Фотолавҳалар

Тақдимот

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тўлдирилган нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Асарнинг дастлабки нашри 2015 йил чоп этилган эди. Ўтган давр мобайнида унинг мазмун-моҳияти олий ўқув юртлари, ўрта махсус ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва ҳарбий билим юртларида ўқувчи-талабаларга атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, телерадиоканалларда ушбу китобнинг ҳар бир боби юзасидан алоҳида кўрсатув, интервью ва эшиттиришлар эфирга узатилди. Хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам асарга юқори баҳо берилди.

Профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари, ўқувчи-талабалар ва жамоатчилик вакилларининг тавсиялари инобатга олиниб, китобнинг тўлдирилган  нашри яқинда омма эътиборига ҳавола этилди.

Янги нашр 15 та боб, 73 та мавзудан иборат бўлиб, интернетда пайдо бўлган таҳдидлар ва замонавий педагогик талаблар билан янада бойитилган. Қўшимча қисмни тайёрлашда ўзбек, рус, инглиз ва араб тилидаги энг сўнгги маълумотлардан фойдаланилган. Қўшимча бобларнинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат:

Биринчи бобда интернетнинг пайдо бўлиш тарихи, унинг имкониятлари ва қулайликлари баён этилган. Жумладан, электрон ҳукумат тизимининг афзалликлари, оммабоп хизматлари, мафкуравий хуружлардан ёшларни ҳимоя қилишда “uz” доменидаги диний-маърифий сайтларнинг роли тушунтирилган.

Иккинчи бобда замонавий ахборот воситаларининг мазмун-моҳияти, турлари, фойдали жиҳатлари, нохуш оқибатлари ва салбий жиҳатларига қарши қандай чора-тадбирлар кўриш мумкинлиги ифодаланган. Масалан, “Фейсбук”, “Твиттер” каби ижтимоий тармоқларнинг зарарли иллатлари янада авж олаётгани ҳаётий мисоллар ёрдамида исботланиб, уларга қарши туриш чоралари келтирилган.

Учинчи бобда блоггерларнинг келиб чиқиши, вазифалари ва фаолият услублари баён этилган. Жумладан, интернет тармоғида ҳар қандай шахс ҳеч қаерда қайд қилмасдан блог оча олиши, унда ўзининг ғояларини бемалол тарғиб этиши мавжуд хавфни янада кучайтириши таъкидланган.

Тўртинчи бобда виртуал ўйинларга муккасидан кетган ёшларда учрайдиган жисмоний, руҳий касалликлар, зомбилашиш иллати ва уларнинг олдини олиш борасидаги маълумотлар берилган. Масалан, компьютерга боғланиб қолишдан кўра, китоб ўқишнинг 10 та фойдаси илмий асосда баён этилган.

Бешинчи бобда интернетдаги таҳдидларга қарши курашда асос бўлиб хизмат қилувчи миллий қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқий нормалар ва давлат сиёсатининг аҳамияти шарҳланган. Жумладан, “Вояга етма­ганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти очиб берилган.

Китобнинг дастлабки нашридаги бобларга қуйидаги қўшимча мавзулар ва иловалар киритилган:

- “Ижтимоий тармоқларнинг ёшларга таъсири” мавзусида бугунги кунда бундай тармоқлардаги хатарлар янада авж олиб бораётгани ва бундан эҳтиёт бўлиш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар;

- “Spam”, “Phishing” ва “Spoofing” каби янги пайдо бўлган таҳдидлар ҳақида маълумотлар ва улардан сақланиш йўллари;

- “Подкастинг ва унинг зарарлари” мавзуида аудио ва видео файлларни интернет орқали кенг тарқатиш ва уларни ишда, ўқишда ва йўлда тинимсиз эшитишнинг оқибатлари ҳаётий мисоллар асосида ифодаланган;

- “Пранк”нинг оқибатлари” мавзусида кишиларни сурбетларча мазах қилиш ва уларни интернет орқали намойиш этишнинг зарарлари киритилган.

Ёшларнинг ҳушёрлик ва масъулиятини янада ошириш мақсадида китобга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан кўчирмалар киритилган.

Ҳар бир бобдан “Савол ва топшириқлар”, “Мустақил иш мавзулари”, ҳар бир саҳифадан “Билиб олинг” ва “Огоҳ бўлинг” рукнида алломалар ўгитлари, дин ва давлат арбобларининг мавзуга доир фикрлари ўрин олган. Мавзуни қизиқарлироқ ва батафсилроқ ёритиш мақсадида, психологик машқлар, тест-саволлари, мавзуга оид суратлар чизилиб, уларга тагсўзлар ёзилган. Мавзулар таъсирчанлигини кучайтириш ниятида интернетга алданиб қолганидан пушаймон бўлган ёшлар ҳаётидан лавҳалар келтирилган.

Тақдимотда сўзга чиққан диний уламолар, профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассисларининг ушбу китоб тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини кейинроқ батафсил ёритиб борамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

Read 4644 times
Top