Фотолавҳалар

5 сентябрь кунидан Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус билим юртида янги 2018-2019 ўқув йили бошланиб, шу муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда билим юртининг барча мударрис, ишчи-ходим ва талабалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Х.Абдуллаев, билим юрти фахрийларидан Р.Сапаев иштирок этишди.

Тадбирни мудир Д.Абдуқодиров очиб берди ва Ватанимиз мадҳияси садолари остида янги ўқув йилининг рамзи сифатида Ватанимиз байроғи кўтарилди. Шундан сўнг, барчани қутлуғ байрамимиз Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги ҳамда янги 2018-2019 ўқув йилининг бошланиши билан қутлаб, янги ўқув йилини бошлаб берди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Х.Абдуллаев барчани энг улуғ байрамимиз билан табриклаб, талабаларга олдинги вақтдаги ҳамда бугунги шароитлар орасидаги катта фарқ, унинг шукронасини адо қилишлик, илмнинг фазилатлари, илм олиш сирлари ҳақида гапириб, илм олиш йўлида шижоатли бўлиш, ниятни тўғри қилиш, ихлосни баланд қилиш бўйича ўзининг самимий тилакларини айтиб, насиҳатлар қилди.

Шундан сўнг ўқув йилининг очилиш маросими якунланиб, анъанага мувофиқ «Мустақиллик дарси» бошланди. Дарс Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб Қуръони карим тиловати билан бошланди.

«Мустақиллик дарси»ни билим юрти маънавий ишлар бўйича мудир муовини О.Адилов ўтди. Дарс давомида юртимизда мустақиллик йилларида, айниқса сўнгги 2 йил мобайнида барча соҳаларда амалга оширилаётган улкан ислоҳатлар, бунёдкорликлар, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Шу билан бирга диний соҳа ривожида амалга оширилган улкан ишлар бўйича ҳам алоҳида тўхталиб, батафсил маълумотлар берилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

 О.Адилов

Read 4189 times
Top