Фотолавҳалар

Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирокида “Конституция ва ҳуқуқий маданият” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов билан ҳуқуқий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Унда Конституциямизнинг яратилиш тарихи ва бугунги истиқболи ҳамда айни чоғда, мамлакатимизда нафақат Конституцияни ўрганиш, балки, умуман, ҳуқуқий билимлар сари сафарбарлик, яъни фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта эътибор қаратилаётгани билдирилди.

Шунингдек, Конституция ҳар бир инсон, фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шу маънода, Конституция ҳуқуқий маданият асоси, миллий қонунчилик негизи эканини, Конституцияга садоқат Ватанга ва ўз халқига садоқатни келтириб чиқаришини инобатга олиб, Асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани айниқса диққатга сазовор.

Шунингдек, ҳуқуқий маданият – бу ҳуқуқий саводхонликдир. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Бошқача айтганда, ҳуқуқий маданиятсиз ҳуқуқий давлат бўлмайди. Биринчи Президентимиз айтганларидек, “Ҳуқуқий маданиятнинг юқори даражада бўлиши ҳуқуқий давлатнинг ўзига хос хусусиятидир. Бозор иқтисодиётини шакллантириш шароитида ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим иш ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда одамларда қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади”.

Тадбир сўнгида талаба-ёшлар, бугунги кунда қабул қилинаётган янги қонунларнинг асосий мақсади, мазмун-моҳияти, унинг негизи ҳисобланмиш Конституцияга қанчалик мос ва ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилаётгани, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўсишига нечоғлик боғлиқ эканлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

 

Акбаршоҳ Расулов,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси

Read 4921 times
Top