳам солиҳ амалларга мувофиқ бўлганида, ҳеч бир киши жаннатга киролмаган бўларди.
Аллоҳ таоло шундай деган:
إِنَّ لِلْمُتَّقِينَ مَفَازاً حَدَائِقَ وَأَعْنَاباً وَكَوَاعِبَ أَتْرَاباً وَكَأْساً دِهَاقاً لَّا يَسْمَعُونَ فِيهَا لَغْواً وَلَا كِذَّاباً جَزَاء مِّن رَّبِّكَ عَطَاء حِسَاباً
“Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: Боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир” (Набаъ сураси, 31-36-оятлар).
“Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир”. Яъни Аллоҳ таоло мўминларни қилган солиҳ амалларига мувофиқ эмас, балки, Ўзининг раҳмати ўлароқ, ҳадя, ато тарзида орттириб, кўпайтириб беради.
Хўш, нега агар мукофот солиҳ амалларга яраша берилганда, ҳеч ким жаннатга киролмаган бўларди? Бунга қуйидагича жавоб берамиз:
Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деган:
تَعْرُجُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ إِلَيْهِ فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ
“Фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига миқдори эллик минг йил бўлган кунда кўтариладир” (Маориж сураси, 4-оят).
Демак, агар инсон эллик минг йил яшаса, Аллоҳ таолонинг наздида унинг умри бир кун бўлади. Агар инсон юз йил яшаса, Аллоҳнинг наздида унинг умри бир ярим сония бўлади. Энди шу юз йиллик умрнинг учдан бири уйқу билан, яна бир қисми гўдаклик, болалик билан ўтса, қолган умри Аллоҳнинг наздида ярим сония бўлади. Боринг ана бир сония бўлсин. Демак, инсон юз йиллик умрини тўла сажда билан ўтказса ҳам Аллоҳнинг наздида бир ёки бир ярим сония сажда қилган бўлади. Бир сониялик сажда жаннатдек улкан мукофотга тенг бўла оладими?!
Аллоҳ таоло бандасининг ибодатига муҳтож эмас. Аммо банда қисқа умри давомида ибодат қилиб ўтса, унга абадий жаннатга кириш мукофоти берилади. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳаматидир. Бу айтилганлардан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло бизни бахтиёр қилиш учун яратган. Аллоҳ таоло жаннатни кенглиги осмонлар ва Ерча қилиб яратган. Қисқа умрида ибодат қилган бандаларига Ўзининг фазлидан кўп мукофот бериш учун жаннатни шундай қилиб яратди.
Доктор Али Мансур Каёлийнинг мавъизасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Ўзбек ва Турк уламолари учрашишди
Хабарингиз бор, айни кунларда Туркиядан келган уламолар делегацияси мамлакатимизга меҳмон бўлиб турибди. Меҳмонлар диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб, азиз-авлиёлар хоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилиб, Тошкент шаҳрига келишди.
Кеча, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида туркиялик ва ўзбекистонлик уламолар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг раҳбар ва ходимлари ҳамда талабалар қатнашишди.
Учрашувда сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, дин соҳасидаги янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилгани, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг иш бошлагани айни муддао бўлгани мамнуният билан тилга олинди.
Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият бериши таъкидланди ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига катта ишонч уйғотиши айтилди. Бу каби оламшумул ишлардан Туркия олимлари ҳам ўз ҳайратларини яшира олишмади. Ўз навбатида, олиму уламолар, тадқиқотчиларни бу каби кўплаб муборак масканларнинг ташкил этилиши билан қутлашди.
Учрашув якунида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Истанбул Заим университети ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Туркиялик уламоларнинг юртимизга ташрифи давом этмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Диний таълим муассасалари учун қабул – 2018”
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Мир Араб олий мадрасасига 2018-2019 ўқув йили учун қабул эълон қилади.
Мир Араб олий мадрасаси
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
- У-086-шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидан маълумотнома;
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;
- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли, ўғил болалар учун);
Қабул имтиҳонлари қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:
- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон);
- Фиқҳ ва ақоид (тест синови);
- Ўзбекистон тарихи (тест синови) .
Манзил: Мир Араб олий мадрасаси.
Бухоро вилояти, Когон тумани, Қасри Орифон қишлоғи.
Тел: (+99895) 604-45-97.
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом)га эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
“Диний таълим муассасалари учун қабул – 2018”
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ҳамда ўрта махсус ислом билим юртларига 2018-2019 ўқув йили учун қабул эълон қилади.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
- У-086-шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидан маълумотнома;
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;
- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли, ўғил болалар учун);
Қабул имтиҳонлари қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:
- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон);
- Фиқҳ ва ақоид (тест синови);
- Ўзбекистон тарихи (тест синови).
Манзил: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй
Тел: (0371) 240-03-58
(0371) 227-42-37
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом)га эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
ИЗОҲ: Қабул имтиҳонлари топшириладиган фанлардан бериладиган саволлар умумий ўрта таълим ва ўрта махсус ислом билим юртлари дастурлари ўз ичига олган мавзулардан иборат бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
- қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
- У-086-шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидан маълумотнома;
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;
- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли, ўғил болалар учун);
Қабул имтиҳонлари қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:
- Маънавият ва маърифат (оғзаки, ижодий имтиҳон);
- Хорижий тил (тест синови);
- Тарих (тест синови)
Ўрта махсус ислом билим юртларига умумий ўрта таълим маълумоти тўғрисидаги шаҳодатнома (11-синф), академик лицей ёки ўрта махсус, касб-ҳунар коллежини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом)га эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
ИЗОҲ: Қабул имтиҳонлари топшириладиган фанлардан бериладиган саволлар умумий ўрта таълим дастури ўз ичига олган мавзулардан иборат бўлади.
Олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари телефон рақамлари
- Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Тошкент ш., (0371) 227-42-37;
- “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 244-48-27;
- “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 299-24-11
- “Мир Араб” олий мадрасаси, Бухоро вилояти, Когон тумани (+99895) 604-45-97;
- “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., (0365) 224-10-11;
- “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., 221-77-44;
- “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти, Китоб шаҳри (0375) 54-27-425;
- “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти, Андижон ш., (+99895) 201-68-70, (0374) 228-00-91;
- “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти, Наманган шаҳри (0369) 226-60-60;
- “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти, Урганч ш., (+99895) 606-92-55, (+99895) 602-92-57;
- “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти, Нукус ш., (0361) 229-03-26, 229-03-20;
ЎМИ Матбуот хизмати
Рамазон Бразилиядаги уламоларни тақдирлаш ва мусулмонларнинг уйғунлашуви ойидир
Бразилиядаги имом-хатиблар ва Ислом ишлари бўйича олий кенгаш рамазон ойи давомида хизмат кўрсатган бир қатор шайхлар, уламолар ва Қуръони карим ҳофизларини тақдирлаш учун йиллик тадбирни ташкиллаштирди.
Унда Мисрнинг савдо ишлари бўйича консули Муҳаммад ал-Хатиб, Ливан консули Руди ал-Қузо, Бирлашган Араб Амирликлари консули Иброҳим Солим ал-Алавий ҳамда бир неча Ислом жамиятлари, муассасалари ва марказлари раҳбарлари, шунингдек, 40 га яқин нуфузли алломалар иштирок этдилар.
Салоҳиддин ал-Айюбий жоме масжидида ўтказилган тадбирда Бразилиядаги имом-хатиблар ва Ислом ишлари бўйича олий кенгаш раҳбари доктор Абдулҳамид Мутаваллий уламоларни тақдирлаш маросими рамазон ойида ўтказилаётганидан мамнунлигини билдирди, у муборак рамазон ойи тадбирларини ташкиллаштиришда воиз имом-хатиблар ва қорилар етказиб бериш билан кўрсатган хизматлари учун Саудия Арабистони ва Миср Араб Республикасига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Мукофотлаш маросимида Бразилияда ислом дини таълимотларини етказишдаги хизматлари учун Миср Араб Республикасидаги Вақф ва Ислом ишлари вазирлигининг Бразилияга юборилган ишчи гуруҳи раиси Шайх Ашраф Абдулазим ва Бразилиядаги барча ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 60 га яқин уламолар, машойихлар ва Қуръони карим ҳофизлари тақдирланди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Санкт-Петербургда қайси юртдошимиз масжид қурдирган?
2018 йил 6 — 8-июнь кунлари Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ислом цивилизацияси маркази, «Eriell Group» халқаро нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи компанияси, «Zamon press info» нашриёт уйи ҳамкорлигида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» мавзусида II халқаро конгресс бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ушбу анжуманга жаҳоннинг 30 дан зиёд давлатидан 200 дан ортиқ олимлар, экспертлар, дипломатлар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган.
Ўзбекистон олимлари конгресс доирасида Санкт-Петербургдаги Бухоро амири масжидини ҳам кўришади. Улар ушбу масжидни қурилганидан 100 йил ўтиб кўришади.
“Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресс доирасида ўзбек олимлардан иборат делегация Санкт-Петербургдаги жоме масжидига ташриф буюришади. Бу ҳақда Конгресс ташкилотчилари хабар берди.
Ушбу ташрифнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келиши унинг аҳамиятлилик даражасини яна ҳам оширади.
1910 йилда қад ростлаган ушбу иншоот Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон ҳомийлигида барпо этилган. Унинг лойиҳасини яратишда Амир Темур даврида қурилган бинолардан, жумладан, Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасидан илҳомланилган. Амир томонидан ушбу масжид вақф тарзида қурдирилган. 2008 йилгача мазкур жоме масжиди Санкт-Петербургда ягона ҳисобланган. Бугунги кунга келиб унинг шарқона услубда қад кўтарган миноралари ва мовий гумбазлари, худди юз йиллар аввалгидек, шаҳар меъморчилигининг ажралмас қисми сифатида қадрланади. Конгресс қатнашчилари масжид деворларидаги мукаммал безакларни ва коллиграфик ёзувларни ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати