Мақолалар

Темир сайёрамизга қаердан келган?

Ҳадид сурасининг 25-оятида бундай марҳамат қилинади: “Биз ўз элчиларимизни ҳужжат (мўъжиза)лар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон (тарози ёки меъёр) туширдик. Яна, Биз темирни туширдик. Унда қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ Ўзига ва пайғамбарларига (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан) ғойибона ёрдам берадиган кишиларни билиш учун ҳам (темирни яратди). Албатта, Аллоҳ кучли ва қудратлидир.

Аллоҳ таоло темирни Ер сайёрасига туширган. Савол туғилади: ахир биз темир моддасини рудалардан, яъни ердан ажратиб оламиз-ку. Олимларнинг айтишича, темир элементини ҳосил қилиш учун жуда катта ҳарорат – тахминан 100 000 000°C керак (бу жараён термоядровий реакция деб аталади ва бунинг учун водороддан ­– гелий  ҳосил бўлади ва гелийдан ­– углерод – азот – кремний – ва ниҳоят темир элементи). Бундай ҳарорат ҳатто қуёшда ҳам йўқ. Таъкидлаш жоиз, қуёшнинг ички ҳарорати, яъни ядросининг ҳарорати тахминан 1 500 000°C бўлса, устки қисмининг ҳарорати – 5000°C.

Фазода олимлар “нова” ёки “супер нова” деб атайдиган гигант сайёралар мавжуд. Айнан уларда темир моддаси ҳосил бўлади. Яъни, ушбу сайёраларда ҳарорат ўта юқорилаб, кучли портлаш юз беради ва ҳосил бўлган темир парчалари фазога тарқаб кетади. Шунинг учун Аллоҳ “темирни туширдик” деб марҳамат қилган.

Қаранг, ўн тўрт аср олдин илм-фан ривожланмаган пайтда Қуръонда темирнинг ҳосил бўлиши ва хоссалари келтирилган.

Яна бир жиҳат, оятда “Унда қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир” деб айтиляпти. VII асрда инсоният темирдан фақат қурол ва анжомлар ясашда фойдаланган. Чунки темирнинг кўплаб хусусиятлари ҳали кашф этилмаган эди.

Очиғи, темир элементисиз Ер юзидаги ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Нима учун? Чунки темир бўлмаса, углерод элементи керакли кимёвий жараёнларда қатнаша олмайди, глобал ҳарорат ошиши юз бермайди, озон қатлами ҳосил бўлмайди. Шунингдек, атмосферадаги ва гидросферадаги қатламлар, Ерни ҳимоя қилувчи магнит майдони, сайёрамизнинг жуда катта хавфлардан ҳимоя қилувчи рацион белбоғи, гемоглабин, кислородни осон ютадиган моддалар бўлмайди. Тирик организмларда модда алмашинуви юз бермайди.

Ушбу санаб ўтилган жараёнлар Ердаги ҳаёт учун ўта муҳим ҳисобланади. Шунинг учун Аллоҳ Қуръонда “темирда одамлар учун манфаатлар бор” деб марҳамат қилади.

Абжад илмидан фойдаланиб, “Ал-Ҳадид” сўзидаги ҳар бир ҳарфнинг математик сон билан белгиланишини инобатга олсак, 57 сони  келиб чиқади. Бу эса Ҳадид сураси Қуръонда 57-рақамда келганига ишорадир.

Алиф

1

Лом

30

Ҳа

8

Дал

4

И

10

Дал

4

 

57

 57-сура Қуръоннинг қоқ ўртасидаги сура саналади. Бу Ер сайёрасининг ядроси темирдан ташкил топганига далолат.

Фақат Ҳадид сўзини ҳисобласак, 26 сони келиб чиқади. Бу эса темир элементининг даврий жадвалда 26-рақамдалигини эсга солади. Қолаверса, ушбу сурада Аллоҳ сўзи 26 марта такрорланган.

 Ҳа

8

Дал

4

И

10

Дал

4

 

26

Темирнинг эриш ҳарорати 1500°C, қайнаш ҳарорати 2800°C ҳисобланади. Лекин уни буғ ҳолатига ўтказиш учун қанча ҳарорат зарур? Тасаввур қилиш қийин. Чунки темир атомлари ўзаро металл боғлари орқали боғланган. Шунинг учун бу боғларни узиб, буғ ҳолатига келтириш учун жуда юқори ҳарорат талаб этилади. Ҳозирги кунда шундай сайёралар аниқланяптики, уларнинг усти темир буғлари билан қопланган. Э воҳ, бу қандай ҳарорат? Инсон ақли тушунишга ожизлик қилади.

К. ВАЛИХАНОВ,

кимё фанлари номзоди

Read 844 times

Мақолалар

Top