muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 27 ноябрь 2018 00:00

Ислом психологияси

Аёллар ўз эрларига: «Бир қоғозга бизнинг салбий сифатларимизни ёзиб беринг, уларни тузатмоқчимиз», дейишди. Бунинг сабаби улар аёллар жамиятига аъзо бўлиб, дарс ўтаётган ўқитувчи шундай қилишларини сўраган эди. Психолог барча аёлларга турмуш ўртоқлари ёзиб берган қоғоздаги салбий сифатларни ўқиб, уларни тузатиш йўлларини ўргатди. Лекин бир аёлнинг турмуш ўртоғи қоғозни мақтовли сўзларга тўлдирганини кўрди. У аёли ҳақида ҳеч қандай салбий сифат ёзмаган эди. Ўқитувчи ҳайрон бўлиб, уни чақиртириб, сабабини сўради. У айтди: «Аёлимнинг ўндан ортиқ жиддий, салбий сифатлари бор. Лекин мен уларни айтишим билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Айб ва хатоларни юзга солиш нафрат ва қайсарликни келтириб чиқаради холос. Аммо меҳр-муҳаббатни ифода қилувчи сўзлар эса оилага ижобий кайфият олиб киради ва аҳллари орасида дўстона, илиқ муҳитни яратади. Зеро, ҳадиси шарифда ҳам: «Яхши сўз садақадир», дейилади. Шу муборак насиҳат оилада гўзал руҳият тақдим этади».

«...улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса. (Нисо сураси, 19-оят).

Психологнинг яна ҳайрати ошди ва унга юзланиб: «Энг тўғри ечим шу!» деб, уни олқишлаб қўйди. 

ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллиги

ходими Искандарбек Зокиров

Вівторок, 27 ноябрь 2018 00:00

Савда бинти Замъа (розияллоҳу анҳо)

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрати Хадича (розияллоҳу анҳо) онамиз вафотидан сўнг ҳазрати Савда бинти Замъа она­мизга уйланганлар.

Савда онамизнинг оталари Замъа ибн Қайс ибн Абдуш Шамс ибн Абд Вудд ибн Амир ибн Луай ибн Ғолиб, оналари эса аш-Шамус бинти Қайс ибн Амр ибн Зайд ибн Лабид ибн Хидаш ибн Амира бану Ади ибн ан-Нажжар қабиласидан эди.

Савда онамиз дастлаб амакилари­нинг ўғли Сакрон ибн Амрга турмуш­га чиққан. Икковлари исломни қабул қилиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар ва саккиз муҳожирнинг сафидан жой олган. Савда онамизнинг биринчи эр­лари Сакрон ибн Амр касал бўлиб вафот этган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича онамизнинг вафот­ларидан бир неча йил кейин, Тоифдан ниҳоятда маҳзун бўлиб қайтган эдилар. Савда онамизга уйланишлари ана шун­дай вақтга тўғри келган.

Мўмина аёллар орасида Хавла бинти Ҳаким (розияллоҳу анҳо), Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ном­ларидан Савда онамизга совчи бўлиб борганлар. Савда онамиз оталарининг розиликлари билан Пайғамбаримизга турмушга чиқиб, 400 дирҳам маҳр ол­ган. Шу вақтда Рамазон ойи бўлиб, пайғамбарликнинг ўнинчи йили эди. Бу никоҳ маккаликларни таажжублантирган. Чунки Савда онамиз ёш ҳам эмас, унча­лик чиройли ҳам эмасди.

Лекин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчиликда қолган кимсасиз аёлни ҳимоя этганлар. Савда (розияллоҳу анҳо) мўминларнинг она­си, зиммаларидаги масъулиятни адо этишга сидқидилдан киришиб, етим қолган фарзандларининг тарбияси би­лан шуғулланган. Савда онамиз итоатли, севимли ва ҳазилкаш аёл эди.

Бир куни Савда (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га: «Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингиздан намоз ўқидим. Жуда узоқ вақт руку қилдингизки, қон оқиб кетмасин деб бурнимни ушлаб турдим», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) кулдилар. Шу тариқа орадан уч йил ўтди.

Савда бинти Замъа Оиша онамиз ке­лин бўлиб тушганидан кейин ҳам ҳазил-мутойибани тарк этмади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадон­ларига бошқа аёллари бирин-кетин ки­риб кела бошлади. Бироқ бу ҳол уларни ўз ўрниларини йўқотишга олиб келмади. Суюкли пайғамбаримиз ҳар қайсисига яраша муомала қилдилар.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Мен Савдадан бошқа ту­тими ва сийратида ўзимга ёқадиган, унга ўхшаш аёлни кўрмадим. У ёши катта бўлганда: «Эй Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздаги ҳақим бор кунимни Оишага бердим», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оишага икки кун – ўз куни­ни ва Савданинг кунини тақсим қилар эдилар».

Аллоҳ таолонинг изни ила Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижрат қилганларида, Савда бинти Замъа онамиз ҳам у зотнинг ортларидан қизларини олиб ҳижрат қилган. У ерда ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадон­ларини бошқариб турган.

Бадр жангида қариндошлари Суҳайл ибн Амр асир тушганида, соддадил­лик билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилган ишорала­ри туфайли асирларга яхшилик қилиш бўйича шаръий қоидаларга яна бири қўшилган.

Савда бинти Замъа онамиз «Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишга изн берилди» ояти нозил этилишига са­бабчи бўлган. Савда онамиз бетакрор хислатлари, тақво, сахийлиги билан аж­ралиб турарди.

Умар (розияллоҳу анҳу) уларга бир хуржун дирҳам юборганларида, улар­нинг ҳаммасини тарқатиб юборган. Ғазотда иштирок этиб, Хайбарни фатҳ қилинишига гувоҳ бўлган.

Ҳазрат Савда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин, ҳазрати Умар(розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида вафот этган. Бу пайтда у чамаси саксон ёшда бўлган.

Савда онамиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бешта ҳадис ривоят қилган. Улардан бирини Имом Бухорий ривоят қилган.

 

Марям АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хотин-қизлар масалалари бўйича

бўлим мутахассиси

Аввалроқ, япониялик мутахассислар томонидан турли йирик мусобақалар пайтида мусулмон мухлислар учун қулайлик яратувчи мобил масжид лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу лойиҳа бугунги кунда амалга оширилиш жараёнида экани ҳақида хабар берган эдик.

2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинлари пайтида фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган “мобил масжид”га дунё бўйича қизиқиш юқори бўлди ва ҳозиргача 45 давлатдан буюртма келиб тушган.

ВВСга таяниб Азон нашрининг хабар беришича, “мобил масжид”лардан 2022 йилда Қатарда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳам фойдаланиш режалаштирилган.

Ташқи кўринишидан оддий юк машинасидан фарқ қилмайдиган “мобил масжид”нинг ён деворлари очилиб, бир пайтнинг ўзида эллик киши намоз ўқиши учун имконият пайдо бўлади. Шунингдек, “мобил масжид”нинг тўрт кишилик таҳоратхонаси ҳам бор. “Мобил масжид”ни тайёрлаш 890 минг долларга тушди.

Ишлаб чиқарувчи фирма ушбу лойиҳани сайёҳлик минтақалари ва халқаро тадбирларда ҳам қўллашни ният қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вівторок, 27 ноябрь 2018 00:00

Сукут сақламоқ - гапирмоқ

Ақлли бир йигит бўлиб, унинг ўрганишга бўлган иштиёқи ниҳоятда баланд эди. Ва бу қизиқиш ортидан турли хил илмларни ўрганди. Йигит айни чоғда гўзал бир табиатга соҳиб эди. Жуда кўп мажлисда қатнашар, аммо бўлар бўлмас гапларга қўшилмасди. Қаерда, қачон, қандай гапиришга эътибор берарди. Яна бир мажлисга йиғилдилар. Отаси ҳам ёнида эди. Жуда узун суҳбат бўлди, аммо йигит гапга аралашмади. Бу ҳолат отаси эътиборини тортди. Мажлис тугаши билан:

- Ўғлим! - деди. - Сен ҳам билган нарсаларинг билан нега баҳсга қўшилмадинг?

Йигит жавоб берди:

- Қўрқувдан, отажоним. Билмаганларимни сўраб қолишса жуда уяламан! Доноларнинг, "Сен гапирмагунингча ҳеч кимнинг сен билан иши йўқдир. Аммо, гапиришинг билан сўзингни далилини келтиришинг керак бўлади", - деганларини эшитмаганмидингиз?

Ҳикмат

Гапириш фойдали ва чиройли нарса бўла олади. Аммо сукут ундан яхшидир. Чунки гап инсон бошига бир талай ишларни сола билади.

"Гулистондан жавоҳирлар" китобидан

Понеділок, 26 ноябрь 2018 00:00

Ёш дипломатларнинг маҳорат дарслари

Туркиянинг Истамбул шаҳри Ислом давлатлари иқтисодий, ижтимоий, амалий машғулотлар ўтказиш ва статистик тадқиқотлар маркази (СИСРК) бугун, 26 ноябрь кунидан бошлаб, 4 кун муддат билан ИҲТга аъзо бўлган давлатлар кичик дипломатларидан иборат вакиллар учун 2-тайёрлов ўқув курсини ташкиллаштиришга мезбонлик қилади.

Мазкур ўқув курсидан ёш дипломатларнинг халқаро соҳадаги савияси ва маҳоратини ошириш, ИҲТнинг халқаро майдондаги ролини ошириш ва ислом оламида рўй бераётган нотинчликларга барҳам беришда ёш дипломатларнинг ҳаракатларини фаоллаштириш мақсад қилинган. Ўқув курсининг очилиш тадбирида Туркия ташқи ишлари вазири Мавлуд Жовишўғлу, СИСРИК ташкилоти Бош директори Ҳамид Ўблуеру маърузалар қилишади.

Шунингдек, ушбу тадбир давомида ИҲТ ва унга тегишли ташкилотларнинг Ислом олами ҳаётида рўй бераётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги тартиббузар ҳолатларга барҳам беришдаги ютуқлари ва фаол ишларига ҳам тўхталиб ўтилади.

Истамбулда ўтказиладиган ИҲТ дипломатлари 2- ўқув курсида Туркия ташқи ишлари вазирлигидаги дипломатик Академия раиси, профессор Масъуд Ўзган, Туркия Ташқи ишлари вазирлигидаги стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Уфук Ўлутис, Қишлоқ хўжалиги, савдо ва саноат Палатаси Бош котиби ёрдамчиси Доктор Атия Али, Тарих, фан ва Ислом маданияти маркази мудири ўринбосари Содиқ Жанай ва Ислом тараққиёт банки вакили ўз маърузалари билан иштирок этадилар.


ЎМИ Матбуот хизмати

Top